Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
220
7798
8223

-425
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
122501
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 379 105
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Халқаро амалиётда бюджет федерализми моделларининг ўзига хос хусусиятлари

Ҳар қандай мамлакатнинг бюджет тизими ўзида барча даражадаги бюджетлар, давлат мақсадли жамғармалари бюджетлари ва бюджет ташкилотларининг бюджетдан ташқари жамғармалари, бюджет тизими бюджетларини тузиш ва ташкил этиш принциплари, улар ўртасида бюджет жараёнлари мобайнида юзага келадиган ўзаро муносабатлар йиғиндисини  мужассам этади. Бюджет федерализми эса, асосан федератив давлатларнинг бюджет тизимидаги барча федерация субъектлари мўътадил фаолият юритишлари учун уларнинг молиявий манфаатларини ҳисобга олган бюджет тузилмаси ҳисобланади.

Бюджет федерализмига биноан, маҳаллий бюджетлар даромадлари икки гуруҳга, яъни бириктирилган ва мувофиқлаштириладиган даромадларга ажратилади. Биринчиси, ўз моҳиятига кўра, тегишли ҳудудга амалдаги қонунчилик бўйича тўлиқ ва доимий тарзда, юқори бюджетни четлаб ўтган ҳолда тушадиган даромадлардир. Улар маҳаллий солиқлар ва йиғимлар ҳамда федерал солиқлардан қатъий белгиланган улушлардан ва доимий тушадиган солиқлардан жамланади.

Мувофиқлаштириладиган даромадлар эса, маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатлари мутаносиблигини сақлаб туриш учун юқори бюджетдан ажратиладиган пул маблағлари йиғиндисидан иборат бўлади. Бу даромадлар таркибига умумдавлат (федерал) солиқлардан фоизли ажратмалар, дотация, субвенция, субсидия, ҳудудларни молиявий қўллаб-қувватлаш фондидан маблағлар ва ўзаро ҳисоб-китоблар (траншлар) асосида юқори бюджетлардан олинадиган маблағлар киради.

Халқаро амалиётда мувофиқлаштириладиган даромадлар (асосан федерал солиқлар)нинг бюджетлараро тақсимланишининг қуйидаги учта асосий шаклидан кенг фойдаланилади:

– солиқ тушумларини бюджетлараро тақсимлаш ва улардан алоҳида фойдаланиш;

– умумдавлат (федерал) солиқлардан биргаликда фойдаланиш;

– умумдавлат (федерал) солиқларни қайта тақсимлаш.

Умумдавлат (федерал) солиқларнинг марказий ва маҳаллий давлат органлари ўртасида тақсимланиши турли мамлакатларда улардаги бюджет-солиқ тизимига мувофиқ турличадир.

Халқаро амалиётда бюджет федерализмининг қуйидаги моделлари амал қилади:

1. Бюджет федерализмининг Америка модели.

2. Бюджет федерализмининг  Германия модели.

3. Бюджет федерализмининг Канада модели (1).

Қуйида бюджет федерализмининг барча моделлари моҳияти ва хусусиятларини очиб беришга  ҳаракат қиламиз.

Бюджет федерализмининг Америка модели АҚШнинг алоҳида штатларига нисбатан кенг мустақиллигига асосланади. АҚШ бюджет-солиқ тизимида даромадларни горизонтал улушли тақсимлаш амалиёти мавжуд эмас. Бюджет субсидиялари эса штат ва маҳаллий ҳокимият органларининг молиялаштиришдаги улушлари ҳажмига мувофиқ ажратилади. Бу молиялаштириш ҳудудларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини тенглаштиришга қаратилмаган. Қолаверса, бюджет федерализмининг Америка модели, энг аввало, молиявий барқарор штатларни янада ривожлантиришга йўналтирилган.

АҚШда давлат бюджетига жуда кўп миқдорда ва мунтазам келиб тушадиган солиқлар федерал солиқлар саналади. Федерал бюджет негизини фуқаролардан олинадиган даромад солиғи (у федерал бюджет даромадларининг қарийб 45 фоизига тўғри келади), иш ҳақи фондига солиқ ва корпорациялар фойдасидан олинадиган солиқлар ташкил этади.

АҚШда штатлар ва маҳаллий давлат органлари мустақил равишда солиқ сиёсатини амалга ошириш ҳуқуқига эгадирлар. Штатлар ўз солиқ сиёсати бўйича бир-бирларидан фарқланадилар. Масалан, сотувдан олинадиган солиқ АҚШнинг 44 та штатида амал қилади. Шу ўринда маълумот учун эслатиб ўтамиз: ҳозир АҚШда 50 та штат ва 1 та округ мавжуд. Уларнинг солиқ ставкалари турлича. Энг паст ставкалар Колорадо ва Вайомингда 3 фоиз, Алабама, Луизиана, Мичиган, Жоржия, Жанубий Дакота ва Айовада 8 фоиз, Нью-Йоркда 8,25 фоиздир. Калифорнияда эса, бошқа барча штатлардан фарқли ўлароқ, ишбилармонлик фаоллиги учун ҳам солиқ олинади. У корхоналарнинг умумий йиллик айланмасига нисбатан 12,5 фоиз ставкада ундирилади. Штатларга федерал солиқлар базавий ставкалари устига ўзларининг қўшимча ставкаларини қўшиш ҳуқуқи берилган. Чунончи, ҳар бир штат ўз ҳудудида акцизнинг федерал ставкаси устига қўшимча ставкаларини қўллайди. АҚШдаги барча штатлар ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, маҳаллий солиқларни ва уларнинг ставкаларини мустақил  белгилайдилар.

Бюджет федерализмининг Германия модели ерлар (земель) ўртасида молиявий ресурсларни тақсимлашда ягоналик тамойили устунлиги билан тавсифланади. Германия Федератив Республикаси бюджет тизими, биринчи навбатда, федератив бюджетга келиб тушадиган, сўнгра барча бюджет бўғинлари ўртасида тақсимланадиган “умумий солиқлар”га асосланади. Уларни иш ҳақидан олинадиган солиқ, бевосита даромад солиғи, корпорациялар фойдасидан олинадиган солиқ, қўшилган қиймат солиғи, дивидендлардан ҳамда фоизли даромадлардан олинадиган билвосита солиқлар ташкил этади. Лекин Германияда акциз солиғи фақатгина федератив бюджетга келиб тушади. Ерларнинг солиқларига транспорт солиғи, мерос солиғи ҳам киради. Маҳаллий солиқларга кўчмас мулк солиғи, маҳаллий тадбиркорлик учун солиқ ва бошқалар қўшилади.

Германия бюджет тизимида алоҳида ерлар (“бой” ва “камбағал” ерлар)нинг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини тенглаштириш учун умумий солиқлардан дифференциал нормативлар асосида ажратмалар ажратиш механизми амал қилади. Бу мамлакатда ҳудудларнинг молиявий аҳволини тенглаштириш бўйича самарали механизм мавжудлигига қарамай, айрим ерлар ҳозир ҳам молиявий жиҳатдан ночор аҳволда. Уларни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш учун федерал субсидиялар тизими жорий этилган. Бу тизим орқали молиявий ночор ерларнинг солиқ потенциали Германиядаги ўртача солиқ потенциалига етказилмоқда (2).

Бюджет федерализмининг Канада модели моҳиятан Америка моделига ўхшаш. Канадада провинциялар ҳудудий ва маҳаллий солиқлар бўйича қонунлар қабул қилишлари, шу асосда ўзларининг мустақил солиқ сиёсатини олиб боришлари мумкин. Бу мамлакатда ҳам АҚШдаги сингари федерал ва маҳаллий солиқлар амал қилади. Федерал солиқларга шахсий даромад солиғи, корпорациялар фойдасидан солиқ ва қўшилган қиймат солиғи киради. Провинциялар ва муниципалитетлар федерал солиқларнинг базавий ставкалари устига ўзларининг қўшимча ставкаларини қўшиш ҳуқуқига эгадирлар. Лекин Канадада солиқларни ундиришнинг ягона тизими мавжуд эмас. Бу, аввало, шахсий даромад солиғи ва корпорациялар фойдасидан олинадиган солиқларга тегишлидир. Масалан, Квебек провинцияси шахсий даромад солиғидан ўзига тегишли улушни мустақил равишда ундириб олади ва сарфлайди.

Бюджет федерализми Канада моделининг Америка моделидан кескин фарқи шундан иборатки, Канадада бюджет федерализми ёрдамида мамлакат ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини тенглаштиришга ҳамда аҳоли ҳаёт даражасини яхшилашга алоҳида аҳамият берилади. Бу марказий ва провинциал ҳокимият органлари учун умумдавлат аҳамиятига эга масаладир. Провинцияларнинг молиявий таъминланганлик даражаси мамлакатнинг ўртача даражасидан қанчалик ортда қолгани Канадада юқори бюджетлардан маҳаллий бюджетларга молиявий кўмак ажратишнинг асосий мезони ҳисобланади. Ушбу мамлакатда провинцияларни молиявий қўллаб-қувватлаш имкониятлари Германиядаги каби кучли даражада бўлиб, молиявий ночор провинцияларни имконият даражасида молиявий маблағлар билан таъминлаш фаол амалга ошириб келинмоқда.

 

Илҳомжон АЛИМОВ,  

ТДИУ Банк иши кафедраси доценти. 

Аннотация

Ушбу мақолада халқаро амалиётда қўлланилаётган бюджет федерализмининг Америка, Германия ва Канадага хос моделлари моҳияти ва хусусиятлари таҳлил қилинган. Шунингдек, муаллиф томонидан ҳар бир бюджет федерализми моделига баҳо берилган.

В данной статье расскрываются сущность и особенности моделей американского, германского и канадского бюджетного федерализма. В статье дана авторская оценка каждой модели бюджетного федерализма.

 

This article is on the nature and feature of budget federalization of USA, Germany and Canada. The article presents the author’s assessment of each model of budget federalization.

Калит сўзлар: давлат, қонун, вазифалар, бюджет, бюджет тизими, даромадлар, харажатлар, тақчиллик, профицит.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Финансы, денежное обращение и кредит. Учебник под. ред. акад. В.К. Сенчагова, А.И. Архипова. – М.: “Проспект”, 2012.

2. Финансы, денежное обращение и кредит. Учебник под. ред. акад Г.Б. Поляка.  – М.: “ЮНИТИ”. 2010.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"