Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Миллий иқтисодиётнинг мутаносиблиги ва барқарорлиги

Мамлакат иқтисодиётини янада юксалтиришга йўналтирилган кенг кўламли инвестициявий лойиҳаларнинг амалга оширилиши, узоқ муддатли тараққиёт стратегиясининг ҳаётга изчил татбиқ этилаётгани саноат тармоқларининг ривожланиш имконини бермоқда. Ҳаракатлар стратегиясида таркибий ўзгаришларни чуқурлаштириш, миллий иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини модернизация ва диверсификация қилиш ҳисобидан унинг рақобатбардошлигини ошириш масаласига катта эътибор берилди [1].

Шундан келиб чиққан ҳолда, иқтисодиётда таркибий ўзгаришларни амалга ошириш, хусусан, саноат тармоқлари жадал ривожланишини таъминлаш, бунинг учун замонавий ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ва менежмент стратегияларидан кенг фойдаланиш лозим бўлади. Айни пайтда республикамиз босиб ўтган тараққиёт йўлининг чуқур таҳлили, бугунги кунда жаҳон бозори конъюнктураси кескин ўзгариб, глобаллашув шароитида рақобат тобора кучайиб бораётгани давлатимизни янада барқарор ва жадал суръатлар билан ривожлантириш учун мутлақо янгича ёндашув ҳамда тамойилларни ишлаб чиқиш ва руёбга чиқаришни тақозо этмоқда. Бу саноат тармоқларида менежмент стратегияларидан самарали фойдаланишда ўз аксини топади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида сўзлаган нутқида: Барқарор ва замонавий иқтисодиётни шакллантирмасдан туриб, халқ фаровонлиги ва юксак ҳаёт даражасини таъминлашга эришиб бўлмайди. “Стратегия, бу – янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлари дастуридир”. Иқтисодиёт таркибида саноатнинг ривожланиш динамикасидаги муҳим ўзгариш корхоналар ва ишлаб чиқаришни модернизация қилиши, техник ва технологик янгиланиш асосида чуқур таркибий ўзгаришлар ва диверсификациянинг амалга оширилгани ҳисобланади. Саноат сиёсатидаги асосий устувор аҳамият институционал ислоҳотларнинг сифатини ошириш ва тадбиркорлик фаолиятига кенг йўл очиб бериш, саноат ишлаб чиқаришни модернизация ва деверсификация қилиш, иқтисодиётнинг реал сектори корхоналарини қўллаб-қўвватлаш, ўрта ва узоқ муддатда саноатни ривожлантириш бўйича дастурий чора-тадбирларни амалга оширишга қаратилганлигини таъкидлади [4].

Саноат тармоқларида менежмент стратегиясини амалга оширишда иқтисодчи олимлар В.Каттакишиев, И.Мамаюсуповлар ташкилотнинг ресурслар билан таъминланганлик даражаси, стратегияни амалга оширишдаги ўзгаришларга менежментнинг тайёргарлиги, таклиф этилаётган стратегияни бизнеснинг ички ва ташқи қатнашчиларига, шунингдек, компаниянинг жамият билан ўзаро муносабатларига таъсирини ҳисобга олиш зарур эканлигини кўрсатиб ўтган.

Г.Форд (“Менинг ҳаётим, менинг ютуқларим” асари, XIX аср охири – XX асрнинг 1-ярми) қарашларида: қашшоқликнинг бирламчи сабаби менинг фикримча, энг аввал саноатда ва қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш ва тақсимотни бир-бирига тўғри келмаслиги каби мутаносибликдан келадиган зарар жуда улкандир. Бу каби зарарни ишда фаол хизмат қиладиган доно раҳбарият бартараф этмоғи керак. Агар раҳбар пулни хизматдан юқори қўядиган бўлса, унда зарар кўриш давом этаверади. Зарар яқин кўрувчилар билан эмас, фақат узоқни кўрувчи ақллилар ёрдамида бартараф этилади дея таъкидлаган. Тадбиркор капитал мулкни ёки капитални назорат қилувчи, бошқа ишлаб чиқариш омилларини ташкил қилиш қобилиятига эга ва кўпчилик ҳолатларда янгилик кирита олувчи шахсдир. Замонавий ҳамкорликнинг тараққиёти ва ташкилотларни пайдо бўлиши билан тадбиркор тараққий топган корхонада ягона шахс бўлиб намоён бўла олмайди дея ўз асарида келтириб ўтган[5]. И.О.Улашев, Ш.А.Атамурадовлар фикрига кўра, стратегик режалаштириш корхонанинг ўз мақсадларига эришиш учун махсус стратегиялар ишлаб чиқилишидаги ҳаракатлар ва хулосалар тўплаш жараёни ҳисобланади [6.] Р.И.Нуримбетов, С.И.Ахмедовлар илмий изланишларида АҚШда маҳсулот сифатини бошқариш тажрибасида саноатнинг кенг истеъмол товарларини ишлаб чиқариш билан тез суръатларда ривожлана бошлади. Лекин товарларнинг сифати анча паст даражада эди. Америкалик мутахассисларнинг таъкидлашича, корхоналар жорий харажатларнинг 25-30 фоизи маҳсулот нуқсонларини аниқлаш ва топишга сарфланар эди. Нуқсонли маҳсулотларни алмаштириш учун кетган харажатлар умумий харажатларнинг 30 фоизидан ҳам ошиб кетишига олиб келарди. АҚШлик кўпгина мутахассислар сифатнинг пастлиги меҳнат унумдорлиги ва рақобатбардошликнинг ошишига асосий тўсиқ деб ҳисоблашарди. Япония тажрибаси шуни кўрсатдики, сифатни ошириш – ҳеч қачон тугамайдиган ишдир. “Япон мўъжизаси”нинг асосий концепцияси – хоҳ ишлаб чиқариш, хоҳ бошқариш ёки хизмат кўрсатиш бўлсин, мукаммал технологиядир дея таъкидлаган [7]. Р.И.Гимуш, Ф.М.Матмуродовлар изланишларида америкалик олимлар R.Kaplan ва D.Nopton 1990-йилларда 12 та йирик компания хўжалик фаолиятининг пул билан боғлиқ бўлмаган кўрсаткичларини ҳам ҳисобига оладиган натижаларни баҳолаш тизимининг концепцияларини илмий тадқиқотларида ўз ифодасини топган [8].

Д.С.Қосимованинг тадқиқотларида саноат учун мўлжалланган товарлар бозори – бошқа товар ишлаб чиқариш ва хизмат кўрсатиш соҳасида менежмент ҳамда бошқа истеъмолчиларга сотилган товар ва хизматлар сотиб олувчи шахслар ҳамда ташкилотлар янгилигидир. Товар номенклатураси ва пул обороти ҳажми жиҳатидан саноат учун мўлжалланган товарлар бозори кенг истеъмол товарлари бозоридан устун бўлади дея таъкидлаган [9].

Тадқиқотнинг методологияси бўлиб, Президент Ш.М.Мирзиёев асарлари, менежмент ривожланишининг концептуал асослари, ижтимоий-иқтисодий тизимни бошқариш, саноат тармоқларида менежмент стратегиясидан фойдаланиш, Ватанимиз ва хорижий олимларнинг ушбу йўналишда олиб борган илмий ишлари, шунингдек, статистик ва иқтисодий-математик усуллар ҳисобланади.

Миллий иқтисодиётда олиб борилган ислоҳотлар натижасида саноат корхоналари давлат томонидан қўллаб-қувватланиб, уларнинг ишлаб чиқариш фаолиятини ривожлантириш мақсадида инвестициялар киритилмоқда. Натижада 2017 йилда саноат тармоқларидаги йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг таннархини ўртача 8 фоизга қисқартириш ва рақобатдошлигини оширишни назарда тутувчи комплекс чора-тадбирларни амалга ошириш белгиланган. Саноатни модернизация қилиш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015-2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши натижасида республикада ЯИМга сарфланадиган энергия сарфи 7,4 фоиз, йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархини эса ўтган йилга нисбатан ўртача 10,6 фоиз камайтиришга эришилди[10]. Мамлакатдаги саноат корхоналари томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи 2015 йилдаги 20 фоиздан 2017 йилга келиб 25 фоизгача камайтирилди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб айтганда, мамлакатдаги ишлаб чиқариш корхоналари, жумладан, саноат тармоқларининг рақобатбардошлигини ошириш ҳозирги куннинг долзарб вазифаларидан биридир. Шу ўринда, саноат тармоқларида саноат маҳсулотларига истеъмол бозори талабини тўла қондириш, шу билан бирга, импорт ўрнини босувчи маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини кенгайтириш каби устувор вазифалар турибди. Бу эса, ўз навбатида, ушбу соҳанинг техник жиҳати қуролланиш даражасига боғлиқ саналиб, мазкур вазифани ҳал этиш биринчи галда саноат тармоқларини янги технологиялар билан таъминлашни самарали ташкил этиш билан чамбарчас боғлиқдир. Шу мақсадда республикамизда ишлаб чиқаришни ривожлантириш ва тайёрланаётган маҳсулотларни жаҳон стандарти талабига интеграциялашувини таъминлаш учун давлат бюджети томонидан бир қатор йирик ишлаб чиқариш мажмуалари молиялаштирилмоқда. Иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилиш шароитида давлат миллий иқтисодиётимиз учун зарур бўлган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи объектларни янги техник ва технологик жиҳозлаш учун молиялаштиради. Хусусийлаштиришнинг кенгайиши ҳамда хусусий секторнинг ривожланиб бориши билан давлат бюджети маблағлари эвазига инвестициялаш камайиб боради. Бошқа жиҳатдан иқтисодиётнинг эркинлашуви чет эл инвесторларининг Ўзбекистон иқтисодиётининг асосий тармоқларига ёндашувига йўл очиб берди. Ҳозирги кунда қора ва рангли металлургияга чет эл қўйилмалари 63,5 фоизни, нефть-газ комплексига тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг умумий оқимидан 19,8 фоизни ташкил этди. Айниқса, охирги 2016-2017 йиллар давомида республикамизнинг саноат тармоқларига бевосита инвестицияларни жалб этишга алоҳида эътибор берилди. Бу вазифани муваффақиятли ҳал этишга юртимизда қулай инвестицион муҳитнинг яратилиши, хорижий инвесторларга имтиёз ва преференцияларнинг тақдим этилиши катта роль ўйнади.

Шуни қайд қилиш лозимки, ҳудудий ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари доирасида 13339 та лойиҳа амалга оширилиб, 2,1 триллион сўмдан кўп кредитни ўзлаштиришга эришилди. 10 та эркин иқтисодий зона, 5 та кичик саноат зонасининг ташкил этилиши саноат тармоқларига, умуман мамлакат иқтисодиётига таъсир жараёнини нечоғлиқ аҳамиятли эканлигини кўрсатиб турибди. “Peugot” ва “Citroёn” бренди билан енгил автомобилларни ишлаб чиқариш бўйича завод барпо этилмоқда. Шунингдек, тайёр чарм-пойабзал маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кенгайтириш бўйича умумий қиймати 12,7 миллион доллар бўлган 10 та лойиҳа амалга оширилди.

Бунинг устига, шу даврда мамлакатимиз ЯИМ умумий ҳажмининг йилдан-йилга ўсиш суръатлари билан саноат маҳсулотларини реализация қилиш ҳажмининг йилдан-йилга ўсиш суръатлари ўртасида ҳам пропорционал боғлиқлик мавжуд. Ўтиш иқтисодиётига эга бўлган давлатларнинг барчасида молиявий муносабатлар бир неча замонавий хусусиятларни ўзида мужассам этмоқда. Бундай ҳолат иқтисодиётнинг барча жабҳаларида ўзини намоён қиляпти. Бу билдирилган фикр, жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва унинг иқтисодиётидаги етакчи тармоқлардан бирини ташкил этувчи саноат корхоналарига ҳам тегишлидир. Бундай шароитда уларни аниқлаш ва тегишли муаммоларни ҳал этишда ана шу аниқланган ўзига хос бўлган замонавий хусусиятларни ҳисобга олиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу жараёнларни ҳисобга олган ҳолда, масалан, фақат тўқимачилик ва тикув-трикотаж маҳсулотларини ишлаб чиқариш мақсадида соҳага 32 млн. доллар миқдоридаги инвестицияларни жалб қилиш ҳисобидан 3 та янги ва модернизация қилинган замонавий енгил саноат корхоналари ишга тушди. 2017-2021 йилларда умумий қиймати 400 миллард АҚШ доллари миқдорида 649 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилиб, кейинги 5 йилда саноат маҳсулотларини ишлаб чиқариш 1,5 марта, унинг ялпи ички маҳсулотдаги улуши 33,6 фоиздан 36 фоизга, қайта ишлаш тармоғи 80 фоиздан 85 фоизга ошади[4].

2017 йилги иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишлари изчил амалга оширилиши туфайли мамлакатимизда мустаҳкам иқтисодий ўсишнинг юксак суръатларини сақлаш таъминланди. Дастлабки баҳолашга кўра, 2017 йилда ялпи ички маҳсулот (ЯИМ) ҳажми жорий нархларда 249 136,8 млрд. сўмни ташкил этди. ЯИМнинг реал ўсиш суръати ўтган йилга нисбатан 105,3 фоизни ташкил этди.

1-жадвал.

2017 йилда ЯИМнинг иқтисодий фаолият таркиби

Млрд сўм.
2016 йил январь -сентябрга нисбатан
ЯИМ (ЯҚҚ) ўсишига тармоқларнинг таъсири, фоизда
2016 й.
2017 й.
ЯИМ, жами
198 871,6
249 136,4
105,3
5,3
Шу жумладан;
тармоқларнинг ялпи қўшилган қиймати
178 053,1
223 829,8
105,3
4,8
 
Маҳсулотга соф солиқлар
20 818,5
25 306,6
105,3
0,5
Тармоқларнинг ялпи қўшилган қиймати
178 053,1
223 829,8
105,3
5,3
Қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги
32 276,8
43 149,8
102,0
0,4
Саноат (қурилишни қўшган ҳолда)
58 546,0
74 876,1
104,8
1,5
Саноат
45 398,0
59 650,9
104,6
1,1
Қурилиш
13 148,0
15 225,2
105,6
0,4
Хизматлар
87 230,3
105 803,9
106,9
3,4
Савдо, уюшмаси ва овқатланиш бўйича хизматлар
19 833,2
25 773,9
103,9
0,4
Ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа
21 113,0
24 553,2
108,9
1,1
Бошқа хизмат тармоқлари
46 284,1
553476,8
107,3
1,9

*Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосан муаллиф ишланмаси.

Иқтисодиётнинг асосий тармоқларида кузатилган ўсиш суръатлари ЯИМ ўсишида асосий омил бўлиб хизмат қилди. Хизматлар соҳаси энг катта таъсир кўрсатди ва бу соҳа ўтган йилга нисбатан 6,9 фоизга ошди. Жумладан, савдо, яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар – 3,9 фоизга (ЯИМ таркибидаги улуши –11,5 фоиз), ташиш ва сақлаш, ахборот ва алоқа – 8,9 фоизга (11,0 фоиз) ва бошқа хизматлар – 7,3 фоизга (24,8 фоиз) ўсди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалигида ҳам 2,0 фоиз даражасида ижобий ўсиш суръати кузатилди. Ушбу тармоқнинг ЯИМ таркибидаги улуши 19,2 фоизни ташкил этди. Қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги тармоғидаги ўсиш суръати ҳисобидан ЯИМнинг 0,4 фоиз пунктга ўсиши таъминланди. Саноат тармоғининг қўшилган қиймати 4,6 фоизга ўсди ва ЯИМ таркибидаги улуши 26,7 фоизни ташкил этди. Саноат ишлаб чиқаришининг ЯИМ мутлоқ ўсиши суръатига ижобий таъсири 1,1 фоиз пункт даражасида баҳоланди. Саноат тармоғидаги ўсиш асосан тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш (114,6 фоиз) ва ишлаб чиқарадиган саноат (102,8 фоиз) қўшилган қийматларининг ўсиши ҳисобига таъминланди.

2-жадвал.

2017 йилда саноат ишлаб чиқаришининг ўсиши
 
Саноатнинг ялпи қўшилган қиймати таркиби, жамига нисбатан фоизда
2016 йил январь-сентябрда нисбатан,
фоизда
2016 й.
2017 й.
Саноат – жами
100,0
100,0
104,1
Ишлаб чиқариш саноати
72,7
70,4
102,5
Электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондицациялаш
8,7
8,5
104,8
Сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш
0,8
0,8
107,3

*Манба: Давлат статистика қўмитаси маълумотларига асосан муаллиф ишланмаси.

 

Саноат ишлаб чиқариш индекси даражасининг ўзгаришига қуйидаги омиллар ижобий таъсир кўрсатди:

– тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлашда: табиий газ қазиб олиш бўйича қўшимча қувватларнинг ишга туширилиши, “Ўзбекнефтегаз” АЖ корхоналари ва очиқ конларда ишлайдиган корхоналарнинг барқарор фаолияти. Бунинг натижасида газ конденцати қазиб олиш ҳажми 6,5 фоиз, нефть ва табиий газни қазиб олиш учун бурғулаш қурилмаларини ўрнатиш, таъмирлаш ва улар билан боғлиқ хизматлар 92,5 фоиз, шағал 20,7 фоиз, майдаланган тош ишлаб чиқариш 11,8 фоизга ошди;

– ишлаб чиқарадиган саноатда: машина ва ускуналарни тайёрлаш, таъмирлаш ва ўрнатиш, автотранспорт воситалари, трейлерлар, ярим прицеплар ва бошқа тайёр металл буюмларни ишлаб чиқаришга ихтисослаштирилган “Ўзавтосаноат” АК корхоналарида маҳсулотлар ҳажмининг ошиши. Бунинг натижасида, енгил автомобиллар (махсусларисиз) ишлаб чиқариш 90,8 фоизга ошди;

– электр, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялашда: “Ўзбекэнерго” АЖ бўлинмалари ва “Ўзтрансгаз” АК корхоналари ишлаб чиқариш ҳажмларининг ошиши. Бу эса, газсимон ёқилғиларни ишлаб чиқариш ва тарқатиш ҳажмларининг 13,0 фоизга, иссиқлик электр марказлари томонидан электр энергияси ишлаб чиқаришнинг 5,8 фоизга ошиши билан изоҳланади;

– сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилишда: сув қувурлари орқали сувни тозалаш ва тақсимлаш бўйича хизматлар 14,4 фоизга, оқова сувларини чиқариб ташлаш ва транспортировка қилиш ҳамда уларни қайта ишлаш бўйича хизматлар 11,0 фоизга ошди.

Шу билан бирга, ишлаб чиқариш индекси даражасига қуйидаги тармоқларда махсулотлар тайёрлаш ҳажмининг камайиши салбий таъсир кўрсатди:

– озиқ-овқат, ичимликлар ва тамаки маҳсулотларини ишлаб чиқариш (ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 98,2 фоиз). Мазкур фаолият тури бўйича ўсиш суръатининг камайиши шакар (ўтган йилнинг тегишли даврига нисбатан 92,8 фоиз), тамаки маҳсулотлари (91,6 фоиз) ва бошқа маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳажмининг пасайиши билан изоҳланади;

– тўқимачилик, кийим, тери маҳсулотларини ишлаб чиқариш (99,4 фоиз). Бу эса, асосан пахта толаси ишлаб чиқаришининг пасайиши (87,0 фоиз) билан боғлиқ;

– кимё маҳсулотлари, резина ва пластмасса буюмларини ишлаб чиқариш (98,2 фоиз). Бу эса, карбамид (80,2 фоиз), аммоний нитрат (75,2 фоиз), сувсиз аммиак (81,9 фоиз), аммоний сулфат (81,5 фоиз) ишлаб чиқаришининг пасайиши билан изоҳланади.

Мазкур тармоқларнинг ишлаб чиқарадиган саноатдаги улуши 57,0 фоизни, жами саноат маҳсулотлари ҳажмида эса 45,0 фоизни ташкил этади.

Саноатни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилиш жараёнларини чуқурлаштиришга оид фаол инвестиция сиёсатининг амалга оширилиши ўзлаштирилган капитал қўйилмалар ҳажмининг 9,5 фоизга ва пудрат-қурилиш ишларининг 15 фоизга ўсиши имконини берди [10].

1. Юқорида баён қилинган ва келтирилганлардан келиб чиқиши мумкин бўлган энг умумий хулоса шундан иборатки, бугунги кунда саноат тармоқларида фаолият кўрсатаётган корхоналар республикамиз иқтисодиётида стратегик аҳамиятга эга бўлиб, улар мамлакатимизнинг ЯИМини ишлаб чиқаришда, бюджет даромадларини шакллантиришда, асосий капиталга инвестицияларда ва ташқи иқтисодий фаолиятда ҳал қилувчи ролни ўйнамоқда.

2. Амалга оширилган илмий тадқиқотлар натижаларининг кўрсатишича, мамлакатимиз саноат тармоқлари учун менежмент жараёнларининг бир неча замонавий хусусиятлари мавжуд бўлиб, улар бу корхоналарнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлашда, албатта, ҳисобга олиниши керак.

3. Ўзбекистон Республикаси саноат тармоқларидаги иқтисодий ўсишнинг замонавий хусусиятлари бу менежмент стратегиясидан қандай даражада фойдалангани билан боғлиқ. Иқтисодий муносабатларнинг саноат тармоқлари корхоналарига тегишли бўлган бу замонавий хусусияти, ўз навбатида, бу тармоқнинг мамлакатимизда мазкур соҳани янада ривожлантириш мақсадида сифат ўзгаришларини таъминлашга қаратилган туб стратегияни амалга оширилиши, саноат зоналарини ривожлантириш бўйича кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширилиши ва чет эл инвестицияларини мамлакатга жалб қилиниши меҳнат ресурсларга бой бўлган ҳудудларда ишлаб чиқариш инфратузилмасини узлуксиз ишлайдиган ҳамда сифатли логистика имкониятларга эга саноат зоналарини барпо этишда янада кўпроқ имкониятларга эришишини таъминлайди.

4. Хорижий мамлакатлар капитали иштирокидаги саноат корхоналарида замонавий билим ва техникадан фойдалана оладиган кадрлар тайёрлаш тизимини йўлга қўйилиши мамлакатимиз илмий-техник ва ишлаб чиқариш салоҳиятини юксалтириш, саноатда туб таркибий ўзгаришларни амалга ошириш имконини беради.

Моҳигул КУТБИТДИНОВА,

Давлат солиқ қўмитаси

“Солиқ академияси” кафедраси мудири.

 

Аннотация

Мақолада ишлаб чиқаришни модернизация ва диверсификация қилиш, барқарор иқтисодий ўсиш локомотивлари бўлишга қодир юқори технологияли саноат тармоқларини янада ривожлантириш, жумладан, етакчи хорижий компаниялар билан ҳамкорликда қўшма корхоналар ташкил этишда самарали бошқарув қарорлари тадқиқ этилган.

 

В статье рассмотрены вопросы модернизации и диверсификации производства, развитие высокотехнологичных промышленных отраслей способных обеспечивать устойчивые экономический рост, в том числе организация совместных предприятий с ведущими зарубежными компаниями.

 

Modernization and diversification of production, high technological industry for economic improvement and opening joint venture companies with top business in the overseas are covered in the article.

Калит сўзлари: модернизация, диверсификация, инвестиция, узоқ муддатли тараққиёт стратегияси, ялпи ички маҳсулот, ижтимоий-иқтисодий тараққиёт, қайта ишлаш, рақобатбардош тайёр товарлар ва ярим фабрикатлар.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ш.М.Мирзиёев. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ўрганиш бўйича Илмий-услубий рисола. Тошкент, “Маънавият” 2017, 110-бет.

2. Ш.М.Мирзиёев. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак// Халқ сўзи. 2017 йил 15 январь. 2017 йил 11 ноябрь.

3. Ш.М.Мирзиёев. Демократик ислоҳотларни изчил давом эттириш, ҳалқимиз учун тинч ва осойишта, муносиб ҳаёт даражасини яратиш – барқарор тараққиёт кафолатидир. Ўзбекистон Леберал-демократик партиясининг VIII съездидаги маърузаси. Ўзбекистон Леберал-демократик партиясининг расмий сайти.

4. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясидаги нутқи (Нью-Йорк шаҳри, 2017 йил 19 сентябрь) (Халқ сўзи, 2017 йил 20 сентябрь).

5. B.Каttakisiev, I.Мамаyusupov. Strategik menejment fanidan praktikum. – T., “Fan va texnologiyasi”, 2008,232 bet.

6. I.O.Ulashev, Sh.A.Atamurodovlar. Korhona iqtisodiyoti va mehejment: darslik/ O’zbekiston Resbublikasi Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi. – T: Tafakur Bo’stoni, 2013-232 b.

7. R.I.Nurimbetov, S.I.Ahmedov Ishlab chiqarish menejmenti. O’quv qo’llanma. O’zbekiston Resbublikasi Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi. – T.: “Talqin”, 2008. – 112 bet.

8. R.I.Gimush, F.M.Matmurodov. Innovatsion menejment: O’zbekiston Resbublikasi Oliy va o’rta maxsus ta’lim vazirligi.– T.: O’zbekiston faylasuflari milliy jamiyati nashriyoti, 2008. – 144 b.

9. D.S.Qosimova. Menejment nazariyasi: Darslik /-toshkent, “Tafakur Bo’stoni”. 2011. 336 b.

10. 2015 йил 4 мартдаги “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизация ва диверсификация қилишни таъминлаш бўйича чора-тадбирлар дастури тўғрисида”ги ПФ-4707-сонли фармони.

11. https://stat.uz/uz/press-sluzhba/

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"