Ўзбекистон фуқароларини Россияда вақтинча меҳнат фаолиятини амалга оширишга ташкилий жалб этиш тўғрисидаги ҳукуматлараро битим ратификациясини жадаллаштириш мақсадида мамлакатимиз делегацияси шу давлатда бўлди.
Делегациямиз таркибида Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ҳамда Ташқи меҳнат миграцияси агентлиги вакиллари бор.
Санкт-Петербургдаги “Меҳнат ресурслари маркази” (МРМ) давлат автоном муассасаси директори А.Чистяков ва “Ватан” Умумроссия сиёсий партиясининг Ленинград вилоятидаги ҳудудий бўлинмаси раиси В.Шинкаренко билан учрашув чоғида делегациямиз аъзолари юртимизда ташқи меҳнат миграцияси соҳасини такомиллаштириш мақсадида қилинаётган ишларга тўхталиб ўтди. Шунингдек, учрашувда мазкур йўналишдаги лойиҳаларни амалга оширишда МРМ иштирокининг муҳимлиги эътироф этилди.
Жорий йилнинг апрелида МРМ делегациясининг Ўзбекистонга ташрифи чоғида Самарқандда меҳнат мигрантларини Россияга жўнатиш олдидан тайёрлаш бўйича ҳамкорликда марказ ташкил қилиш тўғрисидаги меморандум имзоланган эди. Бу марказда Россияда ишлашни истаётган юртдошларимиз ўқитилиши, тест синовлари топшириши, тиббий кўрикдан ўтказилиши ва тўлиқ ҳужжатлар тўплами билан Россияда ишлаш мақсадида рухсатнома (патент) олиш учун юборилиши режалаштирилган.
Делегациямиз билан учрашув чоғида МРМ раҳбари Санкт-Петербург иқтисодиётига меҳнат ресурслари оқимини янада кўпайтириш мўлжалланаётганини маълум қилди. Унинг таъкидлашича, ҳозирги пайтда Санкт-Петербург корхоналарида тахминан миллион киши меҳнат қилмоқда. Шаҳардаги меҳнатга лаёқатли аҳолининг 1,8 фоизини ишсизлар ташкил этади. Бугунги кунда ушбу ҳудуддаги корхоналарда мавжуд вакансияларнинг умумий сони 44 000 тадир.
2016 йилда Санкт-Петербургда вақтинчалик ишлаш учун 211 000 та патент расмийлаштирилган бўлса, улардан 143 500 таси Ўзбекистон фуқароларига тегишли. А.Чистяков иш берувчилар Ўзбекистон фуқароларининг Россиядаги қурилиш ва ишлаб чиқариш саноати корхоналаридаги меҳнат фаолияти юзасидан ижобий фикрлар билдираётганини айтиб ўтди.
Маълум бўлишича, ҳозирда Санкт-Петербургда иш берувчилар ва мигрантлар ўртасида меҳнат шартномаси тузилгандан кейин мигрантларни қабул қиладиган 18 та ётоқхона бор. Меҳнат мигрантлари ётоқхоналарга имтиёзли нархда жойлашиш имкониятига эга. Учрашув давомида Россия Федерацияси ҳудудига кириб келаётган Ўзбекистон фуқаролари билан боғлиқ муаммоли ҳолатлар, яъни дастлабки регистрация, суғурта полисининг мавжуд эмаслиги, ишга жойлашиш учун сохта ҳужжатлар тайёрланиши, ойлик маошларнинг тўланмаслиги ва шу каби бошқа масалалар ҳам муҳокама қилинди.
Россия томони Ўзбекистон Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги вакилларини 2018 йил 1-3 март кунлари Санкт-Петербургда ўтказиладиган 2-халқаро меҳнат форумига ва 7-Россия Федерацияси минтақалараро бандлик хизмати анжуманига таклиф этди.
Томонлар ташқи меҳнат миграцияси соҳасидаги ўзаро манфаатли ва самарали ҳамкорликни янада ривожлантириш, шунингдек, Самарқандда ҳамкорликда ташкил этиладиган марказнинг очилишини жадаллаштириш бўйича саъй-ҳаракатларни кучайтиришга келишиб олди.
Зилола ТЎРАБЕК қизи.