Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистонда саноат ривожланишининг ўзига хос тенденциялари ва омиллари

Саноат моддий ишлаб чиқаришнинг энг йириква етакчи тармоғи, таъбир жоиз бўлса, иқтисодиётнинг пойдеворидир. Унда иш қуроллари, меҳнат буюмлари ва халқ истеъмоли товарларининг аксарияти яратилади, машина ва механизмларнинг барча турлари, бино-иншоотларнинг конструктив элементлари ишлаб чиқарилади, ер ости бойликлари қазиб олинади, минерал, ўсимлик ва ҳайвонот хомашёларига ишлов берилиб, кенг истеъмол моллари тайёрланади ва ҳоказолар. Саноат жамиятнинг етакчи кучи саналмиш ишчилар синфини ўзида жам этади. Бу соҳа ривожлангани сайин унда иш билан банд бўлганлар сони кўпаяди, уларнинг билими, кўникмаси ва маҳорати ошади, кадрлар салоҳияти юксалади.

Миллий иқтисодиётнинг жамики тармоқларини қайта қуришга қодир бўлган, йирик машиналашган саноатгина мустақилликнинг бирдан-бир моддий негизи бўлиши мумкин.

Саноат иқтисодиётнинг барча жабҳалари учун ишлаб чиқариш кучларининг асосий элементларидан бири ҳисобланган жамиятнинг табиат устидан ҳукмронлигини бирмунча кучайтирадиган, техника тараққиётини белгилайдиган, иш унумдорлигини оширувчи меҳнат ва ишлаб чиқариш қуролларини яратадиган соҳадир. Унинг равнақ топиши ишлаб чиқариш кучлари бир томонлама ривожланишига чек қўяди, мамлакатда мавжуд табиий бойликлардан, хом ашё ҳамда меҳнат ресурсларидан кенгроқ ва ҳар томонлама фойдаланиш имконини туғдиради.

Юртимизда 2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастури [1] изчил амалга оширилиши 2017 йилда саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш 7 фоизга ўсишини таъминлади (1-жадвал).

1-жадвал.

Саноат маҳсулотлари ишлаб чиқаришнинг ўсиши (фоизда)
 
2013 й.
2014 й.
2015 й.
2016 й.
2017 й.
Жами саноат
109,5
108,3
107,9
106,2
107,0
шу жумладан:
Тоғ-кон саноати ва очиқ конларни ишлаш
99,5
101,2
107,1
101,0
112,9
Ишлаб чиқарадиган саноат
112,1
109,4
108,1
106,4
106,4
Электр энергияси, газ, буғ билан таъминлаш ва ҳавони кондициялаш
102,4
106,1
107,3
109,8
104,9
Сув билан таъминлаш, канализация тизими, чиқиндиларни йиғиш ва утилизация қилиш
108,1
135,0
107,8
112,3
113,5

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

 

Таъкидлаш жоизки, тармоқларда қўшилган қиймат улуши ҳар хил бўлишининг сабаблари ҳам турлича. Чунончи, жаҳон ва мамлакат ички бозорларида саноат маҳсулотлари баҳосининг ўзгарувчанлиги ва уларга талабнинг беқарорлиги, ишлаб чиқаришнинг технологик ва техник жиҳозланиш жиҳатидан фарқ қилиши, шу каби бошқа бир қатор омиллар саноат тармоқларида турлича қўшилган қиймат яратилишининг асосий сабаблари бўлмоқда.

Мамлакатни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий эттиришда ва эл-юртнинг моддий фаровонлигини таъминлашда миллий саноат ва унинг тармоқларида ишлаб чиқарилаётган истеъмол моллари муҳим аҳамият касб этмоқда. Иқтисодий тараққиётнинг барча босқичларида аҳоли фаровонлиги асосини моддий неъматлар ишлаб чиқариш ташкил қилмоқда. Мамлакатимизда рўй берган ижобий ўзгаришларсамараси ўлароқ, сўнгги йилларда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми мунтазам равишда ўсиши кузатилмоқда (1- чизма).

sadullaev_56321

1-чизма. Мамлакатимизда аҳоли жон бошига саноат маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмининг динамикаси (минг сўмда).

Манба:Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф ҳисоб-китоби. 

Саноатни модернизациялаш, техник ва технологик янгилаш лойиҳалари, шунингдек, 2015-2019йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергия тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастурининг ҳаётга самарали татбиқ этилиши натижасида республикада ЯИМга энергия сарфи 7,4 фоизга, йирик корхоналарда ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар таннархи эса ўртача 10,6 фоизга камайди.

Яна бир гап. Саноат ижтимоий ишлаб чиқаришни индустрлаштириш муаммоларини ҳал этувчи калит саналади. Шу боисхалқимиз жамиятнинг моддий-техник базасини қайта қуриш ишларини Президентимиз раҳнамолигида саноатни, аввало, унинг энг муҳим тармоқларини ривожлантиришдан бошлади.Чунки саноат шу пайтгача мамлакатимиз иқтисодий қудратини, юрт фаровонлигини янада оширишнинг бош омили бўлиб келди ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолаверади.

Истиқлол йиллари Ўзбекистонда саноатни ислоҳ қилиш, ривожлантириш ва таркибий тузилишини такомиллаштириш қуйидаги босқичларда амалга оширилди:

1-босқич. 1991-1995 йиллар. Саноатда бозор иқтисодиёти асосларини яратиш, таркибий ўзгартиришларни бошлаш, соҳа корхоналарини янги шароитларга мослаштириш.

2-босқич. 1996-2000 йиллар. Янги қайта ишлаш қувватларини фаол жалб қилиш ва саноат ишлаб чиқаришини мустаҳкамлаш.

3-босқич. 2001-2005 йиллар. Макроиқтисодий барқарорликни таъминлаш, саноатда таркибий ва институционал ўзгаришларни янада чуқурлаштириш.

4-босқич. 2006 йилдан ҳозиргача. Саноат тармоқларини модернизациялаш, техник ва технологик жиҳозлаш, соҳани диверсификациялаш.

Саноат сиёсатидатаркибий ислоҳотлар сифатини ошириш, тадбиркорликка кенг йўл очиб бериш, ишлаб чиқаришини модернизациялаш ва диверсификациялаш, соҳа корхоналарини янги дастурлар доирасида қўллаб-қувватлаш, саноатни ривожлантириш бўйича ўрта ва узоқ муддатга мўлжалланган режаларни амалиётга жорий этиш устувор вазифалар сифатида белгиланди. Юртимизда ҳозир ҳам изчил давом эттирилаётган иқтисодий ислоҳотлар жараёнида саноатни ривожлантириш ва самарадорлигини оширишга йўналтирилган ишлар муҳим ўрин эгалламоқда. Жумладан, Президентимизнинг 2016 йил 26 декабрдаги “2017-2019 йилларда тайёр маҳсулот турлари, бутловчи қисмлар ва материалларни ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш бўйича истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига биноан, маҳаллийлаштириш дастури ишлаб чиқилди. Унинг ижросини таъминлаш асноси диёримиздаги саноат корхоналарида маҳаллий ресурслардан фойдаланиш масаласига ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда.

Маҳаллийлаштириш – импорт қилинадиган маҳсулотларни, бутловчи буюмлар ва материалларни мамлакатнинг ўзида ишлаб чиқариш, шу тариқа уларга бўлган ички талабни қондириш ҳамда уларнинг экспорт қилинишини  йўлга қўйиш демакдир. Бинобарин, ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш деганда, уни маҳаллий шароитга ва замонавий талабларга мослаштириш тушунилади. Янаям аниқроғи, у саноат ишлаб чиқаришининг турли босқичларида импорт шаклида харид қилиш орқали қўлланилувчи деталлар, бутловчи қисмлар, ярим тайёр маҳсулотлар ва тайёр маҳсулотларни маҳаллий хомашё ва материаллар асосида ишлаб чиқаришга ўтказиш жараёнидир.

Корхоналарда мавжуд хомашёлардан самарали фойдаланиш саноатни ривожлантиришнинг муҳим шартлари жумласига киради. Хомашё дегани эса, қазиб олиш ёки ишлаб чиқариш учун маълум даражада меҳнат сарфланган ва шунинг таъсирида ўзгарган ёки ўзгарадиган ҳамда яна ишланиши лозим бўлган дастлабки, хом маҳсулотлардир. Ўз навбатида, улар асосий ва ёрдамчи материалларга бўлинади. Асосий хом ашё тайёр маҳсулотнинг моддий негизини ташкил қилувчи меҳнат маҳсулидир. Тайёр маҳсулот таркибига кирувчи ёки асосий хомашёни қайта ишлаш учун зарур шароит яратиб берувчи қолган барча меҳнат буюмлари ёрдамчи материаллар ҳисобланади [2].

Мамлакатимизда саноат корхоналарини ривожлантириш ниятида амалга оширилаётган йўналишлардан яна бири саноатни модернизациялашдир. “Модернизация”ибораси (французчадан moderniser ва инглизча modernize – янги, замонавий) янгиланиш деган маънони англатади ва давр талабларига монанд ҳар қандай ўзгаришларни билдиради [3].

Иқтисодчи олим Р.Нуреев модернизацияни кенг маънода тушунишда унинг неоклассик ва кейнсча талқинларини фарқлайди. Олдинги ўринга техник-иқтисодий муаммоларни қўяди. Унинг фикрича, хўжаликнинг замонавий тармоқлари мавжуд эмаслиги тараққиётга ғов бўлувчи асосий куч сифатида қабул қилинади [4].

Жаҳон иқтисодиётида кечаётган мураккаб жараёнлар иқтисодиётни барқарор ривожлантириш ва рақобатбардошлигини ошириш учун унинг таркибий тузилишини такомиллаштириш заруратини ҳар қачонгидан-да кучайтирмоқда.Иқтисодиётнинг таркибий тузилиши унинг турли қисм ва бўлаклари ўртасидаги пропорциялар ва нисбатлардан иборат бўлади. Мураккаб тизим сифатида иқтисодиётни барча элементлари орасида шаклланган ва ўзгариб борадиган пропорциялар ва нисбатлар таркибий ўзгаришларни тавсифлайди. Улардан  кўзланган асосий мақсад иқтисодиётдаишлаб чиқариш жараёнларини таркибий жиҳатдан босқичма-босқич ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялаш, бадастир технологияли саноат соҳаларини жадал ривожлантириш, юқори сифатли ҳамда рақобатбардош тайёр ва ярим тайёр маҳсулотлар турини янада кўпайтириш, мавжуд салоҳияту имкониятлардан унумли ва оқилона фойдаланиш эвазига ишлаб чиқариш сарф-харажатларини қисқартириш, валюта маблағларини тежаш, тўғридан-тўғри киритиладиган чет эл сармояларини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш орқали аҳоли фаровонлигини юксалтиришга эришишдан иборатдир.

Мамлакатимиз саноатини ривожлантириш муҳим чораларидан бири унда  диверсификациялашни амалга оширишдир.“Диверсификация” лотинча сўз бўлиб,ўзбекчада “ўзгариш”, “хилма-хиллик” деган маъноларда қўлланилади. Саноат ишлаб чиқаришини диверсификациялаш тармоқлар ва корхоналар фаолияти ўзгаришига ва тайёрланадиган маҳсулотлар тури кўпайишига туртки  беради. У тараққиётнинг энг мураккаб ва истиқболли шакли бўлиб, бир вақтнинг ўзида ишлаб чиқаришнинг ўзаро алоқадор турларини ривожлантиради, шунингдек, фирма, ташкилот, концерн ҳамда компания миқёсида ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортименти ва номенклатурасини кенгайтиради.

Масалага  шу  нуқтаи назардан  ёндашганда, саноат корхоналарида инновацияларни оқилона қўллаш ҳам фойдадан холи бўлмайди. “Инновация” эса “янгилик киритиш” ёки “янгиликлар” каби тушунчалар синонимидир. Уларни амалиётда қўллаш, биринчидан, эски  ишлаб чиқариш техникалари, дастгоҳлари ва қурилмаларини янгиларига алмаштириш учун иқтисодиётга маблағлар сарфлашни, иккинчидан, илмий-техник ютуқлар ва илғор тажрибаларга асосланган замонавий техника ва технологияларни яратишни тақозо этади. Ихтирочиликнинг ривожланиши, муайян йўналишда йирик ихтиро ва кашфиётларга қўл  урилиши инновацион фаолиятнинг муҳим омиллари саналади.

Миллий саноатимизни замонага монанд ривожлантириш, айни йўналишдаги кенг  кўламли ислоҳотларни узлуксиз ва беками кўст амалга ошириш ушбу соҳанинг истиқболи  порлоқ бўлишига, кўплаб янги иш ўринлари яратилишига, пировардида халқимизнинг турмуши янада фаровонлашишига хизмат қилади.

Тоир САЪДУЛЛАЕВ,

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети

катта ўқитувчиси.

Аннотация

Мақолада миллий саноатимиз тараққиётининг асосий кўрсаткичлари, ўзига хос тенденциялари ва омиллари таҳлил қилинган, шунингдек, соҳани янада равнақ топтириш борасида амалга оширилаётган тадбирларнинг мазмун-моҳияти кенг ёритилган.

Калит сўзлар:cаноат,саноат ривожланиши тенденциялари, саноатни ривожлантириш омиллари, маҳаллийлаштириш, таркибий ўзгаришлар, модернизациялаш, диверсификациялаш, инновациялар.

В статье анализируются основные показатели развития промышленности в нашей стране, приводятся тенденции развития промышленности, раскрывается сущность мероприятий, реализованных в нашей стране, в качестве основных факторов развития промышленности.

In the article, the analysis of main development criteria of industry in our country are given, tendencies of further industrial development are described and main factors of industrial development are defined.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2015 йил 4 мартдаги  “2015-2019 йилларда ишлаб чиқаришни таркибий ўзгартириш, модернизациялаш ва диверсификациялашни таъминлаш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги фармони.

2. А.Ортиқов. Саноат иқтисодиёти. Тошкент. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Адабиёт жамғармаси нашриёти, 2004 йил, 87-бет.

3. Абрамов А.В. Становление теории модернизации и альтернативные концепции общественного развития. Электронный журнал “Вестник Московского государственного областного университета”. 2012/3. -35 с.

4. Нуреев Р. Модернизация экономики: концепции и средства.  http: //www.soob.ru.

5. Емельянович И. Ключ к диверсификации экономики. Наука и инновации. - 2010. - № 8. - 53 с.

6. Инновационный менеджмент. Учебник. Под.ред. С.Д. Ильенковой.М.: “ЮНИТИ-ДАНА”, 2007. -19 с.

7. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"