Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
0
0
0

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
84323
231749
183929

+47820

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 104 932
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистон тўқимачилик корхоналари иқтисодий салоҳиятини оширишнинг назарий асослари


Бугунги кунда мамлакатимиз тўқимачилик саноати нафақат юқори суръатларда ривожланаётган, балки экспортни барқарор ошириб бораётган, хорижий инвестицияларни кенг жалб қилаётган ҳамда ишлаб чиқариш жараёнларини модернизция ва тубдан техник-технологик жиҳатдан янгилаб бораётган тармоқ сифатида ажралиб туради.

Сўнгги йилларда тўқимачилик саноатида маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми жадал суръатларда ўсиб бормоқда ва мамлакат ялпи ички маҳсулотидаги улуши сезиларли даражада ошмоқда. Айни пайтда тўқимачилик тармоғининг ЯИМдаги улуши – 5,2 фоизни, жами саноатдаги улуши – 9,7 фоизни ва енгил саноатдаги улуши – 58,4 фоизни ташкил этмоқда (1-чизма). Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 2016 йилда тўқимачилик саноати корхоналари томонидан 8938,9 млрд. сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилган ва ўтган йилга нисбатан 112,1 фоиз ўсишни ташкил этган [18]. Ҳозирда  Ўзбекистонда жами 3476 та тўқимачилик корхонаси фаолият юритмоқда. Юқори ўсиш суръатлари Тошкент шаҳри, Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларида кузатилмоқда. Барқарор ўсиш суръатларини  тармоқда олиб борилаётган модернизация ишлари, техник ва технологик янгилаш ҳамда ишлаб чиқаришни диверсификация қилиш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар натижаси сифатида изоҳлаш мумкин.

davranov_56321

1-чизма.

Ўзбекистон иқтисодиётида тўқимачилик саноатининг ўрни (2016 й.)

Манба: Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари асосида муаллиф томонидан ҳисобланган.

 

Юқорида келтирилган таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, тўқимачилик саноати жадал ривожланмоқда. Бироқ, ҳамон Ўзбекистон тўқимачилик тармоғининг мавжуд салоҳияти ва захираларидан тўлиқ фойдаланилмаяпти. Бу эса, тўқимачилик корхоналарининг захиралари ва иқтисодий салоҳиятини чуқур илмий ва амалий жиҳатдан тадқиқ этиш лозимлигини кўрсатмоқда.

Албатта, бугунги кунда саноат корхоналари иқтисодий салоҳияти тушунчаси, таркибий қисмлари, уни баҳолаш кўрсаткичлари бўйича кўпгина тадқиқотлар амалга оширилган. Бироқ иқтисодиётнинг реал сектори тармоқларининг ўзига хос ривожланиш хусусиятларини тўлиқ қамраб олган ва унга асосан тармоқ корхоналари иқтисодий салоҳияти тушунчаси, уни баҳолаш кўрсаткичлари ва иқтисодий салоҳиятни ошириш механизмлари бўйича илмий ва амалий асосланган таклифлар ишлаб чиқилган тадқиқотлар деярли йўқ.

Юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, бизнинг фикримизча тўқимачилик саноатининг ташкилий-иқтисодий моҳияти, таркиби, ривожланишининг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда тўқимачилик саноати корхоналари учун иқтисодий салоҳият тушунчаси, таркиби ва уни баҳолаш бўйича кўрсаткичларни илмий жиҳатдан шакллантириш ва иқтисодий моҳиятини очиб бериш мақсадга мувофиқ.

Ушбу жиҳатларни очиб бериш учун авваламбор, “салоҳият”, “иқтисодий салоҳият” тушунчалари бўйича илмий ёндашувларни таҳлил қилиб чиқиш лозим.

“Салоҳият” тушунчаси лотинча “potential” сўзидан олинган бўлиб, у куч, яширин имконият маъносини билдиради. Бу сўзга В.М.Архипов шундай таъриф беради: “Салоҳият” – белгиланган мақсадлар ёки қўйилган вазифаларни ечиш учун жалб этилиши мумкин бўлган мавжуд воситалар, захиралар ва манбалардир” [2].

Корхоналар даражасида “салоҳият” тушунчасига Г.Б.Клейнер, В.Л.Тамбовцев ва Р.М.Качаловлар томонидан қизиқарли талқин берилган, яъни уларнинг фикрича, муайян бир корхона салоҳияти унинг ташқи ижтимоий-иқтисодий муҳитдаги ресурслари, ҳолати ва ҳаракатини тавсифловчи таркибий қисмлардан ташкил топади [8].

Шу ўринда, “салоҳият” тушунчасига Н.К.Темнова томонидан берилган таърифга ҳам эътибор қаратсак. Унинг фикрича: “Салоҳият” – бу ресурсларгина эмас, балки қандайдир мақсадли йўналтирилган фаолиятни амалга ошириш ва натижа олиш учун имконият. Шунингдек, у “салоҳият”га синергетик ёндашув қўлланиш лозимлигини таъкидлайди [17].

Б.Райан ташкилот салоҳиятига қуйидаги умумий кўринишда: “Ташкилот салоҳияти мақсадли йўналтирилган ишни бажариш бўйича ҳақиқий ва эҳтимолий қобилиятни билдиради” [12] деб таъриф беради.

И.Н.Богатая масалага корхонанинг молиявий-хўжалик фаолияти нуқтаи назаридан ёндошиб, корхона салоҳияти таърифига бухгалтерия жиҳатдан талқин берган. Унинг фикрича, “Корхона салоҳияти – молиявий-хўжалик фаолият якунида активлар, унинг шаклланиш манбалари ва уларнинг қобилияти маълум молиявий натижаларга олиб келади” [4].

Кўп ҳолларда “салоҳият” “захира” тушунчаси билан тенглаштирилади. Жумладан, иқтисодчи олимлар С.Б.Барнгольц [3] ва Г.В.Савицкая [14] қуйидаги таърифни беришган: “Корхона салоҳияти – бу маълум шароитда қўшимча талабни қондириш учун доимий яратиладиган моддий ресурслар, бошқа томондан эса, бу ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишнинг фойдаланилмаган имкониятларидир”.

Юқоридаги талқинлардан келиб чиққан ҳолда, “салоҳият” деганда мавжуд шарт-шароитнинг ўзгариши билан корхонанинг яширин имкониятларини ҳақиқий ҳолатда юзага чиқиши мумкин бўлган хўжалик юритиш субъектлари фаолияти воситалари, имкониятлари, қобилияти, хусусан, амалга ошмаган захиралар мажмуини тушуниш тўғри бўлади.

“Салоҳият” тушунчасига бўлган кенг маъноли талқинлар қандай воситалар, захиралар ва манбаларнинг кучи тўғрисида фикр юритилаётганлигидан келиб чиққан ҳолда, уни илм-фан ва хўжалик юритишнинг турли соҳаларига қўллаш учун имкон беради. “Салоҳият” моҳиятига бундай таъриф берилиши ташкилот ва корхоналарнинг иқтисодий фаолиятининг турли йўналишларига кенгроқ қўллаш имконини беради ва уни “иқтисодий салоҳият” деб номлаш мумкин.

“Иқтисодий салоҳият” тушунчасини иқтисодий тоифа сифатида ўрганиш ва таҳлил қилиш натижасида шуни айтиш мумкинки, у нафақат назарий аҳамиятга, балки амалий хусусиятга ҳам эга. Шу ўринда, “иқтисодий салоҳият” моҳияти ва таркибини батафсил кўриб чиқамиз.

Иқтисодчи олим М.И.Бухалков фикрича, “Ҳар қандай корхонанинг иқтисодий салоҳияти режалаштирилган ишлар, хизматларни ишлаб чиқариш учун ташкилот ихтиёрида бўлган ресурслар таркиби: меҳнат, моддий, молиявий ва бошқаларни ўзида акс эттиради”[5].

В.С.Спирин ёндашувига қараганда, “Иқтисодий салоҳият мавжуд ва фойдаланилмаган заҳираларни ўзида жамлаган ресурслар мажмуи орқали аниқланади”[16].

Б.А.Райзберг фикрича эса: “Иқтисодий салоҳият максимал даражада фойда олиш учун корхонанинг жами мавжуд чекланган ресурсларидан самарали фойдаланишни изоҳлайди ҳамда ишлаб чиқариш ва иқтисодий тизим салоҳиятининг асосий таркибий қисми ҳисобланади”[13].

Л.С.Сосненко “иқтисодий салоҳият”ни объект сифатида тадқиқ этишни иккита йўналишга ажратади. Бир томондан иқтисодий салоҳиятга хўжалик юритиш субъектларнинг умумий ресурслари, иккинчи томондан хўжалик юритиш субъектларининг жамият талабини қондириш учун мавжуд ресурсларни ўзлаштириш ва қайта ишлаш қобилияти сифатида қаралади [15].

Муаллифлар жамоаси томонидан тайёрланган ишда унга шундай талқин берилади: “Иқтисодий салоҳият бу муайян соҳада мақсадларга эришиш, белгиланган вазифаларни ечиш учун ташкилот томонидан фойдаланиш мумкин бўлган манбалар, имкониятлар, воситалар ва захиралардир” [1].

Ўзбек иқтисодчи олимлари томонидан “иқтисодий салоҳият” тушунчасига қуйидагича ёндашув берилган: “Корхонанинг иқтисодий салоҳияти деганда, унда содир этилган иқтисодий жараённи тўлиқ таъминлайдиган барча моддий ва меҳнат ресурслари ҳамда номоддий фаоллар тушунилади” [11].

Иқтисодий салоҳият таърифига юқорида берилган талқинлардан келиб чиққан ҳолда уларни иккита йўналишга ажратиш мумкин:

– иқтисодий салоҳият бу мавжуд ресурслар мажмуи;

– иқтисодий салоҳият бу ишлаб чиқариш кучларининг муайян натижаларга эришиш қобилияти.

Биринчи йўналишда “иқтисодий салоҳият” тушунчасига фақат ресурслар нуқтаи назаридан ёндашилмоқда. Бу эса иқтисодий салоҳиятнинг кенг қамровли иқтисодий моҳиятини тўлиқ очиш имконини бермайди. Иккинчи йўналишда эса, фақат иқтисодий салоҳиятдан фойдаланиш натижаларига асосий эътибор қаратилган.

Ҳар қандай хўжалик юритиш субъектларининг назарияси ва амалиётида мақсадли йўналиш мажбурийдир, бироқ уни белгиланган мақсадларга эришиш манбалари ва воситалари ҳисобланган иқтисодий ўсиш ва ривожланиш, самарадорлик ва рақобатбардошликни ошириш, захиралар имкониятларисиз амалга ошириш мумкин эмас.

Шу нуқтаи назардан, бизнинг фикримизча, тўқимачилик корхоналари иқтисодий салоҳияти тушунчасига юқорида келтирилган йўналишларни уйғунлаштирган ҳолда учинчи алоҳида ёндашувни бериш мумкин. Ушбу ёндашувда тўқимачилик корхоналарининг мавжуд ресурсларидан максимал даражада фойдаланиш ва белгиланган самарадорликка эришиш қобилиятини ҳам инобатга олиш мақсадга мувофиқ.

Айрим илмий-иқтисодий тадқиқотларда корхонанинг иқтисодий салоҳиятининг бундай ёндашувига яқин талқинлар ҳам учраб туради. Хусусан, профессор В.В.Ковалев корхонанинг иқтисодий салоҳияти деганда мавжуд моддий, меҳнат ва молиявий ресурсларидан фойдаланган ҳолда корхонанинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш қобилиятини тушунган [9].

Р.В.Марушков ўзининг илмий ишида иқтисодий салоҳиятни мавжуд ресурслар тизимидан фойдаланган ҳолда корхонанинг узоқ муддатли фаолият юритиши ва стратегик мақсадларга эришиш қобилияти сифатида талқин этади [10].

Қурилиш корхоналари иқтисодий салоҳияти бўйича тайёрланган илмий ишда қуйидагича ёндашув берилган: “Корхона иқтисодий салоҳияти ўзида меҳнат активлари, асосий ишлаб чиқариш жамғармалари, айланма маблағлар, номоддий активлар ва ер ресурслари ўртасидаги ўзаро муносабатлар натижасида шаклланадиган қобилият”ни [20] акс эттиради.

Е.В.Жоглинани фикрича, “Иқтисодий салоҳият – бу табиий, моддий, молиявий, меҳнат ва интеллектуал ресурсларга асосланган иқтисодий-ишлаб чиқариш фаолиятини (маҳсулот, хизматлар ишлаб чиқариш, аҳоли талабларини қондириш, ишлаб чиқариш ва истеъмолни ривожланишини таъминлаш) амалга оширишнинг аниқ тизимларини ўзида акс эттирган умумий қобилиятни англатади” [7].

Корхонанинг иқтисодий салоҳиятига О.А.Жигунова томонидан берилган ёндашув ҳам эътиборга молик. Унда корхонанинг иқтисодий салоҳияти тушунчасини аниқлашда биринчи ўринга корхонанинг барқарор фаолият юритиши, унинг ноқулай ҳолатларга бардош бериш қобилияти, шунингдек, корхонанинг ривожланиш вазифаларини қўяди ҳамда қуйидагича таъриф беради: “Корхонанинг иқтисодий салоҳияти – бу мавжуд ресурслардан оқилона фойдаланган ҳолда ташқи ва ички муҳитнинг ўзаро муносабати, барқарор ўсишни таъминлаш ва стратегик мақсадларга эришиш билан шартланадиган умумий қобилият ва мавжуд имкониятларга эга бўлиш хусусиятидир”[6].

Тижорат корхоналари иқтисодий салоҳияти нуқтаи назаридан қуйидагича ёндашув келтирилади: “Иқтисодий салоҳият – бу ташқи ва ички муҳит омилларининг ўзаро муносабати шароитида жами мавжуд ресурслардан самарали фойдаланиш асосида корхонанинг ўз олдига қўйган мақсадларига эришиш қобилиятидир” [19].

Шундай қилиб, юқорида келтирилган “салоҳият”, “иқтисодий салоҳият”, “корхоналар иқтисодий салоҳияти” тушунчалари ва тўқимачилик саноатининг ўзига хос ривожланиши ва фаолият юритишини инобатга олган ҳолда тўқимачилик корхоналари иқтисодий салоҳияти юзасидан қуйидаги таърифни бериш мумкин. Тўқимачилик корхонаси иқтисодий салоҳияти – бу мавжуд ресурслардан самарали ва оқилона фойдаланган ҳолда узоқ муддатли барқарор ривожланишни таъминлаш ҳамда ташқи муҳит билан ўзаро муносабатлар жараёнида бозордаги тўқимачилик маҳсулотларига бўлган талабни шакллантириш, аниқлаш ва қондириш қобилиятидир.

Орзу ДАВРАНОВ,

Тошкент тўқимачилик ва енгил  

саноат институти,

“Корпоратив бошқарув” кафедраси ассистенти.

Аннотация

Мақолада Ўзбекистон тўқимачилик саноатининг мамлакат ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги ўрни ва аҳамияти очиб берилган. Шунингдек, корхоналар иқтисодий салоҳиятининг назарий асосларига, хусусан “салоҳият”, “иқтисодий салоҳият”, “корхоналар иқтисодий салоҳияти” тушунчаларига бўлган ёндашувлар таҳлил қилинган.

Калит сўзлар: тўқимачилик корхоналари, салоҳият, иқтисодий салоҳият, корхоналар иқтисодий салоҳияти, ресурслар, захира, қобилият.

В статье раскроено место и значение текстильной промышленности в социально-экономическом развитии страны, также приведена тенденция его развития. Кроме того, анализированы теоретические основы экономического потенциала предприятий, а частности, подход к таким понятиям как «потенциал», экономический потенциал», «экономический потенциал предприятия» и дано мнение автора к ним.

Учитывая специфику развития и деятельности текстильной промышленности Узбекистана, дано авторское описание экономическому потенциалу текстильным предприятиям

The article examines the role of the textile industry in the economic development of a country. Moreover, the theoretical basis of economic capability of companies, such as “capability”, “economic power”, “company's economic power” are thoroughly analyzed. 

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Алексеева А.И., Васильев Ю.В., Малеева А.В., Ушвицкий Л.И. Комплексный экономический анализ хозяйственной деятельности: Учеб. пособие. – М.: Финансы и статистика, 2006. – 672 с.

2. Архипов В.М. Проектирование производственного потенциала объединений (теоретические аспекты) - Л.: Изд. ЛГУ, 2009.-С.75-89.

3. Барнгольц С.Б. Экономический анализ хозяйственной деятельности на современном этапе развития. – М.: Финансы и статистика, 1984. – 214 с.

4. Богатая И.Н. Стратегический учет собственности предприятия. – Ростов н/Д.: «Феникс», 2001. – 320 с.

5. Бухалков М.И. Внутрифирменное планирование. – М.: ИНФРА-М, 2000. –392 с.

6. Жигунова О.А. Теория и методология анализа и прогнозирования экономического потенциала предприятия: Монография. – М.: ИД «Финансы и кредит», 2010. – 140 с.

7. Жоглина Е.В. Согласование механизмов управления развитием экономического потенциала: автореф. дис. канд. экон. наук: 08.00.05 / Жоглина Е.В. – Ставрополь, 2008. – 26 с.

8. Клейнер Г.Б., Тамбовцев В.Л., Качалов Р.М. Предприятия в нестабильной экономической среде: риски, стратегии, безопасность. – М.: Экономика, 1997. – 288 с.

9. Ковалев В.В. Финансовый анализ: методы и процедуры. – М.: Финансы и статистика, 2001. – 560 с.

10. Марушков Р.В. Оценка использования экономического потенциала предприятия (на примере предприятий печатной отрасли), афтореф. дис. канд. экон. наук: 08.00.05 / Марушков Р.В. – М.: 2000. – 20 с.

11. М.Қ.Пардаев, Б.А.Ҳасанов, Ж.И.Исроилов, А.Н.Холиқулов. Иқтисодий таҳлил. Дарслик. Т.: ТДИУ ва СамИСИ, 2011. - 138 б.

12. Райан Б. Стратегический учет для руководителя. / Пер. с англ. Под ред. Микрюкова В.А. – М.: Аудит, ЮНИТИ, 1998. – 615 с.

13. Райзберг Б.А. Государственное управление экономическими и социальными процессами. – М.: ИНФРА-М, 2008. – 384 с.

14. Савицкая Г.В. Теория анализа хозяйственной деятельности: Учеб. пособие. – М.: ИНФРА-М, 2005. – 288 с.

15. Сосненко Л.С. Анализ экономического потенциала действующего предприятия. – М.: Экономическая литература, 2004. – 208 с.

16. Спирин В.С. Основные черты современных структурных изменений производственного потенциала предприятия // Консультант директора. – 2004. - №15.

17. Темнова Н.К. Экономическая динамика текстильных предприятий: теоретические, методологические и прикладные аспекты: автореф. дис. док. эк. наук./ Темнова Н.К. – Иваново, 2009. – 14 с.

18. Ўзбекистон Республикаси статистика қўмитаси маълумотлари.

19. Щепетова В.Н. Системно-целевой подход к анализу экономического потенциала коммерческой организации: автореф. дис… канд. экон. наук: 08.00.05/ Щепетова В.Н. – Орел, 2008. – 25 с.

20. Юнусов И.И. Формирование и эффективность использования экономического потенциала строительного предприятия (на примере Республики Татарстан): автореф. дис… канд. экон. наук: 08.00.05 / Юнусов И.И. – М.: 2006. – 20 с.

 

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"