Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "БИРЖА" Ҳалол бозори: имконият ва истиқбол

halal_160Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази, Корпоратив бошқарув илмий-таълим маркази ҳамда Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси ҳамкорлигида “ThinkTank NetWorking” форматидаги бозорлар ва рақобатни ривожлантириш бўйича “ALTERNATUS” номли мунозара ва таҳлил майдончасининг биринчи муҳокамаси бўлиб ўтди. У Ўзбекистонда “Ҳалол” савдо белгиси остида товарлар бозорини ривожлантириш муаммолари ва имкониятларига бағишланди.

Тадбир аввалида Хусусийлаштириш, рақобат ва корпоратив бошқарувни ривожлантириш муаммоларини тадқиқ этиш маркази директори ўринбосари Улуғбек Камалетдинов қайд этганидек, янги мунозара ва таҳлил майдончасини ташкил этишнинг асосий мақсади давлат идоралари, бизнес вакиллари ва олимларнинг мамлакатимиз ривожи учун устувор ҳисобланган масалалар, мавжуд муаммоларни ечиш бўйича фикрларини эшитиш, уларни бирлаштириш орқали ҳар томонлама уйғунлашган ғояларни шакллантириш, ўзаро мувозанатлашган ва ҳақиқий ҳолатдан келиб чиқиб тегишли қарорларни қабул қилиш, ақл марказлари салоҳиятини ишга солиш ва бозорга янги кириб келаётган ишбилармонларни қўллаб-қувватлашдан иборат. Ҳар бир соҳадаги фаолият, энг аввало, қонун ҳамда унинг ишлаш механизми бўлган алоҳида қоидалар, тартиб-таомиллар ва стандартлар асосида йўлга қўйилади. Шу боис ҳам дунёда турли стандартлар мавжуд. Айниқса, кейинги йилларда тез-тез тилга олинаётгани ва кенг кўламда қўлланилаётгани, дунё миқёсида ўз ўрнини эгаллаб бораётгани бу “ҳалол” стандартидир. Шундай бўлса-да, “Ҳалол” бозорини тўлиқ ўрганилган деб ҳам бўлмайди. “ALTERNATUS” майдончаси дастлабки муҳокамасининг мазкур мавзуга бағишлангани боиси ҳам шунда.

Халқаро бизнес ва технологиялар уюшмаси раҳбари Ҳикмат Абдураҳмонов ўз сўзида келтириб ўтганидек, мамлакатимизда ишлаб чиқарилаётган жами маҳсулотнинг ва кўрсатилаётган хизматларнинг ярмидан кўпи хусусий сектор ҳиссасига тўғри келади. Аҳолига асосий иш берувчи субъект ҳам шу сектор. Аммо унинг экспорт соҳасидаги кўрсаткичлари етарли даражада эмас. Бу эса тадбиркорларимизнинг ташқи бозорда ўз ўрнини топиши ва мус­таҳкамлаши учун уларни қўллаб-қувватловчи чораларни кўпроқ кўриш кераклигини кўрсатмоқда. Янги майдончани ташкил этишдан худди шу мақсад кўзланган. Жаҳон бозорининг деярли 20 фоизи “ҳалол” стандарти улушига тўғри келади. Демак бу жуда катта бозор. Шу боис, энг аввало, бу стандарт, уни қўллаш тартиб-қоидалари билан бизнес вакилларини таништириш долзарб масала ҳисоб­ланади.

Шундан келиб чиққан ҳолда “Ҳалол” стандартининг мазмун-моҳияти, уни қўллаш бўйича жаҳон тажрибасига тўхталиб ўтилди. Бу ҳақда тақдимот намойиш этган халқаро эксперт Жаҳонгир Имомназаров таъкидлаганидек, “Ҳалол” стандарти унинг талаблари асосида маҳсулот ишлаб чиқарувчи ёки хизмат кўрсатувчи корхона учун миллионлаб салоҳиятли харидор ва мижозлар деганидир. Бунга “Ҳалол” белгиси остида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларга бўлган талабнинг ошиб бораётгани замин яратмоқда. Таҳлилларга қараганда, жаҳон “Ҳалол” маҳсулот ва хизматлар бозори яқин йиллар ичида йилига 6,5 фоиздан ўсишини кўрсатган. “Ҳалол”, яъни таркибида ислом динида истеъмол қилиш тақиқланган маҳсулотлар бўлмаган озиқ-овқат ва ичимликлар бозорининг ҳажми 2015 йилдаги 1,17 триллион АҚШ доллари ўрнига 2021 йилга бориб 1,9 триллион АҚШ долларига етиши кутилмоқда. “Ҳалол” туризм индустриясининг йиллик ҳажми бугунги кунда 151 миллиард АҚШ долларига тенг бўлса, 2021 йилга бориб бу кўрсаткич 243 млрд. АҚШ долларига етиши ҳисоблаб чиқилган. Таҳлилчининг эътироф этишича, “Ҳалол” индустриясининг ривожланиш тенденцияси билан бирга бу борада бир қатор ўзига яраша муаммолар ҳам бор. Улардан бири – жаҳонда “Ҳалол” озиқ-овқат умумий стандартининг йўқлиги. Бугунги кунда дунёда “Ҳалол” сертификатини берувчи 120 дан ортиқ ташкилот бор (улар жумласига “Ҳалол” бозорининг асосий иштирокчилари бўлмиш Малайзия, Индонезия, Сингапур, Таиланд, Филиппин каби мамлакатлардаги давлат идоралари ҳам киради). Бундан ташқари, сертификатлаштириш стандартлари ҳам турлича, бу эса нафақат қўшимча харажатларга олиб келади, балки халқаро савдо имкониятларини ҳам чеклайди. Шуни инобатга олган Жануби-Шарқий Осиё мамлакатлари уюшмасига (ASEAN) кирувчи давлатлар ўз стандартларини мувофиқлаштириш бўйича керакли ишларни аллақачон бошлашган. Хал қилиниши керак бўлган яна бир муаммо “Ҳалол” стандартларининг айрим мамлакатларнинг (масалан, Европа Иттифоқига кирувчи давлатларнинг) озиқ-овқат стандартларига мос келмаслигидир.

Тадбир давомида Шайх Абдулазиз Мансур “ҳалол” тушунчасининг диний ва дунёвий мазмун-моҳиятига тўхталиб ўтди. Яъни “ҳалол” маҳсулот-товар унга зид бўлган тушунчага мос бўлган маҳсулот ёки товардан фарқли ўлароқ, энг аввало, инсоннинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатмайди. Бу фуқаро, аҳоли ва бутун жамият саломатлиги кафолатланган деганидир. Соғлом жамият эса мамлакат тараққиётининг асосидир. Шу боис ҳам “ҳалол” стандартига сифат стандартининг ўзига хос кўриниши деб қаралмоқда. Бу борада Саудия Арабистонининг мамлакатимиздаги элчиси ўринбосари, доктор Муҳаммад аль-Тамимий ҳам ҳамфикр бўлиб, “ҳалол” стандарти юзасидан араб давлатларида олиб борилаётган ишларга тўхталди ҳамда Ўзбекистонда бундай хайрли ишга қўл урилганидан мамнунлигини билдирди.

Шу ўринда мамлакатимизда бу йўналишда қўйилган қадамларга алоҳида тўхталиб ўтилди. Чунончи, Президентимизнинг 2017 йил 6 ноябрдаги “Мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига асосан, республикада “Ҳалол” стандарти жорий этилди. “Ўзстандарт” агентлигининг Республика синов ва сертификатлаштириш маркази бўлим бошлиғи Азиз Расулов ахборот берганидек, бу жараёнда, албатта, жаҳон тажрибаси жиддий ўрганилган. Бугунги кунда қарор ижросини таъминлаш мақсадида ҳалол озиқ-овқат маҳсулотлари бўйича умумий қўлланма, ҳалол сертификатлаштириш идораларига қўйи­ладиган талаблар, шунинг­дек, Малайзия­нинг соҳага оид стандарти қоидаларидан керакли жиҳатлари фойдаланилган ҳолда туризм, меҳмонхона, ресторанлар бўйича миллий стандартлар, шу билан бирга, тегишли идоралар билан ҳамкорликда ҳалол маҳсулот ва хизматларни сертификатлаштириш тартиби тўғрисидаги низом лойиҳалари ишлаб чиқилган. Бундан ташқари, “Ҳалол” илмий маркази фаолиятини йўлга қўйиш масаласи устида ҳам иш олиб борилмоқда. Қўйилган вазифалардан келиб чиқиб, ҳозиргача Туркия билан ҳамкорликда бу йўналишдаги ходимлар малакасини ошириш мақсадида 20 нафар мутахассис ўқитилган. Бундай ўқувлар ислом ҳамда санитария қоидалари талаблари уйғулаштирилган ҳолда ташкил этилмоқда. Бундан ташқари, жорий йилнинг июль ойида Таиланд ҳалол илмий марказида шундай ўқувларни ташкиллаштириш режалаштирилган.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан бу соҳада олиб борилаётган ишлар ҳақида ҳам маълумот берилди. Қўмита вакили Бобур Йўлдошев таъкидлаганидек, ҳалол хизматнинг негизида маҳсулот туради. Масалан, меҳмонхона бўладими, ошхона бўладими, у ерлардаги маҳсулот ҳалол бўлса, хизмат шунга яраша бўлади. Индонезия, Малайзия, Туркия каби мамлакатлардан келиши кутилаётган мусулмон сайёҳларга мўлжалланган зиёрат туризмини мамлакатимизда янада ривожлантириш йўлида кўплаб ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, соҳани ривожлантириш, юртимизга ташриф буюраётган зиёратчиларга қулайлик яратиш мақсадида Ўзбекистон Респуб­ликаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг “Туризм хизматларни сертификатлаштириш маркази” давлат унитар корхонаси томонидан янги Oʻz DS 3220:2017 “Туризм хизматлари. Жойлаштириш воситалари. Умумий талаблар” давлат стандарти ишлаб чиқилди. Ушбу стандарт 2018 йилнинг 1 январидан кучга кирган бўлиб, унга кўра, ҳар бир меҳмонхона умумий хоналар сонининг камида ўндан бирида Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз ҳамда камида 30 фои­зида қибла кўрсатгичи бўлиши шартлиги кўрсатиб ўтилган. Бу жиҳат ҳам сайёҳликни ривожлантиришнинг бир омили сифатида аҳамиятга эга.

Иштирокчилар томонидан билдирилган фикрларга кўра, Ўзбекистоннинг жаҳон “Ҳалол” бозорига кириб боришига ёрдам бериши мумкин бўлган асосий омил – бу халқимизга хос бўлган озиқ-овқат саноати ва хизмат кўрсатиш соҳасидаги қобилияти, салоҳиятидир. Бу соҳаларда мутахассисларимизнинг кўплигини инобатга олиб хизматлар экспортини йўлга қўйиш мақсадга мувофиқ. Бундан ташқари, ҳозирча муаммо бўлиб турган “Ҳалол” индустрия­си шартларини яхши ўрганган технологлар ва тиббиёт-санитария йўналиши бўйича мутахассисларни тайёрлаш, уларни ишлаб чиқариш воситалари, бино ва иншоотлар, ускуналар ва ҳатто ювиш воситаларига қўйиладиган талаблар бўйича билимларини ошириш зарур. Бунда бир қатор халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиш ўз самарасини кўрсатиши мумкин.

Тадбир давомида берилган маълумотга кўра, ҳозир рес­публикамизда 10 тага яқин корхона “ҳалол” стандартини олган бўлиб, ўзининг гўшт, қандолат маҳсулотлари, озиқ-овқат маҳсулотлари учун қўшимчаларни экспорт қилишмоқда. Шу ўринда улардан бири “Розметов ЗМ” МЧЖ вакили Зафар Розметов Халқаро ҳалол агентлиги аъзоси бўлган турк компанияси билан ҳамкорликда бундай стандартни олиш жараёнининг тартиблари хусусида ўз фикрлари билан ўртоқлашди, эндиликда алоҳида қарор асосида ўзимизда ушбу стандартни жорий этишга ўтилганидан мамнунлигини билдирди.

Бошқа сўзга чиққанлар бу борада бош­ланаётган ишларнинг самарали амалиётига эришиш учун, аввало, тегишли лабораторияларни ташкил этиш, нафақат мутахассисларни, балки тадбиркорларни ҳам шу стандарт бўйича ўқитиш масаласига эътибор бериш кераклигини айтиб ўтишди.

Умуман, тадбир мавзу доирасидаги фикрлар хилма-хиллиги, ўртага ташланган мулоҳазалар бир-бирини тўлдирувчи хусусиятга эгалиги, энг муҳими, “ҳалол” стандартини жорий этишнинг заруриятидан ташқари, бу борадаги жаҳон тажрибасини чуқур ўрганган ҳолда саъй-ҳаракатларни ривожлантириш мамлакатимиз иқтисодиёти ва кичик бизнес тараққиёти, экспорт салоҳиятини оширишга хизмат қилиши, тадбиркорларимиз учун катта имкониятлар эшигини очиши билан боғлиқ кўплаб инновацион ғояларнинг мавжудлигини кўрсатди. Бу эса унинг якунида келгусида оқилона қарорларни қабул қилишда ёрдам берувчи бир қатор таклиф-тавсияларни илгари суриш имконини берди. Умумлаштирилган хулосада “ҳалол” стандартини жорий этишда эркинликнинг таъминланиши, кадр­лар масаласида илмий-методологик асосларни яратиш, олий ўқув юртларида соҳа мутахассисларини тайёрлаш, бу йўналишда истеъмол маданиятини ошириш, давлат-хусусий шериклик негизида лабораторияларни ташкил этиш, соҳа бўйича махсус сайт, электрон журнал очиш, “ҳалол” стандартини олган тадбиркор ўз тажрибасини намойиш этган видео ўқувларни тадбиркорларга кўрсатиб бориш, барча ғояларни жамлаган концепцияни ишлаб чиқиш зарурлиги кабилар ўз аксини топди.

Замира ТОЖИЕВА.

“Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"