tadbirkorlik-134_180Юртимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, биринчи навбатда, инсон манфаатларини ҳимоялашга, унинг фаровон ҳаёт кечиришини таъминлашга, эзгу орзу-умидларини рўёбга чиқаришга йўналтирилган. Бунга айни кезларда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси асосида олиб борилаётган ишлар мисолида яна бир бор ишонч ҳосил қилиш мумкин. Турли соҳаларда эришилаётган ютуқларда эса Навоий шаҳри аҳлининг ҳам ҳиссаси катта бўлмоқда. Масалан, жорий йилнинг дастлабки ярмида унда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 108,0 фоизга (Навоий кон-металлургия комбинати бундан мустасно) етди.

Асосий капитални кўпайтириш учун 642,4 миллиард сўмга яқин миқдорда инвестициялар киритилиб, ўсиш суръати мутаносиб равишда 131,9 фоизга ошиши таъминланди.

Албатта, изчил давом эттирилаётган туб ислоҳотлар маҳаллий кенгашлар депутатлари зиммасига катта масъулият юклайди. Халқ депутатлари Навоий шаҳар кенгашининг Саноат, транспорт, қурилиш, коммунал хўжалик масалалари ва аҳолига хизмат кўрсатиш доимий комиссияси ана шуни эътиборда тутиб, давр билан ҳамнафас бўлишга, ижтимоий-иқтисодий тараққиётга доир ислоҳотларда фаол қатнашишга интилмоқда.

Комиссия депутатлик корпусида фаолият юритаётган 6 нафар депутат иштирокида ўтказилаётган мажлисларда мазкур соҳалар раҳбарларининг ҳисоботлари ва ахборотлари тингланмоқда. Аҳолига транспорт ва алоқа хизматлари кўрсатиш даражасини ҳамда йўллар аҳволини таҳлил қилишга боғлиқ масалалар аввал жойига борилган ва рейдлар уюштирилган ҳолда ўрганилмоқда. Сўнгра атрофлича муҳокама қилиниб, аниқланган камчиликларни бартараф этишда яқиндан ёрдам кўрсатилмоқда.

Ҳозирги даврнинг энг муҳим вазифаларидан бири тадбиркорликни ривожлантиришдан иборатдир. Бунинг учун ишбилармонлик муҳитини яхшилаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун янада кўпроқ қулайлик­лар ва кенг шарт-шароитлар яратиш зарур. Доимий комиссиямиз шуни назарда тутиб, тадбиркорларни ташвишлантираётган муаммоларни бартараф этиш бўйича самарадор тизим жорий этган. Натижалар таҳлилига қараганда, у ўзини тўлиқ оқламоқда. Тадбиркорларнинг банклардан кредит олиш, терминаллар, плас­тик карталар, нақд пул, ер ажратиш, архитектура, қурилишга рухсат, кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш каби муаммоларга оид мурожаатларининг аксарияти ижобий ечим топмоқда.

Айни йўналишдаги масалалар муҳокамасига бағишланган навбатдаги йиғилишда Навоий шаҳри “Ягона дарча” маркази директорининг ҳисоботи тингланди. Унинг айтишича, жорий йилнинг дастлабки ярмида марказга 1515 та тадбиркорлик субъектидан 16 турдаги давлат хизматлари бўйича талай мурожаатлар келиб тушган. Шундан 422 таси газ, сув, электр энергияси таъминотига, 74 таси канализацияга, 208 таси алкоголли маҳсулотларни дўконлар ва умумий овқатланиш шохобчаларида сотиш учун, 64 таси қурилиш-монтаж ишларини амалга ошириш учун рухсат олишга, 279 таси бино-иншоотларга ва кўп йиллик дарахтларга эгалик ҳуқуқини, 364 таси ипотека ва бино-иншоотларга тегишли ипотека тўғрисидаги шартномаларни давлат рўйхатидан ўтказишга, қолганлари объектни қайта ихтисослаштириш ва реконструкция қилишга, турар жойни нотурар жой тоифасига ўтказишга, ер участкасига гувоҳнома олишга, ташқи рекламани жойлаштиришга, ўрмон фондига кирмайдиган дарахт ва буталарни кесиш учун ижозат беришга оид мурожаатлардан иборат бўлган. Ариза-шикоятлар ва таклифларнинг барчаси давлат хизматлари кўрсатувчи ташкилотларга электрон шаклда жўнатилган.

Бундан ташқари, “Ягона дарча” маркази томонидан 957 та якка тартибдаги, 81 та оилавий тадбиркорлик субъекти рўйхатдан ўтказилган. Мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тадбиркорлик субъектлари сув, газ ва электр энергияси манбаларига уланиши учун техник шартлар расмийлаштирилгани, янги ишлаб чиқариш, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари фойдаланишга топширилгани улар фаолият юритишлари учун имконият яратган.

Президентимизнинг 2017 йил 14 февралдаги “2017-2018 йилларда минтақавий автомобиль йўлларини ривожлантириш дас­турини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, 2019 йилга қадар республикамиз бўйича жами узунлиги 5454 километр, Навоий вилоятида 216 километр, Навоий шаҳрида эса 12,8 километр автомобиль йўллари таъмирланиши режалаштирилган. Доимий комиссия йиғилишида бу вазифаларнинг шаҳарга тааллуқли қисми нечоғли бажарилаётгани кўриб чиқилди. Шу асно ҳудудда йўловчиларга транспорт хизмати кўрсатиш маданияти юксалгани, бу маҳаллий иқтисодиётни мустаҳкамлашга катта ҳисса бўлиб қўшилаётгани эътироф этилди. Айни чоғда, кўчаларга огоҳлантирувчи белгилар ўрнатилганига қарамай, аксарият ҳайдовчилар тез ҳаракатланишаётгани, бу охир-оқибат йўллар сифатига путур етказаётгани, бошқа ҳайдовчилар ҳамда пиёдалар ҳаёти ва соғлиғига хавф туғдираётгани эслатиб ўтилди.

Яна бир гап. Навоий ҳар томонлама ривожланган шаҳар бўлиши билан бир қаторда, экологик муаммолардан холи эмас. Бу масала ҳам доимий комиссия эътиборидан четда қолаётгани йўқ. Шаҳарда атроф-муҳитни ва аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш ишлари қай даражада йўлга қўйилгани, табиий ресурслардан қандай фойдаланилаётгани, ҳудуддаги саноат корхоналарининг экологик мусаффоликка салбий таъсири атрофлича ўрганиляпти. Турли ташкилот-муассасалар билан ҳамкорликда ишлаб чиқариш жараёнида ҳосил бўладиган зарарли чанглар, газ ва чиқиндилар келтириб чиқарадиган муаммолар таҳлилига бағишлаб ўтказилган тадбирлар ёшларнинг экологик билим ва маданиятини юксалтиришга, атроф-муҳит муҳофазасига масъул шахслар ва фуқаролар масъулиятини янада оширишга хизмат қиляпти.

Амир АЗИМОВ,

Навоий шаҳар кенгаши депутати,

доимий комиссия раиси.