Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2336
6336
7078

-742
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
200814
199080
100107

+98973

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 266 260
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Аутсорсинг қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши рақобатдошлигини таъминлашнинг замонавий воситаси сифатида

Қишлоқ хўжалигининг бошқа тармоқлардан фарқли жиҳати шундаки, унинг субъектлари маълум бир ҳудуд доирасида хўжалик фаолияти юритадиганер, сув, табиий-иқлимва бошқа шарт-шароитлар деярли бир хилдир. Хусусан, маҳаллий бозорларга маҳсулотлар етказиб бериш олигополик характерга эга бўлиб, табиий рақобат устунликларига эришиш сунъий равишда ўз рақобат устунликларини шакллантиришни тақозо этади. Аутсорсингдан фойдаланиш эса айнан шундай устунликка эришишнинг муҳим воситаси саналади.

“Аутсорсинг” атамаси “Outsider Resource Using” (ташқи ташкилотлар томонидан ресурслардан фойдаланиш) сўзлари қисқартмасидан олинган бўлиб, шартномавий муносабатлар асосида ўз ресурслари ўрнига бошқа корхона ва ташкилотлар ресурслари (ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолияти)дан фойдаланиш деган маънони билдиради.

Сўнгги вақтларда иқтисодиёти ривожланган мамлакатларда ишлаб чиқариш ёки хизмат кўрсатиш фаолиятининг деярли барча соҳаларида аутсорсингга асосланган ўзаро ҳамкорлик кенг тарқалди.

Махсус адабиётлар таҳлили асосида аутсорсингга:

– корхона томонидан ташқи манбалардан маҳсулот ва хизматларни сотиб олиш[1];

– ташқи ресурслар, активлар ва тажрибаларни шартнома асосида кафолатланган сифат даражасида ва баҳосида жалб этиш ва улардан фойдаланиш [2];

– корхонанинг алоҳида функциялари ва бизнес-жараёнларини ташқи ижрочига бериш билан боғлиқ стратегик қарорлар қабул қилиш [3];

– корхонанинг асосий фаолияти доирасига кирмайдиган бизнес-функциялар ёки уларнинг айрим қисмларини ихтисослашган ижрочи пудратчилар томонидан шартнома асосида амалга ошириш [4];

– ўз ресурс салоҳияти етишмовчилиги шароитида алоҳида ишлаб чиқаришва бизнес-жараёнларни бажариш учун ташқи ижрочиларни ёллаш [5];

– маълум бир бизнес-жараёнларни бажаришга мўлжалланган қувватларни сотиш ва уларнинг ўрнига ушбу маҳсулот ёки хизматларни ташқаридан сотиб олиш [6] билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар сифатида таъриф берилган.

Аутсорсингнинг иқтисодий моҳиятини тавсифлашга бўлган ёндашувларни таҳлил қилиш жараёнида унинг мазмуни мутахассислар томонидан турлича изоҳланган деган хулоса чиқариш мумкин. Аммо бу ёндашувларнинг умумийлиги шундан иборатки, аутсорсинг корхонанинг фаолият турига қараб ихтисослаштирилган ёки умумий фаолият натижасида корхона ва  маҳсулотларининг рақобатда устунлигини шакллантиришга хизмат қилади. Демак, аутсорсинг тушунчасини уни қўллаш мақсад-вазифалари нуқтаи назаридан келиб чиқиб,тавсифласа бўлади.

Бизнингча, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида аутсорсингнинг мазмун-моҳиятини таснифлашга бўлган умумий талабларни қуйидагича ифодалаш мумкин:

–тавсифлар қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида аутсорсинг қилинадиган барча фаолият ёки бизнес-жараёнларнинг имкон қадар тўлиқроқ рўйхатини қамраб олиши;

– қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқаришни ташкил этиш ва бошқарув тизимининг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олиши;

– аутсорсинг жараёнларининг динамиклиги туфайли ташқи ва ички омиллар таъсирини баҳолаш имконини таъминлаши лозим.

Шунингдек, аутсорсингни қўллашнинг ижтимоий-иқтисодий самарадорлигини асослашда бу масалага маҳсулот, корхона, тармоқ ва ҳудуд рақобатдошликларини таъминлаш нуқтаи назаридан алоҳида ёндашиш муҳим аҳамият касб этади. Агар алоҳида корхона мисолида оладиган бўлсак,унга айрим фаолият, маҳсулот турлари ёки ходимларнинг рақобат устунликларини ўстириш омили деб қараш мақсадга мувофиқдир.

Аутсорсинг рақобат устунликларини ошириш имкониятларидан ташқари, рақобат муҳитига боғлиқ бўлмаган макромуҳит шарт-шароитларига мослаша олишни ҳам ифодалайди. Чунки ҳар қандай корхонанинг ривожланиши мавжуд макромуҳит шароитлари ўзгаришига бевосита боғлиқ бўлади. Корхона-ташкилотлардан фақат айримларигина ташқи ўзгаришлар йўналишига тез мослашади ва барчаси ҳам узоқ муддатфаолият кўрсата олмайди.

Маълумки, корхона рақобатдошлигини таъминлашда кўпчилик иқтисодчилар эътиборни корхона иқтисодий фаолиятини унинг умумий фаолиятидан алоҳида ажратиш билан боғлиқ жараёнларга ҳамда рақобат устунликларини аниқлашга қаратишни тавсия этадилар. Бунда корхона рақобатдошлиги унинг рақобат курашида қулай позицияга эга бўлишини таъминловчи устунликлар тўпламини англатади [7].

Умуман олганда, қишлоқ хўжалиги корхонасининг устунликлари икки гуруҳга – нисбий ва рақобат устунликларига бўлинади. Биринчиси табиий ресурслар, меҳнат ва капитал ҳисобига таъминланса, иккинчиси ишлаб чиқаришда илғор техника ва технологияларни қўллаш, юқори малакали ходимларни ёллаш ва бошқаларни ўз ичига олади. Бугунги кунда инновациялар, янги ташкилий-бошқарув усуллари, ноёб технологиялар ва маҳсулотларга қаратилган рақобат устунликларидан фойдаланиш устувор даражага кўтарилмоқда. Демак, аутсорсинг ҳам ўша инновацион технологиялар ва маҳсулотларни ўзлаштиришга йўналтирилмоғи керак.

Юқорида зикр этилганлардан келиб чиқиб таъкидлаш жоизки, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида аутсорсинг бирор фаолият тури ёки бизнес-жараёнларни ташқи бажарувчига беришгина эмас, балки ундан фойдаланиш эвазига рақобат устунликларига эришиш ҳамдир. Бу устунликларни қуйидаги жиҳатлар билан тушунтириш мумкин:

– асосий фаолиятни эътибордан четда қолдирмаган ҳолда, қўшимча фаолият учун ташқаридан ресурслар жалб этиб, ишлаб чиқариш ҳажми ва унга мос равишда даромад ўсишига эришиш;

– асосий ёки янги ўзлаштирилаётган фаолият туридаги айрим бизнес-жараёнлар ёки функцияларни бажариш учун асосий фондлар ва инсон капиталига қўшимча инвестициялар талаб этилмайди;

– ноихтисослик фаолият турлари сифатли бажарилишига эришиш;

– ташқи ижрочиларнинг энг яхшиларини танлаш ҳисобига инновацион ғоялар ва ишланмаларга эга бўлиш;

– ишлаб чиқариш фаолиятига боғлиқ рискларнинг бир қисмини аутсорсерларга ўтказиш;

– корхонанинг бошқарувчанлик даражаси ошиши каби устунликларни беради.

Бу устунликлар пировард натижада қуйидаги кўринишда синергетик самарадорликка эришишни таъминлайди:

– фаолият кўлами кенгайиши ва ишлаб чиқариш ҳажми ошиши ҳисобига маҳсулот бирлигига тўғри келувчи харажатларни қисқартириш орқали иқтисодий самарага эришиш;

– буюртмачи ва аутсорсер ресурсларининг бир-бирини тўлдириши ҳисобига комбинациялашган самара олиш;

– аутсорсинг ҳисобига ишлаб чиқаришдаги транзакция харажатларини камайтириш;

– ишлаб чиқаришда инновацион ютуқларни қўллаш орқали олинадиган иқтисодий самара.

Фаолиятнинг бирор тури ёки ишлаб чиқариш жараёнининг бирор босқичини аутсорсинг қилиш тўғрисидаги бошқарув қарорларини қабул қилишга таъсир кўрсатувчи омилларни иккита асосий гуруҳга – ташқи ва ички омилларга ажратиш мумкин. Ташқи омилларга бозордаги рақобат муҳити, истеъмолчиларнинг корхона маҳсулотига талаби, ҳуқуқий-меъёрий, табиий-иқлим ва географик шароитлар мансуб бўлса, ички омилларга маҳсулот сифати,  таннархи, корхона бошқарувининг самарадорлиги, маркетингдан фойдаланиш ҳолати, инновациявий фаолият, корхонанинг молиявий аҳволи ва бошқалар киради.

Аутсорсингни қўллаш орқали рақобат устунликларини таъминлаш деганда эса, ташқи муҳит омилларини эътиборга олган ҳолда, ички омилларга мақсадли таъсир кўрсатиш тушунилади. У истеъмолчилар талаб қиладиган ишлаб чиқариш ҳажми, маҳсулот сифати ва баҳосига эришиш билан белгиланади.

Сирасини айтганда, барча корхоналар рақобат устунлигига эришиш учун турли воситалар ва услублардан фойдаланишади. Бироқ амалиётда ресурс салоҳияти улардан фойдаланиш имкониятларини чегаралаб қўяди. Шу боис аутсорсингни қўллаш ресурс салоҳиятидан самарали фойдаланиш қобилиятининг қуйидаги кўринишларида намоён бўлиши мумкин:

– қўйилган мақсадга эришиш учун зарур ресурсларни жалб қила олиш қобилияти;

– корхона ресурсларни энг самарали ҳисобланган фаолият турига сафарбар қила олиши;

– ташқи муҳит шароитлари ва бозордаги рақобат ўзгарувчанлигига сезгир бўлган қайишқоқ ресурс таъминотини режалаштириш ва ташкил этиш.

Бу эса, ўз навбатида: а) ресурс тежамкорлигига эришиш; б)маҳсулот ва хизматлар кўрсатиш ҳажмини ошириш; в) бир вақтнинг ўзида маҳсулот таннархини пасайтириш ва ҳажмини оширишга эришиш орқали рақобат устунлигини кучайтиради. Барча ҳолатларда маҳсулот баҳоси ижобий таъсир қилувчи ҳосилавий омил бўлиб юзага чиқади.

Модомики, аутсорсинг корхоналар рақобатдошлигини таъминловчи ташкилий-иқтисодий механизмларни шакллантиришнинг таркибий ташкил этувчиларидан бири экан, уни амалга ошириш билан боғлиқ қарорларни қабул қилиш ҳам рақобатдошликни таъминлашнинг ўзига хос умумий ва хусусий тамойилларига бўйсунган ҳолда амалга оширилиши керак. Булар[8]:

– истеъмолчиларга йўналтирилганлик тамойили. Ушбу тамойил маҳсулот ҳажми, сифати ва аҳоли талабларини рағбатлантиришга йўналтирилган ташкилий, иқтисодий ҳамда молиявий механизмларни ишлаб чиқиш ва қўллашни назарда тутади;

– бошқа турдош корхоналар ва аутсорсерлар билан ўзаро ҳамжиҳатлик ва манфаатли ҳамкорликка эришиш тамойили. Мазкур тамойил, айниқса, муросасиз рақобат шароитида корхонанинг бозорда яшаб қолишини таъминлашнинг ягона шарти саналади;

фаолиятни диверсификациялаш тамойили.У ташқи омиллар ва бозор конъюнктураси доимий ўзгариши шароитида корхонадаги бизнес-жараёнларни сифат ва таркиб жиҳатидан ўзгартириш учун зарур инновацион ва рақобат салоҳиятига эришишни назарда тутади;

назорат қилишга қулайлик тамойили.Бу тамойил аутсорсингнинг ташкилий-иқтисодий жараёнларини самарали назорат қилиш, уларнинг барча босқичларида иштирок этувчилар фаолиятига амалий таъсир ўтказиш воситаларига эга бўлишни талаб этади;

– солиштирма устунликлардан фойдаланиш тамойили.У қишлоқ хўжалиги корхоналари жойлашган ҳудуднинг инвестициявий жозибадорлиги, ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашуви, инфратузилма объектлари билан таъминланганлик даражасидан ва бошқа устунликларидан моҳирона фойдаланишни назарда тутади;

– универсаллик ва мослашувчанлик тамойили. Табиий-иқлим, географик жойлашув, ишлаб чиқариш қувватларининг жойлашуви, инфратузилма объектлари билан таъминланганлик даражаси ва бошқа ташқи омилларга мослаштириш имкониятига эга бўлишини таъминлаши даркор;

– ҳуқуқий-меъёрий мувофиқлик тамойили. Аутсорсингда инвестициялар, харажатлар, ходимлар ҳамда инновацияларни бошқариш усуллари ва воситалари амалдаги қонунчилик меъёрларига мос келиши лозим.

– харажатларнинг оқилона сарфи тамойили. Аутсорсингни қўллаш билан боғлиқ харажатлар, айниқса, ижтимоий аҳамиятга молик қишлоқ хўжалигида асоссиз равишда ошиб кетишига олиб келмаслиги керак.

– натижадорликни баҳолаш тамойили. Аутсорсинг жараёни устидан самарали мониторинг олиб бориш ва эришилган натижаларни тезкор баҳолаш имкониятининг мавжудлиги.

Юқорида тилга олинган тамойиллар асосида қабул қилинган қарорлар қай даражада мақбуллигини уларнинг  самарадорлигини тавсифловчи маълум бир мезонларга таяниб баҳолаш талаб этилади. Ушбу тамойиллар хусусиятидан келиб чиқиб, баҳолаш мезонларини ва уларга мувофиқ келувчи кўрсаткичларни тизимлаштириш мумкин.

1. Аутсорсинг натижадорлигини баҳолашнинг иқтисодий мезони: маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажми, қишлоқ хўжалиги техникаси парки ва ундан фойдаланиш даражаси, агротехник ишлар ҳажми ва сифати кўрсаткичлари; корхона даромади ва фойдаси; умумий ва маҳсулот рентабеллиги; маҳсулот таннархи ва бошқалар.

2. Маркетинг фаолияти натижадорлиги: маҳсулотларнинг истеъмолчилар эҳтиёжини қондириш даражаси; ҳудуднинг маҳсулот таъминоти ва уларга эришиш имконияти, корхонанинг бозордаги улуши, имижи ва маҳсулотининг нуфузи; баҳо сиёсати ва унинг эгилувчанлиги; маҳсулотларни бозорга силжитиш технологияси, ташкилий ва техник воситалар; реклама фаолияти; қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бозори тўғрисидаги ахборотлар, уларни қабул қилиш ва қайта ишлаш сифати ва ҳоказолар.

timur_final

1-чизма. Қишлоқ хўжалиги корхонаси фаолиятида аутсорсингни қўллашнинг умумий алгоритмик механизми [9].

3. Корхона бошқарув тизимининг самарадорлиги: бошқарув ва агротехник ходимлар салоҳияти; бошқарувнинг ташкилий тузилмаси; бошқарувда қўлланиладиган коммуникацион технологиялар сифати; бошқарув қарорларини амалга оширишнинг стратегик даражаси.

4. Аутсорсингнинг экологик кўрсаткичлари: фаолият тури ва маҳсулотнинг экологик тозалиги, атроф-муҳитга ва инсон саломатлигига зарарли таъсири, ёқилғининг турлари бўйича экологик даражаси; йўл ва инфратузилма объектларининг экологик таъсири даражаси.

5. Эргономик кўрсаткичлар: санитар-гигиеник талаблар; антропометрик талаблар; физиологик талаблар; психологик талаблар; маданий-маърифий талаблар ва бошқалар.

Аутсорсинг самарадорлигисоҳа корхоналари фаолиятини инновацион ривожлантириш, маҳсулот бозорини комплекс тадқиқ қилиш ва инновацион фаолият йўналишларини аниқлаш, инновацион ва маркетинг салоҳиятини ошириш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқиш, ҳудудни ривожлантиришнинг истиқболли стратегиялари бўйича бир қатор қарорлар қабул қилиш имконини беради.

Ишлаб чиқариш фаолиятида аутсорсингни қўллаш ва унинг самарадорлигидан фойдаланиш қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини кўзланган ҳажмларда ишлаб чиқаришга эришишда, озиқ-овқат хавфсизлигини ва мамлакатнинг барқарор ривожланишини таъминлашда  алоҳида аҳамият касб этади.

Биз эътиборингизга тизимлаштириш назарияси ва техник-иқтисодий таҳлил усулларини қўллаш асосида юқори самарали аутсорсинг буюртмаларини шакллантириш ва амалга оширишнинг умумий алгоритмик механизминиҳавола этдик(1-чизма).У аутсорсингни қўллаш билан боғлиқ тадқиқотлар учун дастлабки модел сифатида асқатиши мумкин.

Тадқиқотлардан аён бўлишича, бугунги кунда қишлоқ хўжалиги соҳасида техник-технологик салоҳиятдан унумли фойдаланиш унинг барқарор ўсишини ва мустаҳкамлигини таъминловчи асосий омил вазифасини ўтайди. У ноқулай об-ҳаво шароитларининг қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолияти натижаларига таъсирини юмшатади. Шунинг учун техник-технологик салоҳият даражасидан фойдаланишга боғлиқ фаолиятда аутсорсингни қўллаш соҳанинг ишлаб чиқариш самарадорлигини, интенсивлигинива иш унумдорлигини ошириш, қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларини кўпайтириш, ресурслардан фойдаланишни яхшилаш, қишлоқ хўжалиги меҳнатини индустриал меҳнатнинг бир турига айлантиришнинг асосий омили бўлиб қолади.

Тимур НУРЫМБЕТОВ,

Қорақалпоқ Давлат университети  

таянчдокторанти.

Аннотация

Мақолада қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида аутсорсингни қўллаш зарурияти асослаб берилган, бу борада қарор қабул қилишнинг асосий тамойиллари ва самарадорлик мезонлари аниқланган. Пировардида қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятида аутсорсингдан фойдаланишнинг умумий алгоритмик механизми таклиф этилган.

Калит сўзлар: қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариши, аутсорсинг, аутсорсер, бошқарув қарорлари, алгоритм.

 

В статье актуализуется необходимость применения аутсорсинга в сельскохозяйственном производстве. Выявлены ключевые факторы и определены основные принципы принятия решения об аутсорсинге и критерии его оценки. Предложен алгоритмический механизм применения аутсорсинга в деятельности сельскохозяйственного предприятия.

 

This article discusses the need for outsourcing in agricultural production. The key factors and the basic principles of decision-making on outsourcing and criteria for its evaluation were identified. The algorithmic mechanism of using outsourcing in the activity of an agricultural enterprise is proposed.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. William M. Lankford and FaramarzParsa Outsourcing: a primer //Management Decision, 1999. № 37/4. P. 310–316.

2. Bravard, Jean-Louis. Smarter outsourcing: an executive guide tounderstanding, planning and exploiting successful outsourcingrelationships / Jean-Louis Bravard and Robert Morgan. p. cm.

3. Валишевская Т.И., Сорокина Н.Г. Аутсорсинг как стратегическая модель обеспечения конкурентоспособностипредприятий//Вестник Оренбургского государственного университета. 2007. № 6. с. 83-89.

4. Костин И.Б. Аутсорсинг как инновационный метод ресурсосбережения // Управление экономическими системами(электронный научный журнал), 2013. № 4.; Филина Ф.Н. Аутсорсинг бизнес-процессов: проблемы ирешения. М.: ГроссМедиа: РОСБУХ, 2008. 208 с.; Котляров И.Д. Аутсорсинг как особая форма межфирменного сотрудничества // Экономический анализ: теория ипрактика. 2010. № 32 (197).с. 22-26.

5. Аникин Б.А., Рудая И.Л. Аутсорсинг и аутстаффинг: высокие технологии менеджмента. М.: ИНФРА-М, 2009. с. 320.

6. Календжян С.О. Аутсорсинг и делегирование полномочийв деятельности компаний. М.: Дело, 2003. с 272.

7. Александрова Ю.Ю.Современное содержание механизма конкуренции// Проблемы современной экономики, № 1 (21), 2007.

8. Т.У.Қодиров. Рақобат стратегиясини шакллантиришнинг ташкилий-иқтисодий механизмлари// Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Қорақалпоғистон бўлимининг ахборотномаси. 2014.  №1.  86-92-бетлар.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"