Бугунда барча соҳалар каби тўқимачилик саноати ҳам илдам қадамлар билан одимламоқда. Шу ўринда Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида амалга оширилаётган ип-калава ишлаб чиқаришни ташкил этиш лойиҳаси тўғрисида айтиш мумкин. “Sulton tex group” хусусий корхонаси (илгариги номи “Wood decor production” МЧЖ ҚК) томонидан тақдим этилган ушбу бизнес режа давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 14 декабрдаги “Тўқимачилик ва тикув-трикотаж саноатини жадал ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонига кўра, кластер усулида тўрт босқичда амалга оширилиши кўзда тутилган.
Бунда дастлаб пахта толаси қайта ишланиб, ип-калава ҳолига келтирилади, кейин ундан тўқима мато ишлаб чиқарилиб, ранг берилади. Сўнгги босқичда мазкур хомашёдан тикувчилик маҳсулотлари тайёрланади.
Биринчи босқич бўйича лойиҳанинг умумий ҳажми 17 млн. АҚШ долларига тенг бўлиб, 240 та иш ўрни яратилиши ҳамда йилига 7000 тонна ип-калава қайта ишланиши белгиланди.
Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки томонидан 10 йил муддатга ажратилган кредит маблағларига Япония ва Швейцариядан замонавий ускуналар жамланмаси сотиб олиниб, барча модернизациялаш ишлари якунига етказилгач, лойиҳа 2017 йилнинг декабрь ойида тўлиқ ишга туширилди.
Ўтган бир ой ичида корхона томонидан 200,0 минг АҚШ долларилик маҳсулот ишлаб чиқарилди. Барча халқаро талабларга жавоб берган маҳсулот юз фоиз ташқи бозорларга чиқарилди.
Лойиҳанинг иккинчи босқичи 2019 йилда (тўқима мато ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш), учинчи босқичи 2020 йилда (тўқима матони бўяш ва ишлов бериш), тўртинчи босқичи эса 2020 йилда (тайёр тикувчилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш) ҳаётга татбиқ этилиши мўлжалланган.
Ўз мухбиримиз