Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2201
6861
5999

+862
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
123269
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 085 719
Главная "БИРЖА" Кичик саноат зонаси: имкониятли ва имтиёзли

kichik_sanoat_160Мутахассисларнинг таъкидлашларича, кичик саноат зоналари тез ўзгарувчан бозор талабларини биринчилардан бўлиб ўзлаштириш, истеъмолчига зарур товар ва хизматларни таклиф этиш, таваккалчиликларни осон бошқариш, турли қалтисликлардан омон қолиш каби имкониятларга эгалиги билан ўзига хос майдон ҳисобланади.

Шу боис, кейинги пайтда бундай зоналар фаолиятини йўлга қўйишга эътибор кучайиб бормоқда. Энг муҳими, кичик саноат зоналари жойлардаги бўш турган ёки фойдаланилмаётган бино-иншоотлар негизида давлат ва хусусий сектор ўртасидаги шериклик асосида барпо этилиши, иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини таъминлаш, экспорт салоҳиятини ошириш, янги иш ўринларини яратишда қўл келмоқда.

Иқтисодиёт вазирлигининг Бундай ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи Азиз Дилмуродов билан суҳбатимиз айни шу жараённинг бориши хусусида бўлди.

— Айтингчи, кичик саноат зоналарини ташкил этишда биринчи навбатда қандай омилларга таянилмоқда?

— Кичик саноат зоналарини давлат мулки объектларининг фойдаланилмаётган майдонлари, зарар кўриб ишлаётган, иқтисодий ночор ва паст рентабелли корхоналарнинг ишлатилмаётган ҳудудлари негизида яратишга, шу орқали тегишли ҳудуднинг бой табиий-иқтисодий, минерал-хомашё, илмий-техник ва меҳнат салоҳиятидан тўлиқ фойдаланишга асосий эътибор берилмоқда. Бундай зоналарни барпо қилиш янги, рақобатбардош саноат ҳамда кичик хусусий корхоналар ривожини қўллаб-қувватлаш ва рағбатлантириш, шу асосда аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини ошириш ҳамда ортиқча ишлаб чиқариш майдонларини янада мақбуллаштириш шароитини туғдираётгани билан аҳамиятлидир.

Муҳим жиҳатлардан яна бири шуки, бундай зоналар муҳандислик коммуникациялари мавжуд ва зарур инфратузилмага эга бўлган ҳудудларда тузилади. Энг эътирофлиси, кичик саноат зоналарини бўш объектлар негизида ташкиллаштириш тадбиркорларга янги бино қурмасдан ўз фаолиятини қисқа муддат ичида бошлаш ёки кенгайтириш, ўз маблағи ва давлат бюджети маблағларини тежаш имкониятини бериши билан ҳам эътирофга моликдир.

Ҳозир республикамиз бўйича қанча кичик саноат зонаси фаолият юритяпти, уларнинг ҳудудий жойлашувига қандай эътибор берилган, улар томонидан қандай маҳсулот ишлаб чиқариляпти ёки хизмат кўрсатиляпти?

— Бугунги кунга келиб республикамизда бўш ер участкалари ва ишлаб чиқариш майдонларида ташкил этилган кичик саноат зоналарининг сони 96 тага етди ва уларда умумий қиймати 0,77 трлн. сўмлик 1000 дан зиёд лойиҳа амалга оширилмоқда. 9 мингдан зиёд янги иш ўрни яратилди. Мазкур лойиҳалар асосида тўқимачилик, кимё, озиқ-овқат, электротехника маҳсулотлари, замонавий қурилиш материаллари, мебель ҳамда ички ва ташқи бозорда харидоргир бўлган бошқа тайёр маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилган. Кичик саноат зоналарининг 44 таси жорий йилнинг ўзида ташкил этилган бўлиб, уларда 120 дан зиёд лойиҳани ҳаётга татбиқ этиш ишлари бошлаб юборилган. Ҳозир Қорақалпоғистон Республикасида 1 та, Хоразм вилоятида 23 та, Тошкент вилоятида 17 та, Жиззах вилоятида 12 та, Андижон, Фарғона вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида 8 тадан, Навоий вилоятида 4 та, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Сирдарё, Сурхондарё вилоятларида 3 та кичик саноат зонаси мавжуд.

Кичик саноат зоналарида замонавий технологиялар асосида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар мамлакатимиз ва ҳудудларнинг маҳсулот экспорти георафиясини йил сайин кенгайтириб боришда муҳим омил бўлиб хизмат қилмоқда. Масалан, 2014 йилда Бухоро вилоятида ташкил этилган Когон кичик саноат зонасида фаолият юритиб келаётган “Когон Нуртекс” МЧЖ томонидан ўша йили умумий қиймати 1,5 млн. долларлик текстиль товарлари ишлаб чиқарилиб, шундан 45 фоизи экспортга жўнатилган. Кичик саноат зоналарида яратилган шарт-шароитлардан унумли фойдаланаётган бошқа тадбиркорлар ёки корхоналар ҳам худди шундай ютуқларга эришиб, маҳаллий аҳоли даромадини ошириш, турмуш даражасини яхшилашда ўз ҳиссасини қўшаётир.

Мазкур зоналарда ишлаётган тадбиркорларга қандай имтиёз ва преференциялар берилган? 

— Амалдаги қонунчиликка мувофиқ, ташкил этилаётган кичик саноат зоналари қатнашчилари икки йил муддатга ягона солиқ тўловидан озод этилади. Агар имтиёзларнинг амал қилиш муддати давомида корхоналар томонидан ишлаб чиқарилган маҳсулот умумий ҳажмининг камида 30 фоизи экспорт қилинса, мазкур имтиёзлар яна икки йилга узайтирилади. Шунингдек, уларга давлат бинолари имтиёзли узоқ муддатли ижарага ёки “ноль” қийматда берилади.

Тадбиркорларга маҳсулотлар экспортида кўмаклашиш мақсадида кичик саноат зоналари ҳудудларида Ташқи иқтисодий фаолият миллий банки ҳузуридаги Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик субъектларининг экспортини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ваколатхоналари ташкил этилмоқда. Эътиборга сазоворлиси шундаки, мазкур зоналарда фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектларига давлат хизматлари “ягона дарча” тамойили асосида кўрсатилади. Бундан ташқари, барча кичик саноат зоналари керакли транспорт ҳамда муҳандислик коммуникация тармоқлари билан таъминланади.

— Иқтисодиёт вазирлиги томонидан кичик саноат зоналари фаолиятининг юритилиши бўйича мониторинг йўлга қўйилган. Унинг натижалари ҳақида ҳам маълумот берсангиз..

Президентимизнинг жорий йил 28 апрелдаги “Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлиги фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, вазирликда кичик саноат ва эркин иқтисодий зоналарни ривожлантиришга масъул янги бошқарма ташкил этилди.

Бошқарма томонидан кичик саноат зоналарини қисқа ва ўрта муддатли ривожлантириш дастурларини ишлаб чиқиш, инвестицион лойиҳалар портфелини шакллантириш, лойиҳаларнинг иқтисодий самарадорлигини аниқлаш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Шунингдек, ушбу зоналарни бошқариш дирекцияларини ташкил этиш, тадбиркорлик субъектларига ер участкалари бериш, инвестиция лойиҳаларини ўз вақтида амалга ошириш бўйича тизимли мониторинг йўлга қўйилган.

Мониторинг натижасида, масалан, кичик саноат зоналарининг зарур ташқи муҳандислик коммуникациялари ва инфратузилмасини қуриш бўйича 2018 йилги инвестиция дастури лойиҳасига бир қатор манзилли лойиҳалар рўйхати киритилди. Бундан ташқари, Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳри кичик саноат зоналарини самарали ташкил этиш мақсадида “йўл харита”лари ишлаб чиқилиб, ҳар бир мутасадди вазирлик, идора ва маҳаллий хокимият органларининг вазифалари белгилаб берилди.

Аниқланган камчиликлар ёки муаммоларни бартараф этиш ёхуд кичик саноат зоналари фаолиятини янада ривожлантириш юзасидан яна қандай чоралар кўриляпти?

Президентимизнинг 2017 йил 7 августдаги “Эркин иқтисодий зоналар самарали фаолият кўрсатиши учун вазирликлар, идоралар ва жойлардаги давлат ҳокимияти органларини мувофиқлаштиришни кучайтириш ва уларнинг масъулиятини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, энг аввало, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратишга, янги рақобатдош ишлаб чиқаришлар ташкил этишга, уларнинг муҳандислик коммуникациялари ва зарур инфратузилма билан таъминланган алоҳида ҳудудларда тўпланишини таъминлашга йўналтирилган бўлиб, бу мазкур соҳада давлат сиёсатининг сифат жиҳатидан янги даражага кўтарилганидан далолатдир.

Жойларда кичик саноат зоналари фаолият кўрсатиши ва ривожлантирилиши билан боғлиқ ташкилий-техник масалаларни ҳал этишда амалий ёрдам кўрсатиш, давлат ҳокимияти органларининг фаолиятини аниқ мувофиқлаштириш, улар томонидан бюрократизм ва сансалорликка йўл қўймасликка доир тезкор чоралар кўриш мақсадида эркин иқтисодий зоналар ва кичик саноат зоналари фаолиятини мувофиқлаштириш масалалари бўйича идоралараро махсус комиссия тузилган.

Бугунги кунда ушбу комиссия томонидан тизимли равишда ҳудудларга чиққан ҳолда ўрганишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, жорий йилнинг август-сентябрь ойларида идоралараро комиссия томонидан Фарғона, Хоразм, Бухоро, Жиззах, Навоий, Тошкент вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд кичик саноат зоналар фаолияти ўрганилди. Натижаларига бағишланиб селектор-семинар ўтказилди, ташкил этилган ҳудудий комиссияларнинг вазифалари аниқ белгилаб берилди, тадбиркорлар билан учрашув доирасида инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш, ер ажратиш, табиий газ, электр энергияси, сув билан таъминлаш масалалари ҳал этилди. Бу йўналишдаги ишлар мунтазамлик хусусиятига эга эканлигини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"