Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1925
6212
5836

+376
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
93521
172957
187770

-14813

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 228 928
Главная "БИРЖА" Эрк, бахт ва адолат қомуси

 

konstitutsiya_160_2“Конституция” аслида лотинча сўз бўлиб, “тузилиш”, “тузук”, “ўрнатаман”, “белгилаб қўяман” деган маъноларни англатади. Ўзбек тилида “давлатнинг асосий қонуни” сифатида қўлланилиб, мамлакатни бошқариш, унинг ички ва ташқи ҳудудларини идора этишни англатади.

Зеро, бу ҳужжат давлат белгиси, амалдаги барча қонунлар негизи, таъбир жоиз бўлса, барчасининг мустаҳкам пойдевори ҳисоб­ланади. Унда давлат тузилиши, ҳокимият ва бошқарув органлари тизими, уларнинг ваколатлари ҳамда шакллантирилиш тартиби, сайлов ва суд тизимлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари белгилаб қўйилади.

Шу боис, мамлакатимиз истиқлолга эришгач, аввало, давлатчиликнинг ҳар томонлама мукаммал ва мустаҳкам тизимларини ишлаб чиқиб, амалиётга жорий этиш масаласига жиддий эътибор қаратилди. 1992 йил 8 декабр­да эса энг муҳим ҳужжат саналмиш Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинди. Унинг лойиҳаси 64 кишидан иборат комиссия томонидан икки йилдан ортиқ вақт мобайнида тайёрланди. Шу асно ривожланган ва тараққий этган мамлакатларнинг айни соҳадаги тажрибалари, инсон ҳуқуқлари ҳимоясини таъминлаш борасида эришган ютуқлари, уч минг йиллик тарихга эга миллий давлатчилигимиз анъаналари ва тамойиллари чуқур ўрганилди. Лойиҳанинг дастлабки намунаси матбуотда чоп этилгач, олти мингдан зиёд таклиф-мулоҳаза келиб тушди. Улар Конституцияни янада такомиллаштиришда асқатди.

Алқисса, Асосий қонунимиз ўзида кўҳна Хоразм ва Сўғдиёна, қорахонийлар, хоразмшоҳлар, ўзбек хонликлари тажрибаларини, халқимизнинг тарихий анъаналари ва мустақиллик ҳақидаги кўп асрлик орзуларини жам этган, шунинг баробарида жаҳон андозаларига ва халқаро талаб­ларга жавоб берадиган ҳужжат сифатида вужудга келди. Қолаверса, у сўнгги чорак аср мобайнида зарур ўзгартиришлар ва қўшимчалар билан бойитилиб, давр эврилишларига мослаштириб борилди. Пировард натижада ҳамюртларимизнинг озод ва эркин яшаш, меҳнат қилиш, илм олиш, фикрлаш ва сўзлаш, сайлаш ва сайланиш, тил ва дин эркинликларидан фойдаланиш каби ҳуқуқларини кафолатловчи, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини олий даражага кўтарувчи Асосий қонунга айланди. Буни эндиликда бутун дунё аҳли жуда яхши билади ва бизнинг Бош қомусимизни энг демократик конституциялардан бири сифатидан тан олади.

Конституциямиз биз учун, биринчи навбатда, Ватанимиз озодлиги ва эркинлигининг шаҳодатномаси, ҳақиқий мустақиллик сари дадил қадам сифатида қадрлидир. Иккинчидан, у барча жабҳаларда муҳим ҳаётий қўлланма вазифасини ўташдан ташқари, миллати, тили, динидан қатъи назар, серқуёш заминимизда яшаётган барча инсонлар учун мустаҳкам ва ишончли ҳимоя воситасидир. Учинчидан, бу қомусий ҳужжат халқчиллиги ва минталитетимизга хослиги билан кескин ажралиб туради. Негаки, унда ўзлигимиз рамзи бўлмиш адолат, иймон, олижаноблик, инсонга ғамхўрлик, меҳр-оқибат, фидойилик ва мардлик сингари улуғ фазилатлар, ҳамюртларимизнинг тинч-осуда ва фаровон ҳаёт кечиришини таъминлаш, демократик ҳуқуқий давлат ва кучли фуқаролик жамиятини барпо этишдек устувор ғоялар ёрқин ифодасини топган. Миллий урф-одатларимиз, анъаналаримиз, эътиқодимиз ҳимояси ва равнақи аниқ-тиниқ белгилаб қўйилган. Шунинг­дек, Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган барча миллат ва элат вакилларининг тили, қадриятлари, урф-одатлари, азалий анъ­аналари, ҳақ-ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳурмат қилиш ва муҳофазалаш кафолатланган. Айни чоғда, барча фуқароларимизнинг қонун олдида тенглиги алоҳида қайд этилган.

Сирасини айтганда, мамлакатимиз Истиқлолга эришгач, инсон омили энг олий қадриятлардан бири сифатида улуғланди, унинг шаъни ва қадр-қимматини эъзоз­лаш, ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини муҳофаза қилиш устувор вазифа даражасига кўтарилди. Бундай эзгу ниятлар Бош қомусимизда ҳам акс этди. Унинг барча тамойиллари, аввало, инсоннинг ҳаёти ва соғлиғини, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишга қаратилди. Чунончи, 24-моддасида “Яшаш ҳуқуқи ҳар бир инсоннинг узвий ҳуқуқидир. Инсон ҳаётига суиқасд қилиш энг оғир жиноятдир”, дейилган. Демак, фуқаролар ҳаётини ҳимоялаш, айниқса, уни ижтимоий хавфли тажовузлардан асраб-­авайлаш давлатнинг энг муҳим вазифалари сирасига киради. Шахснинг яшаш ҳуқуқи республикамиз қонунлари билан муҳофаза қилинади. 43-моддада эса давлат фуқароларнинг Конституция ҳамда қонунларда мустаҳкамланган ҳуқуқлари ва эркинлик­ларини таъминлаши алоҳида уқтириб ўтилган. Бунга Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ҳамда халқаро гуманитар ҳуқуқ ғоялари асос қилиб олинган.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашадиган бўлсак, Конституциямизнинг халқимиз ижтимоий-сиёсий, маънавий-иқтисодий ҳаётидаги аҳамияти беқиёс. У юртдошларимиз дунёқарашини, миллатлараро дўстлик ва ҳамжиҳатликни, меҳр-оқибат ва ўз­аро ҳурматни, илм-маърифатга интилиш ва ор-номус каби юксак фазилатларни ҳам кенг қамраб олган.

Энг муҳими, Конституциямиз шарофати билан жамият ва давлат қурилишининг турли соҳаларидаги муносабатларни ва миллий қонунчилигимизни тартибга солувчи мустаҳкам ҳуқуқий механизм шакллантирилди. Ўтган давр мобайнида унинг меъёрларига мувофиқ, 16 та кодекс, 600 дан зиёд қонун қабул қилинди. Олий ҳокимият доирасида 200 дан зиёд халқаро шартнома тасдиқланди. Бу ҳужжатлар айни кезларда давлатимиз ва жамиятимизни янада равнақ топтириш, демократик ислоҳотлар самарадорлигини ошириш, фуқароларимиз тинч-хотиржам ва аҳил-иноқ яшаши учун хизмат қилмоқда.

Бинобарин, биз Мустақилликнинг илк йиллариданоқ келажаги порлоқ йўлни танладик. Кейинчалик Конституциямизга ва қонунларимизга қатъий риоя қилишимиз, олий мақсадлар сари дадил интилишларимиз самараси ўлароқ, жаҳон айвонида ўз ўрнимизга ва ўз мавқеимизга эга бўлдик. Ана шунинг учун ҳам Бош қомусимизни беҳад қадрлаймиз ҳамда у қабул қилинган сана – 8 декабрни ҳар йили қутлуғ байрам сифатида кенг нишонлаймиз.

А.АБДУРАСУЛОВ,

Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси ҳарбий-техника институти

катта ўқитувчиси.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"