Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Пахтачилик тармоғини ривожлантиришда агрокластерларнинг ўрни

Ўзбекистон пахтачилигининг истиқболдаги вазифаси пахта хомашёсининг ялпи ҳажмини кескин камайтирмаслик, балки унинг сифатини яхшилаш, асосий қисмини минтақада қайта ишлаш ҳисобланади. Пахтачилик ва у билан боғлиқ бўлган тармоқларни интенсив ривожлантириш мавжуд меҳнат, ер, сув ва бошқа моддий ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади, республика иқтисодиётининг барқарор ўсишига реал шароит яратади.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёев Қишлоқ хўжалиги ходимлари кунига бағишлаб ўтказилган тантанали маросимдаги нутқида бу усулга республикамиз қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири – Ўзбекистон пахтачилигининг келажаги сифатида юксак баҳо берди. Мазкур лойиҳа ҳосилни парваришлашдан тортиб, маҳсулотни қайта ишлайдиган замонавий завод ва фабрикалар қуриш, пахта хомашёсини тўла қайта ишлашни ташкил этиши билан аҳамиятлидир. Шунингдек, жойларда қишлоқ хўжалиги ҳамда енгил саноат тармоғини янада ривожлантириш, маҳсулот сифатини яхшилаш ҳисобига қўшимча қиймат яратиш, экспортбоп тайёр маҳсулот тайёрлаш ҳажмини кўпайтириш, янги иш ўринлари очиш, қайта ишлаш жараёнидаги барча иштирокчиларнинг моддий манфаатдорлигини ошириш, аҳоли даромади ва турмуш фаровонлигини юксалтириш, ёш мутахассисларни иш билан таъминлаш, улардан малакали кадрлар тайёрлашга йўналтирилгани билан эътиборга сазовордир.

Жаҳон стандартлари талабларига жавоб берадиган ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни таъминловчи юқори технологияга асосланган корхоналарни ташкил этиш, ишлаб чиқариш инфратузилмасини ривожлантириш ва инновацион технологияларни жорий этиш ҳисобига жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотларни кенг кўламда тайёрлашни жорий қилишнинг илмий асосларини яратиш талаб этилмоқда. Шу жиҳатдан, хорижий тажрибалар асосида юртимизда маҳсулот тайёрлашни кластер асосида ташкил этиш ва бошқариш самарадорлигини ошириш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Президентимизнинг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли, 2016 йил 5 октябрдаги “Тадбиркорлик фаолиятини жадал ривожлантиришни таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПФ-4848-сонли ҳамда 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, таркибий ўзгаришларни таъминлаш чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПФ-4707-сонли фармонлари, Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 25 январдаги “Пахта-тўқимачилик ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг замонавий шаклларини жорий этиш чора-табдирлари тўғрисида”ги қарори ва бошқа меъёрий ҳужжатларда белгиланган вазифаларни амалга оширишда мазкур изланишлар муайян даражада хизмат қилади.

Республикамиз табиий-иқлим шароити, меҳнат ресурслари, қишлоқ хўжалиги тармоғи мутахассислари малакаси, шаклланган деҳқончилик маданияти, илмий-техник салоҳият ва асрлар давомида ривожланган дехқончилик анъаналари, тўпланган бой тажрибалар юқори сифатли пахта етиштириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратади. Пахтачилик соҳасидаги муаммоларга қарамасдан иқтисодий ислоҳотлар натижасида бир қатор ижобий ўзгаришлар содир бўлди. Жумладан, пахтакор деҳқон бугунги кунда ўз маблағи ва меҳнати билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозорида иштирок этиб, даромадини ошириш иштиёқида фаолият юритмоқда. Аммо ҳозирги кунда пахтачилик хўжаликлари иқтисодий эркинлигини кенгайтириш, деҳқоннинг ўз меҳнати ва хўжалик фаолияти пировард натижаларидан манфаатдорлигини ошириш муаммолари мавжуд бўлиб, бу муаммоларнинг ечимини агрокластер услини қўллаш орқали топиш мумкин.

Кластер атамаси (инглиз тилидан “cluster” сўзини таржима қилинганда) бир қанча бир хил элементларнинг бирлашуви, тўпланиши, гуруҳ маънолари ва маълум даражада ўзига хос хусусиятларга эга бўлган мустақил бирлик сифатида тушунилади.

Агрокластернинг моҳиятини А.А. Настин “Агрокластер бир вақтда ва ўзаро ҳамкорликда ишлаб чиқариш вазифаларини ҳал қилиш ва атроф-муҳитни ҳимоя қилишда бирлашиш мақсадида географик жиҳатдан бир жойда жойлашган, ўзаро бир-бирига боғлиқ ва бир-бирини тўлдирувчи, турли мулк эгалари – оилавий ферма, фермерларнинг кооператив корхоналари, ижтимоий ва илмий ташкилотлар, таълим муассасалари ва маслаҳат хизматларидан иборат бозор субъектлари тизимидан иборат”, деб изоҳлайди. А.В.Глотка фикрича, агросаноат мажмуидаги тадбиркорлик агрокластери – ушбу тизимда маълум даражада ўзаро алоқа қилиш маданиятига эга бўлган боғлиқлик билан иштирокчиларининг умумий иқтисодий манфаатларини амалга оширувчи ва технологик занжир тамойили асосида ташкил этилган ҳудудий жиҳатдан алоҳида инновацион йўналтирилган интеграцион тузилма тарзида баён этилади.

Ушбу назарий таърифларни умумлаштириб, агрокластер – қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш, қайта ишлаш ва сотиш жараёнларини ягона занжирга бирлаштириш ва юқори технологик инновациялардан фойдаланиш билан бир қаторда, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ички ва ташқи бозорда рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ жойларда инфратузилма мажмуини шакллантириш ва ривожлантириш, қишлоқ аҳолисини иш билан бандлиги даражаси ва даромадларини ошириш ҳамда келажакда тармоқ маҳсулотлари сифати ва экологик муҳитни яхшилашда фаолият юритадиган хўжалик юритиш субъектларидан таркиб топади, деган хулосага келиш мумкин.

Ривожланган давлатлар тажрибасининг ижобий натижаларига кўра, агрокластерларни шакллантириш ва улар фаолиятини ривожлантириш қишлоқ хўжалиги рақобатбардош ривожланишининг самарали омилларидан бири ҳисобланади.

Агрокластерлар ўз фаолиятида қуйидаги хусусиятга асосланиши мумкин:

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш бўйича ҳудудий ихтисослашув ва маҳаллийлаштириш;

– тармоқнинг хўжалик юритувчи субъектлари ўртасидаги ўзаро алоқалар;

– турли тармоқлар ўртасида қишлоқ хўжалиги маҳсулотларидан тайёр маҳсулот ишлаб чиқарувчи технологик ўзаро алоқаларнинг шаклланганлиги.

Агрокластернинг маркази стратегик ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома асосида ўз атрофига қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқарувчилари, илмий-тадқиқот муассасалари, турли хизмат кўрсатувчи инфратузилма ташкилотлари, маҳсулотларни сотиш, реклама қилувчи маркетинг хизматини ўз атрофида бирлаштирган қайта ишловчи корхоналар бўлиши мумкин.

Ҳозирги вақтда агрокластерларни шакллантиришда уч хил ёндашув мавжуд, жумладан:

– минтақалар маъмурияти мутахассислари, агрокластерни ташкил этишдан манфаатдор бўлган ва реал ёрдам кўрсатиш имкониятига эга бўлган ташкилотлар асосида кенгайтирилган ишчи гуруҳларини ташкил этиш;

– хизматлар кўрсатиш бўйича шартномалар тузиш орқали давлат ва маҳаллий бошқарув ташкилотларининг минтақаларда фаолият юритаётган илмий-тадқиқот муассасалари, маслаҳат фирмалари ва олий ўқув юртлари билан ҳамкорлиги;

– бозор иқтисодиётига ўтаётган давлатлар учун агрокластерлар янги институционал бирлик бўлганлиги учун ҳам махсус давлат ташкилоти, масалан, Иқтисодий ривожлантириш агентлиги ёки Ўзбекистон шароитида Савдо-саноат палатаси, Республика Фермерлари кенгаши томонидан амалга оширилиши, бунда таъсисчилар сифатида давлат томонидан минтақалар ташкилотлари, маҳаллий давлат ҳокимияти ташкилотлари, қишлоқ хўжалиги товар ишлаб чиқарувчилари, илмий-тадқиқот муассасалари, олий ўқув юртлари, қайта ишловчи корхоналар, турли хизматлар кўрсатувчи инфратузилма субъектлари ва маҳсулотни сотувчиларнинг ўзаро ҳамкорликдаги ёки алоҳида ташаббуси бўйича ташкил этилиши мумкин. Агрокластерни ташкил этишнинг муҳим жиҳатларидан бири – унинг иштирокчиларининг биргаликда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, сотиш, илмий тадқиқот жараёнларини ўзида мужассамлаштирган ҳамкорликдаги лойиҳаларни амалиётда қўллаш орқали бир-бирларига ишончларининг юқорилиги ҳисобланади. Мамлакатимиз қишлок хўжалигида амалга оширилаётган институционал ва таркибий ўзгаришлар натижасида шаклланган хўжалик юритиш субъектлари ҳамда тармоқда улар ўртасидаги ҳуқуқий, ташкилий ва иқтисодий муносабатларнинг мунтазам равишда такомиллаштириб борилишини тақозо этишдан келиб чиққан ҳолда агрокластерларни барпо этиш борасида янги йўналишни амалга ошириш бугунги кунда аграр сиёсатнинг муҳим вазифаларидан бирига айланиши лозим. Чунки тармоқнинг қайта ишлаш ва қўшилган қиймат яратувчи соҳалар билан ўзаро алоқаларининг кенг йўлга қўйилмаганлиги рақобатбардош, чуқур қайта ишланган экологик тоза маҳсулотлар етиштириш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш ва сотиш каби бошқа соҳаларнинг ҳам фаолиятига салбий таъсир кўрсатмоқда. Ваҳоланки, мамлакатимизда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришнинг миллий анъаналарини замонавийлаштирган ҳолда давом эттириш, ҳудудларнинг табиий жойлашуви бўйича ўзига хос рақобатбардош ва ички ҳамда ташқи бозорда юқори талабга эга бўлган маҳсулотлар етиштиришга ихтисослашуви, қишлоқ хўжалигининг турли маҳсулотларини ишлаб чиқарувчи мулкдорларнинг мавжудлиги, тармоққа ишлаб чиқариш воситалари етказиб берувчи, маҳсулотлар тайёрловчилари ва уларнинг маҳсулотларини қайта ишловчи, сотувчи ва турли йўналишда хизмат кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги ўзаро интеграцион жараёнлар, қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатувчи юқори инновацион даражага эга бўлган корхоналар, тармоқ билан боғлиқ бўлган корхоналарнинг ўзаро ҳамкорлик ва рақобатга тайёрлиги, тармоқни тартибга солишнинг бозор тамойилларига мос ҳуқуқий-меъёрий асосларнинг шаклланганлиги, хизмат кўрсатувчи кенг қамровли инфратузилма ва юқори малакали мутахассисларнинг мавжудлиги ушбу номутаносибликларни ҳал қилишда муҳим омил ҳисобланади.

gaybullaev_1_7

1-расм. Қишлоқ хўжалик маҳсулотлари етиштиришни кластер усулида  

ташкил этиш.

Пахтачиликда кластер усулининг қўлланилиши тармоққа ихтисослашган фермер хўжаликлари ривожланиши учун муқобил имкониятдир. Кластер фермер хўжаликларига ер, сув ва бошқа ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланиш, ҳосилдорликни ошириш, етиштирилган ҳосилни ўз вақтида йиғиб олишга кўмаклашади. Шунингдек, хомашёни қайта ишлаб, юқори сифатли маҳсулот ишлаб чиқаришни таъминлайди. Фермер хўжаликларига лизинг асосида техникалар олиш, минерал ўғитлар, уруғ-чигит материаллари, пахтани кимёвий ҳамда биологик усулда ҳимоя қилиш ва бошқа моддий ресурсларни етказиб беради. Сотиб олинадиган пахтанинг нархи фермер хўжаликларининг рентабеллилиги ҳисобга олиниб, агротехник чоралар асосида шакллантириладиган харажатлардан келиб чиққан ҳолда шартнома асосида белгиланади ва у шу нархдан паст бўлмаслиги керак. Мазкур янги усулнинг жорий этилиши фермер хўжаликларида пахта ҳосилдорлигини оширишга хизмат қилади, фермер хўжаликлари энди аввалгидек фақат етиштирган пахта хом ашёсидан эмас, балки унинг қайта ишланиб, тайёр маҳсулот бўлиб чиққанигача бўлган даромаддан тегишли улушини олади. Бу фермер хўжаликларининг иқтисодий пойдеворини янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Агрокластерлар иқтисодиёт ривожланишини ташкил этиш ва давлат сиёсатини ўтказишнинг янги ҳамда қўшимча усулини тақдим этади. Бирор ҳудуддаги кластерлар ҳолатини тушуниш кластерлар иқтисодиёти ишлаб чиқариш салоҳиятининг ички хусусиятлари ва уларнинг келажакдаги ривожланиши учун мавжуд чеклашларни кўра билишни таъминлайди. Энг парадоксал нарса шуки, глобал иқтисодиётдаги энг муҳим рақобат устунликлари кўпинча кластер жойлашган жойдан келиб чиқади.

Одил ҒАЙБУЛЛАЕВ,

Тошкент Давлат аграр университети ўқитувчиси.

Аннотация

Республикамиз табиий иқлим шароити, меҳнат ресурслари, қишлоқ хўжалик мутахассислари малакаси, шаклланган деҳқончилик маданияти, илмий-техник салоҳият ва асрлар давомида ривожланган деҳқончилик анъаналари, тўпланган бой тажрибалар юқори сифатли пахта хомашёси етиштириш учун қулай шароит ва имкониятлар яратади.

 

Природно-климатические условия, трудовые ресурсы, опытные специалисты сельскохозяйственной отрасли, научно-технический потенциал, многовековый и традиционный богатый опыт дехкан в сельском хозяйстве создают благоприятные условия и возможности выращивать высококачественный хлопок в Республике Узбекистан.

 

The scientific-technical potential of the farming culture of the country, which has qualified specialists in the field of labor resources, agricultural logistics potential of the country, and rich farming practices of centuries-old cultivation create favorable conditions and opportunities for the production of high quality cotton.

 

Калит сўзлар: пахтачилик, кластер, қайта ишлаш, экспорт, инфратузилма, самарадорлик, интеграция.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ғ.А.Саматов ва бошқалар. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти ва менежменти – Дарслик. Т.: Чўпон- 2012 й.

2. Х.К.Мамарасулов, А.А.Тошматов, Х.Х.Саидакбаров, М.К.Йўлдошев. Қишлоқда бизнес юритишнинг молиявий-иқтисодий, ташкилий жиҳатлари. Фермерлар учун қўлланма. – Т.: 2013.

3. Ч.Муродов, Ш.Ҳасанов, М.Муродова Агрокластер: ташкил этишнинг назарий асослари. Иқтисод ва молия/Экономика и финансы 2014.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"