Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
5832
7474
7510

-36
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
114464
156139
163253

-7114

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 544 224

investitsiya_180Мамлакатимизда фонд бозори орқали  иқтисодиёт тармоқлари ўртасида сармоянинг эркин оқимини таъминлаш, инвесторлар ва аҳолига капитал бозорига кириш, жамғармаларини шакллантириш ҳамда кўпайтириш учун муқобил шароит яратиш, бу борадаги имкониятларни янада кенгайтириш  муҳим вазифалардан бири ҳисобланади.

Бунда  2015 йил 26 августдан бошлаб ҳаётга татбиқ этилаётган “Инвестиция ва пай фондлари тўғрисида”ги қонун  муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилмоқда. Шуни таъкидлаш керакки,  ушбу қонунда белгиланганидек, унинг “Пай фонди” деб номланган 3-боби қоидалари   жорий  йилнинг  1 июлидан эътиборан амалга киритилади. Мазкур қоидаларни жорий этишда эса  аниқ механизмлар ва йўл-йўриқларнинг ўзига хос ўрни бор.

Давлат рақобат қўмитаси ҳузуридаги Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасидаги инновацион-корпоратив ҳамкорлик доирасида ўтказилган давра суҳбати мамлакатимизда инвестиция ва пай фондлари фаолиятини ташкил этишнинг тарихи ва ўзига хос хусусиятлари ҳамда мавжуд муаммоларни муҳокама қилиш, таклиф-тавсияларни ишлаб чиқишга бағишланди.

Тақдим этилган маърузаларда дастлаб инвестиция ва пай фондларининг мазмун-моҳияти,  хорижий тажрибадан келиб чиқиб,  уларнинг аҳамиятига тўхталиб ўтилди. Таъкидланганидек, мазкур қонунни ҳаётга татбиқ этишдан мақсад, инвестиция фондларини жадаллаштириш ҳамда ишончли бошқарувчи компаниялар ҳузуридаги жамоавий инвестиция институтининг янги шакли – пай фондларини яратишга қаратилган бўлиб, бу тизим қатор афзалликларга эга.  Хусусан,  пай фондлари инвестиция фондлари каби хусусий инвесторларнинг бўш турган маблағларини тўплаш ва уларни самарали бошқариш механизмини яратиш, яъни хусусий инвесторлар маблағларини турли хил йўналишларга инвестиция қилиш орқали рискларни диверсификация қилиш ҳамда мазкур операцияларни амалга ошириш ва қимматли қоғозларни сақлаш билан боғлиқ харажатларни тежаш каби  функцияларни бажаради.

Ривожланган хорижий мамлакатлар амалиётидан: АҚШда соф активлари қиймати 15,1 трлн. АҚШ долларига яқин бўлган 8000 дан ортиқ, Францияда соф активлари 1,5 трлн. АҚШ долларига яқин 7000 мингдан кўп, Буюк Британияда соф активлари 1,2 трлн. АҚШ долларига яқин 1900 дан зиёд, Японияда соф активлари 774, 1 млрд. АҚШ долларига яқин 5000 дан ортиқ, Кореяда соф активлари 285 млрд. АҚШ долларига яқин 10000 дан кўп ва Россия Федерациясида соф активлари 15 млрд. АҚШ долларига яқин 1400 дан зиёд пай фондлари фаолият кўрсатмоқда.

Қонунга мувофиқ, пай фонди юридик шахс ҳисобланмайди, унинг мол-мулкини бошқариш бошқарувчи компания томонидан бажарилади. Пай фонди тегишли инвестор (пай эгаси)нинг  пул маблағлари ҳисобидан шаклланади. Бундай фонднинг  мақсади — унга бирлаштирилган активлар ҳисобидан фойда олиш ва уларни пай сонига мутаносиб равишда инвесторлар (пай эгалари) ўртасида тақсимлашдан иборат. Инвестиция пайи ўз эгаларининг пай фондидаги улушини тасдиқловчи ҳужжатсиз қимматли қоғоздир. Қимматли қоғозлар марказий депозитарийси инвестиция пайларига бўлган ҳуқуқларни ҳисобга олиш учун уларнинг эгаларига депо ҳисобварақларини очади.

Алоҳида қайд этилганидек, пай фондлари  активларини бошқарувчи  профессионал бозор иштирокчилари давлат томонидан қатъий назорат қилинади. Фондга тегишли  пул маблағлари ва акциялар  бошқарувчи компаниялар активидан ажратилган бўлиб,  улар алоҳида ҳисобда юритилади.

Яна бир муҳим жиҳат ҳақида гапириб ўтилганидек, амалдаги қонунга мувофиқ, аҳоли пул маблағлари ва бошқа активларининг ишончли бошқарувга, яъни  профессионал менежерларга берилиши  шартнома асосида  амалга оширилади. Улар махсус лицензияга эга бўлган инвестиция активларининг ишончли бошқарувчилари юридик шахслар бўлиб, у ўзи бошқарадиган инвестиция активлари ўртача йиллик қийматининг камида 5 фоизи миқдорида ўз капиталига (устав капиталига қўйилган номоддий активларни чегириб ташлаган ҳолда) эга бўлиши керак. Инвестиция фондини  ёки пай фондини бошқарувга қабул қилган ишончли бошқарувчи шартномада назарда тутилган доирада бу фондларга  нисбатан мулкдорнинг ҳуқуқларини амалга оширади. Ишончли бошқарувчининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари қонунчиликда, инвестиция фондининг уставида, ишончли бошқариш шартномасида ҳамда инвестиция фондининг ижроия органи тўғрисидаги низомда белгиланади. Ишончли бошқарувчи ўз бошқарувида бўлган инвестиция фондларининг акциялари ва пай фондларининг инвестиция пайларини олишга ҳақли эмас. Инвестиция ва пай фондлари тўғрисидаги қонун ҳужжатлари бузилган тақдирда, ишончли бошқарувчи инвестиция фонди акцияларининг ва пай фонди инвестиция пайларининг эгалари олдида етказилган ҳақиқий зарар миқдорида жавобгар бўлади. Хизматлар кўрсатганлик учун ишончли бошқарувчига инвестиция ёки пай фондининг маблағлари ҳисобидан ишончли бошқариш шартномасига мувофиқ ҳақ тўланади.

Тадбир иштирокчилари эътиборига ҳавола этилган яна бир ўзига хос маълумот ҳақида. Ишончли бошқариш шартномасида унинг ажралмас қисми бўлган ва инвестиция активларининг таркибига нисбатан талаблар қўядиган инвестиция декларацияси бўлиши керак. Мазкур декларацияда инвестиция  ёки пай фондини ташкил этиш, ушбу фаолиятни амалга ошириш мақсади, фондларнинг пул маблағлари ва бошқа маблағлари,  инвестиция активларининг рўйхати илова қилиниши зарур.

Пай фондини ишончли бошқариш шартномасининг амал қилиш муддати беш йилдан ошмаслиги керак. Шартноманинг амал қилиш муддати инвестиция пайлари эгалари умумий йиғилишининг қарори билан бир йилга узайтирилиши мумкин.

Тадбирда  ички захира ва имкониятлардан самарали фойдаланишнинг муҳим омили бўлган  инвестиция ва пай фондларининг ўрни билан боғлиқ бошқа маълумотлар ҳам келтирилди. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида белгиланганидек, молиявий хизматлар ҳажмини уларнинг янги турларини жорий қилиш ва сифатини ошириш ҳисобига кенгайтириш, шунингдек капитални жалб қилиш, корхона, молиявий институтлар ва аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришнинг  муқобил манбаи бўлган  фонд бозорини ривожлантириш давр талаби эканлигига алоҳида урғу берилди. Шу муносабат билан бир қатор таклифлар ўртага ташланди. Хусусан, опцион ва фьючерс шартномаларини жорий қилиш, кенг жамоатчилик онгини қимматли қоғозлар  операциялари орқали жамият равнақига хизмат қилиш мумкинлигидан иборат ғоялар   билан бойитиш,  фонд бозорини ривожлантириш,  унинг халқаро интеграциялашувига асос бўладиган лойиҳаларни ишлаб чиқишга етук мутахасисслари, олимлар, тадқиқотчилар, иқтидорли талаба ёшларнинг  фаол иштироки зарурлиги каби таклифлар билдирилди. Шу маънода Қимматли қоғозлар бозорини мувофиқлаштириш ва ривожлантириш маркази билан Тошкент давлат иқтисодиёт университети ўртасида инновацион-корпоратив ҳамкорлик доирасида тузилган  инновацион гуруҳ аъзолари томонидан аҳолининг эркин ресурсларини жойлаштиришдаги муқобил манба —  фонд бозорини ривожлантириш имкониятлари ўрганилаётгани маълум қилинди.

Давра суҳбати давомида университет ўқитувчи ва талабларини қизиқтирган бир қатор саволларга марказ мутахассислари томонидан атрофлича жавоблар ва тушунтиришлар берилди. Айниқса, фонд бозорида акциялар олди-сотди жараёни онлайн тизимининг ўзига хосликлари ҳақида гапирилиб, иштирокчилар акциялар савдосида фаол қатнашиб, акциядор бўлиш имкониятидан унумли ва ўз вақтида фойдаланишга чақириб қолинди.

 Замира ТОЖИЕВА.

“Biznes Daily”.


 

© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"