Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4270
5206
5371

-165
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
126655
121104
111250

+9854

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 092 156

 

fond_bozori_3000Жаҳон молия бозорининг энг муҳим сегментларидан бири фонд бозори ҳисобланади. У бозор иқтисодиётининг ажралмас қисмидир. Ривожланган мамлакатларда фонд бозорининг иқтисодиётда қанчалик муҳим ўрин тутиши бунинг яққол исботи бўла олади. Фонд бозори қимматбаҳо қоғозлар – акциялар ва облигацияларни харид қилиш ва сотиш мумкин бўлган майдондир.

Глобал молиявий тизимда ўз ўрнига эга бўлган фонд бозори нафақат муайян давлатнинг ички ва сиёсий тузумига, балки жаҳон молия бозори ҳолатига ҳам ниҳоятда таъсирчандир. Бозор иқтисодиёти шароитида иқтисодиётнинг ўз-ўзини тартибга солишига ёрдам берувчи фонд бозорининг барқарор фаолияти бениҳоя катта аҳамиятга эга.

Фонд бозори тарихи

Фонд бозори тарихи бир неча асрларга бориб тақалади. Одатда унинг пайдо бўлиши XV-XVI асрларда давлат қимматбаҳо қоғозлари бозорининг юзага келишига боғланади. Бу даврда айрим давлатлар ўз эҳтиёжи зарур бўлган маблағ етишмовчилигини қоплаш мақсадида қимматбаҳо қоғозлар чиқариб, уларни мамлакат ичида ва ташқарисида жойлаштира бошлади. Масалан, 1556 йилда Анверпен (Нидерлания)да ана шундай мақсадга хизмат қиладиган биржа вужудга келганди.

Узоқ йиллар давомида Нидерландия ва Бельгия фонд биржалари маркази бўлиб келди. XVII аср охири – XVIII аср бошларида Англияда кўплаб акциядорлик компаниялари ташкил этилиб, уларнинг акциялари биржаларга чиқарила бошланди. Бу эса 1773 йилда Лондон фонд биржаси ташкил этилишига олиб келди.

Қимматбаҳо қоғозлар бозори ривожлана борган сари Европанинг бошқа давлатлари – Франция, Германия, Австрия-Венгрияда ҳам фонд биржалари фаолияти кучайди. XIX аср бошларига келиб Лондон ва Франкфурт фонд биржалари Европанинг асосий фонд бозорларига айланди.

АҚШдаги биринчи фонд биржаси эса 1791 йилда Филадельфияда ташкил этилганди. Орадан бир йил ўтгандан сўнг бугун дунёда энг йирик ҳисобланадиган Нью-Йорк фонд биржаси вужудга келди.

Қимматбаҳо қоғозларнинг биржа савдолари ривожида аксарият тараққий этган давлатлар учун хос бўлган бир анъанани кузатиш мумкин. Дастлаб биржалар, асосан, ҳукуматлар, муниципалитетлар, темир йўл компаниялари томонидан чиқарилган облигациялар савдоси билан шуғулланган. Акциядорлик компаниялари акциялари улуши эса жуда кам бўлган. Аммо XIX аср охирига келиб, акциядорлик мулк шакли ривожланиши ортидан акциялар биржалардаги қимматбаҳо қоғозларнинг асосий турига айланди.

Фонд бозори ва фонд биржаси

Фонд биржаси фонд бозорининг энг асосий бўғини ҳисобланади. Чунки айнан шу ерда қимматбаҳо қоғозлар савдоси амалга оширилади.

Жаҳон иқтисодиётида фонд бозори ва фонд биржалари муҳим ўрин тутади. Агар биржада муайян акция бўйича амалга оширилаётган савдодан хабардорлик даражангиз қанчалик юқори бўлса, бундан шунча катта манфаат олишингиз мумкин. Шунинг учун ҳозир фонд бозори ва фонд биржаси ёшлар ўртасида тобора оммавийлашмоқда. Биржа савдоларида иштирок этиш истагида бўлганлар сони йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Чунки бу хусусий бизнесни бошлаш учун ҳам, капитални қисқа ёки узоқ муддатга жойлаштириш учун ҳам жуда манфаатли йўналишдир.

Ҳозир дунёнинг барча нуқталарида замонавий биржалар фаолият кўрсатади. Жаҳон иқтисодиётининг доимий тараққий этиб бориши натижасида янгидан-янги биржалар вужудга келаётган бўлса-да, барибир фонд бозорининг “оқсоқоллари” ҳамон улар орасида етакчиликни қўлдан бой бермай келяпти.

Бугунги кунда қуйидагилар дунё фонд бозорида энг йириклари ҳисобланади:

  1. 1. Нью-Йорк фонд биржаси (NYSE);
  2. 2. NASDAQ;
  3. 3. Америка фонд биржаси (AMEX);
  4. 4. Лондон фонд биржаси;
  5. 5. Токио фонд биржаси;
  6. 6. Гонконг фонд биржаси;
  7. 7. Шанхай фонд биржаси. (Рамка ичида берса бўлади)

Ҳозир фонд биржалари IТ технологиялар асосида ўта жадал ривожланиш босқичига кирган. Бунга электрон савдо платформалари вужудга келгани сабаб бўлмоқда. Бу эса савдоларни суткасида 24 соат давомида амалга ошириш имкониятини беряпти. Энди савдо иштирокчилари ўзининг севимли иши билан уйида, кўчада, ўзи учун қулай вақтда шуғулланиши мумкин.

Фонд бозори таркиби ва унинг иштирокчилари

Фонд бозори иши механизми иқтисодиётнинг азалий қоидаси – “талаб таклифни юзага келтиради” тамойилига асосланган. Фонд бозори таркиби ва ташкил этилишини тушуниш учун уни кенг миқёсда тасаввур этиш керак. Зеро, у кредитлар, облигациялар ва акциялар бозорининг бир қисмидир.

Қимматбаҳо қоғозларга эгалик ҳуқуқига эришиб, ҳар қандай юридик ёки жисмоний шахс қимматбаҳо қоғозлар бозори иштирокчисига айланиши мумкин. Сармоядорлар ўртасида воситачиликни амалга оширадиган фонд биржаси иштирокчилари эса биржалар, брокер ва дилерлардир. Бошқа иштирокчилар сирасига инвестиция фондлари ва хусусий инвесторлар, шунингдек, активларни бошқаришга масъул шахслар киради.

Фонд бозорининг ҳолати ундаги иштирокчиларнинг фаоллиги ва молиявий аҳволига боғлиқ. Бу жиҳатдан АҚШнинг олдига тушадигани йўқ. Чунки АҚШ иқтисодининг кучи ва рақобатбардошлиги мазкур мамлакат дунёда энг ривожланган фонд бозорига эгалигига асосланади. Шунинг учун Нью-Йорк фонд биржасининг дунёда етакчи эканида мантиқ бор.

Фонд бозори тақдим этадиган имкониятлар

Фонд бозори унинг иштирокчиларига турли молиявий имкониятлар эшигини очади. Бу имкониятлардан фойдаланиб, улар ўз молиявий аҳволини яхшилаб бориши, бизнес юритиши, бу бизнеснинг ривожи учун маблағларга эга бўлиши мумкин.

Қуйида фонд бозори тақдим этадиган асосий имкониятларга тўхталиб ўтамиз.

Биринчиси – акциялар ёрдамида бизнес юритиш имконияти. Кўпчилик ишлайди ва маош олади. Улар бу маблағни товар ва хизматлар учун сарфлайди. Ривожланган давлатларда кишилар ўзи ишлаётган компаниянинг товар ва хизматлари билан бир қаторда унинг акцияларини ҳам харид қилади. Бу эса уларнинг турмуш даражасини кўтариш баробарида жамиятни ҳам бойитиб боради. Зеро, ҳаёт даражаси фақат пулнинг номинал миқдорига эмас, инсонлар бир-бири учун қанчалик яхши ишлаётганига ҳам боғлиқ.

Фонд бозори тақдим этадиган иккинчи имконият – бизнеснинг ривожи учун маблағ жалб этишдир. Компаниялар облигациялар ва акциялар чиқаради. Жалб этилган маблағларга улар янги ишлаб чиқаришларни йўлга қўzди, янги маҳсулотлар тайёрлай бошлайди. Янги технологияларнинг жорий этилиши, меҳнат самарадорлиги ошиши ва ишлаб чиқариш кўламининг кенгайиши товар ва хизматлар нархи ҳаммабоп бўлишига олиб келади. Бунга қўшимча равишда компаниялар янги иш ўринлари яратади ва ишга яхши мутахассисларни жалб этади. Буларнинг барчаси жамиятни янада бой қилади – кишилар бир-бирининг фаровонлиги учун ишлайди.

Фонд бозори энг яхши компанияларни танлаш имкониятини яратади. Чунки у рақобатнинг бир кўриниши ва компанияларнинг сарагини саракка, пучагини пучакка табиий равишда ажратадиган механизмдир. Маҳсулот сифатини ошира бориш ва нархларни тушириш орқали корхоналар товар бозорида рақобат қилади. Зўр мутахассисларни жалб қилиш воситасида компаниялар меҳнат бозорида рақобатлашади.

Рақобатга бардошли, маҳсулоти сифатли ва арзон, самарали ва кенг кўламли бизнесга эга компанияларнинг фонд бозорида ошиғи олчи бўлади. Бу ерда акцияларнинг кундалик савдолари бизнесни харид қилиш ва сотиш учун қулайлик ва технологик имкониятларни таъминлаб беради. Бундан ташқари, акциялар қиймати компания менежменти қанчалик самарали ишлаётганини, умуман, компания муваффақиятини акс эттирадиган табиий кўрсаткич вазифасини ўтайди.

Хулоса қилиб айтганда, фонд бозори одамларга ўз турмуш тарзини яхшилаш, ўзининг ҳозирги меҳнатини бошқа кишиларнинг келажакдаги меҳнати самарасига айирбошлаш орқали қариганда молиявий ҳимояга эга бўлиш имкониятини тақдим этувчи механизмдир. У шундай механизмки, бизнесга рақобатбардошликни таъминлаш ва ривожланиш учун маблағ жалб этишга имкон беради. Тараққий этган фонд бозори иқтисодиётни кучлироқ, жамиятни фаровонроқ ва бадавлатроқ қилади.

 

Анвар КАРИМОВ тайёрлади. 

 
TOP-статьи

Вход на сайт




© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"