pojar_160Бугунги кунда барчанинг огоҳлиги жамият учун ҳам, шахс учун ҳам хавфсизликнинг муҳим омили ҳисобланади.

Кундалик ҳаётимизни оловсиз тасаввур этиш қийин. Ана шу тилсиз ёвдан тўғри фойдаланиб, тегишли қоидаларга қатъий амал қилиш ёнғин хавфсизлигини таъминлайди. Акс ҳолда озгина эътиборсизлик оқибатида чиққан ёнғин оилага, давлатга катта моддий зарар етказиши мумкин.

Сўнгги вақтларда юртимизда жазирама об-ҳаво кузатилмоқда. Демак, ёнғин чиқиши учун кичиккина сабабнинг ўзи етарли. Айниқса, болаларнинг олов билан ўйнаши, ўчирилмаган сигарета қолдиғи ёнғинларнинг бош сабаби бўлиши ҳеч гап эмас.

Бундан ташқари, айни кунларда жиддий эътибор қаратишимиз керак бўлган бошқа жиҳатлар ҳам бор. Назоратсиз қолдирилган кондиционер, дазмол, ҳар хил электр анжомлари, носоз газ плиталари шулар жумласидандир. Шунинг учун улардан фойдаланаётганда эҳтиёткорликни янада кучайтириш талаб этилади.

Шубҳасиз, ҳар бир ёнғин йўқотишдир. Ёнғин оқибатида инсонлар умри хазон бўлмаслиги, бир умрга ногирон бўлиб қолмаслиги учун барчамиз ёнғин хавфсизлиги қоидаларига тўлиқ риоя қилишимиз шарт.

Суннатилла АБИДОВ,

Иқтисодиёт вазирлиги биносини

ёнғиндан муҳофаза қилувчи ЁХБ бошлиғи, капитан.