Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3983
5274
5032

+242
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
165559
203261
131181

+72080

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 031 925

inflation_300Банк-молия академиясида O`zLiDeP Сиёсий Кенгаши Ижроия қўмитаси билан ҳамкорликда “Ўзбекистонда инфляциявий таргетлаш тартибига ўтиш: назарий масалалар, амалий муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзуида илмий-амалий семинар бўлиб ўтди.

Тадбирда сўзга чиққанлар таъкидлаганидек, ҳар қандай давлатнинг барқарор иқтисодий ўсишини таъминлашда инфляция даражасининг паст ҳолатда ҳамда барқарор бўлиши муҳим аҳамиятга эга. Хорижий давлатларда инфляцияни тартибга солишнинг турли усулларини қўллаш бўйича кенг тажриба мавжуд. Кўп мамлакатлар инфляцияни жиловлаш ва пул-кредит сиёсатининг самарадорлигини ошириш мақсадида инфляциявий таргетлаш тартибига ўтишган. Маълумотларга кўра, ушбу тартиб дастлаб 1989 йилда Янги Зеландияда жорий қилинган. Ҳозирги кунга келиб дунёнинг 30 дан ортиқ мамлакати пул-кредит сиёсатининг мазкур тартибидан фойдаланмоқда. Ушбу усул ёрдамида марказий банклар қисқа муддатда инфляция ва инфляцион кутилмаларни муваффақиятли пасайтириш, асосий макроиқтисодий кўрсаткичларни яхшилаш ва жамиятнинг ўзига ишончини оширишга эришмоқда.

 

Экспертларнинг қайд этишича, таргетлаш инфляцияни маълум бир доирада ушлаб туриш ҳисобланиб, унинг бир неча усуллари, афзаллик жиҳатлари билан бирга салбий хусусиятлари ҳам бор. Таргетлаш тўғри ва оқилона қўллансагина ижобий натижа бериши мумкин. Бунинг учун, албатта, бу жараённи илмий нуқтаи назардан тадқиқ қилиш, хорижий тажрибани ҳар томонлама ва чуқур ўрганиш, илмий асосланган таклиф-тавсияларни ишлаб чиқиш, тегишли давлат идоралари билан илмий муассасалар ва марказлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш, таргетлашнинг қайси усулини қўллаш самара бериши мумкинлигини аниқлаш керак бўлади. Бу йўналишдаги турли назарий ғояларни таклиф-тавсияга айлантириб, уни амалиётга жорий қилишни муҳокамадан ўтказиш зарур саналади. Шу муносабат билан семинар давомида соҳа амалиётчилари ва олимлар томонидан бир қатор таҳлилий тақдимотлар намойиш этилди.

Уларда кўрсатиб ўтилишича, инфляциявий таргетлаш ўзига хос мураккаб жараён бўлиб, энг аввало, мажбурий захира талабларини қайта кўриб чиқиш, пул-кредит сиёсатининг фоиз механизмларини ривожлантириш, очиқ бозор операцияларини жорий қилиш, валюта курси сиёсатини такомиллаштириш, шаффофликни ошириш, таҳлил ва прогнозлаш салоҳиятини мустаҳкамлашни талаб этади. Инфляциявий таргетлаш тартибида муайян мамлакат Марказий банки томонидан инфляциянинг ўрта муддатли мақсадли даражаси эълон қилинади ва монетар воситалар ушбу инфляциянинг мақсадли кўрсаткичига эришишга йўналтирилади. Марказий банк мазкур мақсадли кўрсаткичларга эришиш бўйича мажбуриятларни аниқ белгилаши ва уларни бажариши муҳимдир. Бунинг учун Марказий банк юқори даражада мустақил бўлиши ҳамда у монетар сиёсатнинг барча воситаларидан кенг фойдаланиши зарурдир.

Берилган маълумотларга кўра, мамлакатимиз пул-кредит сиёсатига оид ислоҳот доирасида бугунги кунда янги вазифаларни амалга ошириш, замонавий механизмларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунончи, ҳозирда долзарб масалалардан бири ўрта муддатли истиқболда инфляцион таргетлаш тизимига ўтиш ҳисобланади. Президентимизнинг пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштиришга оид қарори билан тасдиқланган комплекс чора-тадбирларда инфляциявий таргетлаш тартибига босқичма-босқич ўтиш назарда тутилган. Бунда макроиқтисодий таҳлил ва
прогнозлашни илғор хорижий таж­рибага мувофиқ такомиллаштириш, юритилаётган пул-кредит сиёсатининг, жумладан, амалга оширилаётган сиёсатда қўлланилаётган воситалар ва якуний мақсадлар тўғрисида ахборот етказиб бериш йўли билан шаффофлик ва олдиндан башорат қилиш имкониятини ошириш масаласи алоҳида кўрсатиб ўтилган.

Сўзга чиққан олимлар пул-кредит сиёсатида инфляция­вий таргетлаш тартибининг иқтисодий ўсишни таъминлашдаги роли, ушбу тартибга ўтишдаги асосий вазифалар, муаммолар ва уларнинг ечимлари, инфляцион таргетлашни муваффақиятли қўллаш шарт-шароитлари, шунингдек, инфляциявий таргетлаш тартибига ўтиш бўйича илғор хориж тажрибаси ва улардан Ўзбекистонда фойдаланиш масалаларига тўхталиб ўтдилар.

Эътироф этилишича, инфляцияни таргетлаш пул-кредит сиёсати тартибларидан бири бўлиб, бунда инфляция­нинг ўрта муддатли кўрсаткичи мўлжал қилиб олиниб, унга эришиш назарда тутилган. Фоиз сиёсати ва Марказий банк операциялари ушбу усулнинг асосий воситаси саналади.

Тақдимотларнинг бирида қайд этилганидек, инфляцион таргетлашнинг ўзига хос шартлари мавжуд бўлиб, бу жараёнда мамлакат бюджет-солиқ сиёсатининг талаблари монетар сиёсатни ишлаб чиқишда устувор йўналиш сифатида инобатга олинмаслиги, иш ҳақининг ўсиши, аҳоли бандлиги даражаси ва алмашув курси бўйича мақсадли кўрсаткичлар белгиланмаслиги лозим. Таҳлилларга кўра, Янги Зеландия, Канада, Буюк Британия, Финляндия, Швеция, Австралия ва Испанияда инфляцион таргетлашни қўллаш муваффақиятли кечган ва бу жараён турлича жорий этилган. Яъни инфляциянинг мақсадли кўрсаткичини ишлаб чиқиш ёки белгилаш ва эълон қилиш, мақсадли кўрсаткичга эришишнинг (даврлари) муддатлари, бундай кўрсаткичнинг муайян даражасини олиш тартиби ва шакллари бир-биридан фарқ қилган.

Маърузалардан бири инфляцион таргетлашни муваффақиятли амалга оширишнинг илмий-услубий ёндашувига бағишланди. Бу йўналишда хорижий тажрибани ўрганган олимларнинг таъкидлашича, табиий монополия маҳсулотлари ва хизматлари баҳосидаги ўсиш суръатларининг юқорилиги, Марказий банкнинг пуллар таклифини тартибга солиш имконияти чекланганлиги, тижорат банклари кредитларидаги фоиз ставкаларининг баландлиги, иқтисодиётда тўлов қобилиятининг пастлиги каби ҳолатлар инфляцион таргетлашни қўллашда муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Шундан келиб чиқиб, республикамизда, аввало, табиий монополия ҳисобланган компанияларнинг таннархини калькуляция қилиш, уларнинг маҳсулот ва хизматлари баҳоси ўсишининг илмий жиҳатдан асос­ланган йиллик прогноз кўрсаткичларини ишлаб чиқиш лозим. Шунингдек, миллий ссуда капитали бозорини шакл­лантириш йўли билан пул массаси ўсиш суръатининг барқарорлигини, тижорат банкларининг сўмдаги депозит ва кредитлари фоиз ставкаларини ссуда капитали бозорида шакллантиришни таъминлаш керак. Бундан ташқари, банкларнинг экспансия­сини рағбатлантириш, ҳисоб-китоб чекларини муомалага киритиш, тижорат векселлари муомаласини жорий қилиш мақсадга мувофиқдир.

Банк-молия академияси ўқитувчи-таҳлилчиларининг ўз ўрганишларига таяниб маълумот беришларича, хорижий тажрибага кўра, инфляциявий таргетлаш тартибига босқичма-босқич ўтиш керак. Бу босқичларда молия бозорини, айниқса, қимматли қоғозлар бозорини ривожлантириш, Марказий банкнинг сертификат, вексел, облигация каби қимматли қоғозлардан кенг фойдаланиши ҳамда репо операцияларида иштирокини фаоллаштириши муҳим ўрин тутади.

Тадбирда кун тартибидаги масала қизғин савол-жавоб тарзида атрофлича муҳокама қилинди. Билдирилган барча фикр-мулоҳазалар умумлаштирилган ҳолда аниқ таклифлар ишлаб чиқилиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, Марказий банк, тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этилиши қарорига келинди.

Замира ТОЖИЕВА.

“Biznes Daily”. 

 
TOP-статьи


© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"