obod_qishloq_160_22111Олтиариқ туманинг Қапчуғай қишлоғида 200 болага мўлжалланган мактабгача таълим муассасаси қурилиб фойдаланишга топширилди. Қишлоқ кўркига-кўрк қўшиб, ота-оналар ва бутун туман аҳлини ҳушнуд этган бу замонавий боғча мажмуасида ҳозирча 50 нафар жажжи ўғил-қизлар тарбияланмоқда.

Мажмуада болалар кутубхонаси, ёзги ўйингоҳ айвончалар, сузиш ҳавзаси, спорт майдончаси, 8 та гуруҳга мўлжалланган бежирим ётоқхона ва машғулот хоналари, мусиқа зали, айниқса, тарбиявий ўйинчоқлар ва ранг-баранг ўқув қуроллари каби барча қулайликлар мавжуд.

“Smart kids” деб номланган болалар муассасасида машғулотлар ўзбек, рус ва инглиз тилларида олиб борилиши бу соҳада қўйилган яна бир муҳим қадам бўлди. Боғчанинг очилиш маросимида жамоа аҳлига фойдаланиш учун “Дамас” русумли автомобили топширилди.

 

Соғлом ҳаётга қайтган болалар

Яқинда вилоят кўп тармоқли болалар тиббиёт марказига Корея Республикасининг “Severance” Ёнсей университети профессорлари ҳамда Тошкент педиатрия тиббиёт институтининг малакали жарроҳлари ташриф буюришди.

Улар иштирокида вилоятдаги бемор болаларни бепул тиббий кўрикдан ўтказиш ва операция йўли билан даволашни кўзда тутган хайрия акцияси амалга оширилди.

Дастлабки кунлари 300 нафарга яқин бемор бола кўрикдан ўтказилди. 35 нафардан зиёд болажон жарроҳлик йўли билан соғломлаштирилди. Она учун энг катта бойлик соғлом боладир. Кўрикдан ўтказилган ва дўст мамлакатнинг таниқли мутахассислари ёрдамида соғломлаштирилиб, қувноқ ва хотиржам ҳаётга қайтарилган болаларнинг оналари ана шундай бахтни юракдан ҳис этдилар.

– Республикамизда, шу жумладан, Фарғона вилоятида 20 йил илгари бошланган хайрия тадбирлари натижасида минглаб болаларимиз соғлом ҳаётга қайтарилди,– дейди Соғлиқни сақлаш вазирлиги бош болалар пластик жарроҳи Мурод Жаъфаров. – Бу савобли иш кенг миқёсда давом эттирилмоқда.

Баҳодир ЭРГАШЕВ.