Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5118
5743
5150

+593
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102679
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 065 129
Главная "БИРЖА" Синовларга бой мавсум ташвишлари

kuz_160Қиш қилиғини қилмай қўймас...

Мана, кузнинг ҳам кўпи ўтди – навбат хазонга етди. Кечагина ҳосилдан тўлғанган боғлар бугун сарғайиб, пахтазорлар қорамтир тусга кирди. Сал аввал Сунбулани мағлуб этиб, ҳавога арғамчи солган Мезон табиат измига бўйсуниб, ўрнини Ақрабга бўшатиб берди. Энди ариқлар суви тиниқлашиб, оқиши сокинлашди. Булутлар эса кўкда тўдалашиб, тез-тез қовоқ уядиган, зум ўтмай яшин чақнаб, момақалдироқ юракка  ваҳм соладиган бўлиб қолди. Тонгги ва кечки салқиндан одамнинг эти жунжикиб, кекса-ю ёш иссиққа талпиниши оддий ҳолга айланди...

Демак, давоми тушунарли: Наврўздан кейин қиш келмаганидек, Мезондан кейин ёз бўлмайди, билъакс, қиличини қайраб қиш келади. У “ўчоғи” торлиги, синовлари бисёрлиги, қаҳри қаттиқлиги, ҳазиллари қалтислиги билан бошқа фасллардан кескин ажралиб туради. Аждодларимиз шуларни назарда тутиб, “Қиш ғамини ёз ўйла”, “Қишнинг куни қирқ турли, қирқови ҳам қилиқли”, “Қиш кунининг илиганига ишонма”, “Гуппинг қалинг бўлса ҳам қишдан қўрқ!” дейишган. Унинг қўноғи ва зиёфатини олов деб билишган. Ўз сўзларига амал қилиб, бу фаслга олдиндан пухта ҳозирлик кўришган.

Бу анъана ҳозир ҳам бардавом. Ҳар сафар ёз адоғига етар-етмас, халқимиз қишли-қировли кунлар ғамини еб, хонадонларини иситиш ва ёритиш, чорваси ва мол-мулкини қаҳратондан беталафот олиб чиқиш йўлларини излайди. Бу вазифа, айниқса, уй-жой мулкдорлари ширкатлари, турли ташкилот-корхоналар зиммасига катта масъулият юклайди. Уларни турар жойлар ва ижтимоий-иқтисодий иншоотларни янги мавсумга тайёрлаш, истеъмолчиларни аёзли дамларда ҳам электр, газ, сув, иссиқлик, ёнилғи-ёқилғи каби зарур воситалар билан узлуксиз таъминлаш масалаларига жиддий ёндашишга ундайди.

Мавсумнинг муваффақиятли ўтиши эса кўп жиҳатдан Фавқулодда вазиятлар, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш вазирликлари, Давлат ветеринария қўмитаси, “Саноатгеоконтехназорат” давлат инспекцияси, Ёнғинга қарши кураш жамияти ва бошқа мутасадди идоралар ходимлари ўз бурчларини садоқат-ла ўташларига боғлиқ. Чунки бундай кезларда электр токига, табиий ва ис газига, ҳайвонларга, сифатсиз ва истеъмолга яроқсиз озиқ-овқатларга дахлдор ёнғин, портлаш, заҳарланиш ва хасталанишлар бот-бот кузатилади. Бу фалокатларга эса совуқ фаслда газ ва электр токига талаб-эҳтиёж ортиши, улардан фойдаланиш қоидаларини бузиш, носоз ёки давлат стандартидан ўтказилмаган асбоб-ускуналарни ўзбошимчаларча ишлатиш, эҳтиётсизлик ва лоқайдлик, болаларнинг олов билан ўйнашлари, уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини тановул қилиш, ҳайвонлар миграцияси кучайиши сабаб бўлади.

Ўт билан ўйнашиб, шамол билан муштлашиб бўлмайди

Ис газидан заҳарланиш инсон бошига беқиёс кулфат келтирадиган бахтсиз ҳодисалар сирасига киради. Рангсиз ва ҳидсиз бу заҳарли бирикма органик моддалар ишлаб чиқарувчи корхоналарда, автопаркларда, янги бўялган, бироқ шамоллатилмаган хоналарда, табиий газ чиқаётган ёки печка билан иситиладиган уйларда, ҳаммомлар ва дам олиш чодирларида кўп тўпланади. Асосан табиий газ, кўмир ва ўтинга ўхшаш ёнилғи-ёқилғиларнинг чала ёниши туфайли ҳосил бўлади. Одам организмига нафас йўллари орқали таъсир кўрсатади. Гемоглобин билан бирикиб, кислороддан 300 марта кучли карбоксигемоглобин ҳосил қилади. Охир-оқибат қоннинг тўқималарга кислород ташиш хусусияти кескин пасайиб, кислород танқислигига, оғир ҳолатларда аноксияга олиб келиши, энг даҳшатлиси, инсон умрига зомин бўлиши мумкин.

Шу боис, навбатдаги мавсумга тайёргарлик асноси юртимизда газ билан боғлиқ фалокатлар олдини олиш бўйича талай профилактик ишлар олиб борилди. Президентимизнинг “Республика иқтисодиёти тармоқлари ва ижтимоий соҳаларини 2017/2018 йиллар куз-қиш даврида барқарор ишлашга комплекс тайёрлашни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида идоралараро гуруҳлар томонидан 1267 та қўшма рейд ташкил этилди. 4136 та бозор, 25903 та корхона қозонхоналари текширилди. Мактаблар ва болалар боғчаларида 14118 марта, ётоқхоналар ва спорт муассасаларида 2916 марта, тиббиёт масканларида 16557 марта, маданият ва санъат гўшаларида 1083 марта рейд ўтказилди. Бепарволик ва сусткашликка йўл қўйганларга нисбатан 309 та маъмурий жарима қўлланилди. 6182 та шохобча фаолияти вақтинча, 1378 тасиники батамом тўхтатилди. 2115 та ностандарт ва қўлбола иситгич сотувдан олиб қўйилди. Аниқланган хато-камчиликларни бартараф этиш юзасидан ҳокимликларга 79 та тақдимнома киритилди. Бироқ, минг афсуски, қайта-қайта огоҳлантирилганига қарамай, баъзи кишилар ўт билан ўйнашиб, шамол билан муштлашиб бўлмаслигини, кўза кунда эмас, кунида синишини унутиб қўйишяпти. Уларнинг носоз ёки ман этилган жиҳозлардан кўр-кўрона фойдаланишлари кўпинча аянчли якун топяпти, жабрини эса кўпчилик тортяпти...

Балоларнинг энг ёмони – кутилмагани!

Ис газидан заҳарланишга ёки ҳаво-газ аралашмаси чақнашига оид ногоҳоний офатлар олдини олиш учун, аввало, печлар, қозонхоналар, сув иситгичлар созлигини, мўрконлар тозалигини текшириш зарур. Иккинчидан, яроқсиз, ностандарт ҳамда қўлбола иситиш ва газ узатиш аппаратларидан, резина шланглар ва газ сўргичлардан воз кечиш, хориждан келтирилган ускуналарни фақат йўриқномасига мувофиқ ишлатиш лозим. Печни ёқишдан олдин ўтхонаси ва дудбуронини шамоллатиш, тортиш кучи борлигига ишонч ҳосил қилиш даркор. Автомобилларга ўрнатилган ёки яроқсиз деб ечиб олинган, техник кўрикдан ўтказилмаган метан ва пропан гази баллонларини истифода этиш эса тақиқланади.

Газ мосламалари бор хоналарни дам-бадам шамоллатиш, ишлатишдан олдин дудбуронни созлаб, тортиш кучи мавжудлигига ишонч ҳосил қилиш, ёнаётган “зангори олов”ни назоратсиз қолдирмаслик, устида кийим қуритмаслик, ўчиргач, плитани ва унга уланган қувур кранини кўздан кечириш ҳам хавфсизликнинг муҳим шартлари ҳисобланади. Мабодо, хона табиий газга тўлгани сезилса, плита ва печни дарҳол таъминотдан узиб, эшик-деразаларни ланг очиш, лекин электр чироқни ёқмаслик, ёниб турганини ўчирмаслик жоиз. Чунки бу ҳаракат ёнғинга ёки газ-ҳаво аралашмаси чақнашига туртки бўлиши эҳтимолдан холи эмас. Газ чиқаётган жойни аниқлашда эса оловдан эмас, совун кўпигидан фойдаланган маъқул.

Газга тааллуқли ёнғин ёки заҳарланиш рўй берганда ёнғин хавфсизлиги хизматининг 101, газ-авария диспетчерлик хизматининг 104, тез тиббий ёрдам хизматининг 103, қутқарув хизматининг 1050 рақамли телефонига қўнғироқ қилиш керак.

 

Дард – меҳмон, тана қўрғон экан

Нейротроп вируси доялик қиладиган, марказий асаб тизими ишдан чиқиши, томир тортишиши, фалажлик, ҳиқилдоқ ва нафас йўли мускуллари сиқилиши билан кечадиган қутуриш азалдан юқумли ва ҳаёт учун хавфли касаллик сифатида маълум. У ҳайвонлар ва одамларда учрайди, ҳамиша ўлим билан якун топади. Негаки, ҳозирча давоси топилмаган. Вируси бўрилар, чиябўрилар, тулкиларда доимий бўлади. Улардан итларга, итлардан мушук, сигир, от, эшак, чўчқа сингари уй жониворларига, 90-95 фоиз ҳолатда инсонга юқиши тайин.

Бу касаллик ҳайвон одамни тишлаганда ёки тимдалаганда, сўлаги жароҳатланган тери юзасига ва шиллиқ қаватларга тушганида тез ривожланиб, уч босқичда кечади. Дастлаб беморда лоҳаслик, бош оғриғи, хийла иситмалаш, кайфият ўзгариши, овқатни ва ўзгаларни ёқтирмаслик ҳолатлари кузатилади. Иккинчи босқичда унинг нафас олиши қийинлашиб, ўзи жонсарак-беҳаловат бўлиб қолади. Салгина хуруж тутса, мускуллари тиришиб, сув ва шамолдан чўчий бошлайди. Сўлаги кўп оқади, иситмаси анча кўтарилади Тиришганда нафаси тўхтаб, жони узилиши мумкин. Сўнгги босқичда мускуллар фалажланиб, бемор тинчиб қолади. Ҳаракатсизлик авж олгач, юрак тўхтайди, нафас маркази фалажланиб, ўлим рўй беради.

Мутахассисларнинг уқтиришларича, инсон гирифтор бўладиган қутуриш касаллигининг асосий манбаи эгасиз ва дайди итлардир. Модомики, шундай экан, уларнинг кўпайишига асло изн бермаслик керак. Хонаки ит ва мушук боқувчилар эса уларни ветеринария хизмати идорасида ҳисобга қўйишлари, ҳар йили кўрикдан ўтказиб, қутуришга қарши эмлатишлари, парваришлашда 2011 йил 8 июлда тасдиқланган Аҳоли пунктларида итлар ва мушукларни сақлаш қоидаларига қатъий риоя қилишлари лозим. Бошқалар ўзини итлар талашидан асраши, аксинча ҳолатда тегишли тиббиёт муассасасига мурожаат этиб, тўлиқ эмлама олишлари шарт. Бу жабрланувчини бедаво дарддан халос этиб, фожеа олдини олишнинг бирдан-бир йўли саналади. Тажовузкор жониворни эса эгасининг уйида ёки ветеринария муассасасида 14 кун назорат остида сақлашга тўғри келади.

Албатта, мудҳиш қутуриш касаллигига қарши курашиш фақат айрим ташкилотларнинг эмас, балки кенг жамоатчиликнинг, қолаверса, ҳар бир фуқаронинг бурчидир. Инсон ҳаёти ва эл-юрт осойишталигига алоқадор бу хайрли юмушни сидқидилдан адо этиш учун одамларга касалликнинг урчиши сабаблари ва хунук оқибатларини тушунтириш, ҳайвонлар ҳужумидан жароҳатланганларга фурсатни бой бермай, ҳар бир туман марказий поликлинаси ва шошилинч тиббий ёрдам бўлимида ишлаб турган антирабик кўмак берувчи пунктга мурожаат қилиб, қутуришга қарши эмланиш мажбурийлигини эслатиш фойдадан холи бўлмайди.

Масалага шу нуқтаи назардан ёндашсак, хонаки ва ёввойи жонзотлар билан муомалада бўлиш қоидаларини болаларга боғча ва мактабдан бошлаб ўргатиш, жорий тартиб-интизомни бузганларга таъсир чоралари кўриш, дайди ҳайвонларни тутиш хизматлари масъулиятини ошириш, фуқаролар йиғинлари томонидан ит сақловчилар ҳақидаги маълумотларни ветеринария идораларига вақтида топшириш, маҳаллалар ва корхона-ташкилотларда қутуриш касаллиги профилактикасига бағишланган тадбирлар ўтказиш ва тарғибот ишларини кучайтириш ҳам муҳим аҳамият касб этади.

 

Бир кунлик иситма қирқ кунлик кучни олади...

Овқатдан заҳарланиш кўпинча айниган, бактериялар билан ифлосланиб, микроблардан зарарланган таомларни, хусусан, гўшт-сут маҳсулотларини, балиқ ва товуқ гўштини истеъмол қилиш ёки инсон организмига айрим микроблар ва уларнинг токсини таъсир этиши туфайли келиб чиқади. У одамларнинг оммавий тарзда, гуруҳ бўлиб ёки якка тартибда жабрланишида намоён бўлади. Яширин даври 2-3 соатдан 3 кунгача давом этади.

Заҳарланиш қўққисдан кўнгил айниши ва қусиш билан бошланади, ич кетиб, қоринда туташ оғриқ уйғонади. Организм қисқа фурсатда сувсизланиб, ҳолдан тояди. Юрак-томир тизими фаолияти бузилади. Бу жараёнлар клостридийлардан заҳарланганда жуда оғир кечади.

Заҳарланиш касалликлари орасида энг хавфлиси ботулизмдир. Унинг қўзғатувчилари табиатда кенг тарқалган бўлиб, ҳавосиз муҳитда, жумладан, полиз экинлари ва мева-сабзавотларни консервалаш жараёнида кўпаяди. Ошқозон шираси унга таъсир қилмайди, баравж микроблар ўзларидан илон заҳридан бир неча юз баравар кучли оғу чиқаради. Зеро,  ботулизмни грипп сингари эмлаб, дизентерия каби антибиотиклар қўллаб даволаб бўлмайди.

Ботулизмнинг ўлим билан тугаши эҳтимоли юқори. Бу унга қарши кескин чоралар кўришни тақозо этади. Шунга биноан, юртимизда масъул ташкилот-идоралар томонидан кўплаб рейд ва текширишлар ўтказиляпти. Жумладан, янги мавсумга тараддуд бошлангандан буён 5400 марта вилоят ва туман бозорларидаги, 3977 марта тўйхона, ошхона ва нонвойхоналардаги, 460 марта меҳмонхона ва ётоқхоналардаги, 1527 марта шифо масканларидаги, 5 минг марта таълим муассасаларидаги аҳвол атрофлича ўрганилди. Бундан ташқари, турли жойларда ботулизм хасталиги ва унинг олдини олиш мавзусида давра суҳбатлари уюштирилди. Уй шароитида тайёрланган сифатсиз консерва маҳсулотларини аниқлаш ва санитар ҳолатини мониторинг қилиш мақсадида Фавқулодда вазиятлар ва Соғлиқни сақлаш вазирликлари мутахассислари томонидан 25 мингдан ортиқ деҳқон хўжалиги, 500 дан зиёд бозор ва умумий овқатланиш шохобчалари текширилди.

Шубҳасиз, бу саъй-ҳаракатлар ижобий самара бериши, куз-қиш мавсумида содир бўлиши  эҳтимоли бор нохушликларнинг олди олиниши, фавқулодда ҳолатларнинг камайиши, аввало, ҳамюртларимизнинг газ ва иситиш ускуналаридан тўғри фойдаланишларига, уй ҳайвонларини тартиб-қоида бўйича парваришлашларига, қўлбола усулда тайёрланган озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилишда ҳушёр бўлишларига, сирасини айтганда, ўз ҳаётлари ва соғлиқларини ўзлари ҳар томонлама асрашларига боғлиқ.

Абдунаби ҲАЙДАРОВ.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"