Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5122
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102683
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 065 133
Главная "БИРЖА" Ипаклари тиллодан

ipak_160Ипакчилик мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги тармоғининг асосий соҳаларидан бири ҳисобланади. Жаҳон бозорида ипак маҳсулотларига бўлган талабнинг тобора ошиб бораётганлиги, ўз навбатида, юртимизда пилла етиштириш ҳажмини босқичма-босқич ошириш ва сифатини янада яхшилашни тақозо этмоқда. Президентимизнинг жорий йилнинг 29 мартдаги “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси фао­лиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори соҳада янги имкониятлар яратишда муҳим омил бўлмоқда. Унга кўра, “Ўзбекипаксаноат” уюшмаси ипакчиликни ривожлантириш, аҳолининг табиий матоларга бўлган эҳтиёжини қондириш, бундай маҳсулотлар билан ички бозорни тўлдириш, унинг экспортини кенгайтириш борасида кенг кўламли ишларни амалга оширмоқда.

Уюшма томонидан пойтахтимизда табиий ипак матоли миллий либослар намойишининг ташкил этилиши ҳам ушбу соҳа равнақи йўлидаги яна бир қадам бўлди, десак янглишмаймиз. Унда 80 дан ортиқ давлатдан вакиллар, мутахассислар, ипак етиштирувчилар, қайта ишловчилар, либослар модаси ва дизайни соҳаси вакиллари, талаба-ёшлар, мода ихлосмандлари иштирок этди.

Таъкидлаш жоизки, жорий йилда пиллакорларимиз синов тариқасида икки марта ипак қурти уруғи парваришлаб, мўл ҳосил етиштирди. Қарийб 13 минг тонна ипак хом­ашёсининг ярмига яқини тизимдаги ўттиздан зиёд корхонада қайта ишланмоқда. Жорий йилда ип йигирув ва ипак мато ишлаб чиқаришга ихтисослашган қатор лойиҳалар амалга оширилди. Сирдарё, Хоразм, Жиззах, Бухоро вилоятларида барпо этилаётган корхоналар шулар жумласидандир.

Анжуманда тизимдаги корхоналарда ишлаб чиқарилган матолардан тайёрланган кўркам либослар омма эътиборига ҳавола этилди. Намойиш тўрт қисмдан иборат бўлиб, биринчи қисмда моделлар ҳаммабоп кундалик кўйлакларни, иккинчисида оқшом либослари, учинчи ва тўртинчи қисмда миллий ва замонавий услубда яратилган ранг-баранг либослар тақдим этилди.

Хорижлик меҳмонлар “ўзбек модаси” деганда атлас ва адрасни кўз олдига келтириши табиий. Ҳозирги кунда айнан атлас, адрас, шойи, беқасам матоларидан фойдаланаётган дизайнерларимиз талайгина. Шу боис анжуманда ўзбек модаси нафақат табиий ипакдан тайёрланган миллий матолардан тикилган либослар, балки дунё миқёсида урф бўладиган, мода талабларига жавоб берадиган кийимлар эканини намойиш этишга алоҳида эътибор қаратилди. Энг муҳим эса камалакранг хон­атлас, кўркам адрас, бахмал, нафис шойи каби миллий матоларимиз қаторига муслим, жакарт каби янги матолар қўшилгани қувонарлидир.

Тақдим этилган кийимлар миллий менталитетимизга мос бўлиб, улар энг тоза ипак матодан тайёрланган.

– Анжуманда ипак матолардан тикилган ўндан зиёд либос билан иштирок этмоқдаман, – дейди дизайнер Лола Амилхон. – Бу каби тадбирлар бизни ўз устимизда ишлаш, янгиликка интилишга ундайди. Эътиборга молик жиҳати – бугун барча йўналишдаги кўйлаклар фақат ипак матодан ва миллий урф-одатларимизга мос тарзда тикилгани. Коллекциям­нинг ана шундай турдаги либослар билан бойигани жуда яхши бўлди.

Табиий ипак матоли миллий либослар намойишида Дилафрўз Орифжонова, Елена Милбергер, Николай Нам, Дилором Муҳаммадиева каби ўндан зиёд иқтидор эгалари ўзларининг замонавий ва энг сўнг­ги жаҳон андозаларидаги муаллифлик тўп­ламлари билан иштирок этди. Уларнинг либослари ёрқинлиги ва нозик услуби билан кўпчиликнинг эътиборини торди.

Тадбир давомида хорижлик мутахассислар ўзбек дизайнерлари намойиш этган либослар юксак дид ва маҳорат билан тайёрланганини алоҳида эътироф этдилар.

– Атлас, адрас, беқасам сингари ўзбек миллий матолари ҳақида эшитган бўлсам-да, уларнинг яратилиш технологияси билан яқиндан таниш эмас эдим, – дейди франциялик Виален Девелмор. – Ўзбекис­тон миллий матолар тайёрлаш, тўқимачилик борасида қадимий анъаналарга эга экан. Бугун биз нафақат ўзбек миллий либослари, балки уларнинг тарихи ва бугуни билан яқиндан танишдик. Ипакдан тайёрланган экологик тоза матолардан харид қилдим, Ватанимга олиб кетиш ния­тидаман.

Таъкидлаш жоизки, сўнгги йилларда мамлакатимизда маданият ва санъатнинг кўплаб йўналишлари қаторида мода соҳаси ҳам тобора ривожланиб бормоқда. Айниқса, етук дизайнерлар билан биргаликда ёшларга ҳам кенг имкониятлар яратилган. Бундан 10-15 йил аввал либос тикувчиларга оддийгина чевар деб мурожаат қилган бўлсак, бугун бу ном улар яратаётган асарлар олдида бироз соддароқдек.

– Табиий ипак матоли миллий либослар намойиши менда жуда катта таассурот қолдирди, – дейди Польшанинг Ўзбекистондаги элчиси Петр Ивашкевич. – Менга ўзбек дизайнерлари яратган кундалик либослар ва тизимдаги корхоналарда тайёрланган матолар жудаям манзур бўлди.

Тадбир доирасида Буюк ипак йўли тарихига бағишланган театрлаштирилган саҳна кўриши ҳам намойиш этилди.

Хулоса ўрнида айтганда, “Ўзбек ипаги” миллий модалар намойиши юртимиз ва хорижий мода саноатининг замонавий тараққиёт тамойил ва йўналишлари, эксклюзив либослар, кенг омма учун мўлжалланган маҳсулотлар яратишда янгича ёндашувлар, тўқимачилик саноатидаги инновацион янгиликлар билан танишиш учун катта имконият бўлди.

Зилола ТЎРАБЕК қизи

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"