Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1734
8187
8575

-388
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
140777
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 397 381
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Чорвачиликда агросервисни инновацион ривожлантириш истиқболлари

Чорвачилик – қишлоқ хўжалигининг муҳим тармоқларидан бири. У муҳим озуқа маҳсулотлари – сут, гўшт, тухум, асал, балиқдан олинадиган оқсил моддасининг манбаи ҳисобланади, саноат ишлаб чиқариши ва қайта ишлаш саноатини сут, гўшт, тери, жун, пилла ва бошқа хомашёлар билан таъминлашга, ўсимликлар учун органик ўғитлар тайёрлаб беришга хизмат қилади [2].

Республикамизда бозор иқтисодиёти шароитида чорвачилик маҳсулотларига бўлган  талабни қондириш, тармоқда кенг кўламли ислоҳотларни изчил амалга ошириш борасида диққатга сазовор ишлар қилинмоқда. Бунда тегишли қонунлар, қарор ва фармонлар муҳим аҳамият касб этмоқда. Президентимиз Шавкат Мирзиёев Олий Мажлисга Мурожаатномасида таъкидлаганидек, “Чорвачилик соҳасига тўхталадиган бўлсак, қорамол ва парранда сонини кўпайтириш, бу борада сифат ва маҳсулдорликка эришиш учун етарли шароит яратишимиз зарур. Яқин истиқболда ҳар бир туманда ихтисослаштирилган бўрдоқичилик комплекслари, юқори технологик паррандачилик фабрикалари, шунингдек, иссиқхона  хўжаликлари ташкил этилиши лозим” [1].

Масалага шу жиҳатдан қараганда, чорвачилик тармоғида агросервисни ривожлантириш зарурати кун сайин кучайиб бормоқда. Бу эса ушбу муаммоларнинг илмий ечимларини топиш, тармоққа хизмат кўрсатувчи инфратузилмани ривожлантириш учун ҳар томонлама пухта таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб вазифаси эканлигини англатади.

Соҳадаги иқтисодий ислоҳотлар, таркибий ўзгаришлар ва диверсификациялаш самараси ўлароқ, бултур юртимизда чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми 21 076,4 миллиард сўмни ёки 2016 йилгига нисбатан 104,2 фоизни ташкил этди. Тайёрланган қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари умумий ҳажмида чорвачилик маҳсулотларининг улуши 31 фоизга етди. Ўтган йили барча тоифадаги хўжаликлар томонидан тирик вазнда 2 281,1 минг тонна гўшт (2016 йилгига нисбатан 5 фоиз кўп), 10 083,2 минг тонна сут (3,9 фоиз), 6 605,5 миллион дона тухум (7,4 фоиз), 30,1 минг тонна жун, 1 089,7 (3,3 фоиз) минг дона қоракўл тери ишлаб чиқарилди.

Бу кўрсаткичларни хўжаликлар тоифалари бўйича таҳлил қилсак, тирик вазндаги гўштнинг умумий ҳажмидан 94 фоизи, сутнинг 95,6 фоизи, тухумнинг 60,8 фоизи, жуннинг 87,5 фоизи, қоракўл терининг 83,2 фоизи деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари ҳиссасига тўғри келганининг шоҳиди бўламиз.

Республикамизнинг барча турдаги хўжаликларида чорва моллари таркиби иқтисодий ислоҳотлар ва таркибий ўзгаришлар ҳамда диверсификациялаш натижасида қуйидагича ўзгарди (1-жадвал).

1-жадвал

Барча турдаги хўжаликларда чорва моллари таркиби (2005-2017 йиллар), фоизда

Йиллар

Барча турдаги хўжаликларда

шу жумладан:

Қишлоқ хўжалиги корхоналари

Фермер хўжаликлари

Деҳқон хўжаликлари

Қорамоллар
2005 й.
100
3,7
5,0
91,3
2017 й.
100
1,2
4,8
94,0
Қўй ва эчкилар
2005 й.
100
23,2
4,0
72,8
2017 й.
100
5,2
10
84,8
Паррандалар
2005 й.
100
27,7
4,1
68,2
2017 й.
100
26,6
11,5
61,9

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида ҳисобланган.

Мамлакатимизда чорвачилик тармоғига агросервис хизмат кўрсатиш қуйидаги янгича ёндашувларни талаб қилади:

– наслчиликда илмий-тадқиқот ишларини ривожлантириш;

– чорвачилик озуқа базасини мустаҳкамлаш, озуқабоп экинлар етиштириладиган майдонларни кенгайтириш;

– чорвачилик уруғчилигини ташкил этиш;

– зооветеринария хизматларини тубдан яхшилаш.

Чорвачиликда самарадорликка эришиш учун юқорида тилга олинган тадбирлар ижросини таъминлашни оқилона йўлга қўйиш лозим. Шундай экан, диёримизда аҳоли истеъмоли учун белгиланган тиббий меъёрларга мос чорвачилик маҳсулотлари етиштириш учун хизмат кўрсатувчи инфратузилмани ташкиллаштириш жараёнидаги муаммоларни ўрганиш ва уларни ижобий ҳал этиш йўлларини кўрсатиш мақсадга мувофиқдир [2].

Глобал иқлим ўзгариши, яйловлар деградацияси, аҳолининг демографик ўсиши ва озиқ-овқат маҳсулотларига талаб ортиб бориши мавжуд ресурсларни янада самаралироқ истифода қилишни, жумладан, чорвачилик маҳсулотлари етиштиришда агросервис хизмат кўрсатиш соҳасидан тизимли фойдаланишни талаб қилмоқда. Зеро, агросервис хизмат кўрсатишни инновацион ривожлантирмай туриб, чорвачиликда ютуқларга эришиб бўлмайди. Бу эса, ҳудудларда агросервис хизмат кўрсатишни намунали йўлга қўйишни, айниқса, наслчилик ва зооветеринария хизматларини, чорва молларини рацион асосида озиқлантиришни, маҳсулотларни қайта ишлашни ташкил этишни ривожлантиришни тақозо этади. Аниқланган  муаммоларни ижобий ҳал этиш учун чорвачилик тармоғида тизимли равишда агросервис хизмат кўрсатишни инновацион жиҳатдан ривожлантиришни таъминлаш бўйича илмий-тадқиқот ишларини олиб бориш долзарб вазифалар сирасига киради [3].

Бинобарин, чорвачилик маҳсулотлари етиштириш узлуксизлигини таъминлаш ва маҳсулдорлигини оширишда хизмат кўрсатиш инфратузилмасини инновацион ривожлантириш беқиёс аҳамиятга эга. Тармоқда маҳсулот етиштиришни унга агросервис хизмат кўрсатувчи омилларни, уларнинг таъсирини эътиборга олган ҳолда тизимли таҳлил қилиш жоиз. Президентимизнинг “Фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари фаолиятини янада ривожлантириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, хўжалик юритувчи субъектларни ташкилий ва амалий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш мақсадида туман фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари кенгашлари ҳузурида уларга комплекс агросервис хизмат кўрсатиш марказлари ташкил этилди. Бу марказларда консалтинг ва воситачилик хизматлари кўрсатиш, моддий-техник воситаларни етказиб бериш, банк кредитлари ажратиш, ходимларни қайта тайёрлаш, малака ошириш ўқув ва амалий курсларини ўтказиш, шунингдек, кооперация муносабатлари бўйича хизматларни ташкиллаштириш ишлари амалга оширилади.

Юртимизда чорва моллари зотини наслини яхшилаш ва маҳсулдорлигини оширишга охирги беш йил ичида 213 миллиард сўмлик кредитлар йўналтирилди.  Бугунга қадар хориждан 18 191 бош наслли қорамол келтирилди. Чорвачиликка ихтисослашган фермер хўжаликлари томонидан эса биргина 2016 йил мобайнида чет эллардан 8737 бош наслли қорамол олиб келинди. Чорва молларига 2616 та зооветеринария пункти томонидан тегишли хизмат кўрсатилди, 2465 минг бош сигир ва урғочи тана сунъий уруғлантирилди.

Чорвачилик тармоғида агросервисни инновацион ривожлантириш асноси  қуйидагиларга алоҳида эътибор қаратиш  зарур:

– чорвачилик соҳасини инновацион ривожлантириш давлатнинг доимий назоратида бўлиши лозим. Шунингдек, фермерлар фаолиятини бозорга мослаштиришда кооперативлар кўринишидаги нодавлат ташкилотларни қўллаб-қувватлаш орқали агросервис хизматлар сифатини оширишга кўмаклашиш мумкин;

– мамлакатда профессионал кооперативларни ривожлантиришга аҳамият бериш керак;

– чорвачилик маҳсулотлари етиштирувчи фермер хўжаликлари, чорва моллари наслчилиги билан машғул тармоқлар, маҳсулотларни қайта ишловчи бўғинлар, зооветеринария соҳасидаги илмий тадқиқотларни ва савдо-тижорат соҳаси манфаатларини уйғунлаштириш даркор.

Чорвачиликни инновацион ривожлантиришда биологик йўналишлар алоҳида ўрин тутади, яъни чорва молларининг генетик имкониятларини кўпайтиришга жиддий эътибор қаратилади. Техник-технологик йўналишлар эса ресурслар ва энергияни тежовчи воситаларни қўллаш орқали соҳада ресурслардан фойдаланиш самарадорлигини оширади.

Чорвачиликдаги инновацион жараёнларнинг ташкилий йўналишлари:

– маҳсулотларни қайта ишлаш, сақлаш, қадоқлаш ва транспортда ташиш бўйича инфратузилма лойиҳаларини ишлаб чиқиш;

– маҳсулот сотиш каналларини кўпайтириш ва яхшилаш;

– инновацион лойиҳаларни инвестициялар билан таъминлаш.

Чорвачиликда инновацион жараёнларнинг иқтисодий йўналишлари:  

– ФТТни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш механизмини яратиш;

– инновацион инфратузилмани ташкил этиш ва ривожлантириш;

– интеграция жараёнларини равнақ топтириш;

– кадрлар малакасини ошириш ва чет эл тажрибасини ўрганишларига кўмаклашиш;

– чорвачилик фермаларининг оптимал ўлчамларини ва вариантларини ишлаб чиқиш.

Чорвачиликда инновацион жараёнларнинг ижтимоий йўналишлари:

– меҳнатни ташкил этиш ва рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш;

– меҳнат шароитларини яхшилаш;

– ишчиларнинг ижтимоий аҳволини яхшилаш механизмини янада мукаммаллаштириш.

Чорвачиликни инновацион ривожлантиришнинг ташкилий-иқтисодий йўналишлари  ишлаб чиқаришни тўғри ташкиллаштириш, юқори малакали кадрлар тайёрлаш каби чора-тадбирларни қамраб олиб, инновацион фаолиятнинг турли йўлларини мувофиқлаштириш имконини яратади. Инвестицион маблағлар чеклангани ҳисобга олинган ҳолда, тармоқнинг қисқа фурсатда барқарор ўсишини ва рақобатбардошлиги ошишини таъминлайдиган, қисқаси, нафақат самарали, балки камхарж ва ресурстежовчи йўналишларга устуворлик берилади [2].

Чорвачиликни инновацион ривожлантириш, авваламбор, ишлаб чиқаришни жадаллаштиришга бевосита боғлиқ бўлади. У мукаммал ва инновацион техника-технологияларни, шунингдек, ишлаб чиқаришни ва меҳнатни ташкил этишнинг янги шаклларини қўллаш эвазига мавжуд ресурслардан оқилона ва тўлиқ фойдаланиш, меҳнат унумдорлигини ошириш демакдир. Пировардида тармоқда қуйидаги кўрсаткичларга эришишимиз лозим:

– чорвачиликда маҳсулдорликнинг ошиши;

– сут таркибида ёғ ва оқсил миқдорининг кўпайиши;

– чорва молларининг бир кеча-кундузда семириши;

– озуқанинг тежалиши;

– инфекцион касалликларга чидамлилиги;

– сотиш нархи ва бир-бирлик маҳсулот ҳисобига унинг ошиши;

– чорва молларининг янги зоти ва турига нисбатан меҳнат сарфи;

– меҳнат, ишлаб чиқариш ва атроф-муҳитнинг экологик хавфсизлиги.

Тармоқда ҳамон ечимини топмаган муаммолар ҳам кўп. Улар қуйидагилардан иборат:

– ем-хашак экинлари етиштириш учун ажратилган умумий майдонлар улуши камлиги ва чорва моллари бош сонига нисбатан номутаносиб жойлашгани;

– озуқа экинлари майдонларидан унумли фойдаланиш ва экинлар ҳосилдорлиги пастлиги;

– ўрим-йиғим техникалари етишмаслиги, мавжудларининг аксарияти жисмонан ва маънан эскиргани;

– чорвачиликнинг механизациялашганлик даражаси нисбатан пастлиги. Сут ва гўшт каби асосий турдаги маҳсулотларнинг талай қисми (95 фоизи) деҳқон хўжаликлари улушига тўғри келишини ҳисобга олсак, сигирларни соғиш, молларни озиқлантириш, порисини тозалаш, шунингдек, чорвачилик маҳсулотларини сақлаш жараёнини механизациялаштириш даражаси пастлиги деҳқон хўжаликларининг молиявий имкониятларига боғлиқлиги маълум бўлади;

– тўла қамровли зооветеринария хизмати кўрсатилмаётгани. Бунинг асосий сабаби зооветеринария соҳасида мутахассис кадрлар етишмаслиги ва зооветеринария пунктларининг жиҳозланиши талабга жавоб бермаслиги билан изоҳланади.

Мамлакатимизда сўнгги йилларда зооветеринария хизматларини ривожлантиришга бағишланган бир нечта ҳуқуқий-меъёрий ҳужжат қабул қилинди. Янги таҳрирдаги “Ветеринария тўғрисида”ги қонун (2015 йил 29 декабрь), Вазирлар Маҳкамасининг “Ветеринария хизмати ёш кадрларини тайёрлашни янада такомиллаштириш, мутахассисларининг малакасини ошириш, шунингдек, уларни рағбатлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2016 йил 8 август) ҳамда “Давлат ветеринария хизмати тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги (2016 йил 25 октябрь) қарорлари шулар жумласидандир.

Биз чорвачилик тармоғини, чунончи, унга агросервис хизматлар кўрсатувчи объектларни инновацион ривожлантиришда хорижий мамлакатлар тажрибасини ўрганишни ва Ўзбекистон шароитида жорий этишни мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз.

Ушбу натижаларнинг сабаби сифатида қуйидагиларни кўрсатиб ўтиш мумкин:

– чорвачиликни ривожлантириш негизини чорва моллари генетикаси билан шуғулланиш асосида узоқ йиллик ва самарали мураккаб меҳнат маҳсули сифатида жайдари ҳамда наслли  моллар  зотларини яратишини ташкил этиш;

– ҳозир ҳам чорва моллари наслини яхшилаб бориш устида доимий равишда илмий тадқиқотлар олиб борилади. Буни илм-фанга берилган эътибор самараси, яъни ишлаб чиқаришга илмий таъминот томонидан агросервис хизмат кўрсатишни мукаммал даражада йўлга қўйиш деб баҳолаш мумкин;

–  ветеринария соҳасидаги хизматлар негизида моддий манфаатдорлик ётади. Масалан,  чорва молларининг касалланиши олдини олиш ва уларни даволаш билан шуғулланувчи илмий лабораторияга ўзимизда етиштириладиган ҳар литр сут баҳосидан 1 центдан маблағ ажратиш белгилангани лабораторияда ишлаш учун энг яхши мутахассисларни жалб этишга хизмат қилади.

Ойбек ҲУСАИНОВ,

ҚарМИИ мустақил изланувчиси.

Аннотация

Мақолада чорвачилик соҳасининг ҳозирги ҳолати, маҳсулот ишлаб чиқариш динамикаси ва унга хизмат кўрсатувчи агросервис объектларининг ривожланиш йўллари таҳлил қилинган. Шунингдек, ушбу агросервисни инновацион ривожлантириш истиқболлари асослаб берилган.

 

В данной статье анализируется современное состояние, динамика производства продукции животноводства и пути развития объектов агросервиса. А также обоснованы перспективы инновационного развития агросервиса в отраслях животноводства.

 

This article analyzes the current state, the dynamics of the production of livestock products and the ways of development of agricultural service facilities. And also the prospects of innovative development of agricultural service in livestock sectors are given assessments.

 

Калит сўзлар: чорвачилик, инфратузилма, агросервис, инновацион ривожланиш, консалтинг, кооперация, зооветеринария, ресурстежамкор, генетика (наслчилик), интеграция, механизация, диверсификация, экологик хавфсизлик.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси. Халқ сўзи газетаси, 2017 йил 23 декабрь.

2. Эргашев Р.Х. Қишлоқ хўжалиги иқтисодиёти. Дарслик. Тошкент, “EXTREMUM PRESS”, 2011 йил, 343-бет.

3. Эргашев Р.Х., Ҳамраева С.Н. Қишлоқ хўжалиги инфратузилмаси иқтисодиёти. Ўқув қўлланма. Тошкент, “Янги авлод”, 2012 йил, 332-бет.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"