Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4284
7845
7110

+735
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
129715
254685
115601

+139084

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 680 101
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ишчи кучи омилини оқилона тақсимлаш у иқтисодий ўсишнинг таркибий жиҳатларини такомиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади

Ишчи кучи иқтисодиётни ҳаракатга келтирувчи ва унинг истиқболини таъминловчи асосий омиллардан биридир. Шунинг учун ҳам ишчи кучларини ушбу соҳа тармоқларига оқилона тақсимлаш, улардан оптимал даражада самарали фойдаланиш ва салоҳиятини мунтазам равишда ошириб бориш муҳим вазифа ҳисобланади. Бу борадаги илк фикрларни А.Смит ўзининг “Миллатлар бойлиги” [1] китобида тўғноғич ишлаб чиқарувчи корхона ишчи-хизматчиларининг тақсимланиши мисолида билдирган. Ходимлар малакаси, мутахассислиги ва билимига қараб тақсимланиши ва ҳар бири ўзига топширилган иш билан шуғулланиши лозимлигини, акс ҳолда, меҳнат унумдорлиги пасайиб кетиши мумкинлигини эслатган. Бу демак, ишчи кучини самарали тақсимлаш, ишчи-ходимлар малакасини ошириш ва тармоқларни малакали кадрлар билан таъминлаш иқтисодий ўсишнинг муҳим омилларидан бири вазифасини ўтайди.

Ишчи кучини оқилона тақсимлаш орқали иқтисодий ўсиш барқарорлигини мустаҳкамлашнинг назарий жиҳатларини кўплаб иқтисодчи олимлар ўз илмий ишларида тадқиқ қилишган. Жумладан, британиялик Ч. Писсаридес [3] биринчилардан бўлиб иқтисодий ўсиш ва ишсизлик даражаси ўртасидаги алоқадорикни назарий жиҳатдан ўрганган. Пировардида ишсизлик ва иқтисодий ўсиш ўртасида тескари боғлиқлик мавжуд деган хулосага келган. Бу тескари боғлиқлик капиталлашув эффекти номи билан машҳур.

Аюн ва Ҳовит [2] эса бу борада икки хил боғлиқликни назарий жиҳатдан шакллантиришган. Булар иқтисодий ўсиш ва ишсизлик ўртасидаги тўғри боғлиқликни ифодаловчи ижодий вайронкорлик эффекти ва улар ўртасидаги тескари боғлиқликни ифодаловчи жамғарма ҳовузи эффекти.

Акме ўғли [4] эса ҳеч қандай ижтимоий режаларсиз иқтисодий ўсиш ва ишсизлик ўртасида ижобий корреляцион боғлиқлик борлигини исботлаган.

Истиқлол йиллари юртимизда кадрлар салоҳиятини юксалтиришга ва аҳоли саводхонлигини оширишга катта эътибор қаратиб келинмоқда. Етти босқичли таълим тизимининг жорий этилиши, мавжуд тармоқлар учун зарур кадрлар тайёрланиши ва уларнинг малакаси мунтазам ошириб борилиши сўнгги вақтларда эришган ютуқларимизнинг пойдевори бўлди, десак, янглишмаймиз.

Меҳнат омили ишлаб чиқариш жараёнининг асосий иштирокчиси ҳисобланади. Пировард маҳсулотлар ва хизматлар ишчи кучининг бевосита таъсири остида яратилади. Шу боис ҳозирги пайтда ишчи кучи омилини самарали тақсимлаш бутун дунёда долзарб муаммо даражасига кўтарилди. Унга ечим топиш учун, авваламбор, бошқа давлатлар тажрибаларини ўрганиш, камчилик ва афзалликларни таҳлил қилиш орқали миллий иқтисодиётимиздаги ишчи кучи омилини самарали тақсимлашга янгича ёндашиш усулларини топиш керак. Шунингдек, мазкур соҳада иш билан банд аҳоли ва уларнинг меҳнат унумдорлигини аниқлаш, иқтисодиёт тармоқларининг ишчи кучи омилига бўлган талабини ўрганиш зарур.

Меҳнат бозорида ёшларга қаратилаётган алоҳида эътибор боис уларнинг иш билан таъминганлиги даражаси жами аҳоли сонига таққослаганда нисбатан юқорироқ бўлмоқда. Уларга жамиятда муносиб ўрин топишларига кўмаклашиш ва ташаббускорона меҳнат қилишларини қўллаб-қувватлаш бўйича тизимли ишлар йўлга қўйилди. Муҳайё этилган имкониятлардан ўринли фойдаланаётган ёшлар барча соҳаларда қобилиятларини намоён қилишмоқда. Бинобарин, мамлакат тақдири учун масъулиятни чуқур ҳис этадиган, мустақил ва янгича фикрлайдиган ёш кадрларга бўлган эҳтиёжни қондириш вазифаси тобора муҳим аҳамият касб этмоқда.

Мамнуният-ла эътироф этиш жоизки, юртимизда иқтисодиётни ислоҳ қилиш ва диверсификациялаш, етакчи тармоқларни фаол инвестиция сиёсати юритиш эвазига модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришни рағбатлантириш асосида ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу аҳолини, аввало, ёшларни иш билан таъминлашдек ўта долзарб вазифани муваффақиятли адо этишда қўл келмоқда. Айни чоғда, соҳада мавжуд муаммоларни ҳал қилишда ҳали-ҳамон эски иш шакллари ва услубларидан фойдаланилаётганидан кўз юммаслик даркор. Устига-устак, меҳнат бозоридаги ҳақиқий вазиятни бузиб кўрсатиш ҳолатлари сақланиб қолмоқда, олий ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштиришга юзаки ёндашувлар кузатилмоқда. Аҳоли бандлигини таъминлаш жараёнида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, таълим муассасалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва кенг жамоатчилик ўртасида ўзаро ҳамкорлик ва жавобгарлик механизмларидан яхши фойдаланилмаяпти.

Президентимизнинг 2017 йил 6 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, жойларда маҳаллий ижро ҳокимияти органлари ва иқтисодий комплексга кирувчи ҳудудий органлар раҳбарларининг, уларни моддий рағбатлантириш ёки уларга нисбатан интизомий чора қўллаш бўйича тегишли тизимни жорий этган ҳолда, аҳоли бандлигининг ўсиши ва уни иш билан таъминлаш борасидаги ишлар натижадорлиги ва самарадорлиги учун шахсий масъулияти оширилди [10].

Меҳнат бозоридаги вазиятни холисона баҳолашда, меҳнатга лаёқатли аҳоли сонини халқаро стандартларга биноан аниқлаш ва меҳнат ресурслари балансини ишлаб чиқиш тартибини шакллантиришда Давлат статистика қўмитаси маълумотлари ҳамда Меҳнат вазирлигининг иш билан таъминлаш масалаларини ўрганиш натижаларидан фойдаланиш мақсадга мувофиқдир.

Ўзбекистонда 2018 йилнинг 1 январи ҳолатига жами аҳоли сони 32 миллион киши бўлиб, ундан 26 фоизини 15 ёшгача бўлган, 69 фоизини 15-64 ёшдаги ва 5 фоизини 64 ёшдан ошганлар ташкил этган. Демак, иқтисодий фаол ва нофаол аҳоли ҳисобга олинганда, мамлакатда 21 миллион нафардан ортиқ меҳнатга лаёқатли киши бор. Бу иқтисодиётда меҳнат ресурслари етарли даражада эканлигини билдиради. Шунингдек, меҳнат ресурсларининг 75,3 фоизи ёки 13,8 миллион нафари иқтисодий фаол аҳоли тоифасига, шундан 13,1 миллиони иш билан таъминланганлар тоифасига киради. Бундан кўринадики, иқтисодий фаол аҳолининг бандлик даражаси 94,8 фоизга тўғри келади. Меҳнат ресурслари таркибидаги қолган 4,5 миллион нафар аҳоли иқтисодий нофаол бўлиб, жами меҳнат ресурсларининг 24,7 фоизини ташкил қилади. Юқорида таъкидлаганимиздек, 2015 йил якунига кўра, аҳолининг иш билан бандлик даражаси иқтисодий фаол аҳолига нисбатан 94,8 фоизни, меҳнат ресурсларига нисбатан эса 71,4 фоизни ташкил этди.

Республикада вақтинча ишсизлик мавжудлигининг сабабларидан бири ишчи кучига бўлган талаб ва таклиф ўртасидаги номутаносибликка бориб тақалади. Яъни, ишсиз аҳолининг катта қисми малакасиз ходимлар ва меҳнат бозорига илк бор чиқаётган ёшлардан иборат. Иқтисодиёт тармоқларида эса юқори малакага ва бой иш тажрибасига эга кадрларга талаб ортиб бормоқда.

Иқтисодий фаол аҳоли бандлигининг ҳудудлар бўйича тақсимланиши таҳлил қилинганда ўзига хос жиҳатлар кузатилиши тайин.

Биринчидан, Қорақалпоғистон Республикасида (65 фоиз), Жиззах (63,4 фоиз), Наманган (67,5 фоиз), Қашқадарё (70,1 фоиз) ва Сурхондарё (71,4 фоиз) вилоятларида меҳнат ресурсларининг, яъни аҳолининг иқтисодий фаоллик даражаси ортда қолган. Шунинг учун ҳам улардаги банд аҳолининг жами меҳнат ресурсларидаги улуши республика кўрсаткичига нисбатан анча паст. Ушбу ҳолатлар ўша ҳудудлардаги демографик жараён мураккаблиги билан ҳам боғлиқ.

Иккинчидан, ҳудудлар бўйича аҳоли ва меҳнат ресурслари нотекис тақсимлангани боис иш билан банд бўлганлар сони бўйича вилоятлар ўзаро фарқланади. Республика бўйича жами иш билан банд аҳолининг улуши юқори ҳудудлар сирасига Самарқанд (11,1 фоиз), Фарғона (10,9 фоиз), Қашқадарё (9,4 фоиз), Андижон (9,3 фоиз), Тошкент (8,8 фоиз) ва Наманган (8,3 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри (8,4 фоиз) кирган. Сирдарё (2,7 фоиз), Навоий (3,2 фоиз), Жиззах (3,4 фоиз) ва Хоразм (5,3 фоиз) вилоятларида эса бу кўрсаткичлар пастлигини кўриш мумкин.

Учинчидан, ишлаб чиқариш кучлари нотекис жойлашгани туфайли ҳудудий тармоқларда бандлик турлича кўринишга эга. Айтайлик, Тошкент шаҳрида, Тошкент, Фарғона, Навоий, Самарқанд ва Бухоро вилоятларида аҳолининг саноат, қурилиш, транспорт соҳаларида бандлиги нисбатан юқори. Қишлоқ хўжалиги соҳасида эса Сурхондарё, Қашқадарё, Наманган, Жиззах ва Сирдарё вилоятлари олдинда дейиш мумкин [9].

Мамлакатимиз аҳолиси тез суръатларда кўпайиб бораётган давлатлар сафидан жой олган. Инчунин, Аҳоли сони 2005 йилда 26 миллиондан, 2017 йилда 32 миллиондан ошди. Ҳисоб-китобларга қараганда, ҳамюртларимиз сони ҳар йили ўртача 1,8 фоизга ошмоқда. 2017 йилнинг 1 январь ҳолатига иш билан таъминланганлар сонининг иқтисодий фаол аҳоли сонидаги улуши 94,8 фоизни, республикада ишсизлик даражаси эса мос равишда 5,2 фоизни ташкил қилган. Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш билан бандлар улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжаликларида 27,7 фоиз, саноатда 13,6 фоиз, савдода 10,9 фоиз, қурилишда 9,5 фоиз, таълимда 8,3 фоиз бўлган.

Бандлик масаласи Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги сиёсий партиялар фракциялари ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳи йиғилишларида батафсил муҳокама қилиниб, жўяли фикр-мулоҳазалар билдирилди. Чунончи, аҳоли бандлигини таъминлаш юзасидан парламент назоратини янада кучайтириш, ҳар бир депутатнинг ушбу масала бўйича масъулиятини янада ошириш лозимлиги таъкидланди. Таклифлар инобатга олинган ҳолда, 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури қабул қилинди. Унда 390 минг кишини доимий иш билан, 200 минг кишини қишлоқ хўжалиги ҳамда қурилишда мавсумий ва вақтинчалик, 309 минг кишини шахсий ёрдамчи ва деҳқон хўжаликлари, ҳунармандчилик ва оилавий тадбиркорлик воситасида иш билан таъминлаш назарда тутилди [8]. Бу ишчи кучи мунтазам ошиб бораётганини, уни самарали тақсимлаш, ишчи кучи алмашинувини тартибли йўлга қўйиш каби вазифалар янада мураккаблашувини англатади. Қолаверса, аҳоли сонининг узлуксиз ўсиб бориши ишчи кучи алмашинуви такрорийлигини таъминлаб туради ва иқтисодий ўсиш барқарорлигига ижобий таъсир кўрсатади.

1-жадвал.

Иқтисодиёт тармоқларида банд бўлганларнинг ўртача сони ўзгариши тенденциялари (фоиз ҳисобида)*
 
2010
2011
2012
2013
2014
2015
Жами
102,6
102,5
102,6
102,4
102,4
101,5
Саноат
101,8
101,6
101,7
101,6
101,7
101,5
Қишлоқ хўжалиги
107,9
103,6
100,7
104,2
103,9
102,5
Транспорт ва алоқа
104,3
102,6
103,1
103,4
103,6
103,7
Қурилиш
105,7
102,6
103,4
103,5
103,4
103,3
Хизматлар
99,3
102,1
103,7
101,3
101,3
101,1

Манба: жадвал муаллифлар томонидан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.

 

Бир-бирига боғлиқ кузатувлардан аён бўлишича, республиканинг асосий тармоқларида банд кишилар сони ўзгариши тенденцияси барқарор эмас. Ижобий кўрсаткичлар кўпроқ хизматлар соҳасида кўзга ташланди. 2010 йили бу соҳада иш билан банд бўлганлар 99,3 фоизни, 2015 йилда эса 101,1 фоизни ташкил этди. Зеро, охирги йилларда хизматлар соҳасига жиддий аҳамият берилгани шарофати ўлароқ, унда ишловчилар сони сезиларли даражада кўпайди. Бу иқтисодиётда янги соҳалар ва касблар вужудга келаётганидан ҳамда аҳолининг касбий саводхонлиги ортаётганидан далолат беради.  

2-жадвал.

Ўзбекистон иқтисодиёти тармоқларида мавжуд ишчи кучининг нисбий меҳнат унумдорлиги (коэфф)*

Йиллар
Саноат
Қишлоқ хўжалиги
Қурилиш
Транспорт ва алоқа
Савдо
Бошқалар
2008
1,74
0,72
0,65
2,5
0,83
0,57
2009
1,76
0,73
0,76
2,27
0,84
0,57
2010
1,81
0,67
0,7
2,21
0,86
0,62
2011
1,83
0,65
0,66
2,25
0,86
0,65
2012
1,85
0,66
0,67
2,28
0,8
0,66
2013
1,87
0,64
0,69
2,22
0,8
0,67
2014
1,88
0,62
0,72
2,15
0,76
0,69
2015
1,90
0,61
0,78
2,1
0,72
0,7
2016
1,8
0,61
0,75
2,1
0,7
0,68

Манба: жадвал муаллифлар томонидан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.

Миллий иқтисодиётимиз тармоқларида иш билан банд ишчи-ходимларнинг меҳнат унумдорлиги даражасини таҳлил қилсак, транспорт ва алоқа тизимида нисбий меҳнат унумдорлиги юқори эканлигининг гувоҳи бўламиз. 2008 йили бу тармоқда нисбий меҳнат унумдорлиги 2,5 бўлган бўлса, 2016 йилга келиб 2,1 ни ташкил этган. Бундан тармоқда ходимлар малакасини ошириш ва юқори малакали кадрлар тайёрлашда муаммолар бор деган хулоса чиқариш мумкин.

Саноат тармоғида мавжуд ишчи-ходимларнинг нисбий меҳнат унумдорлиги кўрсаткичи эса йил сайин ўсиб бормоқда. Шунингдек, 2008-2016 йилларда иқтисодиётимизнинг асосий тармоғи ҳисобланган саноатда меҳнат унумдорлиги ўртача 1,82, қишлоқ хўжалигида 0,58, қурилишда 0,6, савдода 0,71 кўрсаткичларини ташкил этган. Муҳими, юртимизда аҳоли саводхонлигини ошириш борасида олиб борилган ижтимоий-иқтисодий чора-тадбирлар туфайли иқтсодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлиги сезиларли даражада ошди. Натижада келажакда ишлаб чиқариш самарадорлиги бўйича келиб чиқиши эҳтимоли бор муаммолар ва харажатларнинг ҳаддан зиёд кўпайиб кетиши олдини олиш учун пухта замин яратилди.

3-жадвал.

Ҳудудлар бўйича иқтисодиётда бандларнинг тақсимланиши (фоиз ҳисобида)*

 
2010
2011
2012
2013
2014
2015
2016
Ўзбекистон Республикаси
100
100
100
100
100
100
100
Қорақалпоғистон Республикаси
5,0
5,0
4,9
4,9
4,8
4,9
5,6
Андижон
9,6
9,6
9,6
9,7
9,7
9,6
9,2
Бухоро
6,6
6,6
6,6
6,5
6,4
6,5
5,8
Жиззах
3,3
3,3
3,3
3,3
3,3
3,3
3,9
Қашқадарё
8,4
8,4
8,5
8,6
8,6
8,4
9,5
Навоий
3,5
3,5
3,4
3,4
3,3
3,4
2,9
Наманган
7,0
7,1
7,1
7,2
7,3
7,1
8,3
Самарқанд
10,6
10,7
10,8
10,8
10,9
10,7
11,2
Сурхондарё
6,7
6,9
6,9
7,0
7,0
6,8
7,6
Сирдарё
2,8
2,7
2,7
2,7
2,7
2,7
2,5
Тошкент
9,9
9,9
9,9
9,9
9,9
9,9
8,8
Фарғона
11,5
11,5
11,4
11,4
11,4
11,4
11,1
Хоразм
5,2
5,2
5,3
5,3
5,3
5,2
5,5
Тошкент ш.
9,9
9,7
9,5
9,3
9,1
9,5
7,4

Манба: жадвал муаллифлар томонидан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.

Республикамиз ҳудудларида иш билан банд кишиларнинг жами иқтисодиётда банд бўлганлардаги улушини ўрганиш бу борада Самарқанд шаҳри ва Фарғона вилоятларининг улуши катта эканини кўрсатди. 2016 йили улардаги иш билан бандлар мос равишда жами иш билан бандларнинг 11,2 ва 11,1 фоизини ташкил этган. Иқтисодиётда жами бандларнинг ҳудудлар бўйича энг кам улуши эса Жиззах ва Сирдарё вилоятлари ҳиссасига тўғри келган.

Меҳнат ресурслари, бандлик ва аҳолини ишга жойлаштириш, уларнинг самарали тақсимотини амалга оширишнинг ҳисобот ва прогноз балансларини таъминлаш учун қуйидаги ишлар бажарилиши керак:

– аҳоли бандлигини, биринчи навбатда, ёшларни ва меҳнатга лаёқатли ёшга етган ва илк марта меҳнат бозорига кириб келаётганлар бандлигини таъминлаш учун иш ўринлари ташкил этиш параметрларини аниқлаш;

– меҳнат бозорининг талаб ва таклифи баланси ҳамда тузилмасидаги номутаносибликни баҳолаш;

– ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ва иқтисодиёт тармоқларини ривожлантириш стратегиясини ҳисобга олган ҳолда меҳнат бозори истиқболини аниқлаш;

– таълим муассасалари томонидан кадрлар тайёрлаш миқдорини аниқлаш ва шу кадрлар таклифига мос иш ўринлари яратиш;

– аҳолининг иш билан бандлигини таъминлайдиган корхоналарга турли имтиёзлар бериш (корхонада банд ишчилар сонига кўра);.

Бундай эзгу саъй-ҳаракатлар орқали келгусида вужудга келадиган ишчи кучлари тақсимоти, уларни иш билан таъминлаш каби муаммоларнинг аввалдан олдини олиш ёки бу жараённи имкон қадар осон ҳал этиш имконига эга бўлишимиз мумкин.

Тоҳир ШОМУРОДОВ,

ТДИУ Иқтисодиёт назарияси кафедраси ассистенти.

Саидубайдуллахон САИДУМАРАЛИХОНОВ,

ТДИУ 2-босқич талабаси.

Аннотация

Ушбу мақолада иқтисодиёт тармоқлари ва ҳудудий жиҳатдан ишчи сони ўзгариши самарадорлиги таҳлил қилинган. Тадқиқотлар натижасида олинган маълумотлар асосида ишчи кучининг бандлигини ва самарадорлигини ошириш юзасидан хулоса ва таклифлар берилган.  

Калит сўзлар: ишчи кучи тақсимоти, тармоқлар меҳнат унумдорлиги, ҳудудлар нисбий меҳнат унумдорлиги, модернизация, диверсификация, касбий саводхонлик даражаси.

В этой статье анализируется эффективность и эффективность экономики и количество региональных работников. На основе результатов исследования представлены выводы и рекомендации по повышению производительности труда и эффективности труда.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Smith, Adam. The Wealth of Nations, 1776 (Reprinted in New York: Modern Library,1965).

2. Aghion P. and P. Howitt (1994), “Growth and Unemployment”, Review of Economic Studies, Vol. 61, No. 3, pp. 477-94.

3. Pissarides, C.A. (1990); Equilibrium Unemployment Theory; Oxford, Blackwell.

4. D.Acem o’g’lu, (1997); “Technology, unemployment and efficiency”; European Economic Review; Vol. 41, No. 3-5, pp. 525-533.

5. Herwartz, H. and A. Niebuhr (2011); “Growth, unemployment and labour market institutions: Evidence from a cross-section of EU regions”; Applied Economics; Vol. 43, No. 30, pp. 4663-4676.

6. Herwartz, H. and A. Niebuhr (2011); “Growth, unemployment and labour market institutions: Evidence from a cross-section of EU regions”; Applied Economics; Vol. 43, No. 30, pp. 4663-4676.

7. Carmeci, G. and L. Mauro (2003); “Imperfect labor market and convergence: Theory and evidence for some OECD countries”; Journal of Policy Modeling; Vol. 25, No. 8, pp. 837-856;

8. www.uza.uz Олий Мажлис депутатлари қабул қилган 2017 йилга мўлжалланган аҳоли бандлиги дастури.

9. www.mineconomy.uz Аҳолининг иш билан бандлик даражасини ошириш йўллари.

10. www.mineconomy.uz/uz/node.1595 Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 6 майдаги “Бандлик соҳасида давлат сиёсатини янада такомиллаштириш ва меҳнат органлари фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони.

11. * жадваллар муаллифлар томонидан Давлат статистика қўмитаси маълумотлари асосида тайёрланди.

12. www.stat.uz

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"