Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4782
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102343
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 064 793
Главная "БИРЖА" Ҳаракатлар стратегияси: таҳлилий сарҳисоб ва истиқбол учун таклифлар

harakatlar_strategiyasi_160Президентимизнинг 2017 йил 15 августдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгусида амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармойишида ушбу  стратегиянинг жорий йилдаги амалиёти якунини  сарҳисоб ва таҳлил  қилиш,  бу  ҳақда аҳолини хабардор этиш ва 2018 йилда навбатдаги ислоҳотларни режалаштириш  чора-тадбирларини ташкиллаштириш бўйича  бир қатор вазифалар белгиланган.

Фармойиш ижросини таъминлаш  мақсадида “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан жорий йилнинг  август-сентябрь ойлари давомида жамоатчилик фикри сўрови ўтказилди.

“Ҳаракатлар стратегияси: сарҳисоб ва истиқболдаги қадамлар” деб номланган ушбу сўровнома натижаларига бағишланган брифингда  “Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори Акмал Бурхонов ва бошқа масъул ходимлар  сўровнинг ўтказилиш жараёни, унинг якунлари, иштирокчилар  томонидан билдирилган таклифлар ҳақида маълумот бердилар.

Тақдим этилган ахборотга кўра, сўровномада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан 17 ёш ва ундан катта бўлган 6238 нафар фуқаро қатнашган. Ҳаракатлар стратегияси доирасида ҳозиргача амалга оширилган ишлар ва келгусида бажарилиши лозим бўлган вазифалар билан боғлиқ  жами 29 та савол вазирлик ва идоралар,  корхона ва ташкилотлар,  олий ўқув юртлари ва маҳалла фуқаролар йиғинларида тарқатилиб, аҳолининг кенг қатламлари қамраб олинган. Бундан ташқари, www.strategy.uz веб-сайтида алоҳида саҳифа очилган,  сўровномани мобиль телефонлар орқали тўлдириш имконияти ҳам яратилган. Республика Маънавият ва маърифат маркази, “Маҳалла” хайрия жамоат фонди  билан ҳамкорлик асосида ҳам аҳоли таклифлари ва фикрлари ўрганилган. Саволларга жавоблар  юртимиздаги олий таълим муассасаларида  махсус ташкил этилган Ҳаракатлар стратегияси хоналарида ҳам қабул қилинган.

Бундан ташқари, келгуси йилги давлат дастури лойиҳасига киритиш учун таклиф-лойиҳаларни йиғиш ва умумлаштириш мақсадида  марказ томонидан давлат, нодавлат ва юртимизда фаолият юритаётган халқаро ташкилотлар вакиллари ҳамда хорижий экспертлар иштирокида 30 дан ортиқ  давра суҳбати, учрашув ва ОАВларида муҳокамалар ташкил этилди.

Ўрганишларнинг кўрсатишича, сўровда асосан 21 ёшдан
30 ёшгача бўлган фуқаролар қатнашган. Иштирокчиларнинг 35,7 фоизини   давлат хизмати вакиллари,  23,4 фоизини жамоат ташкилотлари вакиллари ва 14,3 фоизини тадбиркорлар ташкил  этган. Умуман олганда, фуқаролар  жорий йил давомида амалга оширилаётган ислоҳотлар, айниқса, ижтимоий соҳадаги ўзгаришларни ижобий баҳолаган. Жумладан, кам таъминланган оилалар учун арзон уй-жойларнинг қурилиши улар томонидан кўп қайд этилган.  Энг муҳими,  Ҳаракатлар стратегиясини 2018 йилда амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган давлат дастури лойиҳаси учун аниқ  таклифлар  билдирилган.

Ўтказилган жамоатчилик фикри сўрови ва бошқа тадбирлар давомида тақдим этилган барча таклифлар орасидан 120 та лойиҳа саралаб олинган.

Хусусан, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш йўналиши бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тизимини автоматлаштириш, жумладан,  ички ишлар органлари томонидан тақдим этиладиган маълумотномаларни ИИВнинг расмий веб-сайти ёки my.gov.uz сайтлари орқали олиш имкониятини, чет элдаги консуллик идораларида паспорт алмаштириш ва бошқа шунга ўхшаш амалиётларни тўлиқ автоматлаштириш ҳисобига фуқаролар учун янада қулайликларни яратишга  қаратилган комплекс чора-тадбирларни кўриш таклиф этилган.

Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш йўналишида адвокатлик касби нуфузини ошириш ҳамда фуқаролар ҳуқуқ ва манфаатларининг сифатли ҳимоя қилинишини назарда тутувчи   норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини ишлаб чиқиш таклифи билдирилган. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг шахсий маълумотларини ҳимоя қилиш, уларни рўйхатга қўйиш (прописка) тизимини янада ислоҳ қилиш, чунончи,  фуқаролар учун мамлакат ҳудудида фойдаланишга мўлжалланган махсус ID-карталар жорий этиш ва бу карталарга фуқаро тўғрисидаги барча маълумотларни киритиш,  ҳозирда мавжуд бўлган биометрик паспортни эса фақат чет элга чиқиш паспорти сифатида қўллаш  ғояси илгари сурилган.

Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш йўналишида тақдим этилган лойиҳалардан бири   “яшил иқтисодиёт”ни амалга оширишдан иборат. Бу орқали ҳудудларда экологик соф кичик электр станциялари  барпо этиш, аҳоли ва юридик шахслар томонидан муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни қўллаб-қувватлашга эришиш таъкидланган.   Шунингдек, мамлакатимиз  ҳудудида қуёш панеллари ва шамол турбиналарини ишлаб чиқарувчиларга қўшимча имтиёзлар бериш, биоускуналар асосида органик ўғитлар ва биогаз ишлаб чиқариш объектларини ташкил этиш чораларини кўриш кабилар санаб ўтилган. Жорий этилиши мумкин бўлган  лойиҳалардан яна бири 2018-2030 йилларда нано ва космик технологиялар, робототехника, ракетасозлик, биотехнологиялар, ген мутахассислиги келажак энергиясини қидириш ва очиш соҳаларини ривожлантиришни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш  таклифи ўртага ташланган.

Ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида келгуси  йилда  “Ногиронлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш  фикри баён қилинган. Шунингдек, олий таълим муассасаларида кредит тизимини жорий қилиш ҳамда хорижий етакчи университет-ҳамкорларни жалб қилган ҳолда иқтисодиёт ва жамиятнинг бошқа устувор йўналишларида ихтисослашган хусусий  олий таълим муассасаларини ташкил этиш орқали бу  тизимда рақобат муҳитини яратиш мумкинлиги билдирилган. Бундан ташқари, соғлиқни сақлаш соҳасида бир қанча таклиф келиб тушган.  Ихтиёрий тиббий суғуртага асосланган тиббий хизматларнинг хусусий секторини ривожлантириш бўйича лойиҳалар ҳам тақдим этилган.

Бир қатор таклифлар хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, шунингдек, вазмин, ўзаро фойдали ва конструктив ташқи сиёсатни амалга ошириш йўналишига оид бўлган. Жумладан, Ўзбекистон брендини халқаро миқёсда янада мустаҳкамлаш мақсадида юртимизда йирик халқаро тадбирлар ўтказишни назарда тутувчи ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш мақсадга мувофиқлиги қайд этилган.

Брифингда  сўровномаларда  мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган бир қатор халқаро ташкилотларнинг иштироки кузатилгани,  амалга ошириш механизми аниқ акс эттирилган лойиҳалар ва таклифлар тақдим этилгани алоҳида эътироф қилинди.

Таъкидлаб ўтилганидек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини келгуси йилда  амалга ошириш бўйича ишлаб чиқиладиган Давлат дастури лойиҳасига киритиладиган таклифлар кенг жамоатчилик  ўртасида  дастлабки муҳокамадан ўтказилганидан кейин кўриб чиқилади.

Замира ТОЖИЕВА.

Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"