Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "БИРЖА" Божхона органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси

bojxona_160_22155улар моҳиятан қандай маъно-мазмунни ифодалайди?

Ҳукуматимизнинг шу йил 7 августдаги қарори билан Ўзбекистон Республикаси Давлат божхона хизмати органларининг байроғи ва фарқлаш белгиси, шунингдек, уларни тайёрлаш, ишлатиш, сақлаш ва йўқ қилиш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Ушбу байроқ тараққиёт ва барқарорликни ифодаловчи тўқ кўк рангли, эни 125, узунлиги 250 сантиметрлик тўғри бурчакли мато кўринишига эга. Унинг ўлчамлари ўзгариши мумкин, илло, ҳар қандай ҳолда ҳам эни-ю узунлигининг ўзаро нисбати 1:2 бўлиши керак.

Байроқ ўртасига баландлиги ҳам, эни ҳам 100,48 сантиметрдан бўлган фарқлаш белгиси туширилган. У мустаҳкамлик ва доимийликни англатувчи кумуш рангли саккиз қиррали шаклга эга. Ички қисмида ўша шаклдан ингичка оқ ҳалқа воситасида ажратилган яшил тусли доирасимон йўғон чизиқ билан ўралган кумуш рангли глобус тас­вирланган. Доирасимон чизиқнинг юқори қисмига оқ рангли лотинча бош ҳарфларда “O‘ZBEKISTON RESPUBLIKASI”, пастига “DAVLAT BOJXONA XIZMATI” сўзлари ёзилган. Улар саккиз қиррали ва олтинсимон иккита юлдуз билан ажратилган.

Глобус марказидан юртимизнинг иқтисодий манфаатларини биргаликда ҳимоялашни ва иқтисодий хавфсизлигини таъминлашни, шунингдек, барча давлатлар билан савдо алоқаларини ривожлантириш ва мустаҳкамлаш маъносини билдирувчи бронза рангли Ўзбекистон харитаси ҳамда ўткир тиғи пастга қараган, тик ҳолатдаги тилларанг Меркурий таёғи ўрин эгаллаган. Иккита илон бошдан-оёқ чирмаб олган таёқ тепасида ёйилган бир жуфт қанот бор.

Бу байроқ ва хос белги божхона органларининг расмий рамзлари саналади. Байроқ, шунингдек, фарқлаш белгисининг металл, гипс ва бошқа материаллардан ясалган грав­юра, зарб қилиш шаклидаги тасвири ҳамда тайёрланган ҳажми шакллари, уларнинг ўлчамидан қатъи назар, ҳукуматимиз тасдиқлайдиган намунага айнан мос бўлиши шарт. Улар қонунан белгиланган тартибда тайёрланади.

Божхона органлари байроғи доимий равишда Давлат божхона қўмитаси, унинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳри бошқармалари ва “Тошкент – АЭРО” ихтисослаштирилган божхона комплекси, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази, чегара божхона постлари маъмурий биноларида, уларнинг мажлислар залларида, юқорида айтилган тузилмалар раҳбарларининг иш кабинетларида, қўмита музейи ҳамда тизимнинг маънавият ва маърифат хоналарида, божхона органлари ихтиёридагидарё кемаларида кўтарилади. Бу байроқ Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон давлат байроқлари билан бир вақтда кўтарилганда ўнг томондан кўтарилиши (бинонинг фасад қисмига қараб турганда) ва барчаси бир текис жойлаштирилиши лозим. У биноларнинг асосий кириш қисмида ёки мақбул бошқа жойда, ёхуд тегишли тутқичи бўлган дастада, ё бўлмаса, флагштокда байроқ дастаси бинонинг олд томони билан кўпи билан 45 даражали бурчак ҳосил қиладиган тарзда кўтарилиши, матоси ер сатҳидан камида 2,5 метр баландликда бўлиши зарур.

Фарқлаш белгиси доимий равишда Давлат божхона қўмитаси, унинг жойлардаги бошқармалари, Олий ҳарбий божхона институти, Миллий кинология маркази, чегара божхона постлари биноларида, уларинг мажлислар залида, қўмитаси раисининг, божхона бошқармалари ва постлари бошлиқларининг, Олий ҳарбий божхона институти бошлиғининг, Миллий кинология маркази директорининг хизмат хоналарида, ҳажмли белги шаклида тизим органлари мансабдор шахсларининг формали ва махсус кийим-бошида. соҳа органлари тасарруфидаги автотранспорт воситаларида, дарё ва ҳаво кемаларида (бошлиқлар таркиби ва оператив бўлинмалар автотранспорт воситаларидан ташқари), тизим органлари расмий веб-сайтлари ва нашрларида, қўмита буюртмасига биноан чоп этиладиган, чиқариладиган ва тайёрланадиган босма маҳсулотларда, кино, видео ва фотоматериалларда, реклама-ахборот ва эсдалик маҳсулотларда, шу жумладан, вимпелларда жойлаштирилади.

Божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгиси тасвиридан ўқув-тарбия жараёнида, тизимда мукофотлар элементлари сифатида фойдаланиш, соҳа органларига тегишли эканлигини белгилаш мақсадида уларни буюмларга жойлаштириш мумкин. Лекин пештахта, бланка, ҳисоб рақамлари ва бошқа ҳужжатларда, эълон ва рекламаларда, товарлар ва уларнинг ўрамида, шунингдек, юридик ва жисмоний шахслар томонидан тижорат фаолиятини амалга оширишда божхона органлари номларига ўхшаш белгилардан фойдаланиш тақиқланади. Нодавлат нотижорат ташкилотлар белгиси ва атрибутикасида божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгисига ўхшаш элементлар бўлишига йўл қўйилмайди.

Тизим органлари байроғи ва хос белгиси ҳисобини юритиш, бериш, ишлатиш, сақлаш ва алмаштириш шу ишларга масъул мансабдор шахслар томонидан таъминланади. Дастлабки кўринишини йўқотган ёки фойдаланишга яроқсиз ҳолга келиб қолган байроқлар ва фарқлаш белгилари тегишли тартибда йўқ қилинади.

Табиий, энди ҳақли савол туғилади: хўш, фарқлаш белгисидаги Меркурий таёқчаси нима? Уни ўраб олган илонлар ва тепадаги қанотлар қандай рамзий маънони билдиради?

Ибтидоий одамлар табиий ҳодисаларнинг асл сабаблари ва туб моҳиятини яхши билишмаган. Шу боис, доимо қўрқув ва таҳлика остида яшашган. Ижтимоий онг бирмунча ривож­лангач, оламнинг яралиши ва ерда ҳаётнинг пайдо бўлиши ҳақидаги фаразлар ҳам ўзгарган. Чунончи, қабилачилик даврида юнонлар ва римликлар набототу ҳайвонот дун­ёси ва бошқа нарсаларнинг алоҳида-алоҳида илоҳий ҳомийси бор, уларни шу маъбудлар бошқаради, деган хулосага боришган. Тасаввурларида дастлаб қиёфасиз, бора-бора инсонга ўхшаш кўплаб худоларни яратиб, уларга сиғинишган.

Қадимги юнон асотирларига кўра, одам кўринишидаги фалак ҳукмронлари Грециядаги энг баланд ва муқаддас Олимп тоғи чўққиларига туташ енгил-шаффоф ҳаво қатлами оғушида яшаганлар. Уларнинг учинчи авлодига мансуб Зевс маъбудлар ва одамлар, момақалдироқ ва яшинлар ҳукмдори, жазоловчи даҳшатли куч соҳиби сифатида улуғланган. Шафқатсиз, ўта рашкчи синглиси ва рафиқаси Гера самовий маъбудалар маликаси, никоҳ ҳомийси ҳисобланган. Катта укаси Аид ерости дунёси ва ўликлар салтанати, ҳаёт ва охират тангриси, кичик укаси Посейдон денгизлар ҳоқони дея эътироф этилган. Соҳибкаромат ўғли Аполлон қуёш ва олмазорлар ҳамда Олимпнинг шифо бахш этувчи худоси, чўпонлар, санъат, шеърият, мусиқа ҳомийси мақомига эришган. Қизларидан Афина уруш ва ғалаба, санъат ва ҳунармандчилик, билим ва донолик, Артемида эса ов ва аёллар тангриси сифатида тан олинган.

Зевснинг яна бир фарзанди Гермес аввал чорвадорлар парвардигори, пода ва яйловлар, кейин йўл ва йўловчилар, савдо ва савдогарлар ҳимоячиси, ўлчовлар, сонлар ва лира асбоби ихтирочиси, шунингдек, маъбудлар элчиси ва марҳумлар жонини дўзахга ўтказувчи саналган. Кўҳна ривоятларга қараганда, одамлар йўлларга, кириш жойлари ва дарвозаларга тош устунлар ўрнатиб, уларга нажоткор сифатида сиғинишган.

Сиз “Бу далилларнинг, айниқса, тош устунларнинг Меркурийга нима дахли бор?” деб сўрашингиз мумкин.

Гап шундаки, юнон афсоналаридаги Зевс рим мифологиясида осмон, олам, ёмғир, момақалдироқ, чақмоқ худоси сифатида эъзоз­ланган Юпитерга, Гермес эса Юпитернинг ўғли – тижорат, санъат, касб-ҳунарлар худоси, сайёҳлар ҳомийси Меркурийга қиёсланган. Шу боис, бу исмлар кўпинча бирга тилга олинади. Қолаверса, лотинча Меркурий ўзбекчада “савдо”, юнонча Гермес “устун” дегани бўлади.

Хос белгидаги таёқча Меркурий номи ила юритилишининг сабаби қуйидагича: иттифоқо, Меркурийга акаси Аполлон ёнғоқ новдасидан йўнилган сеҳрли таёқча туҳфа қилади. Меркурий таёқча қандай қудратга эгалигини билиш учун уни ўзаро уришаётган иккита илон ўртасига ташлайди. Шунда мўъжиза рўй беради – илонлар бир-бирига ҳужум қилишдан тўхтаб, таёқчага ўралиб олишади ва жим бўлиб қолишади. Бинобарин, тасвирдаги ҳолат низолашаётган рақиблар ярашуви ва тинчлик-хотиржамлик рамзи сифатида талқин этилади.

Бояги таёқ грекчада кадуцей, яъни “даракчи”, “огоҳлантирувчи”, “олдиндан хабар берувчи”, деб ҳам аталади. Унинг тепасидаги қанотлар эса кўринмаслик хусусиятига эга ерости худоси Аиднинг дубулғасидан олинган бўлиб, гўёки таёқча сеҳрини ҳимоялаб ва сақлаб туради.

Қисқаси, бу мажозий тасвир баҳслашувчиларни муросага ундаш, савдолашувчилар ўртасидаги рақобат, келишмовчилик ва зиддиятларни адолатли ҳал этишдек эзгу ниятда яратилган. Инчунин, асрлар оша олди-сотди ва тижорат тимсоли бўлиб келган. Кейинчалик айнан шу маънода талай давлатларда савдо ташкилотлари ва божхона хизматлари эмблемасига айланган. Сабаби аён: денгиз ва дарё портларида, халқаро аэропортларда, темир йўл станциялари ва чегара ҳудудларда жойлашган божхона органлари ўша ердан олиб ўтилаётган транспорт воситаларини, товарлар ва почта жўнатмаларини назорат қилувчи давлат муассасаси ҳисобланади. Бу соҳа ходимлари юклар қонуний расмийлаштирилганини текшириш, божхона тўловларини ундириш, товарларни ташиш, сақлаш ва қайта ишлашда жорий тартиб-қоидаларга, божхона режимлари талаблари ва шартларига риоя этилишини таъминлаш, божхона қонунбузарликларига чек қўйиш ва уларнинг олдини олиш билан шуғулланишади. Сирасини айтганда, мамлакатнинг иқтисодий хавфсизлигини қўриқлаш йўлида хизмат қилишади. Божхона органлари байроғи ва фарқлаш белгиси эса уларнинг бу борадаги масъулиятини янада оширади ва касб-корларидан фахрланиш туйғусини мус­таҳкамлайди.

Қўшимча сифатида яна бир гап. Аждодларимиз ҳар йили пўст ташлайдиган, заҳари ва гўшти даволаш мақсадларидан ишлатиладиган илонни азал-азалдан мустаҳкам соғлиқ, узоқ умр, чуқур билим ва теран ақл омилига менгзашган. Тилсиз-забонсиз бу “совуқ” жониворнинг қадаҳсимон идиш тагидан ўрмалиб чиқиб, унинг жомига заҳарини тўкаётгани акс этган тасвир эса қатор давлатларда тиббиёт рамзи сифатида қабул қилинган.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"