Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3294
5218
5428

-210
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
111502
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 073 951
Главная "БИРЖА" Баҳолаш экспертизаси: уни ўтказиш зарурати ва тартиби

Rasul_180Мутахассисларнинг таъкидлашича, баҳолаш бозор иқтисодиётида турли вазиятларда эҳтиёж туғилиб турадиган фаолият ҳисобланади. Яъни нафақат хусусийлаштириш жараёнида, балки мулкни, банкрот бўлган корхонани сотишда, ишлаб турган акциядорлик жамияти акцияларининг қийматини аниқлашда, банк кредити учун гаров таъминоти сифатида, корхона устав фондини шакллантиришда баҳолашга зарурат пайдо бўлади.

 

Давлат рақобат қўмитасининг Баҳолаш, биржа ва риэлторлик фаолиятини лицензиялаш бошқармаси бош мутахассиси Расул Маҳмудов билан мана шу масалалаар юзасидан суҳбатлашдик.

— Баҳолаш жараёни ўзига хос мураккаб бўлиб, ушбу фаолиятнинг асосида қийматни аниқлаш ётади. Ҳар қандай баҳолаш объектининг қийматини баҳолаш муайян бозор шароитида маълум бир вақтда у томонидан келтириладиган потенциал, кутилаётган ва ҳақиқий даромадни ҳисобга олган ҳолда, унинг қийматини пул ифодасида аниқлашнинг тартибга солинган ва аниқ мақсадга йўналтирилган жараёнини ўзида намоён этади. Бундай жараён баҳолаш объектини ташкил этиш ёки харид қилиш харажатлари билан чекланмайди. У, албатта, бозор омилларининг йиғиндисини, жумладан, вақт омили, хатар омили, бозор конъюнктураси, рақобат даражаси ва модели, баҳолаш объектининг хусусиятларини, макро ва микроиқтисодий муҳитни ҳисобга олади. Вақт ва хатар объект қийматини баҳолашда асосий омиллардан ҳисобланади. Шу боис, баҳолаш фаолияти қонун-стандарт-услубий бошқарув тамойилига таянилган ҳолда олиб борилади.

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси резидентининг 2008 йил 24 апрелдаги “Баҳоловчи ташкилотлар фаолиятини янада такомиллаштириш ва кўрсатилаётган хизматлар сифати учун уларнинг масъулиятини ошириш тўғрисида”ги қарори ҳамда ушбу ҳужжатларга мувофиқ, ҳозиргача ишлаб чиқилиб амалиётга киритилган баҳолаш ишларини тартибга солувчи 15 та стандарт ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг 2008 йил 28 июлдаги “Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларнинг ҳаққонийлигини экспертизадан ўтказиш механизмини тасдиқлаш ҳақида”ги қарори ва бошқа меъёрий ҳужжатлар ушбу фаолиятнинг ҳуқуқий асослари ҳисобланади.

— Баҳолаш ҳисоботларининг экспертизасига оид қарорга мувофиқ, бу йўналишдаги комиссия таркиби янгилангани муносабати билан шу ҳақда батафсилроқ тўхталсангиз. Аввало, айтинг-чи, баҳолашни экспертизадан ўтказиш нима учун керак ва у қандай амалга ошади?

“Баҳолаш фаолияти тўғрисида”ги қонунга кўра, зарур бўлган ҳолларда, баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини текшириш учун мазкур ҳисобот бошқа баҳоловчи ташкилот томонидан шартнома асосида экспертизадан ўтказилиши мумкин. Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказиш натижалари эксперт хулосаси билан расмийлаштирилади. Экспертиза ўтказаётган баҳоловчи ташкилотнинг эксперт хулосасида баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги ҳақида холисона фикр бўлиши керак. Бунда мазкур ташкилот такрорий баҳолашни ўтказишга ва баҳолаш объектининг қиймати тўғрисида эксперт хулосасини чиқаришга ҳақли эмас. Баҳоловчи ташкилотни илгари ўзи бажарган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилигини экспертизадан ўтказишга жалб этишга йўл қўйилмайди. Буюртмачи баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ишончлилиги тўғрисида олинган эксперт хулосасига рози бўлмаган тақдирда низо судда кўриб чиқилиши керак.

Мазкур қонун ҳамда ҳукуматнинг юқорида номи тилга олинган қарори билан тасдиқланган низомга кўра, суд органлари томонидан юборилган баҳоланувчи  объектларни баҳолаш материалларида баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя қилиниши тўғрисидаги хулосаларни таҳлил қилиш ва тузиш бўйича тадбирларни амалга ошириш учун эксперт комиссияси тузилади. Баҳоловчи ташкилот штатида турувчи, экспертлар реестрига киритилган ва эксперт ҳисоботини тайёрлаш учун жалб этиладиган экспертлар комиссия аъзолари ҳисобланади.

Экспертиза комиссияси томонидан баҳоланувчи объектларни баҳолаш материаллари тушган санадан бошлаб 30 кун мобайнида ўтказилади. Эксперт (экспертлар) 15 кун муддатда баҳолаш бўйича тақдим этилган материалларни ўрганади ва бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботни кўриб чиқиш учун комиссияга тақдим этади. Комиссия ўз мажлисида эксперт (экспертлар)нинг бажарилган ишлар тўғрисидаги ҳисоботини кўриб чиқади. Зарурият бўлганда ушбу ҳисобот пухталаштириш учун экспертга (экспертларга) қайтарилиши мумкин. Комиссия хулосаси унинг мажлисида қатнашган барча аъзолар томонидан имзоланган баённома билан расмийлаштирилади. Унда қарор қабул қилинган сана, экспертизани ўтказиш учун асос, экспертиза предмети (экспертизага тақдим этилган материаллар рўйхати) акс эттирилади. Хулоса тасдиқлангач, комиссия томонидан уч кун муддатда суд органига жўнатилади.

— Экспертизани ўтказиш жараёнида нималар эътиборга олинади?

— Экспертизанинг мақсади баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботнинг ҳаққонийлигини текширишдан иборат. Шу боис, баҳоловчи эксперт тақдим этилган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботни тайёрлаш учун фойдаланилган маълумотларнинг, қўлланилган методлар ва баҳолаш усулларининг, таҳлил, фикрлар ва хулосаларнинг асосланганлигини, ҳисоб-китобларнинг аниқлигини, ҳисоботнинг баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига мувофиқлигини ўрганади.

Баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботдаги исботловчи аҳамиятга эга бўлган маълумотлар бир қатор мезонларга мувофиқ бўлиши керак. Булар, биринчидан, тегишлилик — баҳолаш объекти билан баҳолаш тартиб-қоидаси унинг воситасида амалга ошириладиган маълумотлар сифат ва миқдор тавсифларининг алоқадорлиги мавжудлиги. Иккинчидан, йўл қўйилиши мумкинлиги — маълумотлар ишончли тасдиқланадиган манбалардан олиниши лозимлиги. Учинчидан, ишончлилик — исботлар билан аниқланадиган маълумотлар буюртмачи ва экспертиза натижаларидан бошқа фойдаланувчилар уларни холисона ҳақиқатга мувофиқ деб баҳолаши мумкин бўлган тарзда, яъни ҳақиқатда юз берган тегишли ҳолатлар билан исбот қилиниши зарур. Тўртинчидан, етарлилик — маълумотлар қўшимча ахборот манбаларини жалб этмасдан ва баҳолаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар кўрмасдан улар ёрдамида олинадиган натижаларни тўлиқ ва холисона талқин қилиш имконини бериши. Айни шулар эътиборга олинган ҳолда экспертиза ўтказилади.

—    Баҳоловчи экспертларга қандай талаблар қўйилади?

— Экспертларни саралаб олиш мақсадида ўтказиладиган танловда қатнашиш истагини билдирган талабгорлар баҳоловчи лавозимида камида уч йил иш стажига эга бўлиши керак. Баҳолаш фаолияти тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун унинг малака сертификати тўхтатилган ёки бекор қилинган бўлиши мумкин эмас. Талабгор баҳоловчи ташкилот штатида туриши лозим. У баҳоловчи лавозимида ишлаган пайтида қатнашган ҳар хил турдаги мол-мулкни баҳолаш тўғрисида камида йигирмата ҳисоботга эга бўлмоғи даркор.

Танловда қатнашиш учун комиссия ишчи органига танловда иштирок этиш юзасидан буюртманома ( талабгор эксперт сифатида ишларни амалга ошириш учун тайёр бўлган республика ҳудудлари кўрсатилган), баҳоловчининг малака сертификати нусхаси, меҳнат дафтарчасининг нотариал тасдиқланган нусхаси, баҳоловчи лавозимида қатнашган баҳолаш тўғрисидаги ҳисоботларга оид маълумотлар каби ҳужжатларни тақдим этиши зарур. Талабгорлар барча ҳужжатларни танлов ўтказилиши ҳақидаги эълон чиққан санадан бошлаб ўттиз календарь кун мобайнида Давлат рақобат қўмитасининг ишчи органига топширади. Экспертликка номзод бўлган баҳоловчи талабгорларнинг тақдим этган ҳужжатлари кўриб чиқилади ва улар танлов асосида саралаб олинади ҳамда экспертлар реестрига киритилади.

— Яқинда баҳоловчи-экспертларнинг янги таркиби эълон қилинди. Танловда қанча номзод қатнашди, қанчаси экспертлар реестрига киритилди?

—Экспертларни танлаб олиш комиссия томонидан, талаб қилинадиган экспертлар сонидан келиб чиққан ҳолда ҳар йили камида бир марта амалга оширилади ҳамда қатнашчилар таркиби ва танлов таклифларини бериш шакли бўйича очиқ ҳисобланади. Бу галги танловда қатнашиш учун жами 43 нафар талабгор баҳоловчи номзодлар сифатида ҳужжат тақдим этди. Улардан 39 нафари танлаб олинди ва экспертлар реестрига киритилди. Бу ҳақдаги маълумот Давлат рақобат қўмитаси расмий сайтига жойлаштирилди.

Замира ТОЖИЕВА суҳбатлашди.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"