Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ижтимоий шериклик тизимини ривожлантиришда давлатнинг роли

Мамлакатда ижтимоий шериклик тизимининг ҳолати унинг ижтимоий йўналтирилганлиги, яъни қандай даражада ижтимоий давлатлиги билан белгиланади. Давлатнинг ижтимоий хусусияти биринчи марта 1949 йил Германиянинг Асосий қонунида эълон қилинган. Ушбу хусусият давлат жамиятга хизмат қилишини ва асоссиз ижтимоий тафовутларга барҳам бериш ёки уларни имкон қадар камайтиришга ҳаракат қилишини назарда тутади [1].

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14-моддасида “Давлат ўз фаолиятини инсон ва жамият фаровонлигини кўзлаб, ижтимоий адолат ва қонунийлик принциплари асосида амалга оширади” [2], деб белгилаб қўйилган. Ушбу умумий қоидадан Ўзбекистон давлатининг қуйидаги Конституциявий бурчлари келиб чиқади: инсонлар соғлиғини муҳофаза қилиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг кафолатланган энг кам миқдорини белгилаш, оила, оналик, оталик ва болалик, ногиронлар ва қариялар давлат томонидан қўллаб-қувватланишини таъминлаш, ижтимоий хизматлар тизимини ривожлантириш, давлат пенсиялари, нафақалар ва ижтимоий ҳимоя қилишнинг бошқа кафолатларини белгилашдан иборат.

Ижтимоий шериклик – давлат тузилмалари, тадбиркорлик субъектлари ва жамоат бирлашмаларининг ўзаро манфаатли учбурчагидир. Уларнинг ҳамкорлиги қанчалик кучайса, жамият шунчалик кучаяди. Фуқаролик жамияти жамоатчилик назоратини ўрнатади, одамларга миллий умуминсоний қадриятларга риоя қилиш, ижтимоийлашув вa тарбиялашувга қаратилган, барча учун фойдали ечимларни таклиф қилади [3].

Ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари қуйидагилардан иборат: нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини мулкий, ахборот, маслаҳат, ташкилий ва ўқув-услубий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш; нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига моддий ёрдам кўрсатаётган юридик ҳамда жисмоний шахсларга солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш бўйича қонун ҳужжатларига мувофиқ имтиёзлар бериш; нодавлат нотижорат ташкилотларига ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларига давлат субсидиялари, грантлари ва ижтимоий буюртмалари бериш, ижтимоий аҳамиятга молик лойиҳаларни молиялаштириш [4].

Ёлланма ходимлар ва иш берувчиларгина моҳиятан ижтимоий ҳамкорлар саналади, деган фикрлар ҳам мавжуд [5]. Шу сабабли ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш давлатнинг аралашувисиз, яъни бу муносабатлар иштирокчилари ўртасида шартнома эркинлиги билан янги яхши даражада таъминланади. Фақат истисно ҳоллардагина давлат уларга олий даражадаги ҳакам ролида ёрдамга келиши мумкин.

Бироқ давлатнинг ҳаддан ташқари аралашувига эҳтиёткорлик билан муносабатда бўлиш лозим. Мамлакатнинг тарихий тажрибалари ва халқаро амалиётнинг кўрсатишича, ижтимоий-меҳнат муносабатлари соҳасида давлат васийлик қилиши, боз устига, маъмурий буйруқбозлик – жуда ҳам зарар келтирадиган ҳолат ҳисобланади.

Давлатнинг меҳнат муносабатларига маъмурий аралашувига (касаба уюшмалари ҳуқуқларининг камситилиши, қонуний иш ташлашларнинг тақиқланиши ва ҳ.к.) нисбатан салбий муносабатда бўлиш мумкин, бироқ иккинчи томондан, давлатнинг ижтимоий муросага эришиш борасида зарур иштирокчи сифатидаги роли муҳим эканлигини ҳам тан олмасдан бўлмайди. Масалан, корхонада жамоа шартномасини имзолашда давлат унда бевосита иштирок этмайди, лекин шу ерда ҳам кўз илғамас даражада мавжуд бўлади. Бунда давлат қонунчилик йўли билан энг кам иш ҳақи даражаси ва меҳнат шароитларини белгилашда намоён бўлади, шартнома ва келишувларда ушбу белгилаб қўйилган даражадан пасайишига йўл қўймайди.

Давлатнинг ижтимоий шерикликдаги ўрни фақат умумиқтисодий функциялар ва тартибга солувчилик роли билан чегараланиб қолмайди. Давлат ижтимоий шерикликда уч хил ролда иштирок этади: мулкдор, қонун чиқарувчи ва ҳакам (воситачи). Давлат энг йирик мулкдор, иш берувчи бўлиб келган ва шундай бўлиб қолади. Ижтимоий шерикликда давлатнинг ташкилотчи сифатидаги роли ижтимоий ҳамкорлар эришадиган келишувларни қонунчилик асосида мустаҳкамлаш бўйича функцияларни ўз зиммасига олиши, бундай келишувларни ишлаб чиқиш учун шароитлар яратиши, уларнинг сўзсиз ижро этилиши устидан назоратни таъминлаши лозим. Ижтимоий шериклик борасида Ўзбекистонда юзага келган моделнинг асоси бир қатор қонунлар ва норматив ҳужжатларда белгилаб қўйилган. Хусусан, у бугунги кунда жамоа шартномалари асосидаги муносабатлар жараёнларида амалга оширилмоқда.

Ўзбекистонда ижтимоий шериклик бўйича ишларни ташкилий таъминлаш доирасида қуйидаги мувофиқлаштириш вазифаларини ҳам ҳал қилиш зарур:

-     бош келишувни тармоқ ва минтақавий келишувлар билан боғлаш;

-     ҳукумат иштирокида ва унинг иштирокисиз ҳал этиладиган муаммолар рўйхатини белгилаш;

-     уч тарафлама комиссия ишини мувофиқлаштириш. Бу давлатнинг энг муҳим функцияси ҳисобланади.

Ижтимоий-меҳнат муносабатларининг умумий муаммолари, ижтимоий-иқтисодий сиёсат йўналишлари мамлакат даражасида белгиланади ва мувофиқлаштирилади ҳамда барча келишув томонлари, яъни ҳукумат, иш берувчилар ва ходимлар иштирокида республика ва ҳудудий даражада аниқлаштирилади. Меҳнатдан фойдаланишнинг муайян масалалари, локал ижтимоий-иқтисодий муаммолар ходимлар ва иш берувчиларнинг вакиллари томонидан ҳукуматнинг иштирокисиз ҳал этилиши мумкин, чунки бу қарорлар моҳиятан бош келишув томонидан белгилаб берилган ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг амалга оширилиши бўлади.

Ижтимоий шериклик шароитларида давлатнинг роли меҳнат ва ижтимоий қонунчиликни ишлаб чиқишдан иборат. Ҳозирги пайтда ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари мамлакатда ривожланиб бормоқда. Хусусан, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органларининг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро муносабатларига доир турли масалалар мамлакатимизнинг 30 та қонуни ва юздан ортиқ бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида мустаҳкамланган. Улар аввало, Конституция, “Ижтимоий шериклик тўғрисида”, Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида”, “Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида”, “Жамоат фондлари тўғрисида”, “Ҳомийлик тўғрисида” ва “Нодавлат нотижорат ташкилотлари фаолиятининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунлар бўлиб, уларга мувофиқ давлат ҳокимияти органлари ўз ваколатлари доирасида нодавлат нотижорат ташкилотларини турли шаклларда қўллаб-қувватлаши мумкин.

Ижтимоий шериклик соҳасида халқаро ҳуқуқ меъёрларини тизимли равишда жорий қилиб бориш, унга алоқадор бўлган ва энг аввало, амалдаги қонунчилик билан таққослаганда ходимлар ва иш берувчилар учун имтиёзли шароитларни кўзда тутадиган Халқаро меҳнат ташкилоти конвенцияларини ратификация қилиш муҳим аҳамиятга эга. Ижтимоий шериклик соҳасида Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилинган Халқаро меҳнат ташкилотининг конвенцияларига қуйидагилар киради:

-     Жамоа музокараларини ташкил этиш ва юритиш ҳуқуқи принципларини қўллаш тўғрисидаги 98-конвенция (ЎзР Олий Мажлисининг 1997 йил 30 августдаги қарорига мувофиқ ратификация қилинган);

-     Иш билан таъминлаш соҳасидаги сиёсат тўғрисидаги 122-конвенция (Ўзбекистон республикаси мазкур конвенцияга ЎзР Олий Мажлисининг1995 йил 6 майдаги қарорига мувофиқ қўшилган);

-     Меҳнаткашларнинг вакиллари тўғрисидаги 135-конвенция (ЎзР Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 30 августда ратификация қилинган);

-     Жамоа музокараларини олиб бориш тўғрисидаги 154-конвенция (ЎзР Олий Мажлиси томонидан 1997 йил 30 августда ратификация қилинган) [6].

Давлатнинг иш берувчи сифатидаги функциялари унинг ижтимоий шерикликдаги ҳакамлик ва воситачилик функцияларидан аниқ ажратилган бўлиши лозим. Токи давлат мулкдор ва иш берувчи саналар экан, у ёмон ҳакам бўлиб қолаверади. Шу сабабли давлатнинг мулкдор ва ходим ўртасидаги муносабатларга аралашуви фақат меҳнат муносабатларининг у ёки бу жиҳати меҳнат қонунчилигини бузган ҳолларда, низолашувчи иккала томон муросага кела олмаган ҳолларда, эришилган муросали қарор давлат манфаатларига зарар етказган ҳоллардагина рўй бериши мумкин.

Низода иштирок этувчи ижтимоий шериклик томонлари қоидага кўра, бир қатор сабабларга кўра давлатнинг аралашувини афзал деб билади, чунончи:

-     давлат ташкилотлари инсонлар ҳаётида катта аҳамиятга эга бўлган моддий воситаларга эга бўлиб, бу воситалардан мақсадли фойдаланиш низонинг давом этишига, токи у жиддий равишда чекланмагунга ёки тўхтатилмагунга қадар жиддий таъсир этиши мумкин;

-     давлат ташкилотлари иқтисодий жарима ва маъмурий таъсир чоралари кўриш учун қонуний имкониятларга эга;

-     ҳукумат ахборотнинг катта қисмини ўз қўл остида марказлаштиради. У ижтимоий низо сабабчиси бўлган вазият ҳақида объективроқ ва яхшироқ хабардор бўлиб, низо томонларини уларни безовта қилаётган муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирган ҳолда бу ахборотдан самаралироқ фойдаланиши мумкин, боз устига, оммавий ахборот воситалари ҳам асосан давлатга тегишли бўлади;

-     ваколатлиликдан ташқари, ҳукуматнинг манфаатдор бўлмаган ҳакамлик имкониятлари қонуний ҳукумат обрўси мустаҳкам анъаналарига, фуқаролар бўйсуниши ва итоат қилиш анъаналарига таянади.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Савдо-саноат палатаси давлат, иш берувчилар ва ходимларнинг ижтимоий масъулиятини тан олиб, ходимлар ва иш берувчиларнинг меҳнатга оид ҳуқуқлари ва ижтимоий-иқтисодий манфаатлари ҳимоясини таъминлаш, жамиятда ижтимоий тотувлик ва барқарорликни сақлаб туриш ишларида амалий ҳамкорликни йўлга қўйиш учун ижтимоий шериклик тамойилини амалга ошира бориб, ижтимоий-иқтисодий масалалар хусусида келишиб сиёсат олиб боришнинг умумий принципларини белгилаб берувчи Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун Бош келишувни тузганлар [7].

Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, касаба уюшмалари ва иш берувчиларга тегишли бўлган функцияларнинг кўпчилигини давлат ўз тасарруфида сақлаб қолган. Мана шунга мувофиқ, ижтимоий шериклик тизими кам амалий натижа беради, унинг механизмлари суст фаолият кўрсатади.

Жаҳон тажрибасига кўра, ижтимоий шериклик учала томон бир-бирининг олдидаги мажбуриятларни аниқ бажарган жойда ўзининг асосли эканлигини исботлаб беради. Агарда томонлардан биронтаси ўзаро алоқаларга, шерикликка тайёрликни намойиш этмаса, тажрибалардан келиб чиқадики, ижобий натижага эришиб бўлмайди.

Давлат ҳудудий келишувларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш жараёнида ҳам мувофиқлаштириш ролини ўйнайди. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 50-моддасига мувофиқ: “Ҳудудий келишувлар тегишли касаба уюшмалари (ходимларнинг бошқа вакиллик органлари) ва иш берувчилар (уларнинг бирлашмалари) ўртасида, тарафларнинг таклифига кўра эса маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан ҳам тузилади.

Ҳудудий келишувлар ҳудудларнинг хусусиятлари билан боғлиқ бўлган муайян ижтимоий-иқтисодий муаммоларни ҳал қилиш шартларини белгилайди” [8]. Ўзбекистонда ҳудудлар иқтисодий салоҳиятининг хилма-хил эканлиги, нархлар даражасининг кенглиги ҳудудий даражада меҳнат масалаларини шартномалар асосида тартибга солишни амалга оширишда муаммоларга олиб келиши мумкин. Бироқ бундай келишувларда мувофиқлаштириш асосида иш ҳақи тўлашнинг умумий тартиби, йўл қўйиш мумкин бўлган ишсизлик даражаси, давлат иш билан бандлик сиёсатини амалга ошириш бўйича махсус чоралар, кадрлар тайёрлаш ва қайта тайёрлаш бўйича муайян чора-тадбирлар кўзда тутилиши мумкин.

Давлат ўз тараққиётида жиддий ва муҳим босқични – монопол мулкдор якка ҳокимлигидан тартибга солувчи ва мувофиқлаштирувчи ролини бажарадиган, ижтимоий-меҳнат муносабатларида тенг ҳуқуқли ҳамкоргача бўлган йўлни босиб ўтиши лозим. Меҳнат муносабатларини тартибга солишнинг янги шаклланаётган тизимида давлат ва унга қарашли тузилмаларнинг роли сезиларли даражада ўзгарди. Улар асосан минимал кафолатларни таъминлаш масалалари, яъни давлат минимал ижтимоий стандартлари, энг кам иш ҳақи миқдори, иш куни давом этиши мумкин бўлган максимал вақтни белгилаш, оммавий ишсизликнинг олдини олиш, меҳнат хавфсизлиги кафолатларини яратиш билан шуғулланмоқда.

Бозор иқтисодиёти ва фуқаролик жамиятининг шаклланиши шароитида давлатнинг ижтимоийлиги ҳар бир фуқаронинг индивидуал эркинликларига риоя қилинишини таъминлаш ҳамда алоҳида ижтимоий гуруҳлар ва қатламларни ижтимоий ҳимоя қилиш учун жавобгарликни ўз зиммасига олишида намоён бўлади.

Тадбиркорликни ривожлантириш учун жавобгарликни ўз зиммасига олган давлат кредитлаш учун кафолатларни тақдим этиш, бизнеснинг ташқи иқтисодий фаоллигини рағбатлантириш, молиявий инфратузилмани ривожлантириш ва тадбиркорларга имтиёзларни тақдим этиш йўли билан уларга ҳар томонлама ёрдам кўрсатиши лозим. Давлатнинг тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш ҳақидаги ғамхўрлиги бир вақтнинг ўзида иқтисодий тизим самарадорлигининг кафолати ва ижтимоий функцияларининг энг муҳим таркибий қисмларидан бири ҳисобланади.

Ижтимоий шериклик тизимида давлат органлари, биринчидан, барча даражаларда музокаралар натижаларининг амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий сиёсат мақсадларига мос келишини таъминлайди; иккинчидан, ижтимоий шериклик институтлари фаолиятидаги камчиликларни бартараф қилишга интилади. Ижтимоий шерикликнинг ташкилий шаклларини такомиллаштириш ходимлар ва иш берувчилар, тадбиркорларнинг вакиллари билан уч тарафлама маслаҳатлар ўтказишга асосланади. Бунда ижтимоий-меҳнат муносабатларини тартибга солиш бўйича уч тарафлама комиссияларнинг ўрни беқиёсдир.

Бизнингча давлат меҳнат бозорининг янада самарали фаолият юритишини таъминлаш ҳамда аҳолини иш билан таъминланганлик даражасининг янада юксалтирилишини ижтимоий шериклар (касаба уюшмалари, иш берувчилар) билан ўз мақсади деб эътироф этгани ҳолда янги иш ўринларини яратиш, кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида қуйидагиларни амалга ошириши тавсия қилинади:

-     барқарор иш ҳақи ва хавфсиз меҳнат шароитларини таъминловчи доимий иш ўринлари яратилишига алоҳида эътибор қаратиш;

-     Халқаро Меҳнат Ташкилотининг услубиёти бўйича ҳисоблаб чиқилган умумий ишсизлик даражаси иқтисодий фаол аҳолининг 5 фоизидан ошмаслигини таъминлаш, ишсиз фуқароларни касбий тайёргарликдан ўтказиш ва қайта тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, шунингдек, уларни ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб қилинишини кенгайтириш;

-     ижтимоий шериклар томонидан янги иш ўринлари яратилиши устидан
давлат назорати ва жамоатчилик мониторингини йўлга қўйиш;

-     чакана савдо, умумий овқатланиш ва қурилиш ташкилотларида ходимлар сони ва меҳнатга ҳақ тўлаш фондининг энг кам меъёрларига риоя этилишини назорат қилиш, бошқа кичик бизнес субъектлари ва фермер хўжаликлари учун шу каби талаблар ишлаб чиқилиши ҳамда жорий этилиши чораларини кўриш;

-     давлат иштирокида бизнес ва нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари ўртасида тўғридан тўғри мулоқотни йўлга қўйиш. Бунда ижтимоий шерикларнинг мустақиллиги уларнинг мустақил қарор қабул қилиши, жавобгарлик масъулияти ва етуклигидан далолат беради. Давлат эса холис ҳакам ва асосий ҳамкор сифатида иштирок этади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, ижтимоий шериклик бу шундай муносабатларнинг кўринишики, ундан барча ижтимоий гуруҳлар ва давлат объектив манфаатдор бўлади, бунинг сабаби унда жамиятнинг ижтимоий барқарорлиги, унинг тараққиёти, ижтимоий-иқтисодий ривожига эришилади, бу эса фуқаролик жамиятини шаклланишининг юксак чўққисига эришиш учун замин яратади.

Ахрол АКБАРОВ,

ТДИУ меҳнат иқтисодиёти ва социологияси кафедраси

катта ўқитувчиси.

Нигора ШАКИРОВА,

ТДИУ статистика кафедраси ассистенти. 

Аннотация 

Ушбу мақолада меҳнат бозорида ижтимоий шерикликни ривожлантиришда давлатнинг ўрни ёритилган, шунингдек, ижтимоий шерикликни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш турлари таснифланган, ижтимоий шерикликнинг ҳуқуқий асослари тизимлаштирилган ҳамда янги иш ўринларини яратиш, кадрлар салоҳиятини сақлаб қолиш ва ривожлантириш борасида давлатнинг вазифалари белгилаб берилган.

Калит сўзлар: ижтимоий шериклик, ижтимоий давлат, меҳнат муносабатлари, уч тарафлама комиссия.

В данной статье определены цели и задачи государства и организаций в сфере соответствия экономической заинтересованности субъектов рынка труда, предложена структура пакета компенсации сотрудника, даны предложения по совершенствованию социальной защиты работающих в области охраны труда.

The article discusses the issues of social partnership between the state and organizations by mentioning the goals and objectives in the labour market. Moreover, it also considers the types of support of social partnership by the government, structures the legal basis of social partnership, states the government's tasks to create new jobs, maintaining and developing the quality of employees.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

  1. Ижтимоий давлат // http://xushnudbek.uz.
  2. Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси // “Халқ сўзи” газетаси, 1992 йил 15 декабрь, 243-сон.
  3. Исмаилов А.Р. Бандликни тартибга солишда ижтимоий шерикликнинг аҳамияти // Ж. “Иқтисод ва молия” журнали. №12. Тошкент, 2013 йил. – 31-б.
  4. Ўзбекистон Республикасининг “Ижтимоий шериклик тўғрисида”ги Қонуни // Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2014 й., 39-сон, 488-модда
  5. Потемкин В.К., Казаков Д.Н. Социальное партнерство: формирование, оценка, регулирование. - СПб.: РАЕН, 2002. – С.201.
  6. Халқаро Меҳнат Ташкилотининг асосий конвенциялари ва тавсиялари. / Ўзбекча нашр учун масъул муҳаррир А.Х.Саидов. – Т.: Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, 2008. — 240 бет.
  7. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Кенгаши, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ўртасида ижтимоий-иқтисодий масалаларга оид 2014-2016 йиллар учун Бош келишув // https://kasaba.uz.
  8. Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодекси // Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 1996 й., 1-сонга илова.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"