Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3932
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102103
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 358 707
Главная "БИРЖА" Сув таъминотини яхшилашда давлат-хусусий шериклик механизми

suv_kran_160Халқаро экспертларнинг эътироф этишларича, дунё миқёсида аҳолининг кўп қисми атроф-муҳит ифлосланиши, шунингдек, сув таъминоти, канализация ва чиқиндиларни утиллаштириш каби коммунал хизматлар билан тўлиқ таъминланмаган шароитларда яшашга мажбур бўлмоқда.

Ривожланган мамлакатлар тажрибасининг кўрсатишича, уларда бу борадаги ҳозирги ижобий ҳолатга қадар ўнлаб йиллар давомида кенг кўламли чоралар кўрилган. Бунда инфратузилма учун катта маблағ, қонунчилик асослари ва институционал тизим, давлат-хусусий шерикликни ҳам ўз ичига олган инновацион механизмдан иборат қулай муҳит талаб этилган.

Пойтахтимизда Осиё тараққиёт банки ҳамда мамлакатимиз Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги ҳамкорлигида ўтказилган “Сув таъминоти соҳасида давлат-хусусий шериклик ва ақлли технологияларни ривожлантириш” мавзуига бағиш­ланган икки кунлик семинарда шу ҳақда сўз юритилди. Унда бир қатор вазирлик ва идоралар мутахассислари, хусусий сектор вакиллари ҳамда давлат-хусусий шериклик соҳасида катта тажрибага эга хорижлик экспертлар иштирок этишди.

Семинар аввалида таъкидланганидек, ҳар қандай жамият ва давлатнинг энг муҳим вазифаларидан бири аҳолини тоза ичимлик сув билан таъминлаш ҳисобланади. Бу борадаги лойиҳалар амалиётига биргина давлат бюджети маблағи асосида эришиб бўлмайди. Бунда хорижий сармояни жалб этиш, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик муҳим аҳамиятга эга. Шу нуқтаи назардан юртимизда сув таъминоти сектори ва канализация тизимини ривожлантириш масаласида Осиё тараққиёт банки билан йўлга қўйилган алоқаларни алоҳида таъкидлаш мумкин. Ушбу банк иштирокида ҳозиргача Қорақалпоғистон Республикаси, Андижон, Бухоро, Жиззах, Сурхондарё, Сирдарё, Қашқадарё, Фарғона ва Хоразм вилоятларида йирик лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилган. Айни пайтда Жиззах вилоятида канализация, Тошкент вилоятида эса сув таъминоти тизимини яхшилаш бўйича лойиҳалар амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, 2017-2021 йилларда ичимлик сув таъминоти ва канализация тизимини модернизациялаш ва комплекс ривожлантириш дастурида белгиланган вазифалар устида иш олиб борилмоқда. Унга кўра, 2022 йилга бориб аҳолини марказлашган ичимлик сув таъминоти билан қамраб олишни республикамиз миқёсида 84 фоизга, бир қатор ҳудудларда эса 90 фоизга етказиш кутилмоқда. Бу соҳада бир қатор синов лойиҳалари устида ҳам иш кетяпти. Мазкур жараёнда давлат-хусусий шериклик механизмидан фойдаланиш ҳам ўзининг самарасини бериши инобатга олиниб, бу йўналишдаги илғор халқаро тажриба билан танишиш, уни ўрганиш ва таҳлил қилиш, йўл қўйилган хатоликлардан сабоқ олиш, ижобий жиҳатларини қўллаш ниҳоятда катта фойда бериши шубҳасиз.

Осиё тараққиёт банкининг Марказий ва Шарқий Осиё мамлакатлари билан ишлаш департаменти вакили Йе Йонгнинг қайд этишича, кейинги йилларда Осиё минтақасидаги мамлакатларда давлат-хусусий шериклик муносабатларига нисбатан қизиқиш тобора ортиб бормоқда. Осиё тараққиёт банки бу жараёнда ўз лойиҳалари билан фаол иштирок этишга ҳаракат қилмоқда. Ҳозиргача банк кўмаги асосида бу соҳада бир қатор лойиҳалар Арманистон, Қозоғистон, Корея Республикаси, Хитой, Филиппин, Таиланд ва Вьетнамда муваффақиятли амалга оширилган. Давлат-хусусий шериклик мураккаб механизм бўлиб, бунда иқтисодий барқарорлик, қонунчилик асослари, контрактларни бошқариш учун инфратузилмавий ва институционал шароит каби омиллар катта роль ўйнайди. Бу механизмга хусусий секторни жалб қилишнинг ўзига хос хусусиятлари бор. Замонавий ва ақлли технологиялардан фойдаланиш ҳам ушбу механизм самарадорлигини оширишда муҳим аҳамият касб этади. Ўзбекистонда олиб борилаётган муайян ишлар бу соҳада давлат-хусусий шериклик механизмини қўллаш орқали янги босқичда давом этиши шубҳасиз.

Семинар давомида халқаро экспертлар томонидан давлат-хусусий шериклик механизми тарихи, унинг асосий тамойиллари, глобал тенденциялари, институционал тузилмаси, бундай фаолиятнинг асосий хусусиятлари, шериклик лойиҳаларини амалга ошириш тартиблари, бу жараёндаги мавжуд муаммо ва камчиликлар ҳақида маълумотлар берилди. Давлат-хусусий шериклик асосида бажариладиган лойиҳаларни молиялаштириш моделларига тўхталиб ўтилди. Бундан ташқари, Жанубий Корея мисолида давлат-хусусий шериклик механизмига нисбатан ёндашувлар, сув таъминоти, канализация қурилмаларини тозалаш тизимини ривожлантириш чоғида мазкур шериклик асосидаги лойиҳалар таҳлили иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Сув таъминоти инфратузилмасини қуриш лойиҳаларини хусусий сектор томонидан молиялаштиришнинг ўзига хос жиҳатларига урғу берилди. Шу ўринда мазкур шерикликда ҳамкор томонларнинг нуқтаи назарлари нималарга қаратилиши ҳақида гапирилди. Қайд этилганидек, давлат-хусусий шериклик лойиҳасини кўриб чиқиш пайтида инвесторлар жалб қилинадиган молиянинг ўзини оқлаши, лойиҳа ва заём эгасининг бу соҳадаги тажрибаси ва билими, лойиҳадаги ресурслар тақсимоти, ҳамкор томоннинг узоқ муддатли шерикликка қанчалик даражада тайёрлиги билан қизиқади. Хусусий секторнинг диққат-­эътибори давлат-хусусий ҳамкорликка оид қонунчиликнинг мавжудлиги, хорижий инвестор ҳимояси, низоларни бош­қариш механизми, лойиҳанинг ҳаётбахшлиги, риск­ларнинг аниқ ва адолатли тарзда тақсимланиши кабиларга қаратилади.

Семинар давомида тақдим этилган бошқа маърузалар сув таъминоти тизимида интеллектуал ва ақлли технологиялардан фойдаланишнинг ўзига хосликларига бағишланди. Сув таъминоти, маиший чиқиндиларни бош­қаришда давлат-хусусий шериклик асосида истиқболли лойиҳаларни ишлаб чиқиш юзасидан ўзаро фикр алмашилди.

Ойдин ЛАТИПОВА.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"