Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3370
5218
5428

-210
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
111578
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 074 028
Главная "БИРЖА" Дарёлар ўзанидаги хазиналар

daryo_160

Сир соҳилларида – кеча ва бугун

Менинг ярим асрча нарида қолган беғубор болалигим, ҳаргиз ортга қайтмас бебош ёшлигим Сир соҳилларида ўтган...

Ҳали-ҳануз эсимда, уйимиздан 50-60 қадам нарида баландлиги 5-10 метрлик жарлар бошланар, қуйида ясланган, эни салкам бир чақиримлик майдонда дарё учга бўлиниб, гоҳ у ёнга, гоҳ бу ёнга буралиб оқарди. Ўзанлар оралиғидаги ёввойи жийда, юлғун, жинғил, туранғил ва буталар билан қопланган тўқайларда тулки, чиябўри, йиртқич мушук, тошбақа, юмронқозиқ, каламуш, шақшақ чумчуқ сингари жонзотлар ва қушлар бот-бот учраб турарди.

Кўклам чоғи дарё суви қуюқлашиб, қорамтир тусга кирар, илкис қутуриб қирғоқларга бош урар, домига тушиб қолган нарсаларни, ҳатто чорва молларини ҳам олис-олисларга оқизиб кетарди. Бироқ биз, ўйинқароқ болакайлар, дарёнинг қалтис шўхликларидан, ногаҳоний таҳдидларидан заррача ҳайиқмасдик. Оналаримизнинг хавотирли ҳай-ҳайлашларига қулоқ ҳам тутмасдик. Аксинча, бўш вақт топишимиз биланоқ дарё томон югурар, бир четига тушиб олиб, ё чўмилар, ёки балиқ овлардик. Чанқасак, жар этагида кўз очган булоқ бўйига ётиб олиб, ташналигимизни қондирардик. Ажаб­ланарлиси, чўмилаётган ёки сув симираётган дамларимизга аъзои баданимизга лой, хас-чўп ёпишса-да, этимиз салқиндан жунжикса-да, шамоллаш нима, касаллик нима – билмасдик. Чунки нажоткору мададкоримиз ҳам, табибу шифокоримиз ҳам табиатнинг ўзи эди! Ҳозир эса...

Йиллар оша кичрайиб-кичрайиб, торгина ўзанга тушиб қолган, анча ифлосланган суви баъзан тиззага ҳам чиқмайдиган дарё соҳилида туриб, ич-ичимдан зил кетаман. Тўқайлар аллазамонлар ўзлаштирилиб, булоқлар йўқ бўлиб кетганига астойдил ачинаман. Кимдир тўр ёки электр токи ёрдамида чалажон қилиб балиқ овлаётганини, кимдир сув ўзанидаги қум-шағалларни очиқ-ошкора талон-торож қилаётганини кўрганимда, жаҳл отига минаман. Кейин эса юртимизда дарёларни асраб-авайлаш, улардаги сув ва бошқа бойликлардан оқилона фойдаланиш чоралари кўрилаётганини эслаб, андак бўлса-да, таскин топаман.

Сув ресурсларининг асосий манбаи

Одатда, дарёларга шундай таъриф берилади. Улар наботот ва ҳайвонотга ҳам бой бўлиб, азал-азалдан инсон корига яраб келади. Аҳолини, қишлоқ хўжалиги ва саноатни обиҳаёт билан таъминлайди, балиқчилик ва мўйначилик ривожига улкан ҳисса қўшади. Ўтлоқсимон қайирлари, шағал, чақир тош, қум, қумоқ ва лойқалар билан қопланган қисмидаги тупроқлари кўпинча унумдор ҳисобланади. Шу боис уларда ўрмон дарахтлари ва ғўза ўстириш, ем-хашак етиштириш, боғдорчилик ва сабзавотчиликни йўлга қўйиш мумкин.

Қолаверса, дарёлар ўзига хос транспорт йўли, гидроэнергия манбаи, ботқоқлар сувини қочирадиган коллектор вазифаларини ҳам ўтайди. Ўзанларида жамланган қум ва шағаллар эса қимматли бойликлар сирасига киради. Масалан, ўлчами 2 миллиметрдан ошмайдиган ва ўзаро бирикмайдиган майда заррачалардан иборат қумни олайлик. Унинг таркибида олтин, платина, олмос, сапфир, рубин, циркон, рутил, титанит, ильменит ва бошқа минераллар бўлади. Айримлари фойдали қазилма сифатида ажратиб олинади. Табиий ҳамда тоғ жинсларини майдалаш орқали ҳосил қилинган сунъий қум қурилиш ва ҳунармандчиликда кўп ишлатилади. Бинокорлик ашёлари, кошинлар, чинни ва сопол буюмлар, фаянслар, кварцли қум шишалар ишлаб чиқаришда, қуйма шакллар ясашда қўлланилади.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, тоғ жинслари нурашидан ҳосил бўладиган, дарёлар, денгизлар, кўллар, тоғлар ва жарликларда кўп учрайдиган ранг-баранг кўринишдаги ва турли ҳажмдаги шағаллар ҳам фойдали саналади. У қаттиқ қурилиш материали сифатида йўллар барпо этишда, иморатлар тиклашда кўп асқатади. Айниқса, бетон қуйиш учун ўта зарур ва ўта мақбул хомашё дея эътироф этилади. Қум-шағал аралашмалари кони эса пўртаналар чоғи оқиб келган тоғ жинсларининг қатламларда тўпланиши туфайли шаклланади.

Сирасини айтганда, дарёлар нафақат суви, бағрида яшайдиган ҳайвонлари ёки барқ уриб ўсадиган ўт-ўланлари, балки ўзанида йиғилган фойдали қазилмалари билан ҳам ажралиб туради. Мамлакатимиз ҳудуди бўйлаб бири 1437 километрлик, иккинчиси 2137 километрлик масофадан оқиб ўтувчи азим Амударё ва Сирдарё, шунинг­дек, Қорадарё, Сурхондарё, Қашқадарё, Шерободдарё, Норин, Сўх, Чирчиқ, Зарафшон каби катта-кичик дарёлар табиатнинг бетакрор мўъжизаси, халқимизнинг бебаҳо ғазнаси ҳисобланади.

Модомики шундай экан, биз улардан оқилона ва тежамкорона фойдаланишимиз керак. Бироқ, минг афсуски, охирги пайтларда айрим юртдошларимиз мана шу оддийгина ҳақиқатни унутиб қўйишди. Оқибатда дарёлардаги балиқ ва бошқа жониворларни ўзбошимчалик билан овловчилар, ўзанлардаги қум ва шағаллардан, қирғоқлардаги дов-дарахтлардан шахсий манфаати йўлида хўжасизларча фойдаланувчилар кўпайди. Устига-устак, дарёлар ўзани ва сувни муҳофаза қилиш зоналарини, кўллар, сув омборлари, каналлар, коллекторларни тозалаш, қирғоқларини мустаҳкамлаш жараёнида қум-шағалларни берухсат ва назоратсиз қазиб олишлар авж олди. Инчунин, фақатгина жорий йилнинг саккиз ойи мобайнида айни йўналишда 228 та қонунбузарлик содир этилгани фош этилди. 176 та субъект давлат экологик экспертизаси хулосаси ёки норуда фойдали қазилмаларни ўз ичига олган ер қаъри участкаларидан фойдаланиш ҳуқуқини берадиган лицензиясиз фаолият юритгани аниқланди.

Бундай бошбошдоқликлар кўпинча ер усти ва ер ости сувлари камайишига, дарё тублари ювилиб, қирғоқлари ўпирилишига, сувни муҳофазалаш зоналари ботқоқлашиши ва ифлосланишига, суғориш тизимлари, транспорт ва гидротехника инфратузилмаси объектлари бузилишига, фавқулодда ҳодисалар олдини олиш тадбирларининг самарадорлиги сусайишига сабабчи бўлмоқда. Ҳаммасиданам ачинарлиси, фуқаролар ҳаёти, соғлиғи ва мулкига, атроф-муҳит мусаффолигига жиддий хавф туғдирмоқда.

Биз – Ер фарзандимиз!

Табиийки, вужудга келган вазият уларнинг салбий оқибатларини бартараф этиш, соҳадаги ҳуқуқбузарликлар пайини қирқиш зарурлигини тақозо этди. Шунга кўра, жорий йилнинг 25 сентябрида Президентимиз “Сув объектларини муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга имзо чекди. Унда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш, норуда фойдали бойликларнинг ғайриқонуний қазиб олинишига йўл қўймаслик бўйича комплекс чора-тадбирларни ҳаётга татбиқ этиш назарда тутилди. Транспорт ва гид­ротехника инфратузилмаси объектлари хавфсиз ишлашини таъминлаш, экологик вазиятни яхшилаш бўйича ҳам аниқ вазифалар белгиланди.

Қарорда таъкидланишича, эндиликда дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлаш ишлари фақатгина тош­қин сувлари ва сел оқимларини ўтказиб юбориш имкониятсизлиги билан боғлиқ нохушликларга чек қўйиш ниятида амалга оширилади. Ушбу вазифа Фавқулодда вазиятлар вазирлиги тизимидаги сел, тошқин ва ер кўчкиси хавфи бўлган туманларда қирғоқларни мустаҳкамлаш, ҳимоялаш ва тиклашга ихтисослаштирилган муҳандислик-техник отрядлари томонидан адо этилади. Бундай фаолият билан бошқа ташкилотлар ҳам шуғулланишига йўл қўйилади.

Тизимдаги юмушларни бажаришга 2007 йил 19 февралда тузилган Тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юборишни таъминлаш, қор кўчиш ва ер кўчки ҳодисалари хавфини камайтириш бўйича Ҳукумат комиссияси қарори асос бўлади. У Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлиги, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг дарёлар ўзанларини ўрганиш ҳамда тошқин сувлари ва сел оқимларини хавф-хатарсиз ўтказиб юбориш имкониятларини баҳолаш натижалари ҳақидаги қўшма хулосаларига биноан қабул қилинади.

Дарёлар ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашга тааллуқли лойиҳа ҳужжатлари қонуний тартибда давлат экологик экспертизасидан ўтказилиши шарт. Дарёлар ўзанларида норуда фойдали қазилмаларни қазиб олиш ишлари эса тасдиқланган захиралар мавжудлиги ва сув режимига салбий таъсир ўтказмаслик шарти билан муайян ер қаъри участкасидан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи лицензияга мувофиқ олиб борилади. Норуда фойдали қазилмалар конини ишлаб чиқиш “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги билан келишилган ер қаъридан оқилона фойдаланишни ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишни таъминловчи ишлаб чиқиш тизими бўйича амалга оширилади.

Соҳадаги қонун бузилишларини аниқлаш ва олдини олиш учун вилоят, туман ва шаҳарлар миқёсида таркибига 12 та вазирлик, идора ва ташкилот вакиллари киритилган, доимий фаолият кўрсатувчи идоралараро гуруҳлар тузилди. Айни кезларда улар прокуратура органлари раҳбарлигида иш юритиб, жами узунлиги 12700 километрга тенг 437 та дарё ва бошқа сув объектлари ҳудудлари бўйлаб назорат ишларини давом эттиришмоқда.

Қарорга кўра, Давлат геология қўмитаси зиммасига жойлардаги ҳокимликлар билан ҳамжиҳатликда тадбиркорлик субъектларига ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш учун сув объектлари ташқарисида норуда фойдали қазилмаларнинг муқобил хомашё манбаларини аниқлашга кўмаклашиш вазифаси юклатилган. Давлат фойдали қазилмалар балансига кўра, ҳозир ўлкамизда жами 110 та қум-шағал аралашмаси кони мавжуд. Ўтган ҳафта Миллий матбуот марказида бўлган анжуманда маълум қилинишича, ҳозир бу иншоотларнинг 60 тасидан лицензия олинган ҳолда, саноат йўналишида фойдаланилмоқда, қолгани Давлат геология қўмитаси баланси ҳисобида турибди. Тадбиркорлик субъектларига уларни саноат йўналишида ўзлаштириш учун расман лицензияга эга бўлиб, ишлаб чиқаришни йўлга қўйишлари таклиф қилинаяпти. Шунингдек, қум ва шағал ўрнини босувчи муқобил қазилма бойлик – майдаланган қиррали тошлардан фойдаланиш тавсия этилаяпти.

Сўнгсўз ўрнида шуни айтиш жоизки, дунёда инсон манфаатларига ва тараққиётга хизмат қиладиган моддий неъматлар, иқтисодий бойликлар ва маънавий қад­риятлар жуда кўп. Қандайлигидан қатъи назар, биз уларни қадрлашимиз, ҳар биридан тежамкорона фойдаланишимиз, зинҳор-базинҳор она табиатга зарар етказмаслигимиз, ҳеч қачон Ер фарзанди эканлигимизни унутмаслигиз керак!.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"