Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1883
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
100054
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 356 658
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Иқтисодиётнинг етакчи тармоқларида хорижий инвестицияларнинг роли

Маълумотларга кўра, мамлакатимизда 2017 йилда асосий капиталга киритилган инвестициялар ҳажми 60,7 триллион сўмни, жумладан, хорижий инвестициялар 16,3 триллион сўмни ташкил этган. Мамлакатимизда инвестиция муҳити яхшилангани натижасида иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудларга тўғридан-тўғри сармоялар фаол кириб келмоқда. Хусусан, 2018 йилнинг беш ойида 776 та янги қўшма ва хорижий корхона рўйхатдан ўтказилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 496 тага кўпдир. Шунингдек, жорий йилда хорижий инвестициялар иштирокида 377 та ҳудудий ва 148 та тармоқ лойиҳалари амалга оширилиши белгиланган (1).

Биз ушбу маълумотларни бежиз келтирмадик. Зеро, инвестициялар корхоналарда кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни таъминлашнинг моддий асоси ҳисобланади. Шунинг учун ҳам инвестициялардан оқилона ва самарали фойдаланиш ҳар бир давлат ҳамда корхонанинг иқтисодий ривожланиши учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатида чет эл инвестицияларини, айниқса тўғридан-тўғри шаклдаги инвестицияларни иқтисодиётга кенгроқ жалб этишга устуворлик берилган. Тўғридан-тўғри инвестициялар реал инвестициялар бўлиб, уни киритиш объектларини танлашда ва корхона фаолиятини бошқаришда инвестор ўзи иштирок этади.

Тўғридан тўғри инвестициялар асосан бошқа корхоналарнинг устав жамғармаларига капиталларни бевосита киритиш орқали амалга оширилади. Тўғридан тўғри инвестиция киритишни одатда инвестициялаш объекти тўғрисида тўлиқ маълумотга эга ва мазкур давлатнинг инвестиция қабул қилиш механизми билан яхши таниш бўлган инвесторлар амалга оширади (2).

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида жорий йилнинг 21 июнь куни бўлиб ўтган тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлилига бағишланган видеоселекторда ҳам давлатимиз раҳбари лойиҳаларни амалга ошириш жараёнларини енгиллаштириш долзарб масала эканини таъкидлади.

Президентимизнинг яқинда қабул қилинган “Инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини жадал амалга ошириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори шу мақсадга хизмат қилади. Ушбу ҳужжатга мувофиқ, бундан буён Президент ва ҳукумат қарорлари асосида амалга ошириладиган инфратузилма лойиҳалари бўйича лойиҳаолди ва лойиҳа ҳужжатларини экспертиза қилишда тўлов олинмайди.

Шу билан бирга, давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар, Тикланиш ва тараққиёт жамғармаси маблағлари, ҳукумат кафолатлаган кредитлар ҳисобидан товарларни давлат учун харид қилиш бўйича тендер ҳужжатлари ва импорт шартномаларини экспертиза қилишда ҳам ҳақ тўланмайди (3). Дастлабки ва якуний техник-иқтисодий асосларни комплекс экспертиза қилиш учун тўланадиган тўлов миқдори 4 баробаргача қисқартирилди.

Яна бир эътиборли жиҳати, халқаро молия институтларининг кредитлари ҳисобига амалга ошириладиган ёки бир босқичли лойиҳалар бўйича молиявий-иқтисодий ҳисобот ишлаб чиқиш талаби бекор қилинди. Президентимиз қарорда белгиланган чора-тадбирларни изчил амалга ошириш, инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари бўйича ҳужжатлар тайёрлаш, экспертиза қилиш ҳамда тасдиқлашнинг янги, янада соддалаштирилган тартибини ишлаб чиқиш бўйича топшириқлар берди.

Жорий йил учун тасдиқланган инвестиция ва инфратузилма лойиҳалари рўйхатига киритилган, бажарилишида сусткашликка йўл қўйилган ҳар бир лойиҳани жадаллаштириш зарурлиги таъкидланди. Қишлоқ ва шаҳарларда арзон уй-жойлар, ичимлик сув тармоқлари ва бошқа ижтимоий объектлар қуришни молиялаштириш ҳамда ўз вақтида фойдаланишга топшириш бўйича аниқ вазифалар қўйилди.

Давлат бюджети ва бюджетдан ташқари жамғармалар ҳисобидан 2 минг 44 та ижтимоий ва инфратузилма объектларини қуриш, реконструкция қилиш ва капитал таъмирлаш кўзда тутилган. Уларнинг аксариятида қурилиш-монтаж ишлари бошлаб юборилган. Молиялаштириш ишлари кечикаётган объектларда ишларни тезлаштириш зарурлиги қайд қилинди. Шунингдек, йиғилишда 16 объект бўйича лойиҳа-смета ҳужжатларини ишлаб чиқиш якунланмагани, 70 та объектнинг лойиҳа-смета ҳужжатлари экспертизадан ўтказилмагани, 248 та лойиҳани амалга ошириш юзасидан пудрат ташкилотлари аниқланмагани танқид қилинди.

Мамлакатимизда хорижий давлатларга ташрифлар ва музокаралар натижасида қиймати 17 миллиард доллар бўлган 182 та истиқболли лойиҳани амалга ошириш тўғрисида бирламчи келишувга эришилган. Ушбу инвестицияларни ўзлаштириш бизнес-режа ва техник-иқтисодий асосларни тайёрлаш билан боғлиқ.

Жаҳон иқтисодиётида инвестиция фаолиятини тартибга солиш ва рағбатлантириш бўйича катта тажриба тўпланган. Мустақиллик йилларида ана шу тажрибаларни инобатга олган ҳолда, Ўзбекистонда инвестиция фаолиятини ташкил этиш, юритиш, тартибга солиш ҳамда қўллаб-қувватлаш тизими яратилди. Ушбу тизимнинг амал қилишини таъминлаш учун зарур қонунчилик ҳужжатлари қабул қилинган       ва улар амалиётда инвестиция фаолиятини тартибга солишда кенг қўлланилмоқда.

Тўғридан-тўғри инвестициялар Ўзбекистон Республикасининг “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги ҳамда “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги қонунлари ҳамда бошқа тегишли ҳужжатлар билан тартибга солинади. Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда қабул қилинган очиқ иқтисодий муносабатларга асосланган инвестиция сиёсатининг тамойилларига тўлиқ риоя қилиш, у билан боғлиқ чора-тадбирларни изчил амалга ошириб бориш ҳамда жозибали инвестиция муҳити – мамлакатимиз иқтисодиётига турли молиялаштириш манбаларидан асосий капиталга киритилаётган инвестициялар ҳажми кўпайиб боришига олиб келмоқда.

Соҳада фаолият олиб бораётган назариётчи ва амалиётчи мутахассисларнинг таъкидлашича, айни пайтдаги мавжуд мухит қуйидаги хулосаларга келиш имконини беради:

– инвестицияларни молиялаш манбалари таркибида марказлашмаган инвестициялар, яъни корхоналар, аҳоли, банклар ҳамда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларининг ошиб бориши, мамлакатимизда олиб борилаётган инвестиция сиёсатининг самарадорлигини ҳамда инвестициялаш стратегияси тўғри танланганлигини кўрсатади;

– корхоналарнинг асосий капиталга йўналтирилаётган инвестицияларининг ошиб бориш тенденцияси, улар иқтисодиёти мустаҳкамланиб, ривожланиши барқарорлашганлигидан далолат беради;

– аҳолининг асосий капиталга киритаётган инвестиция маблағларининг кўпайиши, улар даромади ҳамда жамғармаларининг муттасил ўсиб бораётгани ҳамда аҳолининг турмуш сифати ошаётганлигини кўрсатади.

Президентимиз томонидан тасдиқланган “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”да “Иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштиришнинг устувор йўналишари” бўлими мавжудлиги ҳам бежиз эмас (4). Унда таъкидланганидек, иқтисодиётни янада ривожлантириш ва либераллаштиришга йўналтирилган макроиқтисодий барқарорликни мустаҳкамлаш ва юқори иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш, қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш ва жадал ривожлантириш, иқтисодиётда давлат иштирокини камайтириш бўйича институционал ва таркибий ислоҳотларни давом эттириш, хусусий мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш ва унинг устувор мавқеини янада кучайтириш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик ривожини рағбатлантириш, ҳудудлар, туман ва шаҳарларни комплекс ва мутаносиб ҳолда ижтимоий-иқтисодий тараққий эттириш, инвестициявий муҳитни яхшилаш орқали мамлакатимиз иқтисодиёти тармоқлари ва ҳудудларига хорижий сармояларни фаол жалб этиш вазифалари қўйилган. Бундан ташқари, халқаро иқтисодий ҳамкорликни янада ривожлантириш, жумладан, етакчи халқаро ва хорижий молиявий институтлар билан алоқаларни кенгайтириш, пухта ўйланган ташқи қарзлар сиёсатини амалга оширишни давом эттириш, жалб қилинган хорижий инвестиция ва кредитлардан самарали фойдаланиш, инвестиция муҳитини такомиллаштириш, мамлакат иқтисодиёти тармоқларига ва ҳудудларига хорижий, энг аввало, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни фаол жалб қилиш лозимлиги таъкидланган.

Шу билан бир вақтда мамлакатимиз иқтисодиётига жалб қилинаётган тўғридан тўғри чет эл инвестициялари ва кредитлари ҳажмининг ошиб бориши, Ўзбекистондаги инвестиция сиёсатининг рағбатлантирувчи омилларнинг хорижий сармоядорлар учун қулайлиги ҳамда корхоналарнинг иқтисодий жиҳатдан жозибадорлиги юқори эканлигини кўрсатади.

Ўзбекистон қонунчилигида тўғридан тўғри чет эл капитали иштирокидаги турли шаклдаги корхоналар ташкил этиш ва улар фаолиятини юритиш тамойиллари белгилаб қўйилган. Ушбу тоифадаги корхоналар қатори қуйидача тартибланади:

а) тўғридан тўғри чет эл инвестициялари иштирокидаги қўшма корхоналар;

б) мол-мулки 100 фоиз чет эл компаниялари ёки фуқароларига тегишли бўлган корхоналар;

в) мулкида чет эл инвесторлари улуши бўлган хусусийлаштирилган корхоналар;

г) йирик хорижий трансмиллий компаниялар шўъба корхоналари ва филиаллари;

д) инвестиция мажбурияти ҳисобига “ноль” қийматда хорижий инвестор томонидан хусусийлаштирилган корхоналар (5).

Республикамизда ушбу тоифага кирувчи корхоналар сони йилдан-йилга кўпаймоқда, улар иқтисодиёти барқарор ривожланиш тенденциясига эга. Ушбу йўналишларда белгиланган тадбирларни ўз вақтида самарали ҳал этиш Ўзбекистон иқтисодиётига мамлакатимиз ҳамда хорижий инвесторларни янада кенг жалб этиш, янги иш ўринларини яратиш, аҳоли турмуш сифатини оширишга кенг имкониятлар яратади. Шу билан бир вақтда, юқорида номи тилга олинган Фармон тадбирлари ЯИМда хусусий мулк, жумладан, чет эл капитали иштирокидаги улушни оширишга қаратилган ва ушбу устувор вазифани амалий ҳал этиш асосини Ўзбекистон Президентининг 2015 йил 28 апрелда қабул қилинган “Иқтисодиётда хусусий мулк аҳамияти ва улушини ошириш тўғрисида”ги 2340-қарори ташкил этади. Мазкур қарорга кўра, хусусийлаштирилган корхона ва ташкилотлар мулкида давлат ва хўжалик бошқарув органларига тегишли улушлар ва бошқа давлат активлари, иқтисодиётда хусусий мулк роли ва аҳамиятини ошириш ҳамда чет эл инвестицияларини жалб этишни кенгайтириш мақсадларида уларни хусусий инвесторларга, биринчи навбатда хорижий инвесторларга сотишни кенгайтириш кўзда тутилган (6). Қарорда стратегик инвесторларга 68 та йирик акциядорлик жамиятларининг давлат ва хўжалик бошқарув органларига тегишли бўлган акция улушлари сотилиши белгилаб қўйилган. Шунингдек, хўжалик жамиятлари ва бошқарув органларига тегишли давлат активларини, корхоналарни модернизация қилиш, ишлаб чиқаришни техник қайта қуроллаштириш, рақобатбардош маҳсулотлар чиқаришни ташкил этиш мақсадларида очиқ савдоларда хусусий мулкка, биринчи навбатда хорижий инвесторларга сотиш амалга оширилади.

Ушбу чора-тадбирлар иқтисодиётда хусусий мулк улуши ошишини таъминлаш билан бирга, давлатнинг иқтисодиётдаги иштирокини ҳам камайтиради. Шу билан бирга, бу чет эл инвестицияларини кўпайтириш ва улар иштирокидаги корхоналарнинг ЯИМ улушини ошиб боришини янада тезлаштиради.

Дилшода ЙУЛДОШЕВА,

Қорақалпоқ Давлат университети

“Молия” кафедраси ўқитувчиси.

Дастан САБЫРБАЕВ,

4-курс “молия” гуруҳи талабаси.

 

Аннотация

Ўзбекистоннинг инвестиция сиёсатида хорижий инвестицияларни, айниқса, тўғридан-тўғри шаклдаги инвестицияларни иқтисодиётга кенгроқ жалб этишга устувор аҳамият берилган. Ушбу реал инвестицияларни киритиш объектларини танлашда ва корхона фаолиятини бошқаришда инвестор ўзи иштирок этади. Мақола муаллифлари мазкур мавзу юзасидан атрофлича мулоҳаза юритадилар.

В инвестиционной политике уделено значительное внимание широкому привлечению зарубежных инвестиций, в часности прямых инвестиций. В выборе объектов привлечения инвестиций и управлении деятельностью предриятия участвует сам инвестор. Авторы статьи рассуждают об этом. 

Калит сўзлар: инвестиция, чет эл инвестициялари, капитал, марказлашган ва марказлашмаган инвестициялар, қўшма корхоналар, иқтисодиёт, мулк, трансакция харажатлари.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида “Тармоқлар ва ҳудудларда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ҳолати, тўғридан-тўғри хорижий инвестицияларни жалб этиш ва ўзлаштириш натижалари таҳлили”га бағишланган видеоселектор. Халқ сўзи, 2018 йил 22 июнь.

2. “Инвестиция фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни. 1998 йил 24 декабрь, 719-I-сон.

3. “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни, 1998 йил 30 апрель // Ўзбекистоннинг янги қонунлари. – 1998.-19. – Т.: Адолат, 136-149 б.

4. “2017-2021 йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар стратегияси”.

5. Шарп У. и др. Инвестиции: учебник. МИР, 1994. – 704с.

6. Экономика Узбекистана. Информационно-аналитический бюллетень за 2015 год. Ташкент, 2016. -87с.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"