Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1124
6894
7012

-118
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
163464
238474
98063

+140411

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 952 324
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида туризм соҳасини инновацион ривожлантириш



Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида туризм соҳасини инновацион ривожлантиришнинг истиқболдаги мақсади республиканинг миллий-маданий тикланиши, миллий иқтисодиётнинг устувор тармоқларидан бири сифатида туризмни ривожлантириш борасидаги ижтимоий-иқтисодий ва хўжалик масалаларини ҳал қилишдир. Туризм соҳаси олдида турган асосий вазифа Ўзбекистоннинг табиий иқлими, рекреацион  ижтимоий-иқтисодий ва тарихий-маданий салоҳиятини ҳисобга олган ҳолда ички ва халқаро туризм эҳтиёжини қондиришга йўналтирилган юқори рентабелли туристик тармоқни яратишдан иборат.

Халқаро туризм бозоридан мустаҳкам ўрин олиши учун Ўзбекистонда сайёҳларга юқори даражадаги қулайлик яратилиши, уларга хизмат кўрсатишнинг барча турлари бўйича стандартлар тизими, хавфсизлигини таъминлаш кафолатлари юзага келтирилиши шарт. “Туризм тўғрисида”ги қонун, Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонлари ва Вазирлар Маҳкамаси қарорларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистонда туризмнинг асосий йўналишлари қуйидагилардан иборат:

– давлат манфаатлари ва Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонунлари, халқаро туристик амалиёт меъёрларини ҳисобга олган ҳолда туристик тармоқнинг устувор ривожланишини таъминлаш;

– келгусида туризмнинг янада ривожланишига кўмаклашадиган қонун ҳужжатлари ва бошқа меъёрий ҳужжатларни тайёрлаш;

– тармоқнинг ташкилий тузилишини, уни бошқариш ва фаолиятини тартибга солишни такомиллаштириш;

– туризмнинг ривожланган инфратузилмасини яратиш;

– туристик-рекреацион зоналар, ҳудудлар ва туристик марказларни ўзлаштириш;

– ахборот-реклама фаолияти йўналишларини белгилаш, маркетинг ва экскурсия-методик хизматларни ташкил қилиш;

– имтиёзли равишда маблағ билан таъминлаш ва кредит бериш йўли билан туристик фаолиятни рағбатлантириш;

– тармоқни малакали кадрлар билан таъминлаш ва илмий потенциалини шакллантириш;

– кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимини яратиш;

– табиатдан фойдаланиш ва атроф-муҳитни сақлаш самарасини таъминлаш заруратини ҳисобга олган ҳолда туристик фаолият юритиш тамойиллари ва механизмини ишлаб чиқиш.

Ўзбекистонда туристик фаолият юритишда қуйидаги устувор жиҳатларга катта эътибор берилиши назарда тутилган:

– туризм соҳаси фаолият кўрсатишини ҳуқуқий таъминлаш ва халқаро-ҳуқуқий фаолият;

– туризм соҳасини ривожлантиришнинг давлат томонидан рағбатлантирилиши;

– туризм фаолиятини бошқариш ва тартибга солиш тизимини такомиллаштириш;

– ички ва халқаро туризмни ривожлантириш бўйича туристик фаолият йўналиши;

– ахборот-реклама ва маркетинг фаолияти;

– туризмнинг моддий-техник базасини ривожлантириш;

– туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш, уларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш;

– атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, табиий ва тарихий-маданий ресурслардан фойдаланиш.

Туризм соҳасини инновацион ривожлантиришни тезлаштириш жараёни бозор муносабатларини ҳисобга олган ҳолда амалга оширилиши керак. Халқаро тажриба шундан далолат берадики,  айнан бозор туристик хўжалик фаолият кўрсатиши учун энг мақбул иқтисодий муҳит ҳисобланади. Ўз навбатида, туристик тармоқ корхоналари, бевосита истеъмолчига мўлжал ола туриб,  бозор кенглиги шаклланишига фаол кўмаклашиши керак.

Юқорида кўрсатилган вазифаларни бажариш туризм фаолиятининг самарадорлигини ошириш, туризм инфратузилмасининг мамлакатни иқтисодий-ижтимоий ва маданий ривожлантиришнинг бошқа устувор соҳалари билан ўзаро алоқасини мустаҳкамлашга имкон беради.

Ўз хусусиятидан келиб чиққан ҳолда туризм соҳаси айни пайтда чегарадош тармоқларга юқори талаблар қўяр экан, фақат технологияларни такомиллаштириш ва меҳнатни ташкил қилишни яхшилашгагина эмас, балки хўжалик юритишнинг энг самарали шаклларини жорий қилишга, янги иш жойларини яратишга ҳам кўмаклашади.

Жамоа ва хусусий мулкчиликдаги кичик ва ўрта корхоналар сонининг кўпайиши катта марказлашган маблағларни жалб қилмаган ҳолда туризмни ривожлантиришга имкон беради. Айнан шундай ёндашув хорижий сармоялар кириб келишига, хорижий фирмалар томонидан 1-2 йил ичида сайёҳлик объектлари ва марказлари қурилишига, шунингдек, уларнинг тез муддат ичида (5-6 йил) ўзини қоплаб кетишига кўмаклашади.

Ўзгарувчан давлат солиқ сиёсати юритиш, туризм инфратузилмасини ривожлантиришга инвестицияларни жалб қилиш мамлакат бюджетига тушумларнинг 3 баробар кўпайишига имкон беради.

Ўзбекистонда туризм соҳасини инновацион ривожлантириш мамлакат иқтисодиётини мустаҳкамлашга, бақувват туристик тармоқ яратишга, туризм инфратузилмасига давлат бошқаруви таъсири кучайтиришга, аҳоли турмуш даражасини оширишга, экологик хавфсизликни таъминлашга, тарихий ва маданий ёдгорликларни сақлаб қолишга, табиатни муҳофаза қилиш фаолияти даражасини, шунингдек, жамиятнинг маънавий салоҳиятини оширишга хизмат қилади.

Бугунги кунда энг асосий масалалардан бири хизматлар соҳасини ривожлантириш ва бу борада аҳолининг иш билан бандлик даражаси ўсиб бориши саналади. Чунки мазкур соҳа ходимлари сайёҳларни кутиб олиш, хизмат кўрсатиш, бўш иш ўринлари яратиш, чет эл валютаси кириб келишини кўпайтириш, туристик хизмат кўрсатувчи тармоқларга даромадлар олиш бўйича бир қанча омил­ларни ҳаракатга келтиради. Маҳаллий туристик ресурслардан тўғри фой­даланиш ўша ҳудуд иқтисодиётининг ўнгланишига, пировардида турли солиқларни тўлаш орқали ма­ҳаллий ва давлат бюджетини тўлдиришга ижобий таъсир кўрсатади. Ҳозирда муайян давлатни ривожланган мамлакатлар қаторига қўшишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг мамлакатда яратилаётган ЯИМдаги улуши 65 фоиздан юқори бўлиши асосий мезон бўлиб қолмоқда. АҚШ иқтисодиётида яратилган ЯИМ таркибида хизмат кўрсатиш соҳаси улуши 78, Японияда 62 фоизни ташкил этади. Шу сабабли мамлакатимизда мазкур соҳани жадал ривожлантиришга алоҳида эътибор бериб келинмоқда. Ўзбекистон Президентининг “2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори давлатимиз томонидан туризм соҳасида амалга оширилаётган сиёсатнинг мантиқий давоми бўлиб, туризм соҳасини жадал ривожлантириш учун қулай иқтисодий, маъмурий ва ҳуқуқий муҳитни яратган ҳолда, энг самарали тартибни жорий этиш, ҳудудларнинг иқтисодий салоҳияти ва даромадлари базасини кенгайтириш, янги иш ўринлари яратиш, юртимизга келадиган сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, миллий туризм маҳсулотларини жаҳон бозорида фаол ва комплекс илгари суришга қаратилган. Хусусан, Қашқадарё мисолида оладиган бўлсак, вилоятда 2018-2019 йилларда туризм инфратузилмаси объектларини барпо этиш режасида 167 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилган. Уларда тарихий-маданий обидаларни таъмирлаш, сайёҳлар учун меҳмонхоналар, дам олиш ва кўнгилочар ҳудудлар ташкил этиш, сайёҳларга миллий маданиятни кенг намойиш қилиш асосий вазифа этиб белгиланган.

Шуни эътиборга олиш лозимки, авваллари туризм соҳасига аҳолининг саёҳат қилиши ва дам олишини таъминловчи оддий инфратузилма сифатида қаралган бўлса, айни пайтда у мамлакат иқтисодиётининг муҳим тармо­ғи сифатида шаклланиб, ривожланишига катта эътибор берил­моқда. Яқин-яқингача мазкур соҳага иқтисоди­ётга катта даромад келтирувчи тар­моқ ўлароқ қаралган эмас эди. Шу туфайли унинг мамлакат иқтисодиётидаги ҳиссаси эътиборга олинмаган. Эндиликда ту­ризм­га нафақат дам олишни ташкил қилувчи ижтимоий соҳа, балки миллий иқтисодиётнинг катта даромад келтирувчи тармоғи сифатида муносабатда бўлина бошланди. Уни том маънода иқтисодиётнинг ижтимоий-иқтисодий тармоғи, деб ҳисоблаш мақсадга мувофиқдир. Зеро, туризм, биринчидан, аҳоли бандлигини ҳамда дам олишини таъминлайдиган, даволайдиган, тадбиркорларга ва давлатга даромад келтирадиган иқтисодиёт тармоғига айланди.

Туризмни ижтимоий-иқтисодий соҳага киритишни асослашда унинг тармоқ сифатида ишлаб чиқаришдаги ўзига хос хусусиятларини, шаклланишидаги асосий омилларни, миллий иқтисодиётга қай даражада дахлдорлигини, асосий фаолияти қай жиҳат­дан ўзига хослиги каби жиҳатларни инобатга олиш лозим бўлади. Туризм бошқа соҳа ва тармоқ­ларда такрорланмайдиган ўзига хос вазифа ва функцияларни бажаради. Бу эса унга тармоқ ёки соҳа сифатида қарашга назарий асос бўла олади.

Шуни инобатга олиш жоизки, кўп ҳолларда тармоқ ёки со­ҳа бир хил маъноларда ишлатилади. Булар, фикримизча, бир-бири билан ўта яқин бўлиши билан бирга айрим ўзига хос хусусиятларига ҳам эга.

Туризмга миллий иқтисодиёт нуқ­таи назаридан қаралганда, унинг тў­лиқ соҳа эканлигига гувоҳ бўламиз. Агар уни хизмат кўрсатиш соҳасининг бир йўналиши сифатида ўрганадиган бўлсак, у туризм тармоғини ташкил қилади. Мазкур масалани яхлит тадқиқ этадиган бўлсак, унга бир қанча тармоқларни бирлаш­тирадиган йирик субъект, яъни соҳа сифатида қараш мумкин. Демак, туризм иқтисодиёт нуқтаи назаридан тар­моқ, аммо унинг ўзини яхлит ўрганадиган бўлсак, соҳа деб юритиш мақ­садга мувофиқ.

Туризмга алоҳида тармоқ сифатида қарайдиган бўлсак, уни ташкил этувчи корхоналар йиғиндиси қуйи­даги асосий, ўзига хос хусусиятлар билан тавсифланади:

– туризм  бир хил фаолият тури билан шуғулланувчи иқтисодий жиҳатдан мустақил корхоналар йиғин­диси;

– туризмнинг  мустақил тармоқ­лиги миллий иқтисодиётнинг бошқа тармоқлари билан барқарор иқти­содий алоқаларни ўрнатиши би­лан тавсифланиши;

– туризм соҳаси ривожланиши сайёҳларни жойлаштириш, овқатлантириш, уларга хизмат кўрсатувчи транспорт соҳасини, дам олиш тизимларини яратиш, соғлом­лаштириш, зиёрат қилиш, спорт соҳа­ларини кенгайтириш масалаларини ҳал қилишга қаратилиши;

– мазкур соҳада фаолият юритадиган кадрлар малакасининг ўзига хослиги, улар бажарадиган ишларнинг бошқа тармоқларда такрорланмаслиги;

– хўжалик бошқаруви органи мав­жудлиги, давлат ва нодавлат уюшмаларга бирлашганлиги.

Туризм соҳасининг инновацион ривожланишини таҳлил қилишда унинг иқтисодиёт таркибида қандай функцияларни бажаришини инобатга олиш лозим. Тадқиқотлар кўрсатишича, туризм иқтисо­диётни модернизациялаш шароитида муайян бир функцияларни бажариш билан бирга, унга қуйидагича таъсир этади. Булар:

– туристик маҳсулотлар ишлаб чи­қаради;

– аҳоли бандлигини таъминлайди;

– миллий даромадни яратишда иштирок этади;

– минтақалар ривожланишига таъ­сир кўрсатади;

– тўлов балансини барқарорлаш­тиришга ҳисса қўшади;

– ўрта синф шаклланишида аҳамият касб этади.

Туризмнинг миллий иқтисодиётга таъсир даражасини баҳолашда бажарадиган функциясининг нечоғлиқ самарали эканлиги ва мавжуд эҳтиёжларга мослиги масалаларини аниқ­лаш тақозо қилинади. Шу туфайли уларнинг ҳар бирини қисқача кўриб чиқамиз.

Ишлаб чиқариш функцияси. Туристик ташкилотлар туристик маҳсу­лот ва хизматларни ишлаб чиқариш ва сотиш орқали мамлакат ЯИМни кўпайтиришга ҳисса қўшади. Туризм­нинг ушбу хизмати мамлакат ЯИМда унинг улуши неча фоизни ташкил қилганлиги билан ўлчанади.

Aҳоли бандлигини таъминлаш функцияси. Туризмни ривожлантириш бевосита аҳолининг иш билан бандлигига боғлиқ. Чунки ушбу соҳада инсон иштироки муҳим аҳамиятга эга. Соҳада аҳолининг қан­ча қисми бандлиги ўша давлат иқти­содиёти қандай ҳолда ривожлан­ганига, туристик салоҳиятига ва улардан қай даражада самарали фойдаланилаётганлигига боғлиқ. Ҳо­зирги пайтда ривожланган давлатларда меҳнатга лаёқатли аҳолининг беш фоизи туризм соҳасида фаолият кўрсатмоқда.

Мамлакатимиз туристик салоҳия­тини таҳлил қиладиган бўлсак, мазкур соҳада бандлик йилдан-йилга ошиб бораётгани кузатилади. Туризм соҳасида фаолият кўрсатаётган ходимларни ҳисобга олиш­да бевосита бандлар билан бирга билвосита бандларни ҳам инобатга олиш лозим. Масалага шу жиҳатдан ёндашганда туризмда банд аҳолини қуйидаги тўртта тоифа бўйича ўрганиш мақсадга му­вофиқ. Буларга қуйидагиларни киритиш мумкин:

– туризм соҳасида бевосита банд­лик;

– туризм соҳасида билвосита бандлик;

– туризмга ўз иш жойидан туриб хизмат қилувчи соҳаларда фаолият кўрсатувчи ходимлар бандлиги;

– туристик объектлар ва инфратузилмалар қурилишидаги бандлик.

Миллий даромад яратиш. Туризм соҳасида фаолият юритиш натижасида банд аҳолига ҳақ тўлаш, маҳаллий ҳамда давлат бюджетига солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни тўлаш орқали миллий даромад яратилади. Айрим давлатлар бюджети шаклланишида туризмдан келиб тушадиган даромадлар салмоқли миқдорни ташкил этади. Бундан ташқари, хорижий сайёҳларга хизмат кўрсатиш эвазига валюта захиралари шакллантирилиб, катта ҳажмдаги ишларга йўл очилади. Туризм келажакда бизда ҳам иқтисодиётга катта фойда келтирадиган соҳага айланиши кўзда тутил­моқда.

Минтақаларнинг барқарор ривожланишини таъминлаш. Мазкур функ­ция аҳолиси кам ва саноати ривож­ланмаган ҳудудларда туризмни тараққий эттиришга ундайди. Чунки кўп­гина чекка ҳудудлар аҳолиси, асосан, деҳқончилик, чорвачилик ва боғдор­чилик билан шуғулланади. Бу­лар кў­пинча тоғ ва тоғолди ҳудуд­ларидир. Бу жойларнинг ўзига хос анъана ва қадриятлари сақланиб қолган. Шу билан бирга, қишлоқ хўжалигини ривожлантиришда ҳам ўзига хослик мавжуд. Шу туфайли бундай жойларда экологик туризмни, агротуризмни, қишлоқ туризмини ривожлантириш мумкин. Сайёҳларга маҳаллий аҳолининг яшаш тарзи, миллий анъаналарини кўриш, табиат қўйнида дам олиш қизиқ, албатта. Бу эса, ўз навбатида, маҳаллий аҳоли турмуш тарзини яхшилашга олиб келади, яъни янги иш ўринлари яратилади, туризм инфратузилмаси ва сер­вис хизматлари ташкил этилади. Энг муҳими, хизмат соҳасидаги банд­лик ҳисобига қишлоқда меҳнатнинг характери ҳам ўзгариб, такомиллашиб боради. Авваллари фақат аграр меҳ­натга мослашган қишлоқ аҳолиси эн­ди ишлаб чиқариш, хизмат кўрсатишнинг илғор усуллари билан шу­ғул­ланиш имкониятига эга бўлади.

Жаҳонда глобаллашув жараёнининг чуқурлашуви ва илмни кўп талаб қилувчи технологияларга асосланган ишлаб чиқаришнинг устувор ривожланиши ҳар қандай мамлакатнинг иқтисодий ўсиши ва турмуш сифати ошишининг зарурий шарти – инновацион фаоллик билан белгиланади. Инновацион фаоллик, ўз навбатида, давлатнинг иқтисодий ва илмий-техник имкониятлари, инновацияга оид сиёсати ва салоҳияти, жамиятнинг маънавий ҳолатига боғлиқ. Бу борада иқтисодиётни модернизациялаш шароитида туризм соҳасини инновацион ривожлантиришга алоҳида халқаро эътибор қаратилаётгани аҳамиятга молиқдир.

Инновацион жараёнлар туризм соҳасида глобаллашув тенденцияларини чуқурлаштириб, жаҳонда бизнеснинг янги фалсафасини – инновацион ривожланиш заруриятини келтириб чиқарди. Бугунги кунда туристик ташкилотларнинг инновацион фаолиятига давлатнинг таъсир кўрсатиш механизмлари қаторига қуйидагилар киритилмоқда:

– инновацион жиҳатдан фаол бўлган ташкилотларга солиқ имтиёзларини тақдим этиш;

– махсус илмий-техникавий, солиқ ва молия-кредит сиёсатини амалга ошириш;

– туризм соҳасига маҳаллий ва хорижий инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шарт-шароитларни яратиш;

– амортизация сиёсатини такомиллаштириш;

– туризм фанини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш.

Туризм соҳасини инновацион ривожлантириш туристик маҳсулотнинг янгисини яратиш ёки мавжуд маҳсулотни ўзгартиришга, транспорт, меҳмонхонага оид ва бошқа турдош хизматларни такомиллаштиришга, янги бозорларни ўзлаштиришга, илғор ахборот ва телекоммуникация технологияларини ҳамда ташкилий-бошқарув фаолиятининг замонавий шаклларини амалиётга татбиқ этишга йўналтирилган бўлади.

Туризм соҳаси бир қанча ўзига хос хусусиятларга эга бўлиб, улардан тўғри фойдаланиши инновацион ривожлантириш учун қулай имкониятларни тақдим этади. Туризмнинг мақсади ва кўринишларини эътиборга олиб таклиф қилинган модел тўртта асосий омилнинг алоҳида акс топишини тақозo қилади: сайёҳнинг ҳордиқ чиқариши ва янги таассуротларга эга бўлиши, соғломлаштирувчи ва рекреацион, саёҳат пайтидаги ижтимоий мулоқотлар, малакавий-бизнес.

Туризм соҳасини инновацион ривожлантириш омилларининг таклиф этилган модели сайёҳларнинг талаб ва эҳтиёжини қондириш манбаси сифатида туризм хизматлар бозорини ривожлантиришга замин тайёрлайди ва айнан шу омиллар туризм соҳасини инновацион ривожлантиришда янги турлар, ғоя ва имкониятлар кашф этилишининг сабабчиси ҳисобланади. Ўзбекистонда туристик-рекреацион ресурслардан самарали фойдаланиш асосида миллий туристик хизматлар бозорининг ҳудудий тузилмасини янада такомиллаштириш талаб қилади. Равшанки, Ўзбекистон минтақаларида туристик кластерлар шакллантирилиши туристик-рекреацион ресурслардан тўлиқ фойдаланиш замирида янги сайёҳлик фирмалари очилишига ва мавжудлари ишини янада фаоллаштиришга туртки беради ва янги турдаги туристик маҳсулотлар яратилишига асос бўлади. Туризм соҳасини инновацион ривожлантириш фаолияти зарурий омил ҳисобланиши ҳамда бугунги кунда ҳар қандай туристик фирманинг асосий мақсади рақобат шароитида истеъмолчини ўз хизмат турларига жалб қилишни тақoзo этади.

Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида туризм соҳасини инновацион ривожлантиришда кластер иштирокчиларининг фаолиятини мувофиқлаштириш даражасини оширишга кенг имкониятлар мавжуд. Бу имкониятлардан самарали фойдаланиш мақсадида тадқиқотда туризм соҳаси субъектлари фаолиятини муайян мақсадга йўналтирилган ҳолда мувофиқлаштириш воситаларини кўрсатиб бериш мақсад қилиб олинган. Таклиф этилаётган моделнинг моҳияти минтақадаги бетакрор туристик ресурслардан самарали фойдаланган ҳолда иқтисодиётни модернизациялаш шароитида туризм соҳасини инновацион ривожлантириш натижасида сайёҳлар сонини изчил равишда ошириб, мамлакатимиз иқтисодий ривожига катта ҳисса қўшишдан иборатдир.

Раъно ЭРГАШЕВА,

Қарши давлат университети ўқитувчиси.  

Аннотация

Ушбу мақолада туризм соҳасини инновацион ривожлантиришнинг назарий асослари ёритилган.  Шунингдек, туризмнинг миллий иқтисодиётга таъсир даражаси кўрсатиб  берилган.

Калит сўзлар: инновация, туризм, туристик фаолият, инновацион ривожлантириш, туризм инфраструктураси, тадбиркорлик, модернизация, рақобат, механизм.

 

В этой статье изложены теоретические основы инновационного развития сферы туризма, а также влияние туризма на национальную экономику.

 

This article outlines the theoretical foundations for the innovative development of the tourism sphere as well as the impact of tourism in the national economy.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати: 

1. Ўзбекистон Республикасининг “Туризм тўғрисида”ги қонуни. 1999 йил.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 3 февралдаги “Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони.

4. М.А.Мирзаeв, М.Т.Алиева. Туризм асослари. Ўқув қўлланма. Тошкент, 2011 йил.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"