Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
8889
8159
8782

-623
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
176974
288363
34664

+253699

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 9 704 396
Главная "БИРЖА" Хусусийлаштириш: битимлар ижроси асосий эътиборда

xususiylash_1_160Жорий йилнинг ноябрь ойи бошида Тошкентда бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум дунёнинг 33 давлати фирма ва компаниялари, фондлари ва банклари, Жаҳон банки, Халқаро молия корпорацияси, Осиё тараққиёт банки ва бошқа етакчи иқтисодий ҳамда молия институтлари вакиллари, олимлар, экспертлар учун самарали ва фойдали мулоқот майдони бўлиб хизмат қилди. Форум хорижий инвесторлар учун ўзаро манфаатли алоқаларни кенгайтириш билан бирга, изчил ривожланаётган ва истиқболли Ўзбекистон бозорида бизнес юритишнинг янги йўналишларини очиш имкониятини берди.

Энг муҳими, ушбу нуфузли тадбир якунида умумий қиймати 12,4 миллиард долларлик 100 дан ортиқ битим ва меморандум имзоланди.

Эндиликда мазкур форумда халқаро молия ташкилотлари, чет эл компаниялари, банклари билан эришилган келишув ва битимларнинг сўзсиз ҳамда ўз вақтида бажарилишини таъминлаш вазифасига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Президентимиз томонидан жорий йилнинг 16 ноябрида қабул қилинган “Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Халқаро инвестициявий форум доирасида эришилган шартномаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор айни шу мақсадга қаратилган.

Қарор билан инвестиция, молиявий ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида ҳамда акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улушларини сотиш бўйича тегишли чораларни ўз ичига олган тадбирлар режаси тасдиқланган.

Хусусан, инвестиция, молиявий ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасида имзоланган шартномаларга мувофиқ, жами 42 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Шундан 11 та лойиҳа “Ўзбекнефтгаз” МХК билан Даниянинг “Холдор Топсое”, АҚШнинг “УОП”, “Гиббс Инвестмент Холдингс”, “Поларис Групп Интернейшнл Корп”, Кореянинг “Джи-Эс Инжиниринг”, “Самсунг Инжиниринг”, “”КэйДи Навиен”, “Самсунг Бойлер”, “Хондай БиЭсэндСи”, Корея миллий нефть корпорацияси, Сингапурнинг “Индорама Индастриз”, Канаданинг “Куалитрол”, Буюк Британиянинг “Шлюмберже” компаниялари билан имзоланган битимлар устида иш олиб борилади. Бу борадаги лойиҳалар “Шўртангазкимё” ГКМ негизида синтетик суюлтирилган ёқилғи ишлаб чиқариш, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводини модернизация ва реконструкциялаш, иссиқлик қозонларини ва сиқилган газ учун композит баллонлар ишлаб чиқаришни ташкил этиш, шунингдек, Тошкент шаҳрида электротехник ускуналар тайёрлашни маҳаллийлаштириш лойиҳаси бўйича ўқув марказини, миллий холдинг компанияси корхоналарида энергия аудитини ўтказиш бўйича қўшма корхонани очиш мақсадига йўналтирилган.

“Ўзкимёсаноат” акциядорлик жамияти тизимида Швейцария, Испания, Италия, Дания, Япония, Финляндия, АҚШ каби давлатлар етакчи компаниялари билан ўзаро шартномавий шерикликда 7 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Бунда “Максам Чирчиқ” акциядорлик жамиятида аммиак ишлаб чиқариш цехи, Навоий вилоятида мураккаб минерал ўғитлар тайёрлаш бўйича завод қуриш, “Навоийазот” акциядорлик жамиятида азот кислотасини ишлаб чиқаришни ташкил этиш, “Аммофос Максам” акциядорлик жамиятида олтингугурт кислотасини ишлаб чиқариш, “Жиззахпластмасса” акциядорлик жамияти негизида тиббиёт аҳамиятига эга тўқимачилик маҳсулотини тайёрловчи қўшма корхонани очиш ишлари олиб борилади.

Мазкур йўналишдаги шартномаларга мувофиқ бажариладиган лойиҳалар қаторига Андижон, Фарғона, Наманган, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида электр энергияси ҳисоби ва назоратининг автоматлаштирилган тизимини жорий этиш, Наманган ва Сурхондарё вилоятларида тўқимачилик соҳасида корхона, пойабзаллар учун таглик ишлаб чиқарувчи маскан ҳамда цемент заводини барпо қилиш, “Ангрен” МИЗда санитар керамика ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш кабилар киради.

Банклараро ҳамкорлик бўйича тузилган тўртта ҳужжат асосида Германиянинг “Ландес банк Берлин”, “Ландес банк Баден-Вюртенбург”, Австриянинг “Райфайзенбанк” каби муассасаларнинг кредит линияларини очиш орқали кичик бизнес ва йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштириш учун маблағ ажратиш мўлжалланмоқда.

Қарор билан тасдиқланган тадбирлар режасининг иккинчи муҳим қисми бу акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги давлат ва хўжалик бошқаруви органлари улушларини сотиш юзасидан имзоланган шартномаларга мувофиқ жами 58 та лойиҳа талабларини бажариш назарда тутилган.

Жумладан, “Ўзбекнефтгаз” МХК тизимига кирувчи “Тўйтепа металл қурилмалари” акциядорлик жамиятининг 99,4 фоизлик давлат улуши Кореянинг “Хюндай Инжиниринг” компаниясига сотилиши белгиланган. Шунингдек, “Андижон тажриба-синов заводи”, “Бухоро таъмирлаш механика заводи”, “Бухоронефтгазавтонақл”, “Ўзпарқурилиш”, “Қашқадарёнефтгазсаноатқурилиш”, “Сарбоннефтгаз” акциядорлик жамиятлари устав капиталидаги 51 фоизлик давлат улушларини Корея ва Сингапур компанияларига сотиш режалаштирилган. Бундан ташқари, “Ўзнефтгазқурилишинвест” акциядорлик жамиятининг 49 фоизлик, “Ўзнефгазқудуқтаъмирлаш” АЖнинг 31,1 фоизлик, “Нефть ва газ қудуқларини синаш” АЖнинг 30,96 фоизлик, “Муборакнефтгазмонтаж” АЖнинг 28,3 фоизлик, “Бухорогазсаноатқурилиш” АЖнинг 12,7 фоизлик давлат улушлари салоҳиятли чел инвесторлари томонидан хусусийлаштирилиши кутилмоқда.

Озиқ-овқат саноати корхоналари уюшмаси билан Швейцария, АҚШ, Ҳиндистон, Германия, Корея, Буюк Британия компаниялари ўртасида имзоланган ҳамкорлик шартномаси асосида 15 та лойиҳа амалга оширилади. Андижон, Когон, Қарши, Каттақўрғон, Урганч, Янгийўл, Тошкент, Гулистон ёғ-мой ҳамда ёғ-экстракция заводларининг муайян миқдордаги давлат улушларини стратегик инвесторларга хусусийлаштириб бериш орқали бу масканларга ишлаб чиқаришнинг замонавий технологиялари ва бошқарувнинг илғор усулларини олиб кириш мақсади қўйилган.

Енгилсаноат тизимидаги банкрот бўлган корхоналар — “Бобур” ва “Бухоротекс” акциядорлик жамиятлари тўлиғича, “Сиркечи Таштекстиль” акциядорлик жамиятининг эса 25 фоизлик давлат улуши хорижий инвесторларга сотилиши назарда тутилган.

Шунингдек, “Ўзэлтехсаноат” АК таркибига кирувчи “Сино” АЖнинг 88,8 фоизлик давлат улушига АҚШнинг “Стратегик глобал эксперт Инк” компанияси, “Чирчиқтрансформатор заводи” АЖнинг 48,6 фоизлик давлат улушига Кореянинг “Визотек” компанияси, “Фотон” АЖнинг 32,2 фоизлик давлат улушига Германиянинг “Зоэнли индастрил солюшенс ГМБХ” компанияси қизиқиш билдирган.

Шу билан бирга, “Ўзкимёсаноат” АЖ таркибидаги 3 та, “Ўзқурилишматериаллари” АКдаги 3 та, Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигига қарашли 2 та, Қишлоқ ва сув хўжалиги вазирлигининг 2 та, “Ўзвиносаноат-холдинг” ХК тизимидаги 2 та акциядорлик жамиятларининг тегишли давлат улушларини сотиш ҳақида Корея, Япония, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Германия, Озарбайжон компаниялари билан тузилган шартномалар доирасида ҳам муайян ишлар олиб борилади.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мамлакатимиз Президентининг мазкур қарори билан тегишли вазирлик ва идоралар, акциядорлик компаниялари, ассоциациялар ва корхоналар зиммасига инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга доир бир қатор вазифалар юклатилган. Чунончи, 2016 йилнинг 1 январигача инвестиция, молиявий ва иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги лойиҳалар бўйича ўрнатилган тартибда техник топшириқларни тайёрлаш ва маъқуллаш, 1 апрелгача ушбу лойиҳаларнинг дастлабки техник иқтисодий асосларини ишлаб чиқиш шулар жумласидандир.

Тадбирлар режасига кўра, давлат улушлари сотилиши белгиланган акциядорлик жамиятларининг паспортлари, уларнинг акцияларини сотиш механизмлари ва бошқа маълумотларни инглиз тилида Давлат рақобат қўмитасига тақдим этилиши ва бу маълумотлар мазкур қўмита ҳамда “Тошкент” республика фонд биржаси расмий веб-сайтида жойлаштирилишини таъминлаш юзасидан чоралар кўрилмоқда.

Қарорда алоҳида қайд этилганидек, тадбирлар режасига кирган барча инвестицион лойиҳаларни тўлиқ ва ўз вақтида бажарилиши устидан тизимли мониторинг олиб бориш, тузилган битимлар ижросини тегишли чет давлатлар билан Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиялар йиғилишларида кўриб чиқиш масалаларига ҳам муҳим эътибор қаратилиши белгиланган.

Каримжон МАМАТОВ,

Давлат рақобат қўмитасининг Давлат активларини сотишдан олдин тайёрлаш ва сотилишини назорат қилиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари.

 

© Copyright 2008 - 2019    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"