Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4888
5611
5215

+396
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
116696
121104
111250

+9854

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 4 082 197

tadbirkorlik_5_160Касби туманига борадиган катта йўл ёнида мўъжазгина боғ барпо қилинибди. Бир текис кўкка бўй чўзаётган олма, олхўри ва ўрик дарахтининг ниҳоллари киши кўзини қувнатади. Яқинда шу боғ ёнида автомобилда ўтаётган эдик. Ҳамроҳларимдан бири “Шу боғни кўрсам, кўнглим яйрайди, боғбони ким экан?” деб сўраб қолди. Ҳайдовчининг юзи ёришиб кетди. У “Боғбонини яхши танийман, ёшгина йигитча. Ўтган йили коллежни битирганди. Касби тумани ҳокими унга шу ерни ажратиб берган. Ана шу яшнаб турган боғ соҳиби – Исломбек Тоғаев бўлади” деди.

Бир гал Исломбекни шу боғда ишлаётганида учратиб қолдим. Ҳар бир дарахт остини авайлаб юмшатар, танасини оқлар ва шохларини бутаб қўярди. Унинг боғбонликка иштиёқи юқорилиги хатти-ҳаракатида, берилиб ишлаётганида яққол акс этиб турарди.

– Сенда боғ яратиш, элу юрт тўкинчилигига ҳисса қўшишга иштиёқ қачон уйғонган, – дея сўрайман ундан.

– Отам машҳур фермер, пахта, ғалла, чорва ва мева етиштириб, элнинг дуосини олаяптилар, – дейди у. – Коллежда ўқиб юрган пайтларимда отамдек элга нафи тегадиган инсон бўлишга қатъий аҳд қилганман. Коллежни битираётганимизда туман ҳокими биз ёшлар билан учрашув ўтказди. Ўшанда боғ яратмоқчи эканимни айтдим. Ҳоким фикрларимни ёзиб олганди. Қаранг, ёдидан чиқмаган экан, мени чақириб, 1 гектар ер ажратиб берди. Шу боғда 2 кишини иш билан банд этдим. Олма, ўрик ва олхўри дарахт кўчатларининг икки йилда ҳосилга кирадиган навини топиб экканман. Дарахтлар остини ҳам бўш қолдирмаймиз. Турли кўкатлар, пиёз, помидор, саримсоқпиёз экаяпмиз. Ички бозор тўкинчилигини таъминлашга ҳаракат қилаяпмиз.

Коллеж филиали директорининг ишлаб чиқариш таълими бўйича ўринбосари Сирожиддин Ҳамроевнинг фикрларига кўра, ўтган йили филиални 103 ўқувчи битирган ва уларнинг 10 нафари тадбиркорликни танлашган. “Микрокредитбанк”нинг Бешкент филиали ана шу битирувчиларнинг кўпчилигини имтиёзли кредит билан таъминлаган.

Зариф Аҳмедов банкнинг 3,5 миллион сўм кредити эвазига қорамол сотиб олиб, уй хўжалигида чорвачиликни ривожлантиришга бел боғлаган. Айни пайтда у ўзи ишлаб чиққан бизнес-режа асосида чорва моли, ем-хашак, дори-дармон ва бошқа зарур ускуналарни харид қилган. Энг муҳими, Зариф чорва моллари сонини кўпайтириб, келгусида сут ва гўшт етиштириш ва ички бозорга чиқаришни мўлжаллаяпти.

Одилбек Баширов ҳам ҳамқишлоғи Зариф Ахмедов каби банкдан олган 3,5 миллион сўм кредит ҳисобига қорамол сотиб олди. Эндиликда у мулкдор. Ўзининг мулкини эркин тасарруф этиш ҳуқуқига эга. Қолаверса, Одилбек қорамол сонини кўпайтириб, сут ва гўшт етиштирувчи, вақти келиб, ўзи ишлаб чиқарган маҳсулотни қайта ишловчи тадбиркорга айланиши мумкин.

– Албатта, олдимда катта довонлар турибди, – дейди Одилбек. – Энг катта ишбилармон ҳам банкдан олган кичик сармоя ҳисобига иш бошлайди ва катта мулкдор даражасига эришади. Мен кредит маблағларидан мақсадли файдаланиб, катта бизнес субъектига асос солишни кўзлаяпман.

Назартепа қишлоғида яшовчи яна бир битирувчи Ҳусан Аҳмедов ҳам кичик сармоядордан катта тадбиркор даражасига етишишига ишонади. Шунинг учун ҳам у банкдан олган 3,5 миллион сўм маблағдан мақсадли фойдаланиб, ўзи кўзлаган истиқбол чўққиларига етиш ниятида меҳнат қилмоқда. У ҳам чорвачиликни ривожлантириб, халқимиз дастурхонини сут, гўшт маҳсулотлари билан бойитишга ҳаракат қилмоқда. Бу ишда энг муҳим жиҳат мақсаддан чекинмаслик, қатъий қарор қабул қилишдир. Йўлда учрайдиган тўсиқ ёки қийинчиликларни енгишда ўзида куч ва ирода топа олишига ҳам ишонади. Ана шу ишонч унга тўғри йўлни кўрсатмоқда. У йўл –тадбиркорлик.

Битирувчи Ойбек Қўзиев асли Фазли қишлоғидан. У ўтган йили коллежни битиргач, фазлилик томорқачи Гелдиёр Азизовга ҳавас қилиб, томорқасида иссиқхона барпо қилишга киришди. Асли ўзи бу қишлоқ одамлари иссиқхонасида сабзавот ва цитрус мевалар етиштиришда ном қозонишган. Қишлоқда оқар сув муаммо бўлса-да, ерости сувидан фойдаланиб, бозорга кўплаб маҳсулот чиқаришмоқда. Ойбек ҳам машҳур томорқачи қишлоқдошларидан ўрнак олиб, ҳовлисида 2 сотихга яқин ерда иссиқхона барпо қилди. Помидор, бодринг ва кўкат етиштириб, яхшигина даромад олишни мўлжаллаяпти.

– Томорқа бу жуда катта имконият, – дейди Ойбек. – Қишин-ёзин даромад келиб туради. Фақат астойдил меҳнат қилиш керак. Ўзим барпо қилган иссиқхонадан яхшигина даромад олиб, уни янада кенгайтираман, кейинчалик ер олиб, катта иссиқхона қураман. Тадбиркор етиштирган ноз-неъматлари билан эл дастурхонини тўкин қилса, элдан дуо олса, шунинг ўзи унинг учун катта мукофот. Худди шундай мен ҳам эл дуосини олсам, одамлар назарига тушсам, дейман.

Ана шундай тадбиркорлик йўлини танлаган ёшларни кўрганимда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг прокуратура органлари ходимлари билан учрашувда “Маълумки, тадбиркор ўзининг бола-чақасидан қийиб, тўплаган пули, мол-мулкини янги иш очишга сарфлайди. Банкдан кредит олса, уни ҳам фоизи билан ўзи тўлайди. Унга ҳеч ким ҳар 15 кунда бюджетдан аванс ёки ойлик бермайди. Шунга қарамасдан, таваккал қилиб, ҳузур-ҳаловатдан кечиб, бор имконияти ва маблағини хавф-хатарга қўйиб, ўз иши учун кеча-ю кундуз жонини бериб ишлайди. Шу йўл билан нафақат ўз оиласини, балки эл-юртни ҳам боқади. Шу маънода тадбиркор бу ҳақиқий фидоий инсон. Шахсан мен бундай инсонларни, иккитагина иш ўрнини яратган тадбиркорни бошимга кўтаришга тайёрман" деган фикрлари ёдимга тушади.

– Филиалимизда 310 нафар Назартепа қишлоғи ёшлари таҳсил олмоқда, – дейди Қарши туманидаги Қовчин қишлоқ хўжалиги касб-ҳунар коллежининг Назартепа филиали директори Амин Аҳмедов. – 2013 йилда филил биноси қурилгач, қишлоқ аҳли жуда мамнун бўлди. Ёшлар чиройли, кенг ва ёруғ ўқув хоналарда яйраб таҳсил олишмоқда. Энг қувонарлиси, ёшларимиз орасида тадбиркорликни танлаганлари жудаям кўп. Жорий йилда 99 нафар ўқувчи филиалимизни битиради ва уларнинг 12 нафари тадбиркор бўлиш истагини билдиришмоқда.

Тадбиркорлик бу фақат товар ишлаб чиқарувчи ёки ўз бизнесини ташкил этиш дегани эмас. У ўз келажагини яратувчи, юрт тараққиётига ҳисса қўшувчи фидойи инсондир. Бугун академик лицей ва касб-ҳунар коллежларини битириб чиқаётган ўғил-қизлар сафида ана шундай олийҳиммат ёшлар бор экан, юртимиз эртаси ишончли қўлларда эканига шубҳа қилмасак ҳам бўлади.

Сайид МЕЙЛИЕВ.

Biznes Daily”. 

 
TOP-статьи

Вход на сайт




© Copyright 2008 - 2017    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"