Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1387
5176
6201

-1025
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129843
185137
156139

+28998

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 744 740

qonun_180Президентимизнинг  жорий йил 19 июндаги “Бизнеснинг қонуний манфаатлари давлат томонидан муҳофаза қилиниши ва тадбиркорлик фаолиятини янада ривожлантириш тизимини тубдан такомиллаштиришга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонида юртимизда ишбилармонлик муҳитини ҳар томонлама яхшилаш бўйича кенг қамровли вазифалар белгиланган бўлиб, уларнинг ижросига катта эътибор қаратилмоқда.

Чунончи, фармонда  хорижий инвесторлар, шунингдек, чет эллик ҳамкорлар билан ўзаро муносабатларда миллий компанияларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ишончли муҳофаза қилинишини таъминлаш мақсадида Савдо-саноат палатаси таркибида Халқаро арбитраж судини ташкил этиш бўйича комплекс чора-тадбирлар назарда тутилган. Бу жараёнда эса энг аввало ҳуқуқий асоснинг ўзига хос ўрни инобатга олиниб,  “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳаси тайёрланмоқда.

Палатада бўлиб ўтган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳи йиғилишида ушбу ҳужжатнинг концепцияси муҳокама қилинди.  Тадбирда таъкидлаб ўтилганидек, иқтисодиётнинг жадал глобаллашуви, хўжаликлараро, давлатлараро алоқалар ривожланаётган бугунги шароитда  миллий ҳамда халқаро даражада бозор муносабатларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган халқаро тижорат арбитражи  низоларни ҳал этишнинг муқобил, суддан ташқари шакли сифатида катта роль ўйнамоқда. “Халқаро тижорат арбитражи тўғрисида”ги қонун лойиҳасини шакллантиришда  мамлакатимизда изчил давом этаётган ислоҳотларнинг янги даври талаблари, халқаро тамойил ва стандартларга таянилмоқда,  жаҳон амалиёти ва ривожланган давлатлар тажрибаси чуқур ўрганилмоқда.

Мазкур қонун лойиҳасини қабул қилиш зарурати  Ўзбекистон Республикасида халқаро тижорат арбитраж судларининг фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартибини ҳуқуқий тартибга солиш, халқаро арбитраж суди фаолиятининг асосий принципларини, арбитраж қарорларини тан олиш ва ижро  механизмларини белгилаш, хорижий ҳамкорлар ва халқаро тижорат фаолиятининг бошқа иштирокчилари билан низоли ёки баҳсли масалаларни ҳал қилишнинг ҳаракатчан механизмларини яратиш,  низоларни кўришда хўжалик юритувчи субъектларнинг сарф-харажатларини қисқартириш сингари  қатор асослар билан изоҳланиши қайд этилди.

Шу каби жиҳатлар инобатга олинган ҳолда қонун лойиҳаси 59 моддадан иборат таркибда тузилди. Унда асосий тушунчалар, халқаро тижорат арбитраж судида кўриладиган низолар, арбитраж судлари фаолиятини ташкил этиш ва тугатиш тартиби ва уларнинг ҳисобини юритиш нормалари акс эттирилмоқда. Арбитраж судларининг турлари (доимий ва муваққат фаолият юритувчи) ва арбитраж иш юритувининг тамойиллари, ваколатли суднинг арбитраж судлари фаолиятига аралашиш чегараси акс эттирилмоқда.  Лойиҳада асосий эътибор арбитраж келишувига (юзага келган ва юзага келаётган низоларни арбитраж иш юритувига тақдим этиш ҳуқуқини берувчи асосий ҳужжат сифатида) қаратилган. Унинг мазмуни ва шакллари, келишувни имзолаш механизмлари  батафсил ёритилмоқда.

Шунингдек, арбитрга қўйиладиган талаблар, уларни сайлаш (тайинлаш), рад этиш ва уларнинг ваколатларини тугатиш тартибига оид нормаларга алоҳида ўрин ажратиляпти.  Масалан, лойиҳада 25 ёшдан кичик бўлмаган, низони холис ҳал қилишни таъминлашга қодир, бевосита ёки билвосита низони ҳал этишдан манфаатдор бўлмаган ва арбитраж келишуви томонларига нисбатан мустақил ҳисобланган шахс арбитр этиб сайланиши (тайинланиши) ҳақидаги таклиф илгари сурилмоқда.

Бир қатор моддалар арбитраж иш юритуви қоидаларини, арбитраж иш юритуви жойи ва уни ўтказиш тилини аниқлаш тартибига бағишланган.  Бу нормаларда таклиф этилаётганидек,  низолашувчи томонлар ўз хоҳишларига кўра арбитраж иш юритувининг тили ва жойини келишишлари,  акс ҳолда эса иш юритиш тили ва жойи арбитраж томонидан мустақил белгиланиши мумкин.

Лойиҳада даъво аризаси, шунингдек, унга жавоб бериш ва қарши даъво бериш тартиби ўз ифодасини топмоқда. Арбитраж суди қарорини бекор қилиш тарафлардан бири томонидан ваколатли судга бу ҳақда даъво аризаси киритиш орқали амалга ошириш тартиби, шунингдек, арбитраж қарорини бекор қилиш оқибатлари ёритилмоқда. Арбитраж суди қарорини ихтиёрий ва  мажбурий ижро қилиш, арбитраж суди қарори бўйича ижро варақаси бериш қоидалари баён қилинмоқда.  Бундан ташқари, қонун лойиҳасида арбитраж иш юритуви ва низоларни ҳал қилишнинг сир сақланиши, халқаро тижорат арбитражи тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарликни таъминлаш бўйича ҳам бир қатор нормалар келтирилган.

Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ишчи гуруҳининг  концептуал муҳокамага бағишланган йиғилиши  экспертлар, ҳуқуқшунослар ва тадбиркорларнинг фикр-мулоҳаза, таклиф-тавсияларни берган ҳолда фаол иштироки руҳида қизғин ўтди.

Замира ТОЖИЕВА.

“Biznes Daily”.

 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"