Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4279
7845
7110

+735
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129710
254685
115606

+139079

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 680 096
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Экологик туризм ривожланиши генезиси ва ижтимоий-иқтисодий аҳамияти

Маълумки, дастлабки даврларда экологик туризм сифатида пайдо бўлган “табиий туризм” тарихи узоқ ўтмишга бориб тақалади. Қадимги мисрликлар атроф-муҳит ва ташқи олам тўғрисидаги тасаввурларини кенгайтириш мақсадида узоқ жойларга сафарларни амалга оширганлар. Геродот, Аристотель, катта Плиний кўпгина мамлакатларга нафақат маданий ва тарихий ноёб объектларни ўрганиш, балки табиий шароитларни тадқиқ қилиш учун боришган. Ундан анча вақт ўтиб Александр Гумбольд ва Чарльз Дарвин каби бошқа тадқиқотчилар ўз ҳаётларининг кўп йилларини қитъамизнинг бошқа бурчаклари хилма-хил турли ландшафтлари, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, маҳаллий туб аҳолининг турмуш тарзи ва маданиятини тадқиқ қилишга бағишлашган. Бироқ ўтган асрнинг ўрталаригача “оммавий туризм” тушунчаси мавжуд бўлмаган, ер қитъасининг бетакрор табиат манзаралари, экзотик бурчаклари, саргузаштлардан айрим ўзига тўқ инсонларгина баҳраманд бўла олган холос. Аммо бундай сафарлар саёҳатчилар томонидан борилган минтақаларда ҳеч қандай ижтимоий-иқтисодий ўзгаришларга олиб келмаган, улар ноёб табиат ҳудудлари, ўсимлик ва ҳайвонларнинг ноёб турлари, маҳаллий ибтидоий маданиятни сақлаш, салмоқли молиявий маблағларни шу жойларга оқимини таъминлай олишмаган.

Ташкилий туризм ривожлана бошлагандан кейин табиат дунёсига саёҳат қилиш унинг дастлабки йўналишларидан бири бўлди. Ўтган асрнинг ўрталарида Томас Кук Шотландия тоғларига саёҳатларни уюштирди ва 1863 йилда ўзининг биринчи тижорий Монблан тоғига чиқиш турини таклиф қилди. Бундай саёҳатларга инглиз ёзувчи-романтикларининг ўз асарларида ёввойи табиатни, Альп чўққиларини, қояларини, адирларини ифодалашлари маълум даражада таъсир қилди. Америка қитъасида эса табиат қўйнига саёҳат қилиш табиатшунос ёзувчилар М. Льюсек, В. Кларк, Д. Одюбонларнинг табиат манзарали ҳақидаги адабий асарлари ҳамда илмий экспедициялари туфайли оммалашди.

МДҲ мамлакатлари ичида Россияда XIX асрнинг иккинчи яримларида Н. Пржевальский, П.Семенов-Тян-Шанский, Д. Мамин-Сибиряк каби саёҳатчилар табиат қўйнига инсонларни жалб қилишда катта роль ўйнаган. Ўша даврда кўпгина шаҳарларда ўз филиалларига эга бўлган “Табиатни севувчилар жамияти”, Қрим тоғ клуби, Кавказ тоғ жамияти каби ташкилотлар пайдо бўлиб, мамлакатда тоғ туризми, экскурсия фаолияти ривожланишига кенг имкониятлар яратилди.

Иккинчи жаҳон урушидан кейин бутун дунёда туризм саноати ривожланиб, оммалаша бошлади ва транспорт ҳамда коммуникациялардаги техник инқилоб оммавий туризм учун инсон оёғи етмаган ер шарининг чекка ҳудудларидаги табиат бурчакларини ҳам бориб кўришни осонлаштирди. Ўтган асрнинг 70-йилларига келиб ўртача даромадли аҳоли учун бугун дунёда ёшлар туризми, яёв ва отда юриш, тоққа чиқиш, тоғ-чанғи спорти, дарёларда сузиш каби туризмнинг янги турлари ривожлана бошлади.

Туризм соҳасига жуда катта миқдорда капиталларнинг оқиб келиши қисқа муддатларда туристик саноат учун меҳмонхоналар тармоғи ва бошқа инфратузилмаларнинг қурилиши натижасида ноёб табиат мажмуаларини мувофиқлаштиришни мураккаблаштириб, табиат манзаралари ва ланшафтига ноёб ўсимликларга зиён етказди, дарахтлар кесилди, сув ҳавзалари ифлосланди, тупроқ таркиби бузилди, кўпгина ноёб ҳайвонларнинг турлари қирилди, оқибатда сайёҳларни қабул қилувчи мамлакатларнинг ёввойи табиати хавф остида қола бошлади.

Туризмнинг бундай бир ёқлама ривожланиши кўпгина давлатларда “қаттиқ туризм” номини олди. Шу йилларда қудратли монополияларнинг фойда кетидан қувиб табиатга етказган зарарини ҳеч қандай восита билан тўхтатиш имкони йўқдек туюлди. Бироқ айнан шу йиллари Альп мамлакатларининг олимлари ва туризм бизнесининг фаол вакиллари (туризм классиги И. Криппендорф ва қисман Р. Юнг) “қаттиқ туризм”га муқобил сифатида Альп минтақаларининг ижтимоий-иқтисодий фаровонлигини назарда тутувчи “юмшоқ туризм” концепциясини ишлаб чиқдилар ва ҳаётга татбиқ қила бошладилар.

Айнан ўша йиллари 5 та Альп мамлакатлари “Альп конвенцияси”ни ишлаб чиқиб, қабул қилди ва табиий ҳамда маданий меросини сақлашни таъминлашга имкон берувчи мазкур минтақанинг узоқ муддатли ривожланиш стратегиясини амалга ошира бошладилар. Шу тариқа Ғарбий Европанинг табиатга йўналтирилган, экологик ва ижтимоий масъулиятли туризм модели дунёга келди. Экотуризмнинг бузилмаган табиатда амалга оширилувчи 2 та модели фарқланади: 1. АҚШ ва Канадада шаклланган, Австралияда тўлиқ жорий қилинган ва шунинг учун ҳам баъзан Австралия модели деб ҳам аталади; 2. Маданий ландшафтда амалга оширилувчи ғарбий Европа модели.

Ўтган асрнинг 60-йилларида инсон фалиятининг глобал оқибатларини англаш бошланди, айниқса, атроф-муҳитга саноати ривожланган мамлакатларда жамоатчилик назорати кучайди, табиат ва саёҳатлар тўғрисидаги телекўрсатувлар жуда кенг оммалашди. Қушлар, филлар, туялар, китлар ва бошқа турли ҳайвонларнинг ҳаёт тарзи, кўпайиш хусусиятларини ўрганиш бўйича тажрибали гидлар ёрдамида махсус турлар ташкил қилина бошланди. 1966 йилга келиб жамоатчиликнинг босими билан ҳатто бир нечта китларни мутлақ муҳофазага олинишига эришилди.

Ушбу давр саёҳатчиларнинг бутун туризм саноатини атроф-муҳитга дўстона муносабатда бўлувчи – экотурист деб аталувчи янги турдаги бошқа тоифасини юзага келиши билан ифоланади (1). 1980 йилда немис футурологи Роберт Юнг “юмшоқ туризм” тушунчасини, 1983 йилда мексикалик иқтисодчи-эколог Гектор Цебаллос-Ласкурейн “экологик туризм” (“экотуризм”) тушунчасини киритишган (2).

Кўпгина инглиз тилида нашр этилган илмий адабиётларда “экологик туризм” ва унинг қисқартирилган шакли – “экотуризм” атамаси кенг қўлланилади. Бундан ташқари, “яшил туризм” (green tourism), “табиий туризм” (айниқса, немис тилида сўзлашувчи мамлакатларда), “soft tourism” ва “юмшоқ туризм” (одатда “қаттиқ туризм”га қарама-қарши қўйилади) атамалари ҳам ишлатилади. “Қаттиқ” туризмнинг бош мақсади мумкин қадар кўпроқ даромад олишдан иборат бўлса, ”юмшоқ” туризмда эса самарали иқтисодий натижалар билан бир қаторда экотуризм амалга оширилаётган жойларнинг маданий ва экологик барқарорлигини таъминлашни молиялаштириш муҳим ўрин тутади (3).

Нуфузли халқаро ташкилотларнинг таърифларида ҳам барча соҳалар қамраб олинмаган, уларда экологик туризмнинг барча муҳим белгилари деярли ифодалаб берилмагани маълум бўлмоқда. Шундай қилиб, янги ва эски дунёда туризм, экологик ва ижтимоий талабларга ҳамоҳанг, табиат олдида масъул ва уни муҳофаза қилишга имкон берувчи, саёҳатчиларнинг экологик маданиятини оширувчи, маърифий вазифани бажарувчи, анъанавий маданиятлар ва маҳаллий ҳамжамиятларга эҳтиёткорона муносабатда бўлувчи ҳодиса сифатида намоён бўлади.

Илмий адабиётларда келтириладиган айрим тушунча ва атамалар кўпчилик ҳолларда “экологик туризм” тушунчасининг моҳиятини қисман ёритиб беради, холос. Мавжуд таърифларнинг кўп қирралилигига мисол сифатида қуйидагиларни келтиришимиз мумкин. “Экотуризм – бу табиатга йўналтирилган туризм тури бўлиб, ўз ичига экологик таълим ва маърифатни қамраб олувчи ҳамда экологик барқарорлик тамойиллари асосида амалга оширилувчи туризм шаклидир”(4).

“Экологик туризм – мавжуд экотизимларнинг яхлитлигини бузмаган ҳолда ва маҳаллий аҳоли учун мавжуд табиий ресурсларни муҳофаза қилишни нафли қилувчи маҳаллий маданиятни ва табиий муҳитни янада чуқур ўрганиш мақсадида табиий ҳудудларга мақсадли саёҳат қилишдир”(5).

Халқаро табиатни муҳофаза қилиш иттифоқи (ХТМҚИ) экотуризм деганда “нисбатан бузилмаган табиий ҳудудларга ўрганиш ва маданий объектлардан баҳраманд бўлиш учун атроф-муҳитга зиён етказмаган ҳолда маҳаллий аҳолининг ижтимоий-иқтисодий фаол иштирокини ва уларнинг ушбу фаолиятдан наф олишларини таъминловчи саёҳатини тушунади (5).

Шунга ўхшаш таъриф Экотуризм жамияти (The Ecotourism Society) томонидан ҳам берилган: “Экотуризм - табиий ҳудудларга масъулиятни ҳис қилган ҳолда табиатни муҳофаза қилишга кўмаклашувчи ва маҳаллий аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтирувчи саёҳатдир”. Бутунжаҳон ёввойи табиат жамғармаси томонидан эса энг оддий таъриф берилади: “Экотуризм - бу табиатни муҳофаза қилишга имкон берувчи табиий туризмдир”(5).

Германиялик, австриялик ва швейцариялик мутахассисларнинг илмий асарларида “юмшоқ туризм” атамаси ўрнига “экологик ва ижтимоий масъулиятли туризм” атамаси қўлланилади. Фикримизча, бу атама узун ва мураккаб бўлса-да, “юмшоқ” туризмнинг мазмун ва моҳиятини аниқроқ акс эттиради. Сўнгги йилларда инглиз тилидаги адабиётларда “барқарорлик” атамаси кенгроқ қўлланилмоқда ва экотуризмни бузилмаган (ёки кам бузилган) ва муҳофаза этиладиган табиий ландшафтлардан фойдаланиш билан ўзаро боғлашга уриниш кузатилмоқда (6).

Россиялик олимлардан Е.Ю.Ледовский, А.В.Дроздов, Н.В.Моралева шундай таърифлайди: экотуризм – “..эски ва янги дунёда туризм тўғрисидаги тасаввур...”, “экологик ва ижтимоий талабларга мос келади, табиат олдидаги масъулиятни ҳисобга олади, унинг ҳимоясига кўмаклашади, маърифий вазифани бажарувчи, анъанавий маданият ва маҳаллий ҳамжамиятларга эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлувчи сайёҳларнинг маданиятини оширади” (7).

БТТ эса экотуризмни “экологик туризм – табиатнинг инсон оёғи етмаган гўшаларига саёҳат”, Жаҳон ёввойи табиат фонди эса “экотуризм – табиатни муҳофаза қилишга кўмаклашувчи табиий туризмдир”(8), – деб таърифлайди.

Экотуризмнинг таърифларида кўпинча барқарорликка эришиш, табиатга салбий таъсирларни камайтириш, атроф-муҳит равнақи йўлида иқтисодий қайтим ёки экологик таълимни кучайтириш назарда тутилади. Шунинг учун ҳам Крег Линдберг томонидан жуда оддий ва концептуал таъриф берилади (5): “Экотуризм – бу барқарор ва табиатга йўналтирилган туризм ва рекреация фаолият бўлиб, туризмнинг экологик, ижтмоий-маданий ва иқтисодий таъсирларининг ўзаро мувозанати назарда тутади”.

Табиатни асраш учун туризмнинг мақсади туристларни рағбатлантириш эмас, балки уларнинг саёҳатида табиатга таъсири асосий ўрин тутади. Бу эса саёҳатнинг қандай ташкил қилинганлигига боғлиқ. Аниқроқ айтганда, режали ташкил этилмаган ва мониторингсиз 10 нафар туристнинг табиатга зарари 100 кишиникидан кўп бўлиши мумкин. Шу билан бирга, дунёнинг тараққий қилган кўпгина давлатларида миллий паркларга минглаб туристлар бир неча кун бўлиш учун келиб, махсус жиҳозланган ташриф-марказлари ва эко-сўқмоқларга бадал тўлаб, атроф-муҳитга зиён етказмасдан ТМҚҲлар ва маҳаллий аҳолининг даромадини таъминлайдилар. Шунинг учун уларни кўп кунлик мураккаб ёввойи табиат бўйлаб елкасида рюкзак ва тунаш учун палаткалари билан сафар қилишларини инобатга олган ҳолда маълум маънода экотуристлар деб аташ мумкин.

Юқорида келтирилган маълумотлардан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, экотуризм бугунги кунда - бу комплекс, фанлараро йўналиш бўлиб, туризм, табиат ва маданиятни муҳофаза қилишнинг ўзаро алоқасини таъминлайди. Ўтказилган тадқиқотлар ва таҳлилларимиз натижаларидан келиб чиқиб, хулоса қилсак, фикримизча, экотуризм – ижтимоий масъулиятли ва экологик барқарор ривожланишни, табиий ва маданий меросни сақлашни, муҳофаза қилишни таъминловчи туристик фаолият, биохилма-хиллик ва маҳаллий аҳоли ўртасидаги синергетик муносабатларга асосланган табиатга саёҳат қилишни кўзда тутувчи туризмнинг сердаромад инновацион йўналишидир.

Санъатбек САЛАЕВ,

Урганч Давлат университети

туризм ва иқтисодиёт факультети декани,

иқтисодиёт фанлари доктори, профессор.

Кеунимжай АЛЛАНАЗАРОВ,

Қорақалпоқ Давлат университети

илмий ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш бўлими мудири,

география фанлари номзоди.

Атабек АЛЫМОВ,

Қорақалпоқ Давлат университети

иқтисодиёт кафедраси тадқиқотчиси.

Аннотация

Ушбу мақолада экотуризмнинг келиб чиқиши ва унга етакчи олимлар томонидан берилган таърифлар таҳлил қилинган, шунингдек, унинг ижтимоий-иқтисодий аҳамияти очиб берилган. Тадқиқотлар натижасида унга муаллифларнинг ҳам таърифи келтирилган.

Калит сўзлар: экотуризм, табиий туризм, барқарор туризм, барқарорлик.

В данной статье изучено происхождение экотуризма и даны определения ведущих ученых. А также раскрыто его социально-экономическое значение. В результате исследования дано определение автора.

The article studies the origin of ecotourism and by providing definition by leading scientists as well as the author's at the end. Furthermore, social and economic significance of the tourism industry is also mentioned.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ледовских Е.Ю., Моралева Н.В., Дроздов А.В. Экологический туризм на пути в Россию: принципы, рекомендации, российский и зарубежный опыт. Тула. “Гриф и К”, 248 с.

2. https://ecodelo.org/3288-11

3. Progress in Tourism, Recreation and Hospitality Management. Editorial Board: Prof. B.H.Archer, Dr. C.Cooper, Prof. P.R.Gamble, Mr. M.Kipps, Mr. A.J. Lockwood, Dr. I.Stevenson. Belhaven Series, Published in association with the Department of Management Studies for Tourism and Hotel Industries, University of Surrey, 2004., pp.28-30, 45-54, 97-103.

4. Commonwealth Department of Tourism (1992), Australian National Ecotourism Strategy, Canberra

5. https://ecodelo.org/3290-12

6. Witt, Stephen F., Moutinho, Luiz. Tourism marketing and management handbook. Printed by Prentice Hall International (UK) Ltd., 2009. p.49.

7. www.wwcf.com

8. Ernie Heath, Geoggey Wall. Marketing Tourism Destinations. A Strategic Planning Approach. Printed by John Willey&Sons, Inc., 2010, p.225.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"