Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3674
5428
5743

-315
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
106663
187770
159783

+27987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 069 113
Главная "БИРЖА" Қонуний ҳуқуқ, мажбурият ва ҳимоя — устувор масала

tadbir_180_22017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид давлат дастурининг ижросини таъминлаш  Олий Мажлис Сенатининг ўн иккинчи ялпи мажлиси муҳокамаси марказида бўлди.

Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, мамлакатимизда ислоҳотлар самарадорлигини тубдан ошириш, халқаро ҳамкорликни, фуқаролар ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатлари кафолатларини мустаҳкамлаш, жамиятда барқарорлик ва фаровонликни таъминлашга қаратилган  8 та масала, шу жумладан, 2 та қонун кўриб чиқилиб, маъқулланди.

Сенаторлар томонидан маъқулланган масалаларнинг дастлабкиси Ўзбекистон Республикасининг “Ўзбекистон Республикаси билан Қирғизистон Республикаси ўртасида ўзбек-қирғиз давлат чегараси тўғрисидаги шартномани (Бишкек, 2017 йил 5 сентябрь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонуни бўлди. Мазкур қонун мамлакатимиз Президентининг жорий йил 5-6 сентябрь кунлари Қирғизистон Республикасига амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларнинг ўз вақтида ва тўлиқ бажарилишини таъминлаш юзасидан қабул қилинган амалий ҳаракатлар режасини (“Йўл харитаси”) рўёбга чиқаришга оидлиги билан ғоятда аҳамиятлидир. Шартнома билан 1170,53 км узунликдаги ўзбек-қирғиз давлат чегара чизиғининг тавсифи ва ўзбек-қирғиз давлат чегараси делимитациясига оид картографик, шунингдек, электрон (растрли) картографик ҳужжатларнинг тасдиқланиши  назарда тутилмоқда.  Шартномада, шунингдек, ўзбек-қирғиз демаркация қўшма комиссиясини тузиш ҳам белгиланган. Унга мувофиқ, комиссия томонидан давлат чегарасининг келишилган айрим участкаларида демаркация ишлари амалга оширилади.

“Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонуннинг мазмун-моҳияти ҳақида берилган маълумотда қайд этилганидек, унда 9 та кодекс ва 9 та қонунга киритилган  ўзгартиш ҳамда қўшимчалар акс эттирилган.   Хусусан, Жиноят-процессуал кодексда ўз ифодасини топган тузатишга кўра,  гумон қилинувчига, айбланувчига, судланувчига, маҳкумга тегишли бўлмаган ва жиноят қуроли ҳисобланган ашё мусодара қилинишига йўл қўйилмайди ва бундай ашё қонуний эгаларига қайтариб берилиши лозим. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам киритилган худди шундай ўзгартишларга мувофиқ, маъмурий ҳуқуқбузарликни содир этиш қуроли бўлган ашёни ёки маъмурий ҳуқуқбузарликнинг бевосита ашёсини, агар улар ҳуқуқбузарнинг шахсий мулки бўлмаса, мусодара қилиш мумкин эмас ( муомаладан чиқарилган ашёлар бундан мустасно, албатта). Бу каби нормалар  хусусий мулк кафолатларини таъминлаш ҳамда уни ҳимоя қилишни кучайтириш, жиноят иштирокчиси бўлмаган шахсларнинг жиноят содир этишда фойдаланилган мол-мулки мусодара қилинишининг олдини олишга хизмат қилади.

Президентимизнинг жорий йил 29 майдаги “Электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида тўлов интизомини янада мустаҳкамлаш, шунингдек, ижро иши юритиш тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва  30 майдаги “Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси фаолиятини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори мамлакатимизда ёқилғи-энергетика комплексини модернизация қилиш, технологик қайта жиҳозлаш, электр энергияси ва табиий газ етказиб бериш ҳамда истеъмол қилиш соҳасида шартнома мажбуриятларига сўзсиз риоя этишнинг таъсирчан механизмини яратишда муҳим қадам бўлди. Шундан келиб чиқиб, “Прокуратура тўғрисида”ги, “Банкротлик тўғрисида”ги, “Ипотека тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Тезкор-қидирув фаолияти тўғрисида”ги қонунларга, шунингдек,  Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги, Жиноят-процессуал, Меҳнат, Жиноят-ижроия, Фуқаролик процессуал, Хўжалик процессуал, Оила, Солиқ ва Бюджет кодексларига тегишли  ўзгартиш ҳамда қўшимчалар киритилмоқда. Масалан, “Прокуратура тўғрисида”ги қонун Бош прокуратура ҳузурида тузилган Мажбурий ижро бюроси ва унинг ҳудудий бўлинмалари мақомини белгилаб берувчи янги норма билан тўлдирилмоқда. Бундан ташқари, бир қатор ўзгартишлар суд ижрочиси ўрнига давлат ижрочиси лавозимининг киритилиши билан боғлиқдир.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 101-моддасида умумий фойдаланишдаги иссиқлик тармоқларидан ва иссиқлик энергиясини ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш маъмурий ишлар бўйича судьяларга тааллуқли бўлиши белгиланмоқда. Умумий фойдаланишдаги электр ва газ тармоқларидан, шунингдек, электр энергияси ва табиий газни ҳисобга олиш асбобларидан фойдаланишга оид маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни кўриб чиқиш ваколати эса Бош прокуратура ҳузуридаги Мажбурий ижро бюросига тааллуқли эканлиги қайд этилмоқда.

Қонун асосида “Табиий монополиялар тўғрисида”ги  қонуннинг 7-моддасига  табиий монополия субъектлари товарларига тааллуқли нархлар (тарифлар) лойиҳаларини нархларни тартибга солувчи орган томонидан кўриб чиқиш муддатини бир ҳафтадан бир ойга узайтиришни назарда тутувчи ўзгартиш киритилмоқда.

Ялпи мажлисда Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларига ва халқаро меҳнат стандартларига мувофиқ фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлашга доир чора-тадбирларни кучайтириш тўғрисидаги масала ҳам қизғин ва атрофлича муҳокамалардан сўнг маъқулланди. Сенат ташаббуси билан кун тартибидан ўрин олган ушбу масала, энг аввало, мамлакатимизда фуқаролар меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлашнинг ниҳоятда  долзарблигидан келиб чиққан. Бу борада алоҳида қайд этилганидек, мамлакатимизда  мустақиллик йилларида ҳар бир шахснинг меҳнат қилиш, эркин иш танлаш, адолатли меҳнат шароитларига эга бўлишдан иборат умумэътироф этилган ҳуқуқини амалда таъминлашнинг мустаҳкам ҳуқуқий базаси яратилган. Халқаро ҳужжатларда белгилаб қўйилган мазкур асосий ижтимоий ҳуқуқлар Конституциямиз ва  қонун ҳужжатларида ўз аксини топган. Уларда болалар меҳнатидан ва мажбурий меҳнатдан фойдаланишга аниқ тақиқлар қўйилган. Ушбу йўналишдаги ишларнинг самараси ўлароқ, ХМТ конвенцияларига риоя қилиш борасида жиддий камчиликлари бўлган давлатлар рўйхатида Ўзбекистон номи 2014 йилдан бери тилга олинмаяпти.  Масала муҳокамаси чоғида сўзга чиққанлар томонидан  фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада мустаҳкамлаш “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”даги катта ишларнинг муҳим йўналиши эканлиги, мажбурий меҳнат хавфига йўл қўймасликка доир барча чора-тадбирлар самарадорлигини ошириш, ушбу чора-тадбирларнинг яхлит ва тизимли бўлишига эришиш, давлат органлари билан жамоат ташкилотлари ўртасидаги ижтимоий шериклик имкониятларидан  имкон қадар унумлироқ фойдаланиш  зарурлиги таъкидланди. Эътироф этилганидек, мажбурий меҳнат хавфига, айниқса, қишлоқ хўжалигида йўл қўймаслик мақсадида бу тармоқни модернизациялаш ва  механизациялаш даражасини ошириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш  долзарб вазифа бўлиб турибди. Ушбу масала бўйича қабул қилинган қарорга кўра, Фуқароларнинг кафолатланган меҳнат ҳуқуқларини таъминлаш масалалари бўйича парламент комиссияси, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар халқ депутатлари кенгашларида тегишли ҳудудий комиссиялар  тузиладиган бўлди.        Ялпи мажлисда парламент юқори палатаси ваколатига кирувчи бошқа  яна бир қатор масалалар  ҳам  муҳокама қилиниб,  маъқулланди.

Замира ТОЖИЕВА.

Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"