Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
810
6465
8058

-1593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
140764
254685
104552

+150133

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 691 150
Главная "БИРЖА" Фонд бозори: бардавом ҳамкорлик

choy_160Ўзбекистан Республикасн Вазирлар Маҳкамасинннг 2017 йил 4 октябрдаги қарорига асосан Корея Республикаси фуқароси Джангсонг Чой Қимматли коғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директорининг ўринбосари этиб тайинланди. Мухбиримиз жаноб Джангсонг Чой билан учрашиб, бир қатор саволлар билан мурожаат қилди.

– Ўзбекистонга ташриф буюрганингизга бир неча ой бўлди, илк таассуротларингиз билан ўртоқлашсангиз.

– Аввало шуни таъкидлашим керакки, Ўзбекистон Республикасига биринчи бор келишим. Аммо, мактабда ўқиб юрган пайтимда дарсликлардан бу юртнинг қаерда жойлашгани, яъни Буюк ипак йўли марказидаги давлат эканлиги ҳақидаги маълумотга эга бўлганман. Бу ерга келганимдан кейин билдимки, ўзбек ва корейс халқларининг маданияти жуда ўхшаш экан, тил грамматикаси бўйича ҳам бир-бирига яқинлик борлигига гувоҳ бўлдим. Айниқса, ўзбек халқининг катталарни ҳурмат қилиш фазилати, билим савиясининг юқорилиги менда катта таассурот қолдирди. Ўзбекистон иқтисодиётига тўхталадиган бўлсам, унинг охирги йилларда барқарор суръатларда ўсиб бораётганлигидан хабарим бор.

Эндиликда ушбу иқтисодий ўсишнинг ўзига хос омилларини таҳлил қилган ҳолда, инвесторларга қулай шароитлар яратишга йўналтирилган чора-тадбирларни амалга ошириш, яъни замонавий ва самарали молия бозори инфратузилмасини шакллантириш ва ривожлантириш, уни модернизация қилиш йўлида янги лойиҳаларни давом эттириш зарур. Бу келгусида эришиладиган ютуқларга замин яратади. Мен Ўзбекистон иқтисодиётидаги ҳозирги жараёнларни кузатиб, унинг истиқболи янада порлоқ бўлишига ишонаман.

– Таҳлилчиларнинг таъкидлашича, барча ривожланган мамлакатлар иқтисодиё­ти капитал бозори фаолияти билан боғлиқ. Сиз нима деб ўйлайсиз, нега шундай?

– Тўғри, мен бу фикрга қўшиламан. Фонд бозорининг иқтисодиёт ривожидаги ўрни жуда катта. Барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш мақсадида компаниялар учун зарур бўлган молиявий ресурслар шу бозор орқали жалб қилинади ва айнан шу бозорда компания­лар чиқарган қимматли қоғозлар нархлари ўзгаришига қараб, компания ижроия органи фаолиятига жамият томонидан баҳо берилади. Шу боис ҳам ривожланаётган давлатларда айни шу бозор фаолиятини тараққий топтиришга, уни такомиллаштиришга катта урғу берилади. Мен бу ерга келиб кўрдимки, Ўзбекистон Республикаси фонд бозори яқинда модернизация қилиниб, халқаро талабларга жавоб берадиган Ягона техник-дастурий мажмуа ишга туширилган экан. Энг муҳими, мамлакатингиз фонд бозори профессионал иштирокчилари ва майда инвесторлар учун бу мажмуа жуда қулай, яъни унда савдоларни онлайн тарзда тезкорлик билан амалга ошириш имконияти яратилганлигини яхши англашмоқда ва амалда ҳис қилишмоқда. Лекин, мазкур фонд бозорининг ички ва ташқи молия бозорида рақобатбардошлигини ошириш учун янги мажмуани жорий қилишнинг ўзи етарли эмаслигини ҳам таъкидлаш керак.

– Сизнинг шу соҳадаги тажрибангиз, бу ерда иш бошлашингиздан кўзланган мақсад ва вазифаларингиз ҳақида билмоқчи эдик.

– Мен 10 йил давомида қимматли қоғозлар билан ишловчи компанияларда инвестиция таҳлилчиси сифатида ишлаганман, шунингдек Корея фонд биржасининг Қимматли қоғозлар ва ҳосилавий қимматли қоғозлар бўйича бошқармаларида 18 йил фаолият юритганман. Корпоратив бошқарув соҳасида 2 йиллик иш тажрибам бор. Юртингиздаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази бош директори ўринбосари бўлиб иш бош­лаганимни ушбу соҳада Корея фонд биржаси билан Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги икки томонлама ҳамкорликнинг давоми де­йиш мумкин. Менинг асосий вазифам мамлакатингиз капитал бозори инфратузилмасини ривожлантириш, инвесторларни бозорга жалб қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш ва бозор жозибадорлигини ошириш, шунингдек корхоналарда корпоратив бошқарувни жорий этишда ўз тажрибам асосида амалий кўмак беришдан иборат.

– Ўзбекистон Республикаси Президенти раислигида 2017 йил 27 октябрь куни хусусийлаштирилган давлат мулки негизида хусусий мулкчилик ва тадбиркорликни ривожлантиришга қаратилган давлат сиёсатини янги сифат даражасига кўтариш, хусусийлаштирилган тадбиркорлик субъектларини самарали қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар таҳлилига бағишлаб ўтказилган йиғилишда бир қатор масалалар ичида фонд бозорини ривожлантириш ҳақидаги вазифалар ҳам алоҳида тилга олинди. Ушбу вазифалар сизга ҳам катта масъулият юклаши табиий, шу ҳақда маълумот берсангиз.

– Дарҳақиқат, ҳозир марказ томонидан бу соҳадаги чора-тадбирлар бўйича йўл харитаси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжатда республикангиз молия бозорини тартибга солиш институтларини қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар муҳим ўрин олган бўлиб, уни бозорни самарали ва тизимли мувофиқлаштириш ҳамда назорат қилиш учун энг биринчи қадам деса бўлади. Шунингдек, йўл харитасида фонд бозорида асосий иштирокчи бўлиши лозим бўлган институционал ва индивидуал инвесторлар ҳамда инвестиция ва пай фондлари учун бозор жозибадорлигини оширишга қаратилган бир қанча таклифлар мавжуд. Албатта, барча чора-тадбирлар муайян давр мобайнида босқичма-босқич амалга оширилиши лозим. Таъкид­лашим керакки, таклифларни ишлаб чиқиш жараёнида Корея Республикаси ва бош­қа ривожланган давлатларнинг бу борадаги тажрибасига таяндик. Олдимизда мураккаб жараён турибди, мен ўзимга юклатилган вазифани талаб даражасида бажариш учун бор куч-ғайратимни, билим ва тажрибамни сафарбар қилишга тайёрман. Энг асосийси, бу ишларнинг амалга ошишига ишонаман.

Шу ўринда яқинда Ўзбекистон Респуб­ликаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаат­номасида таъкидлаб ўтилган фонд бозори, фонд биржасини янада ривожлантириш учун Қимматли коғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази ишини тубдан қайта ташкил этиш бўйича таклифини тўлиқ қўллаб-қувватлайман.

– Суҳбатимиз янги йил арафасида бўлмоқда, шу сабабли Ўзбекистон аҳлига байрам тилакларингиз.

– Мен ўзбек халқининг ҳар бир оиласига, энг аввало, соғлиқ, бахт, омад ҳамиша хамроҳ бўлишини, дастурхонлари эса ҳар доим тўкин бўлишини, Ўзбекистон иқтисодиётига эса ривож тилайман. Ҳамкорлигимиз хайрли ва самарали давом этсин.

– Сизни ҳам кириб келаётган 2018 йил билан самимий табриклаймиз. Барча саъй-ҳаракатларингиз юртимиз тараққиётига муносиб ҳисса бўлиб қўшилишини истаймиз.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"