Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "БИРЖА" Фарғона: энди мулклар бўш турмайди

fargona_160_221122Хусусийлаштириш иқтисодиётда ўзига хос усул ҳисобланиб, ривожланган давлатлар мисолида унинг самарасини яққол кўриш мумкин. Масалан, Россияда бундай жараёнлар турлича босқичда кечган, хусусийлаштиришдан давлат, кооператив ва муниципиал мулкларга ўтиш ҳолатлари ҳам кузатилган. Хитой тажрибаси билан танишайлик. Бу ерда 1978-1989 йилларда давлатнинг саноат корхоналарида маҳсулот ишлаб чиқариш 3,8 марта ошган бўлса, жамоаларга қарашли бўлган корхоналарда бу кўрсаткич 8 мартани ташкил қилди.

Мамлакатимизда ҳам мустақилликнинг дастлаки йилларида бу вазифага жиддий киришилиб, тизимли ишлар амалга оширилиши натижасида 30 мингдан ортиқ давлат объекти, жумладан, 6,5 мингта йирик ва ўрта мулк сотилди. Пировардида ўтган йили тайёрланган ялпи ички маҳсулотда нодавлат секторнинг улуши 81 фоиздан зиёдни, саноат ишлаб чиқаришида 94 фоизни ташкил қилди. Уларда иш билан банд аҳолининг 82 фоизи фаолият кўрсатмоқда. Лекин ке­йинги пайтда мазкур йўналишда амалга оширилаётган ишлар бугуннинг талабига тўлиқ жавоб бермаётгани, хусусийлаштириш жараёнлари суст­лиги, пировард натижа эса камлиги давлатимиз раҳбарияти томонидан бир неча бор жиддий танқид қилинди. Асосий эътибор давлат мулкини хусусийлаштиришга қаратилгани, кейин эса корхоналар ўз ҳолига ташлаб қўйилгани, бу иқтисодиётимиз ривожланишига тўсқинлик қилаётганлиги ҳақли равишда таъкидланди.

“Давлат мулки” ягона ахборот тизими мобил иловаси яратилди

Президентимиз жорий йилнинг 12-13 июнида Фарғона вилоятига ташрифи пайтида бўш турган, фойдаланилмаётган бино ва объектлардан самарали ҳамда оқилона фойдаланиш, инвестициялар киритиш,
замонавий ишлаб чиқаришни ташкил этиш учун қулай шарт-шароитлар яратиш тўғр

сида топшириқ берганди. Бугунги кунда вилоятда бу ишга жиддий киришилиб, бўш турган барча бино ва иншоотларни хатловдан ўтказиш тадбирлари бошлаб юборилди.

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат рақобат ва Солиқ қўмиталари, архитектура ҳамда кадастр хизматлари идоралари ҳамда тижорат банклари вакиллари бу ишга жалб этилган. Биз мазкур масала билан танишиш мақсадида Фарғона вилоятида бўлганимизда қизғин иш жараёнига гувоҳ бўлдик. Хатлов бўйича ташкил этилган ишчи гуруҳда барча ишлар мувофиқлаштириб борилмоқда. Ишчи гуруҳда Давлат рақобат қўмитасининг барча вилоятлардаги ҳудудий бошқармаларидан жалб қилинган малакали мутахассислари тегишли идоралар вакиллари билан биргаликдаги фаолият юритмоқда.

Айни пайтда вилоятдаги 19 та шаҳар ва туманнинг ҳам ҳар бирида ишчи гуруҳлар тузилган бўлиб, ҳар бир маҳалла ўрганилиб, объектларнинг бўш туриш сабаблари аниқланиб, уларнинг фаолиятини йўлга қўйиш чоралари кўриляпти. Агар айримларининг ҳужжатларида камчиликлар бўлса, амалий ёрдам кўрсатилмоқда, маблағ зарур бўлганларга тижорат банклари томонидан кредитлар таклиф қилинмоқда. Ҳар бир мулкдор учун “йўл харита”лари тайёрланганлигини алоҳида қайд этиш мумкин.

Шу ўринда амалга оширилаётган ишларнинг бир жиҳатини алоҳида таъкидлаш лозим. Хатловда прокуратура, банк, кадастр, солиқ идоралари ва Давлат рақобат қўмитаси вакилларининг биргаликда фаолият кўрсатаётганлиги муам­моларни ҳал этишда айни муддао бўлмоқда. Вилоятдаги ишчи гуруҳ аъзоларининг маълумотларига кўра, ҳозиргача хатлов тадбирларининг биринчи босқичи тугалланган. Жумладан, барча бино ва иншоотлар рўйхатга олинган. Кейинги босқич эса мулкдорларнинг ишлашига кўмаклашишдан иборат. Барча бажарилган ишлар билан “Давлат мулки” ягона ахборот тизими мобил иловаси орқали маълумотлар олиш мумкин.

– Мулкдорлар билан учрашиб, суҳбатлашиб, бино ва ишоотларнинг бўш туриш сабаблари батафсил ўрганил­япти, – дейди ишчи гуруҳ аъзоси, Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бошлиғи Аҳмадилло Каримов. – Мақсадимиз тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, уларнинг муаммоларини бартараф этишга кўмаклашиш, аҳоли фаровонлиги таъминлаш, қолаверса, янги иш ўринлари ташкил этишга ўз ҳиссамизни қўшишдир.

Бўш турган бино ва ер майдонларида фаолиятни самарали йўлга қўйиш ҳамда янги лойиҳаларни амалга ошириш, хорижий инвестицияларни жалб қилиш мақсадида аниқ механизм ишлаб чиқилган бўлиб, бўш объектлар шартли равишда уч тоифага бўлиб рўйхатга олинди. Хусусан, фақат давлат объектлари эмас, балки барча тоифадаги, жумладан, давлат улуши бўлган субъектлар, илгари жамоа ва ширкат хўжаликларига тегишли бўлган ёки шахсий маблағ эвазига қурилган хусусий мулклар, ҳашар йўли билан бунёд этилган бинолар, ер майдонларининг бўш турганлиги аниқланди.

Бўш объектларни қуйидаги тартибда ишга тушириш режалаштириляпти. Биринчидан, 468 та объектлар (бино ости майдони 2000 кв метрдан юқори бўлган) бў­йича йирик лойиҳаларни тайёрлаш ва тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб қилиш бўйича Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда амалга оширилади. Иккинчидан 1757 та объект ва 249 та бўш ер майдони бўйича вилоят ҳокимлиги, тижорат банклари ва мулк эгалари билан биргаликда ҳудудий миқёсда инвестиция лойиҳалари ишлаб чиқилади. Учинчидан, 3776 та кичик объект (300 кв. метрдан кам бўлган) фаолияти кичик инвестиция лойиҳалари туман (шаҳар) сектор раҳбарлари, Савдо-саноат палатаси, тижорат банклари филиаллари билан ҳамкорликда йўлга қўйилади.

Маълумотларга кўра, шу пайтгача ишчи гуруҳнинг 430 нафар аъзоси томонидан вилоятдаги 1028 та маҳалла тўлиқ хатловдан ўтказилганда, 6250 та бўш турган бино ва ер майдони аниқланди. Уларнинг 591 таси давлат мулки (98 та мактаб, 88 та боғча, 69 та соғлиқни сақлаш, 40 та маданият ва спорт соҳаларига тегишли), 151 таси давлат улуши бўлган хўжалик юритувчи субъект ва 423 таси илгари давлат мулки бўлиб, кейинчалик хусусийлаштирилган мулк, 731 таси собиқ жамоа ва ширкат хўжаликларига тегишли бўлган хусусий мулк, 3661 таси шахсий маблағ эвазига қурилган хусусий мулк, 444 таси ҳашар йўли билан бунёд этилган бино ва иншоот, 249 таси бўш турган ер майдони ҳисобланади.

Бўш турган давлат объектлари бўйича мулк эгаларига огоҳлантириш хатлари юборилиб, уларнинг 63 тасини ҳокимликлар тасарруфига ўтказиш таклифлари олинди. Шунингдек, давлат ва давлат иштирокидаги корхоналарга тегишли 143 та объектнинг яроқсизлиги ҳақида хулосалар олинди. Кейинчалик объектлар бузилиб, ерлар давлат ихтиёрига қайтарилади.

Иншоотдан фойдаланиш керак

Биз ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси молия шўъбаси бошлиғи Аброржон Турғунов билан Қўқон шаҳрига йўл олдик. Вақт тушликдан ўтган бўлишига қарамасдан, Давлат хизматлари агентлигининг Қўқон шаҳри бўлимида жойлашган ишчи гуруҳ фаолияти қизғин давом этарди. Мулк эгалари турли масалалар бўйича мутахассисларга мурожаат қилиб, қониқарли жавобларни олишмоқда.

– Топшириқни ўз вақтида бажариш, мулкдорларнинг муаммоларини ҳал қилиш учун хатловда иштирок этаётган тегишли ташкилотлар вакиллари билан дастлаб барча мулкларни аниқлаб, рўйхатдан ўтказдик, – дейди Қўқон шаҳридаги ишчи гуруҳ аъзоси, Давлат рақобат қўмитаси Фарғона вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Бахтиёр Нуриев. – Шунингдек, тизимнинг вилоятлардаги ҳудудий бошқармаларидан жалб этилган мутахассислари билан биргаликда мулкдорларнинг муаммоларини ўрганиб, биноларни ишга тушириш бўйича таклифлар ҳам тайёрламоқдамиз. Ҳар бир мулк эгаси билан суҳбатлашилди. Шу кунгача 472 та катта ва кичик бўш бино ҳамда иншоот аниқланди. Уларнинг умумий майдони 519105 квадрат метр­ни ташкил қилади.

Биз айрим тадбиркорларни суҳбатга тортганимизда улар бундай хайрли ишлардан хурсандлигини, яқин кунларда биноларини ишга туширишни режалаштирганлигини алоҳида таъкидлашди.

– Ҳар бир маҳаллага бориб, маҳалла раислари ёрдамида бўш турган мулкларни рўйхатга олдик. Ўтказилаётган бундай тадбирнинг мазмун-моҳия­тини тушунтирдик, – дейди Қўқон шаҳридаги ишчи гуруҳ аъзоси, Қорақалпоғистон Республикаси Рақобат қўмитаси сектор мудири Мэрбек Есназаров. – Хусусий мулк дахлсизлиги, лекин у фаолият кўрсатиши кераклиги, агар бирор бир ёрдам зарур бўлса кўрсатилиши, умуман мулк эгаларига яратилаётган давлатимиз сиёсати тўғрисида маълумотлар бердик. Албатта, мулк эгалари бизни қўллаб-қувватлашди.

Аниқланган ҳар бир мулк учун алоҳида папка тутилган бўлиб, унда бўш турган мулкнинг манзили, эгасининг исми-шарифи, расмлари, телефон рақамлари, эгалланган майдон, фойланилмаётганлиги сабаблари, ишга тушириш муддати қайд этилади. Шаҳардаги ишчи гуруҳ аъзолари кун якунида барча маълумотларни жамлаб, вилоят ишчи гуруҳига тақдим этишади. Риштон, Бувайда, Данғара, Боғдод, Ўзбекистон, Учкўприк, Фурқат, Бешариқ туманларида ҳам ишчи гуруҳлар қизғин фаолият юритяпти. Ҳар бир мулкдорнинг муаммолари атрофлича ўрганилмоқда. Агар уларнинг айримларида кадастр ҳужжатлари бўлмаса ёки мавжуд кадастр ҳужжатига мос келмайдиган қўшимча объектлар ва ер майдонлари бўлса, уларга ҳужжатларини олишда ёрдам кўрсатиляпти.

Марғилонлик тадбиркор дўкон очди

Хатлов тадбирининг натижалари ҳозирдан кўрина бош­лади. Бир мисол. Марғилон шаҳридаги “Афсона стандарт” масъулияти чекланган жамияти яқинда гилам сотиш дўконини очди. Бугун шаҳарнинг марказида жойлашган бино атрофга ўзгача чирой қўшмоқда. Бир неча кун олдин бу ерда қурилиш ишлари якунига етмасдан, бино хунук аҳволда эди. Энди эса дўконга харидорлар оқими кўпаймоқда. Бу ердаги гиламлар одамларнинг кўзини қамаштиради.

– Савдо нуқтамиз аҳолининг ҳожатини чиқарса, хурсанд бўламиз, – дейди “Афсона стандарт” масъулияти чекланган жамияти иш бошқарувчиси Абдуносир Аҳмедов. – Фаолиятимиз бир неча турдан иборат. Гиламларни кимёвий тозалайдиган корхонамиз ҳам бор. Келгусида уни кенгайтириб, кийимларни ҳам тозалайдиган дастгоҳлар олмоқчимиз. Яна пайпоқ ва ки­йимлар тикадиган цех ташкил қилиш ниятимиз бор. Ҳозиргача банкдан кредит олмасдан барча ишларни амалга оширдик. Эндиликда кредит олиб, фаолиятимизни кенгайтириш, бир неча фуқарони иш билан таъминлашни ният қилиб турибмиз. Хориждан янги технологиялар олиб келиш учун ҳаракат қилмоқдамиз.

Марғилон азалдан ҳунармандлар ва тадбиркорлар шаҳри сифатида танилган. Биз суҳбатлашган тадбиркорнинг ҳам орзулари кўп, унинг ниятлари ушалишига хайрихоҳлик билдириб, у билан хайрлашдик.

Тошлоқда объектлар фаолиятини бошлади

Фарғона шаҳридан унча олис бўлмаган Тошлоқ туманининг хатлов бўйича ишчи гуруҳи туман ҳокимлигида жойлашган. Бу ерда ҳам ишнинг қизғин давом этаётгани эътиборимизни тортди. Ишчи гуруҳ штаби ҳокимлик биносининг биринчи қаватида жойлашганлиги мулкдорларга қулайлик туғдирмоқда. Ишчи гуруҳ бошлиғи, Давлат рақобат қўмитаси Наманган вилояти ҳудудий бошқармаси бош мутахассиси Алишер Раҳматуллаевнинг таъкиллашича, бўш турган 365 та объект рўйхатга олинган. Уларнинг ҳар бири тўғрисидаги маълумотлар алоҳида папкага жамланиб, ҳар бир мулкдор учун “йўл харитаси” тайёрланган.

– Бугунги кунда хатловнинг биринчи босқичи якунланиб, иккинчи босқич бошланди, яъни объектларни ишга тушириш чоралари кўриляпти, – дейди туман ишчи гуруҳи бошлиғи Алишер Раҳматуллаев. – Мулк эгалари билан биргаликда 173 та инвестиция лойиҳаси ишлаб чиқилиб, тегиш­ли идоралар вакиллари билан амалиётга татбиқ этиш чоралари кўриляпти.

Тошлоқ туманида ҳам ишчи гуруҳ аъзолари прокуратура, солиқ, тижорат банклари, архитектура, кадастр хизматлари вакиллари билан биргаликда фаолият юритаётганлиги боис, ҳар бир ҳудуддаги мулкнинг бўш туриши сабаблари ўз вақтида ўрганилиб, маълумотлар тўп­ланди. Бундай кенг кўламда амалга оширилаётган тадбирлар, албатта, мулк эгаларининг ҳам масъулиятини оширмоқда. Тадбиркорларнинг кўпчилиги бундан хурсанд бўлиб, биноларини ишга тушириш ҳаракатига тушишган.

Эътиборимизни тортган бир кўрсаткич бизни хурсанд қилди. Хатлов бошлангандан буён туманда 30 га мулк ўз фао­лиятини бошлади. Демак, халқ таъбири билан айтганда “муз жойидан кўчди”. Бундай мисолларни вилоятнинг бошқа шаҳар ва туманларида ҳам учратиш мумкин. Тасаввур қилайлик, бир неча ойлаб ёки йиллаб бўш турган бино ва иншоотлар ишга туширилса, аввало, кимга фойда? Албатта, мулк эгасига-да. Яна давлат идоралари вакиллари келиб, барча керакли ёрдамни кўрсатишса: ҳужжатларида камчиликларни бартараф этишга ёки маблағи бўлмаса, кредит олишда ёрдам беришса.

Ҳосил каримов.

(Давоми келгуси сонда).

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"