Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3924
8065
7525

+540
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
102095
151672
84323

+67349

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 358 699
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Солиқларни прогноз қилиш жараёни ёҳуд унинг солиқ мультипликатори, нарх, талаб ва таклиф билан ўзаро боғлиқлиги таҳлили

КИРИШ

Президентимизнинг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонида макроиқтисодий кўрсаткичлар динамикасини тизимли таҳлил этиш ҳамда шу асосда давлат бюджети даромадларининг прогноз кўрсаткичлари холис ва асосли эканлигини баҳолаш, уни сифатли шакллантириш борасида қатор муаммолар мавжудлиги эслатиб ўтилган. Зеро, ҳозир солиқ тушумларини прогноз қилиш жараёнида бу  кўрсаткичларга таъсир этувчи макро ва микро иқтисодий омилларнинг ўзаро боғлиқлиги етарли даражада таҳлил этилмаётир. Фармонда ушбу камчиликни бартараф этиш зарурлиги уқтирилган.

Адабиётлар таҳлили

Жаҳон амалиётида солиқлар моҳиятини тадқиқ этиш асноси унинг макроиқтисодий ҳолатга дахлдорлигини тавсифловчи кўрсаткичлардан кенг фойдаланилади. Чунки солиқлар ҳам макро, ҳам микро даражада иқтисодиётдаги такрор ишлаб чиқариш жараёнлари – истеъмол, айирбошлаш, ишлаб чиқариш ва тақсимот муносабатлари билан доимо бирга бўлади ва уларнинг ўзаро ҳаракатига таъсир кўрсатиб туради. Cолиқ мультипликатори ҳам ана шундай кўрсаткичлар сирасига киради.

Бу тушунча лотинча “multiplicare” сўзидан олинган бўлиб, ўзбекчада “кўпайтириш”, “ошириш” деган маъноларни англатади. У дастлаб инглиз иқтисодчиси Ричард Фердинанд Кан томонидан иқтисодиётдаги макроиқтисодий ҳолатларни изоҳлашда қўлланилган. Р.Кан 1931 йили ёзган “Уй хўжаликлари инвестицияси ва ишсизлик ўртасидаги боғлиқлик” (The Relation of Home Investment to Unemployment) номли асарида инвестиция ва бандлик масалалари ҳамда аҳоли даромадларининг ўзаро алоқадорлигини мультипликатор воситасида тушунтирган. Айни йўналишдаги изланишларни АҚШлик олим Ж.Кейнс ва унинг издошлари давом эттириб, мультипликатор тушунчаси орқали инвестиция, даромад, солиқлар ва давлат харажатлари ўзаро нисбатларининг макроиқтисодий самарасини батафсил изоҳлашган.

Солиқларнинг нарх билан ўзаро таъсири XIX асрда пайдо бўлган юкланиш назарияси шаклланиши ва ривожланишида асосий масалалардан бири бўлди. Оптимистик юкланиш назарияси тарафдорлари А.Канар, А.Тьер, О.Бисмарк, А.Шеффле ҳамда пессимистик юкланиш назарияси тарафдорлари П.Прудон, А.Лассаль нарх билан муносабатларда солиқларнинг аҳолининг бир тоифасидан бошқасига (камбағал табақадан бой қатламига ёки аксинча) юкланиши жараёнларини кўрсатиб беришган. XX асрда шу назария билан шуғулланган А.Курно, Р.Майер, Ф.Женкин, К.Виксель, М.Панталеоне, К.Конильяни, Л.Эйнауди ва бошқалар солиқларнинг нархга таъсирида асосий жараён сифатида солиқлар юкланиши юз беришини, бу истеъмолчи ва ишлаб чиқарувчининг ўзаро муносабатларида муҳим омил ҳисобланишини исботлашган. Шунингдек, солиқларнинг юкланиши ҳамда истеъмолчилар ва сотувчилар (ишлаб чиқарувчилар) ўртасидаги муносабатлар оддий тарзда кечмай, талаб ва таклиф кесишувига ҳам таъсир қилишини аниқлашган.

 

Методология

Ж.Кейнснинг мультипликаторлик самараси ва коэффициентлари ҳақидаги ғояси унинг ўзи ва издошлари томонидан солиқларга нисбатан ҳам татбиқ этилди. Солиқ мультипликатори (mt- Tax multiplier) моҳиятан солиқларнинг ўзгариши асноси миллий иқтисодиётда ЯИМ ёки миллий даромаднинг ўзгариши ўртасидаги боғлиқликни ифодалайди ва оддий ҳолатда қуйидаги кўринишга эга бўлади:

xudoyqulov_5321

Бу ўринда солиқларнинг ўзгариши ҳам икки томонлама характерга эга. Солиқларнинг рағбатлантирувчилик хусусияти оширилиб, ўзи аввалги йилгига нисбатан озайтирилиши ЯИМни ёки миллий даромадни кўпайтиради. Аксинча ҳолатда эса, ЯИМни камайтиради. Бу камайиш ЯИМнинг кўпроқ қисми бюджетга олиниши ва унинг ишлаб чиқаришдаги улуши қисқариши эвазига рўй беради.

Агар иқтисодиёт очиқ бўлса, аниқроғи, юмшатилган протекцион сиёсат амал қилса, солиқ мультипликатори импортга мойиллик даражасига таъсир қилади. Импортга мойиллик даражаси қанча юқори бўлса, солиқ мультипликаторининг самараси шунча пасаяди. Бу ҳолат давлат харажатларига ҳам, мультипликатор самарасига ҳам хос бўлади.

Давлат товарлар ва хизматларга харажатлар билан бир қаторда, солиқларни ҳам оширса ва харажатлар даромадларни кўпайтиришга хизмат қилса, улар солиқлар ҳисобига камаяди. Масалан, истеъмолга максимал мойиллик MРС-0,8 коэффициентга тенг бўлган шароитда давлат хариди 100 минг сўмга оширилса, жами ЯИМ 500 минг сўмга кўпаяди (100/0,2). Солиқларнинг оширилиши эса даромадлар (ЯИМ)ни 400 минг сўмга камайтиради (боиси, солиқ мультипликатори доимо харажатлар мультипликаторидан кам бўлади). Натижада ЯИМнинг реал ўсиши 100 минг сўмга тенглашади. Бундай шароитда мультипликаторлик самараси ўзаро тенг бўлади.

Солиқ мультипликатори асосан макроиқтисодий индикаторлар билан солиқларнинг  боғлиқлигини тавсифлашга хизмат қилиб, бунда даромадлар ўсишига монанд равишда солиқ тушумларининг ўзгариши назарда тутилади.Маълумки, истеъмол функцияси солиқлар билан боғлиқ ҳолатда C = C+ mpc (Y – T – tY) (бу ерда: t максимал солиқ ставкаси) бўлиб, ушбу функция жами даромадлар (ЯИМ) ўсиши шароитида солиқ тушумлари қанча ошаётганини ёки камаяётганини кўрсатади. Максимал солиқ ставкаси  xudoyqulov_5322 0 < t < 1 кўринишга эгалигини, Y= C + I + G га тенглигини эътиборга олсак, Y= C̲ + MРС * Y -  MРС * T̲ - MРС * t * Y + I̲ + G̲га эга бўламиз.

Солиқ мультипликатори даражаси даромад солиғи ставкаси амал қилмаган шароитдагига нисбатан камроқ  бўлади (чунки (1 – mрc (1 – t) > (1 – mрc). Дейлик, истеъмолга мойиллик даражаси mрc = 0.8, максимал солиқ ставкаси t = 0,1 (яъни 10 фоиз) коэффициентни ташкил этади. Даромад солиғи қўлланилмаган шароитда харажат мультипликатори 5(1 / (1 – 0.8) = 5) га тенглашади. Даромад солиғи мавжуд бўлса, харажат мультипликатори 3,57 (1 / (1 – 0.8 (1 – 0.1)) = 3.57) га тўғри келади.

Ушбу мисолдан шундай хулоса келиб чиқади: даромадга қаратилган солиқлар давлат харажатларига таъсир кўрсатади. Унинг самараси эса харажат мультипликатори орқали аниқланади. Даромадга қаратилган солиқлар харажат мультипликаторини камайтиради.

Солиқларни прогноз қилиш жараёни уларнинг нарх билан алоқадорлигига чамбарчас боғлиқ. У асосан икки шаклда – давлат механизмлари ва бозор механизмлари орқали кузатилади. Ўз навбатида, нарх ва солиқларнинг ўзаро таъсир доираси икки томонлама хусусиятга эга бўлади.

xudoyqulov_5323

1-расм. Солиқларнинг нарх билан боғлиқлиги.

Солиқларнинг нархга таъсир этишининг давлат механизмлари асосан солиқ ставкаларига таъсир қилиш, давлат ўз молиявий сиёсати орқали маҳсулот таннархини тартиблаши ва истеъмолга доир (эгри) солиқлар орқали амалга оширилади. Давлат солиқ ставкалари воситасида айрим турдаги маҳсулотлар нархини ушлаб туришга ва ўсиб кетиши олдини олишга ҳаракат қилади. Масалан, Ўзбекистон солиқ қонунчилигида аҳолини ижтимоий ҳимоялаш мақсадида унга канализация, санитария-тозалаш, сув ва иссиқлик таъминоти бўйича кўрсатиладиган хизматларга ноль даражали ставкада солиқ солинади. Бунда айни турдаги хизматлар нархини қўшилган қиймат солиғи суммасига камайтириш назарда тутилади.  Шунингдек, давлат ўз молиявий сиёсатини юритиш асноси корхонанинг маҳсулот таннархи шаклланишига солиқларни ошириш орқали таъсир ўтказади. Яъни бу ерда маҳсулот таннархи сунъий равишда ошиб кетмаслиги учун ресурс тўловлари бўйича солиқ суммаларини маҳсулот таннархидан эмас, балки корхона даромади (давр харажатлари) ҳисобидан тўлаш механизмларини жорий қилади. Шу тариқа солиқларнинг нархни камайтирувчи омил  сифатидаги роли юзага чиқади.

Солиқларнинг нархга таъсирини тартиблашда давлат қўллайдиган энг муҳим воситалардан бири истеъмолга боғлиқ (эгри) солиқлардир. Айни жараёнда давлат асосан ушбу солиқлар ставкаларни ошириш ёки тушириш орқали истеъмолни тартиблайди. Эгри солиқлар орқали давлат ўзининг прогрессив солиқ сиёсатини ва нарх сиёсатини параллел равишда амалга оширади. Бунда акциз солиғи катта аҳамият касб этади. Акциз солиғига тортиладиган маҳсулотлар таннархига солиқ ставкаларининг таъсири туфайли акциз ости шаклидаги айрим товарларнинг истеъмол жараёни тартибга солинади. Бунда нарх омили фискал эмас, балки тартибловчи хусусиятга эга бўладии.

Солиқларнинг макроиқтисодий ҳолат билан узвийлигида солиқ, талаб, таклиф ва нархнинг эгилувчанлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Эгилувчанлик одатда бир жараённинг бошқасига боғлиқлиги даражасини билдиради. Нарх омилида у 1 фоиз ўзгариш эвазига юзага келган ҳолатни ифодалайди. Масалан, эгри солиқларнинг 1 фоизга ўзгариши маҳсулот нархи ҳам 1 фоиз ўзгаришига олиб келадими ёки ўша маҳсулотнинг бозордаги талаб ҳажмидан ошиб кетишига сабаб бўладими? Бу – муҳим масала. Агар талабнинг эгилувчанлиги Кэ>1 ҳолатида бўлса, таклиф доимий тус олади, эгри солиқларнинг оз миқдорда ошириб борилиши унчалик катта аҳамиятга эга бўлмайди ва асосий солиқ юки ишлаб чиқарувчида қолади. Борди-ю, эгилувчанлик Кэ<1 ҳолатида бўлса, солиқ юкининг аксарият қисми истеъмолчига ўтади. Таклиф эгилувчанлигида Кэ<1 ҳолатининг мавжудлиги талаб доимий характерда эканлигини кўрсатади ва эгри солиқларнинг маҳсулот нархини оширишга таъсири ортади. Натижада солиқлар юки асосан истеъмолчи гарданига тушади. Таклиф эгилувчанлигида Кэ<1 ҳолати кузатилса, нарх ўсиши сезиларсиз тарзда кечади ва солиқлар юкининг асосий қисми ишлаб чиқарувчи (сотувчи) зиммасида қолади.

Талаб ва таклиф ўртасида эгилувчанликнинг турли ҳолатлари мавжудлиги эгри солиқлар бўйича ортиқча юк пайдо бўлишига олиб келади. Бу, одатда, умумий солиқ юки билан ҳақиқий келиб тушган солиқ тушумлари ўртасидаги фарқ сифатида аниқланади:

СОор =УСО-ҲСТ (1). Бунда: СО ор – ортиқча солиқ юки; УСО – умумий солиқ юки; ҲСТ – ҳақиқий солиқ тушумлари.

Ортиқча солиқ юки истеъмол ва ишлаб чиқаришнинг камайишига олиб келади. Шу боис ҳар бир давлат солиқ сиёсатида солиқларнинг амал қилиш жараёнини тадқиқ этиш ортиқча солиқ юки ҳажмини аниқлаб, камайтириш (сўндириш) чораларини кўришни тақозо этади. Ортиқча солиқ юки пайдо бўлиши такрор ишлаб чиқариш жараёнининг тўртта босқичига – ишлаб чиқариш, айирбошлаш, истеъмол ва тақсимот муносабатларига, пировардида мамлакат иқтисодиёти мувозанатига салбий таъсир кўрсатади. Талаб, таклиф ва нарх омиллари сингари солиқларнинг ўзи ҳам эгилувчан ҳолатга эга бўлади. Иқтисодий қонунларга мувофиқ, қайси иқтисодий категорияга таъсир этувчи омиллар кўп ва ўша категориянинг ички тузилиши нобарқарор бўлса, эгилувчанлиги ҳам ошиб боради. Солиқларнинг эгилувчанлиги уларнинг  бюджетга келиб тушиши ёки солиқ юкининг омиллар таъсири (ЯИМ, миллий даромад, аҳоли даромадлари, талаб, таклиф, нарх ва шу кабиларнинг даражаси) сабабли ўзгариши жараёнларини ифодалайди.

СЭ = (∆СТ/СТ) / (∆АО/ОДҲ) (2). Бунда: СЭ – солиқларнинг эгилувчанлик коэффициенти; ∆СТ – солиқ тушумлари ўсиши (барча солиқ турлари бўйича); СТ – солиқ тушумларининг дастлабки ҳолати (барча солиқ турлари бўйича); ∆АО – омиллар таъсирининг ўсиши (ЯИМ, миллий даромад, аҳоли даромадлари, талаб, таклиф, нарх ва бошқалар); ОДҲ– омиллар таъсирининг дастлабки ҳолати.

Солиқларнинг эгилувчанлик коэффициенти унинг даражаси ўзгаришига таъсир этувчи омиллар 1 фоизга ўсиши натижасини ифодалайди. Мабодо, солиқларнинг эгилувчанлик коэффициенти СЭ=1 даражага тенг бўлса, солиқ тушумларига омиллар таъсири йўқлигини ёки уларнинг таъсири ошувчи ва камаювчи ҳолатларга эга бўлиб, ўзаро тенглигини кўрсатади. Яъни битта омил солиқ тушумлари кўпайишига таъсир қилса, бошқалари озайишига олиб келади. Солиқ эгилувчанлиги СЭ>1 кўринишида бўлса, бу солиқ тушумлари ЯИМга ва бошқа таъсир этувчи характерга эга омилларга нисбатан тез ўсаётганини билдиради. Солиқ эгилувчанлигининг СЭ<1 ҳолатга эгалиги эса солиқ тушумларининг ЯИМдаги ва миллий даромаддаги улуши камайиб, омилли кўрсаткичларнинг солиқ тушумларига нисбатан ўсиш суръати юқори эканлигини англатади.

Солиқларнинг эгилувчанлиги ЯИМ билан тўғри ва тескари алоқадорликда  акс этади. ЯИМ бир фоиз ўсишининг солиқ тушумлари кўпайишига таъсири умумий ўрнатилган солиқ юки даражасига боғлиқ бўлади. ЯИМ ҳажми ўсиш ҳолатига эга бўлгани ҳолда солиқ юки даражаси жуда паст бўлса, солиқ юкининг солиқлар ўсишига таъсири иқтисодиёт бошқарилишига дахлдор бўлиб қолади. Аниқроғи, солиқ юки камайтирилса-ю, лекин иқтисодиётнинг ривожланиши фақат бозор механизмларига ташлаб қўйилса, солиқ юкининг камайиши аксинча натижа бериши эҳтимолдан холи эмас. Агар давлат бош ислоҳотчи сифатида иқтисодиёт равнақини таъминлашга қаратилган иқтисодий сиёсат юритса, солиқ юкининг камайиши иқтисодий самара бериши мумкин. Ўзбекистон иқтисодиётининг ривожланиш жараёнлари буни тасдиқлайди.

1-жадвал.

Ўзбекистон Республикасида ЯИМнинг  солиқ тушумларига омилли таъсири

Кўрсаткичлар

2010

2011

2012

2013

2014

2015

2016

2017

Ялпи ички маҳсулот (млрд. сўм номинал қийматда)

61831

78764

97929

120431

144867

171 808,3

199 325,1

249136,4

Ялпи ички маҳсулот ҳажмининг аввалги йилга нисбатан ўсиши (%)

108,5

108,3

108,2

108,0

108,1

 

108,0

 

107,8

 

105,7

Давлат бюждети жами даромадлари (мақсад-

ли фондларсиз, млрд.сўм)

13596

17061

21295

26223

31729

36493,3

41043,4

49 684,8

Давлат бюждети жами даромадларининг аввалги йилларга нисбатан ўсиши (%)

125,4

125,4

124,8

123,1

120,9

115,0

112,0

121,0

ЯИМ ва солиқ тушумларининг ўзгариш-

лари нисбати (марта)

4,98

4,88

4,52

4,56

4,43

 

5,6

 

6,0

 

5,76

ЯИМ бир фоиз ўсишига  тўғри келувчи солиқ тушумларининг ўсиши (млрд. сўм)

14,7

15,1

15,2

15,3

14,9

 

 

13,6

 

 

17,2

 

 

 

15,4

 

Жадвал маълумотларига қараганда, ЯИМнинг солиқ тушумлари ўсишига омилли таъсири йиллар оша ўсиб борган. Бунинг асосий омили ЯИМ ва давлат бюджетига солиқ тушумларининг аввалги йилларга нисбатан ўзгариши ўртасидаги фарққа боғлиқ бўлган. Масалан, бу фарқ 2011 йилда (78764- 61831) / (17061-13596) = 16933/3465=4,88 га тенг бўлиб, ушбу йилда ЯИМнинг 8,5 фоиз ўсиши бюджетга солиқ тушумларининг (125,4/8,5) 14,7 млрд. сўмга ошишини таъминлаган. Айнан шу кўрсаткич  2017 йилда 5,76 мартани ташкил қилган.Бу таҳлиллар шуни кўрсатадики, солиқ юки даражаси 2010-2017 йиллар давомида камайтириб борилган. Бироқ ЯИМнинг солиқ тушумларига омилли таъсири ўсиш ҳолатида қолган. Демак, солиқ юкининг иқтисодиёт ҳолатига таъсири даражаси ҳам турлича бўлади. Шу жиҳатдан қараганда, солиқ юки даражаси ҳам макроиқтисодий кўрсаткичнинг бир тури бўлиб, солиқларнинг макроиқтисодий ҳолат билан боғлиқлиги жараёнларини очиб беради.

Хулоса

Умумий хулоса ўрнида айтиш жоизки, солиқларни прогноз қилиш жараёни макроиқтисодий кўрсаткичлар билан чамбарчас боғлиқликда бўлади.

Солиқлар давлатнинг иқтисодиётга аралашуви (тартиблаши ва мувофиқлаштириши)да энг муҳим восита сифатида юзага чиқади. Ўз навбатида, бюджетга солиқ тушумларининг ҳажмига макроиқтисодий ҳолатни тавсифловчи кўрсаткичлар – ялпи ички маҳсулот (ЯИМ), миллий даромад, инвестиция (асосий капиталга киритилган инвестиция)лар, ялпи талаб, ялпи таклиф, аҳолининг реал пул даромадлари, давлат харажатлари, умумий ва алоҳида товар (хизмат)ларнинг истеъмол этилиш даражаси, бюджет тақчиллиги, импорт ва экспорт ҳажми ва шу каби кўрсаткичлар таъсир қилади. Солиқлар аслида асосий макроиқтисодий кўрсаткичнинг таркиби сифатида у билан ўзаро таъсири уч томонлама характерга эга бўлади. Амалга оширилган таҳлилий ҳисоб-китобларимиз шуни англатадики, солиқлар ва ЯИМнинг ҳажми доимо корреляцион боғлиқликда бўлади. Бюджетга солиқ тушумларининг ва ЯИМнинг ҳам бир маромда ошиб бориши шароитида бундай корреляцион жараённинг эластиклиги пропорционал тартибда кечади.

Солиқларни прогноз қилиш жараёнига нарх омили ҳам таъсир қилади. Нарх ва солиқларнинг ўзаро таъсир доиралари икки томонлама хусусиятга эга бўлади.

Солиқларнинг макроиқтисодий ҳолат билан узвийлигида талаб, таклиф ва нархнинг эгилувчанлиги ҳам алоҳида ўрин тутади. Эгилувчанлик одатда бир жараённинг бошқасига боғлиқлиги даражасини билдиради. Нарх омилида у 1 фоиз ўзгариш эвазига юзага келган ҳолатни ифодалайди. ЯИМнинг бир фоиз ўсишининг солиқ тушумлари ўсишига таъсирида солиқ юки даражаси ҳам роль ўйнайди. Бинобарин, солиқ юкининг даражаси жуда паст бўлган шароитда солиқ юкининг солиқлар ўсишига таъсири иқтисодиётнинг бошқарилишига боғлиқ бўлади. Бошқача қилиб айтганда, солиқ юки камайтирилган тарзда иқтисодиётнинг ривожланиш йўналишлари фақат бозор механизмларига ташлаб қўйилса, солиқ юкининг камайиши тескари самара бериши мумкин.

Садирдин ХУДОЙҚУЛОВ,

Тошкент Давлат иқтисодиёт университети

тадқиқотчиси, иқтисодиёт фанлари номзоди.

Аннотация

Солиқларни прогноз қилиш жараёнини тўғри ташкил этиш ва объектив хулосалар чиқариш солиқ мультипликаторига, нарх, талаб ва таклифга бевосита боғлиқ бўлади. Бу алоқадорликни таҳлил қилиш илмий-услубий жиҳатдан катта аҳамиятга эга. Ушбу мақолада ана шу масалалар ёритилган.

Организация эффективного налогового прогнозирования связана с налоговым мультипликатором , ценой, спросом и предложением. В этой статье описывается взаимосвязь между надогомым прогнозированием, налоговым мультипликатором, ценой, предложением и спросом.

The organization of effective tax forecasting depends on tax-multiplier, price, demand and supply and this analyzing process is of a great scientific and methodological importance. This article describes the relationship between tax forecasting, tax multiplier, price, demand and supply.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 13 февралдаги “Солиқ қонунчилигини тубдан такомиллаштириш бўйича ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойиши. www.lex.uz

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 18 июлдаги “Солиқ маъмуриятчилигини тубдан такомиллаштириш, солиқлар ва бошқа тўловларнинг йиғилувчанлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони. www.lex.uz

3. Финансы. Под ред. Романовского М.В., Врублевской А.В., Сабанти В.М. М.: 2004. - 504 с.

4. Анализ и планирование налоговых поступлений: теория и практика / Паскачев А.Б., Садыгов Ф.К., Мишин В.И., Саакян Р.А., Бессчетная О.А., Засько В.Н., Новикова А.И.; под ред. Садыгова Ф.К. М.: Издательство экономико-правовой литературы, 2004. 39 с.

5. Саакян Р.А., Ананьева Г.И. О некоторых аспектах налогового прогнозирования и планирования. http://www.nalvest.com/nv-articles/detail.php?ID=24593.

6. Барулин С.В, Ермакова Е.А., Степаненко В. В.Налоговой менеджмент.М.: -Омега. 2007. 57 с.

7. Красницкий В.А. Эффективнаяреализацияаспектовналоговогопрогнозированияипланированияврамках развитияналоговогоадминистрирования. Актуальные проблемы гуманитарных и естественных наук, (2011), 10-1 (октябрь), 59 с.

8. Лавренчук Е.Н. Налоговое прогнозирование. Экономическиенауки 2011, 1(74).

9. Моисеев Н.Н. Избранные труды (в 2-х томах). Т.2. Междисциплинарные исследования глобальных проблем. – М.: Тайдекс Ко, 2003. – 64 с.

10. ПанфиловВ.С. Финансовое и экономическое прогнозирование: методология и практика.М.:Макс Пресс, 2009 –с. 472 .

11. Вишнев С.М. Основы комплексного прогнозирования. М.: Наука, 1977- С.57-62.

12.  АнчишкинА.И. Методология прогнозирования развития народного хозяйства // Вопросы экономики. 1980. № 1. С.46-47.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"