Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
209
7798
8223

-425
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
122490
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 379 094
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Нефть-газ корхоналарида хавфсизлик хизмати, унинг функциялари ва таркиби

Бугунги кунда корхоналарнинг ҳар томонлама хавфсизлигини таъминлаш беқиёс аҳамиятга эга долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Хавфсизлик хизмати нохуш ҳодисаларнинг олдини олиш ва хавф-хатарлардан огоҳлантириш омили сифатида йўлга қўйилади. Шунга кўра, унинг раҳбари хавфсизлик концепцияси ишлаб чиқаришнинг муайян шароитларига монанд қилиб яратилишида шахсан қатнашиши шарт. Бу талабга, айниқса, нефть-газ корхоналарида қатъий риоя қилиш, улардаги хавфсизлик хизмати бўлими ходимлари назорат ишларини мунтазам равишда олиб боришлари керак [2].

Хавфсизлик концепцияси, биринчидан, корхона мақсад-вазифаларига зид бўлмаслиги, иккинчидан, унинг хавфсизлигига бевосита ва билвосита таъсир кўрсатиши мумкин бўлган ташқи муҳитни эътиборда тутиши зарур. Хавфсизлик барқарорлиги эришиш учун муайян чора-тадбирларни амалга ошириш керак. Энг аввало, корхонага мос келувчи қўриқлаш тартибини яратиш лозим.

Ҳозирги пайтда мамлакатимиз ва хорижий давлатлар тажрибасидан келиб чиқиб, хавфсизлик хизматининг қуйидаги фаолият турларини ажратиб кўрсатиш мумкин:

1. Бино ва иншоотларни, алоқа тармоғи қурилмалари ва ускуналарини қўриқлаш тартибини шакллантириш.

2. Тезкор хавфсизлик – махфий ахборотларга бўлган ваколатни бошқариш, келиб-кетувчиларни, транспорт воситалари ва юк ташишларни назорат қилиш, қоидабузарликларни текшириш, ахборот хавфсизлигига эришиш.

3. Хавфсизликни таъминлаш бўйича маъмурий фаолият – ходимларни тайёрлаш ва ўқитиш, инспекция, тафтиш ва назорат ишларини олиб бориш, муаммоли вазиятларнинг олдини олиш, истиқболли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш.

4. Моддий бойликларни муҳофаза қилиш ва табиий офатларга қарши курашиш – ёнғинларнинг олдини олиш, ёнғин хавфсизлиги ва огоҳлантириш қурилмалари ҳолатини кузатиб бориш ва ҳоказолар.

Хавфсизлик хизмати давлат миқёсида ишлаб чиқилган ва тасдиқланган кўплаб меъёрий ҳужжатларга таянган ҳолда фаолият юритади. Борди-ю, бундай ҳужжатлар бўлмаса, ташкилот ёки корхонанинг ўзида ишлаб чиқилган хавфсизлик хизмати бўйича Низомга амал қилинади.

Умуман олганда, корхона хавфсизлигига боғлиқ меъёрий ҳужжатлар қуйидагилардан иборат бўлиши лозим:

• корхонанинг хавфсизлик хизмати тўғрисида умумий Низом;

• хавфсизлик хизмати ходимларининг функционал мажбуриятлари;

• тартиб (режим) ва соқчиликни ташкил этиш бўйича Низом;

• меҳнатни муҳофаза қилиш бўйича йўриқнома;

• раҳбарлар, мутахассислар ва техник ходимларнинг махфий ахборотлар билан ишлашлари бўйича мансабдорлик қўлланмалари;

• ёнғин хавфсизлиги тўғрисида Низом;

• махфий ахборотлар мавжуд бўлган иш ҳужжатларининг архивда сақланишини ташкил этиш бўйича мансабдорлик қўлланмалари;

• техник хавфсизлик тўғрисида Низом;

• ахборотларни муҳандислик-техник жиҳатдан ҳимоя қилишни ташкил этиш бўйича мансабдорлик қўлланмалари;

• хорижий вакиллар ва ваколатхоналар билан ишлаш тартиби бўйича мансабдорлик қўлланмалари.

Корхона хавфсизлик хизмати таркибида уни турли хавф-хатарлардан асраш мақсадида ахборот-таҳлил бўлинмаси, хавфсизликни таъминлаш йўналиши бўйича аниқ вазифаларни бажариш учун тажрибали мутахассислардан иборат вақтинча тузилмалар ташкил қилиниши мумкин.

Хавфсизлик хизмати Низомида унинг мақсад ва вазифалари, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, назорат-тафтиш фаолияти қатъий белгилаб берилади. У ўз фаолиятини корхона хавфсизлигини юқори даражада таъминлаш ва қўллаб-қувватлаш асосида олиб боради. Бу вазифалар қуйидагиларни қамраб олади:

  • махфий тартибдаги фаолиятни ташкил этиш;
  • ахборот хавфсизлигини таъминлаш;
  • муҳандислик-техник муҳофаза;
  • меҳнат жамоаларидаги салбий йўналишлар олдини олишга оид фаолият.

Корхонанинг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш учун хавф-хатарларни бартараф этиш керак. Улардан бири банкротлик хавфидир. Негаки, бозор муносабатларига асосланган иқтисодиёт тасодифлардан холи эмас. Бозорда фаолият юритаётган корхона ёки фирма турли  вазиятга тушиб қолиши мумкин. Бу ҳар қандай жамоа аҳлини ҳушёрликка чорлайди.

Банкротлик деганда, одатда, корхонанинг синиши тушунилади. Аниқроғи, маблағи йўқлиги туфайли ўз мажбуриятлари бўйича қарзларни тўлашга унинг қурби етмай қолади. Бундай вазиятда корхона ёпилади. Чунки эркин иқтисодиёт шароитида барча зарарлар илгаргидек давлат ҳисобидан қоплаб берилмайди. Қолаверса, корхона мулкида давлат улуши умуман бўлмаслиги ҳам мумкин. Шу боис у қарзларидан қутулиш учун бор мол-мулкини сотишдан ўзга чора тополмайди. Бу корхонага ҳам, мулкдорга ҳам, жамоада ишлаётган ходимларга, давлат ва жамиятга ҳам катта зарар келтиради.

Ўзбекистон Президентининг 2008 йил 19 ноябрдаги “Иқтисодий ночор корхоналарни тижорат банкларига сотиш тартибини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармойишига мувофиқ,  мазкур  корхоналарнинг молиявий қобилиятини тиклаш бўйича тегишли имтиёзлар (кўмаклар) берилганди. Жумладан, банкрот корхоналар негизида янгидан ташкил этилган хўжалик юритувчи субъектлар қўшимча қиймат солиғи, уч йил давомида фойда солиғи, ягона солиқ тўлови, мулк солиғи ва ер солиғини тўлашдан озод этилганди. Бошқарув компанияларга берилган ҳолларда улар икки йил давомида фойда солиғи ва ягона солиқ тўловидан озод қилинарди. Натижада аввал банкрот деб ҳисобланган, кейинчалик таркибий қайта тузиш орқали фаолиятини янгилаган корхоналарда сезиларли ўзгаришлар рўй берди.

Ўрни келганда эслатиб ўтамиз, юқорида тилга олинган  фармойиш давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёвнинг 2018 йил 24 майдаги ПФ-5447-сонли Фармонига асосан ўз кучини йўқотди. Қандайлигидан қатъи назар, бу борада тижорат банкларига ҳам муайян имкониятлар берилганди. Масалан, банкрот корхона негизида устав жамғармаси 100 фоизгача бўлган янги корхона очиш; банкрот корхона тугатилиши муносабати билан унга аввал берилган, лекин қопланмаган кредитни, шу жумладан, ҳукумат кафолати билан берилган кредит суммасини банк кенгаши қарори билан ҳисобдан чиқариш; банкрот корхона учун малакали бошқарув компаниясини тузиш ва жалб қилиш; банкрот корхонани тугатиш баҳосида сотиб олиб ва фаолиятини тиклаб, қайтадан бозор нархида сотиш ва ҳоказолар кўзда тутилганди.

Хабарингиз бор, Президентимиз Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузасида “Жаҳон бозорида тенг рақобатлаша оладиган ва кейинги босқичда иқтисодий ўсишнинг, иқтисодиётни янада модернизация ва диверсификация қилишнинг локомотивига айланиши мумкин бўлган тармоқ ва корхоналарни жадал ривожлантириш ҳамда аниқ йўналтирилган ҳолда қўллаб-қувватлашни таъминлаш зарур” деган эди. Бунинг учун яхшигина даромад орттириб ишлаётган корхоналарни банкротликдан асраш имкониятлари яратилиши керак. Табиийки, бу ишлар давлат томонидан тартибга солинади. Корхоналар эса бунақа шароитни  ўзлари яратиб олишлари лозим.

Банкротлик хавфини бартараф этиш унинг турларини билиб олишни тақозо қилади. Ҳозирги вақтда банкротлик хавфининг учта тури мавжуд:

1.  Ишлаб чиқариш банкротлиги хавфи. У корхонанинг мўлжалдаги маҳсулотини тегишли ҳажмда ва нархда ишлаб чиқариш имконияти чеклангани туфайли содир бўлади. Бу хавфга барҳам бериш учун корхона доимий равишда бозор конъюнктурасини ўрганиши, маркетинг  хизматини  намунали йўлга  қўйиши, технологик жараёнларни тезда бошқа маҳсулот ишлаб чиқариш учун ўзгартира олиш каби имкониятларга эга бўлиши лозим.

2. Молиявий банкротлик хавфи. У корхонанинг солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни амалга ошира олмай қолишига боғлиқ. Бу хавф корхона ўзига керакли кредитни унинг фоизи ошгани туфайли олиш имконияти чеклангани, корхона акцияси арзонлашгани, нуфузи  пасайгани, кредитор қарзлар ошгани  эвазига  содир  бўлиши  мумкин.

Бозор муносабатлари шароитида ўзининг иқтисодий хавфсизлигини таъминлаш ҳар бир корхонанинг муҳим вазифасидир. Ушбу жараён қатор чора-тадбирларни қамраб олади:

1. Корхона фаолиятига ташқи субъектлар аралашувлари кучайишига йўл қўймаслик.

2.  Корхонада самарали меҳнат қилиш муҳити бузилишининг олдини олиш, ҳар бир ходим меҳнатини холисона баҳолаш.

3. Ходимлар ўртасида ахлоқий-руҳий муҳит барқарорлигини таъминлаш, корхона муваффақияти ҳар бирининг ютуғи эканлигини уларнинг онгига сингдириш ва шунга амал қилиш.

4. Маҳсулот (иш, хизмат) сифати ва нархи бўйича бозордаги рақобатчилардан ортда қолиб кетмаслик чораларини кўриш.

5.  Бозор конъюнктураси тез ўзгаришидан ҳамиша воқиф бўлиш ва унга мослашган ҳолда тараққиётни таъминлаш.

Булар корхона иқтисодий хавфсизлигини таъминлашнинг асосий шартларидир. Албатта, бу иш ўз-ўзидан амалга ошмайди. У ҳамиша корхонага дахлдор мутасаддиларнинг (мулкдор, раҳбар, менежер, мутахассислар, барча ходимлар ҳамда солиқ, молия, банк сингари манфаатдор ташкилотларнинг) диққат-эътиборида бўлиши лозим.

Корхона хавфсизлигини таъминлашнинг яна бир стратегик жиҳати унинг тижорат сирларидир. Ишлаб чиқаришга, технологияларга, бошқарувга, молия ва шу кабиларга боғлиқ, ошкор қилиниши корхона манфаатларига зарар етказиши мумкин бўлган маълумотлар корхонанинг тижорат сири саналади. Корхона “тижорат сирлари” тоифасининг қонунчиликда белгилаб берилган тавсифномаси шундай. Тижорат сири деганда эса, хўжалик юритувчи субъектларнинг тижорат, ишлаб чиқариш, молиявий операциялари, режа, маркетинг, илмий ишланмалар ва бошқа жараёнлар ифода этилган, ошкор қилиниши мумкин бўлмаган маълумотларнинг махфий сақланиши тушунилади.

Мавжуд нуқтаи назарларга кўра, корхонанинг тижорат сирлари яхлит ҳолда унинг савдо алоқалари; капитал ҳажми ва тузилмаси, инвестиция режалари; таъминотчи ва истеъмолчилар, тузилган шартномалар; ишлаб чиқариш ҳажми, айланма маблағлар ва фойда ҳажми; баҳони шакллантириш сиёсати ва товарлар баҳосининг шаклланиши; банк операциялари ва ҳоказолар ҳақидаги маълумотларни қамраб олади.

Бу ҳолатда муаллиф учинчи шахсга маълум бўлмаган техникавий, ташкилий ёки тижорат ахборотига, жумладан, ишлаб чиқариш сирлари (ноу-хау)га қонунан эга бўлиб турган шахс ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқига эга бўлади.

Саноати ривожланган мамлакатлар (масалан, АҚШ)нинг давлат органларида махсус воситачилик хизмати мавжуд. У мижозларни корхона ва ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар билан таъминлайди. Бизда корхоналар давлатга солиққа тортиш, иқтисодий маълумотларни йиғиш ва улар билан ишлаш тизими учун зарур маълумотларни тақдим этиши қонунан белгилаб қўйилган. Бироқ, Президентимиз уқтирганидек, “Инвестицияларни жалб этиш бўйича ишлар қандай аҳволда экани танқидий таҳлилни талаб этади. Бундай инвестицияларнинг улуши 30 фоизга тушиб қолган. Лойиҳаларни экспертиза қилиш ва тендерларни ўтказиш бюрократлашиб кетгани энг асосий тўсиқлардан бири ҳисобланади. Лойиҳаларнинг техник-иқтисодий асосланишини экспертиза қилиш агентлиги ташкил этилганидан кейин ҳам сезиларли ўзгариш ва натижалар йўқ”. Шунингдек, корхоналар ўз фаолиятлари тўғрисидаги маълумотларни, жумладан, йиллик балансни нашр қиладилар. Айни чоғда, улар тижорат сирларига оид маълумотларни бермаслик ҳуқуқига эга.

Қуйидаги расмда корхона тижорат сирларини муҳофаза қилиш механизмининг асосий элементлари келтирилган.

ishmanova_1_7

1-расм. Корхонанинг  тижорат сирини муҳофаза қилиш механизми [3].

Тижорат сирларининг давлат бошқарув ва назорат идоралари ходимлари орқали четга чиқиб кетиши олдини олиш мақсадида корхона раҳбари уларнинг ваколатларини билиши ҳамда улар талаб қилган исталган маълумотни эмас, балки фақат хизмат ваколатига доир маълумотларни тақдим этиши зарур. Бу гап, биринчи навбатда, статистика хизмати, Ўзбекистон Республикаси Хусусийлаштирилган корхоналарга кўмаклашиш ва рақобатни ривожлантириш давлат қўмитаси, милиция, молия, солиқ, санитария, ёнғинга қарши кураш ва бошқа ташкилот-идоралар вакилларига тегишли. Корхона раҳбари, шунингдек, давлат идоралари ходимларининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари устидан арз қилиш тартиби, улар туфайли корхонага етказилган моддий ва маънавий зарарни қоплаш механизмини билиши ва унга амал қилиши керак.

Ошкор этилмаган ахборотни муҳофаза қилиш қоидаси қонун бўйича хизмат ёки тижорат сири ҳисобланмайдиган маълумотларга нисбатан татбиқ қилинмайди. Буларга юридик шахслар тўғрисидаги, мол-мулкка бўлган ҳуқуқлар ва мол-мулк хусусида тузилиб, давлат рўйхатидан ўтказиладиган келишувлар тўғрисидаги маълумотлар, давлат статистика ҳисоботи тариқасида тақдим этиладиган кўрсаткич каби ахборотлар киради.

Ошкор этилмаган ахборотни ноқонуний фойдаланишдан муҳофаза қилиш ҳуқуқи бошқа шахсга ўтиш ҳам мумкин. Бу ошкор этилмаган ахборотга эга шахснинг ўша ахборотнинг ҳаммасини ёки бир қисмини бошқа шахсга лицензия шартномаси асосида бериши мумкинлигида намоён бўлади. Аммо лицензиат ушбу ахборотдан фақат ўзи фойдаланишга ҳақли. У шартнома бўйича олган ахборотларнинг махфийлигини муҳофаза қилишга доир зарур  чораларни кўриши шарт. Агар лицензия вақти тугаб, лицензиат бу ахборотдан фойдаланишни тўхтатса ҳам, ушбу ахборот ҳали махфий саналиб, уни ошкора қилиш мумкин бўлмаса, лицензиат уни ошкор қилиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Корхона хавфсизлигини таъминлаш учун унинг сирини, айниқса, тижорат сирини сақлаш талаб этилади. Уларни сақлаш эса мамлакатимизда тегишли қонунлар билан кафолатланган.

Бундай хавфларнинг олдини олиш, албатта, жуда мураккаб жараён. Чунки уларнинг аксарияти корхона фаолиятига бевосита боғлиқ эмас. Илло, ундан ҳамма манфаатдор бўлгани учун корхонада ишлайдиган жамики ходимлар – оддий хизматчилардан тортиб раҳбарларгача унинг хавфсизлигини таъминлашга астойдил хизмат қилиши лозим.

Динора ИШМАНОВА,

ТДИУ таянч докторанти.

Аннотация

Мақолада нефть-газ корхоналарида хавфсизлик хизмати, унинг функциялари ва асосий таркиби баён қилинган.

 

В статье рассматривается служба безопасности, ее функции и ее состав на нефтегазовых предприятиях.

The article discusses the safety issues in oil and gas companies. Moreover, the functions and main structural components are also analyzed. 

Калит сўзлар: нефть-газ корхоналари, хавфсизлик хизмати, персонал бошқариш, ахборот оқими, концепция, инфратузилма.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ш.М.Мирзиёев. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. http://kun.uz/news/2017/14/01/.

2. А.А.Абидов, Р.Т.Саидов, У.С.Назаров. Нефть-газ соҳасида меҳнатни муҳофаза қилишни бошқаришнинг ягона тизими. Тошкент, 2001 йил.  

3. Р.Муратов. Д.Ишманова. “Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик”, ЎУМ. Тошкент, Иқтисодиёт. ТДИУ. 2017 йил.

4. www.лех.уз 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"