Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "БИРЖА" Фарғона: энди мулклар бўш турмайди

fargona_160_5574541Мулкдорларга дастлабки сармоя таклиф этиляпти

Фарғона шаҳри ҳокимлиги биносида жойлашган шаҳар Ишчи гуруҳи аъзолари билан учрашганимизда, улар бу ерга келган мулк эгалари билан суҳбатлашаётганининг гувоҳи бўлдик. Ишчи гуруҳи аъзолари орасида Давлат рақобат қўмитаси Хоразм вилояти ҳудудий бошқармаси вакиллари ҳам бор экан.

– Бугунги кунгача 543 та объектнинг бўш турганлиги аниқланди, – дейди Фарғона шаҳридаги ишчи гуруҳ бошлиғи, Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Дилшод Тўлқинов. – Уларнинг орасида илгари хусусийлаштирилган бинолар, давлат ва таркибида давлат улуши бўлган иншоотлар, собиқ ширкат ва жамоа хўжаликлари ҳамда хусусий мулклар ҳам бор. Умуман, бўш турган мулкларнинг умумий майдони 247,2 гектар, бино ва иншоотлар майдони эса 417 минг квадрат метрдан иборат.

Ҳар бир мулк эгаси билан суҳбатлашгач, фаолиятини йўлга қў­йиш бўйича “йўл харита”лари ишлаб чиқилди. Масалан, ҳозиргача 62 та мулкка жами киритиладиган инвестициялар миқдори 50 млрд. 560 миллион сўмни ташкил қилди. Хусусан, маблағларнинг 23 млрд. 495 миллион сўми банк кредитлари ҳисобидан бўлса, қолганлари мулк эгаларининг ўз ресурслари ёки бошқа манбалар томонидан молиялаштирилади. Натижада 814 та янги иш ўрни яратилади. Шунингдек, илгари хусусийлаштирилган 75 та бино эгаси билан тушунтириш тадбирлари олиб борилгач, мулкни ишга тушириш муддатлари белгиланди.

Биз хизмат сафаримиз давомида бир неча тадбиркор билан ҳам суҳбатлашдик. Улар мамлакатимизда хусусий мулкнинг дахлсизлиги қонун билан ҳимоялангани, лекин у бўш турмаслиги лозимлигини таъкидлашди.

Йирик лойиҳалар амалиётга татбиқ этилмоқда

Албатта, бирор бино ёки корхона қурмоқчи бўлган тадбиркор ишни бизнес режа тайёрлашдан бошлайди. Вилоятда бир-биридан жозибадорлиги билан ажралиб турувчи йирик лойиҳалар кўп. Уларнинг айримлари эътиборимизни тортди. Ло­йиҳалар турли соҳаларга тааллуқли бўлиб, агар фойдаланишга топширилса, маҳсулот ишлаб чиқариш кўпайиши, хизмат кўрсатиш турлари ва ҳудуд фуқарларининг фаровонлиги ортиши, қолаверса, янги иш ўринлари яратилиши табиий.

Данғара шаҳридаги калава ипни бўяш ва сочиқ ишлаб чиқаришга ихтисослашган масъулияти чекланган жамият шаклидаги “Мусаввар текс” қўшма корхонасининг умумий майдони 1,75 гектардан иборат. Илгари мазкур иншоот барча мол-мулки билан “Қўқон қурилиш монтаж сервис” масъ­улияти чекланган жамияти номига хусусийлаштириб берилган, лекин кейинчалик мулкдан оқилона фойдаланилмагач, ташландиқ аҳволга келиб қолган. Жорий йилда эса умумий майдони билан ушбу мулк тўлиқ ҳажмда “Мусаввар текс” масъулияти чекланган жамиятига инвестиция киритиш шарти билан “нол” харид қийматида берилди.

Шу ўринда бир нарсани алоҳида таъкидлаш лозим. Давлатимиз раҳбарининг 2017 йилдаги фармони билан Давлат рақобот қўмитаси ҳузурида ташкил этилган Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси томонидан ҳам хусусийлаштирилаётган корхоналарга имтиёзли кредитлар ажратиш йўлга қўйилди. Умумий қиймати 13 миллиард сўмдан иборат бўлган юқорида номи қайд этилган лойиҳанинг 9,8 миллиард сўми мазкур жамғарманинг ресурслари ҳисобидан “Ўзсаноатқурилишбанк” томонидан имтиёзли кредит сифатида ажратилиши кўзда тутилган, қолган қисми мулк эгасининг маблағлари ҳисобидан қопланади.

Бу ерда биноларни қайта қуриш ишлари аллақачон бошлаб юборилган, замонавий корхонани келгуси йилнинг август ойида фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Янги фабрикада 90 та янги иш ўрни яратилиб, маҳаллий аҳоли иш билан таъминланади.

Қўқон шаҳрининг Фурқат кўчасида “Қувноқ дўмбоқчалар” нодавлат мактагача таълим муассасасини бунёд этиш лойиҳаси ҳам бугун вилоятда кенг қамровли хатлов бўйича амалга оширилаётган хайрли ишларнинг натижаларидан бири ҳисобланади. Мазкур манзилдаги бино дастлаб 2013 йилда хусусийлаштирилганди, лекин ундан оқилона фойдаланилмаганлиги боис, жорий йилда “Қувноқ дўмбоқчалар” мактабгача таълим муассасасига “ноль” харид қийматида сотилди. Лойиҳанинг умумий қиймати 4 млрд. 129 миллион сўмдан иборат бўлиб, 3 млрд. 600 миллион сўми “Универсалбанк” хусусий акциядорлик тижорат банки, қолган 529 миллион сўми эса тадбиркорнинг ўз маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади.

Барча қулайликларга эга замонавий боғчани келгуси йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топшириш кўзда тутилган, бу ерда жажжи ўғил-қизчаларнинг мактабгача таълим олиши учун ҳамма имкониятлар яратилади. 20 нафар хотин-қиз эса муқим иш ўрнига эга бўлади. Бундай замонавий боғчанинг бунёд этилиши ён-­атрофдаги ота-оналарни хурсанд қилиши табиий.

Фарғона шаҳридаги Муқумбоева кўчасида тиббий диагностика марказини ташкил этиш лойиҳаси ҳам ана шундай хайрли ишлардан биридир. Мазкур манзилдаги бинолар 1996 йилда “Мавлонбек” хусусий фирмаси номига хусусийлаштириб берилганди. Умумий майдони 2,2 гектар бўлган бинолардан оқилона фойдаланилмаганлиги, оқибатда хароба аҳволга келиб қолганлиги боис, у тўлиқ ҳажмда “Муқаддас мед фарм” хусусий корхонасига “ноль” харид қийматида қайта хусусийлаштириб берилди. Эндиликда бу ерда тиббий диагностика маркази қад ростлайди.

Бугунги кунда биноларни қайта қуриб, шифо масканига мослаштириш ишлари бошлаб юборилган. Мазкур лойиҳа ҳам йирик ҳисобланиб, унинг умумий қиймати 1 млрд. 400 миллион сўмни ташкил қилади, маблағларнинг асосий қисми, яъни бир миллиард сўми Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ресурслари ҳисобидан “Асакабанк” томонидан кредит сифатида молиялаштирилади, қолган қисми эса тадбиркорнинг ўз ресурслари ҳисобидан қопланади. Янаги йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши кўзда тутилган диагнос­тика маркази йилига фуқароларга 200 миллион сўмлик тиббий хизмат кўрсатади, яна бир муҳим жиҳати, бу ерда 15 та иш ўрни яратилади. Энг сўнгги русумдаги тиббиёт ускуналари билан жиҳозланган шифо масканида кўплаб беморларнинг дардига шифо топилиши шубҳасиз.

Бувайда туманининг “Араб” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудидаги бўш турган бино ҳам 2013 йилда “Саломатлик-Р” масъ­улияти чекланган жамиятига хусусийлаштириб берилганди. Эндиликда эса бу объектнинг янги харидори топилди. Боиси, умумий майдони 6,4 гектардаги бинолар аянчли аҳволга келиб, ҳудуднинг манзарасини бузиб турганди. Жорий йилнинг бошида мулк инвестиция киритиш шарти билан “Бостон бобо” масъулияти чекланган жамиятига тўлиқ ҳажмда “ноль” харид қийматида сотилди.

Эндиликда бу ерда замонавий сиҳатгоҳ бунёд этилиб, одамларнинг дам олиши учун барча шарт-шароитлар яратилади. Сиҳатгоҳ фуқароларга бир йилда 1020 миллион сўм миқдорида тиббий хизмат кўрсатади. Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 1600 миллион сўмни ташкил қилиб, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг 1200 миллион сўм миқдоридаги имтиёзли маблағларини “Агробанк” кредит сифатида ажратади. Қолган маблағларни эса тадбиркор ўз ҳисобидан қоплайди. Лойиҳа келгуси йил Мустақиллик байрамида ишга туширилиши, дастлаб 20 та иш ўрни яратилиши режалаштирилган.

Биз лойиҳа билан танишиб, бундай замонавий сиҳатгоҳ вилоят аҳолисининг севимли дам олиш масканига айланишига ишонч ҳосил қилдик. Вилоятда бундай йирик лойиҳалар кўп бўлиб, биз уларни баъзиларига тўхталдик, холос.

Инвестицияларнинг дастлабки миқдори аниқланяпти

Марказий банкнинг Фарғона вилояти бош бошқармасида бўлиб, бўш турган объектлар негизида инвестиция лойиҳалари амалга ошириладиган лойиҳаларга ажратилаётган маблағлар билан қизиқдик. Мутасаддилар берган маълумотлардан маълум бўлдики, Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ресурслари ҳисобидан жорий йилнинг 1 июль ҳолатига кўра, 17 та инвестиция лойиҳаси бўйича ҳужжатлар тайёрланган. Мазкур инвестиция лойиҳаларининг умумий қиймати 28,4 миллиард сўмдан иборат бўлиб, маб­лағларнинг 21,5 миллиард сўми Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармасининг ресурслари ҳисобидан тижорат банклари томонидан имтиёзли кредит сифатида йўналтирилади, қолган 6,9 миллиард сўми эса лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

Юқоридаги қайд этилган сана бўйича вилоятдаги тижорат банклари томонидан 7 лойиҳанинг умумий қиймати 66,9 миллиард сўм эканлиги ҳисоб-китоб қилиниб, ресурсларнинг 48,1 миллиард сўми тижорат банклари, қолган 18,8 миллиард сўми эса лойиҳа ташаббускорларининг ўз маблағлари ҳисобидан қопланиши режалаштирилган.

Бўш турган объектларга маблағлар ажратиш жараёни давом этмоқда. Биз дастлабки кўрсаткичлар тўғрисида маълумотлар бердик, холос. Умуман, мулк эгаларининг моддий эҳтиёжлари тўла қондирилади. Фарғона вилоятида хатлов тадбирларини амалга ошираётган ишчи гуруҳ мутасаддиларининг таъкидлашича, инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш жамғармаси ресурслари ҳисобидан 70 миллиард сўм, Халқаро молия ташкилотининг кредит линияси ҳисобидан 100 миллион АҚШ доллари, тижорат банклари томонидан эса 200 миллиард сўм ажратилиши кўзда тутилган. Мутахассисларнинг фикрича, хусусийлаштириш давлатга тегишли бўлган мулклар, хусусан, ишлаб чиқариш, уй-жой, ер майдонлари ва табиий ресурсларни унинг таркибидан чиқариш ҳисобланади. Мазкур усул бозор иқтисодиётига хос ҳисобланиб, давлат мулклари тадбиркорларга сотилади. Мулк эгасини топгач, маҳсулот тури кўпаяди, аҳолининг фаровонлиги ошади, энг асосийси, янги иш ўринлар яратилади. Бунга ривожланган давлатларда тўпланган тажрибани мисол сифатида кўрсатиш мумкин. Айрим тармоқлар ва корхоналарнинг хусусийлаштирилиши уларнинг иқтисодий самарадорлигини ошириш зарурлиги туфайли юзага келгани ҳам сир эмас.

Фарғона вилоятида хусусийлаштириш соҳасида амалга оширилаётган кенг кўламдаги бугунги ислоҳотлар ҳозирдан ўзининг натижасини бера бошлади, десак муболаға қилмаган бўламиз. Ўз ишига эътиборсиз бўлиб, мулкини ташлаб қўйган фуқароларнинг баъзилари яратилаётган имкониятлардан фойдаланиб, фаолиятни бошладилар. Айримлари эса мулкини ишлатиш ҳаракатига тушишди.

Бугунги кунда ишчи гуруҳ томонидан жами 1416 та объект бўйича янги инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилган бўлиб, киритиладиган инвестициялар миқдори 277,7 миллиард сўмни, яратиладиган янги иш ўринлари сони эса 4933 тани ташкил қилади.

Айни пайтда вилоятда ишчи гуруҳ аъзолари қизғин иш олиб боришмоқда. Мақсад давлатимиз раҳбарининг жорий йилнинг 12-13 июнида Фарғона вилоятига ташрифи пайтида берган топшириғи, 2017 йил 23 февралдаги “Тадбиркорларнинг ишлаб чиқариш майдонларидан фойдаланишларини янада рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ва 2018 йил 19 февралдаги “Мулкдорлар томонидан фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш майдонларидан оқилона, мақсадли ва самарали фойдаланиши юзасидан назоратни кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорлари асосида вилоятда хусусийлаштириш соҳасида бошланган кенг кўламли ислоҳотларни ўз ниҳоясига етказиб, бирор-бир мулкнинг бўш турмаслигини таъминлашдан иборат.

Ҳосил КАРИМОВ.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"