bazalt_160_2214Айни дамда юртимизнинг барча ҳудудларида қурилиш, ободонлаштириш ишлари кенг кўламда давом этмоқда. Инновацион қурилиш материалларидан ҳисобланган базальт арматураси бу жараёнда жуда қўл келади.

Базальт арматураси замонавий қурилишда фаол қўлланилади ва ноёб хусусиятларга эга. У пўлат арматурасига нисбатан 4 баробар енгил ва 3 маротаба мустаҳкамдир. Базальт арматураси нам шиммайди, зангламайди, электр токини ўтказмайди ва иссиқлик ўтказиш қобилияти ниҳоятда паст.

“Mega Invest Industrial” қўшма корхонаси арматура ва композит тўр тайёрланадиган базальт толасини юртимизда ишлаб чиқаришни 2017 йилда йўлга қўйган.

– Базальт толаси чиқариш учун хомашё Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги Осмонсой конларидан олинмоқда, – дейди “Mega Invest Industrial” компания­си вакили Саидаминхон Аляви. – Заводимиз майдони 10 000 кв.м бўлиб, унда икки юздан ортиқ ходим меҳнат қилмоқда. Шу йилнинг февраль ойидан бери 720 тонна арматура ишлаб чиқардик. Умуман, корхонамиз қуввати йилига 3 000 тонна базальт толаси чиқаришга имкон беради.

Бугунги кунда “Mega Invest Industrial” қўшма корхонаси Савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида хорижий бозорлар излаш жараёнида. Компания Афғонистон, Эрон, Покистон ва яқин хориждаги мамлакатларга экспортни йўлга қўйишни режалаштиряпти.

Н.МАМАЗИЯЕВА.