Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2350
6336
7078

-742
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
200828
199080
100093

+98987

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 266 274
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тармоғининг инновацион фаолияти самарадорлиги


Ҳозирги вақтда инновациялардан фойдаланиш асосида жаҳон хўжалиги ривожланишининг янги парадигмаси шаклланмоқда. Ўзбекистон ушбу жараёнларни инкор эта олмайди ва иқтисодиётнинг барча соҳаларида, шу жумладан қишлоқ хўжалигида ҳам инновацион жараёнларнинг фаоллашувини таъминлаши зарур. Ушбу масалаларга Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида ҳам алоҳида эътибор қаратилган[1].

Иқтисодий ривожланишнинг инновацион йўлига ўтиш нафақат Ўзбекистон иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги тармоғида тўпланиб қолган муаммоларни, балки ушбу тармоқ олдида турган асосий вазифаларни ҳам ҳал этиш зарурлиги билан боғлиқ. Ҳозирги шароитда инновацион фаолият қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг асосий омили ҳисобланади. Мазкур омилдан имкон қадар кўпроқ фойдаланиш мамлакатимизда агросаноат мажмуининг барқарор ривожланишини таъминлашнинг ягона йўлидир. Ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар жадаллашиб, жаҳон иқтисодиётининг глабаллашуви кучайиб бораётган шароитда мамлакатимиз қисқа муддатда қишлоқ хўжалигини ривожлантиришнинг инновацион йўлига жадал ўтишни амалга ошириши, иқтисодиётнинг ушбу стратегик аҳамиятга эга бўлган тармоғини замон талабларига жавоб берадиган сифат жиҳатдан янги техник-технологик асосда тиклаши лозим. Акс ҳолда қишлоқ хўжалиги тармоғи ривожланишдан ортда қолади ва ўзининг рақобатбардошлигини таъминлай олмайди.

Ҳозирги кунга қадар қишлоқ хўжалигининг ривожланиши энг муҳим устувор йўналишлардан бири бўлиб келган ва бундан кейин ҳам шундай бўлиб қолади. Чунки, қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқаришнинг самарадорлиги, мамлакатимизнинг иқтисодий ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, нафақат қишлоқ аҳолиси, балки мамлакатимиз аҳолисининг моддий фаровонлигини ошириш бебаҳо бойлигимиз бўлган еримизнинг унумдорлиги, унинг сифатини мунтазам яхшилаб бориш билан узвий боғлиқдир.

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги тармоғининг барқарор ривожланиши кўп жиҳатдан инновацион фаолиятнинг самарадорлигига боғлиқ. Инновацияларни ўзлаштириш натижасида қишлоқ хўжалигида ишлаб чиқариш базаси технологик, техник ва ташкилий-иқтисодий жиҳатдан янгиланиб боради. Бу эса ўз навбатида, Ўзбекистоннинг жаҳон бозорига интеграциясини кучайтиради.

Қисқа даврда Ўзбекистон иқтисодиётининг қишлоқ хўжалиги тармоғини ривожланишининг инновацион йўлига ўтказишга қодир бўлган самарали бошқарув тизимини шакллантиришга нисбатан тизимли ёндашув зарур. Бундай тизим механизмларини шакллантириш методологияси турли иқтисодий таълимотлар, шу жумладан институционал назария, эволюцион иқтисодиёт ва синергетиканинг назарий қоидаларига асосланган бўлиши керак. Ушбу муаммолар ва йўналишлар қишлоқ хўжалиги фаолият кўрсатишининг ҳозирги шароитида ундаги инновацион жараёнларни бошқариш назарияси ва амалиёти нуқтаи назаридан етарли даражада ўрганиб чиқилмаганлигича қолмоқда.

Ўзбекистонда қишлоқ хўжалиги тармоғининг ривожланишини инновацион бошқаруви самарадорлиги масалалари бўйича муаммонинг умумий томонлари иқтисодчи олимларимиз А.Р.Вахабов, Б.Б.Беркинов, Қ.Д.Мирзаев, Ч.Муродов, М.Қ.Пардаев, Н.Хушматов, Т.Х.Фармонов, Қ.А.Чориев, Р.Х.Эргашев, А.М.Қодировнинг [2] илмий ишларида ўрганилган. Уларнинг ишлари хўжалик юритишнинг бозор шароитида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини самарали юритиш назарияси ва амалиётини ишлаб чиқишга катта ҳисса қўшди.

Иқтисодиётнинг аграр секторидаги таркибий ўзгаришлар ва қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ислоҳ қилишни диверсификациялаш, ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, замонавий юқори самарали технологияларни жорий этиш ҳамда хўжаликларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирлар натижасида, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ҳажми 2016 йилда 47486,1 млрд. сўмни ташкил этиб, 2000 йилга нисбатан 2,7 мартага ўсишини таъминлади. Шу жумладан, деҳқончилик маҳсулотлари ҳажми 29042,4 млрд. сўмни (2,8 марта), чорвачилик маҳсулотлари ҳажми 18443,7 млрд. сўмни (2,6 марта) ташкил этди [11].

2010-2016 йиллар давомида жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажми барқарор суръатларда ўсиб борди, бунда ўсиш суръати йилига 6-7 фоизни ташкил этди [14]. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни хўжаликлар тоифалари кесимида таҳлил этилганда, йилдан-йилга фермер хўжаликларининг улуши ошиб бораётганлиги, ўз навбатида қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар улуши эса камайиб бораётганлиги кузатилмоқда. Республикамизда фаолият юритиб келаётган паст рентабелли қишлоқ хўжалиги ташкилотлари ер майдонлари қисқартирилиб, улар негизида мустаҳкам моддий-техника базасига эга бўлган кўп тармоқли фермер хўжаликларининг ташкил этилиши, жами қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотида фермер хўжаликлари улушининг 2000 йилдаги 5,5 фоиздан 2016 йилда 32,9 фоизгача кўпайишида ҳамда қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи корхоналар улушини эса 2000 йилдаги 27,8 фоиздан 2016 йилда 2,0 фоизгача камайишида ўз ифодасини топди (1-жадвал)[14].

1-жадвал.

2016 йилда қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг хўжаликлар тоифалари бўйича тақсимланиши

Йиллар (фоиз)
Деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари
Қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар
Фермер хўжаликлари
2016
65,1
2,0
32,9

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

Шу билан бирга, қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулотининг таркиби ҳам ўзгарди. Деҳқончиликда озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришга устуворлик берилиши натижасида уларга ажратилаётган экин майдонларининг кенгайтирилиши ва ҳосилдорлигини оширишга оид агротехнологик тадбирларни амалга ошириш эвазига қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқаришнинг ўсиши динамикаси 2016 йилда тирик вазнда 2172,5 минг тонна гўшт ишлаб чиқарилди ва 2000 йилга нисбатан 2,6 мартага ўсиш таъминланди[14].

Фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотларда чорвачилик маҳсулотларини ишлаб чиқариш ҳажмларининг барча тоифадаги хўжаликларга нисбатан улуши 2000-2016 йилларда 0,7-31,6 фоизга тенг бўлди (2-жадвал).

2-жадвал.

Чорвачилик маҳсулотлари ишлаб чиқариш ҳажмларининг хўжаликлар тоифалари бўйича тақсимланиши

(барча тоифадаги хўжаликларга нисбатан улуши, фоизда)

Фермер хўжаликлари
Деҳқон (шахсий ёрдамчи) хўжаликлари
Қишлоқ хўжалиги фаолиятини амалга оширувчи ташкилотлар
2000 й.
2016 й.
2000 й.
2016 й.
2000 й.
2016 й.
Гўшт, тирик вазнда
1,3
2,9
91,1
94,4
7,6
2,7
Сут
1,5
3,6
93,6
95,7
4,9
0,7
Тухум
1,0
10,7
59,9
57,7
39,1
31,6
Жўн
1,1
8,0
74,3
85,5
24,6
6,5
Қоракўл тери
1,1
5,4
32,1
83,5
66,8
11,1

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

 

Қишлоқ хўжалигида давом этаётган таркибий ўзгаришлар жараёнида, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришини ташкил этишнинг асосий шакллари этиб, фермер ва деҳқон хўжаликлари танлаб олинди. Фермер хўжаликларини ривожлантиришни рағбатлантириш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш уларнинг барқарор ва самарали ривожланишида муҳим омил ҳисобланади.

Мамлакатлар иқтисодиёти тури ва ривожланиш даражасига қараб, асосан, хом-ашё ишлаб чиқаришга ихтисослашган иқтисодиёт, индустриал иқтисодиёт, постиндустриал иқтисодиёт, аралаш иқтисодиёт ва инновацион иқтисодиёт ёки билимлар иқтисодиётига асосланган мамлакатларга бўлинади.

Инновацион иқтисодиёт иқтисодиётнинг энг юқори ривожланган тури ҳисобланади ва у учун билимли жамият хосдир. Ҳозириги кунда фан-техника ютуқларини кенг жорий этиш ва ундан самарали фойдаланиш учун турли механизмлар ва институционал тузилмалар, яъни миллий инновацион тизим шаклланмоқда. Қишлоқ хўжалигини барқарорлаштиришда қишлоқ хўжалигини технологик жиҳатдан модернизация қилиш устувор йўналишлардан биридир. Қишлоқ хўжалигининг машинасозлик корхоналари фаолиятини бошқаришни янада такомиллаштириш, уларнинг самарадорлиги ва рентабеллигини ошириш, соҳада ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жиҳозлаш, агросаноат комплекси учун замонавий, унумдорлиги юқори, ички ва ташқи бозорларда рақобатбардош техника ва ускуналар ишлаб чиқаришни ташкил этишга қаратилган ягона техника сиёсатини амалга ошириш мақсадида 2014 йилги кўргазмалар якунлари бўйича мамлакатимиз тадбиркорлари ва хорижий компаниялар ўртасида минитехнологиялар, ихчам ускуналар ва қишлоқ хўжалиги техникасини харид қилиш учун умумий қиймати 145 миллиард сўмдан зиёд 1180 та шартнома ва аҳдлашув протоколлари имзоланди.

2015 йил май ойида ўтказилган “Uzbekistan Agrominitech Expo –2015” кўргазма-савдосида Хитой, Жанубий Корея, Франция, Италия, Германия, Бельгия, Австрия, Болгария, Беларусь, Нидерландия, Эрон, Россия, Туркия каби дунёнинг 24 давлатидан 195 дан ортиқ компаниялар иштирок этди. Унда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлашга мўлжалланган ихчам линиялар, қадоқлаш минитехнологиялари, чорвачилик, паррандачилик, асаларичилик ва боғдорчилик ускуналари, озуқа тайёрлаш, боғдорчилик ва узумчилик соҳаси учун минитехника ҳамда ускуналар, ўсимликларни ҳимоя қиладиган кимёвий моддалар, иссиқхона хўжаликларини ташкил этиш бўйича кенг турдаги маҳсулот ва хизматлар намойиш этилди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда инновацион жараёнларни чуқурлаштиришга ва инновация базасини мустаҳкамлаш учун барча зарур ижтимоий-иқтисодий асослар мавжуд. Бироқ аграр соҳани инновацион ривожланиш йўлига ўтказиш, ёки бошқача айтганда, инновацион лойиҳаларни бир, ҳатто бир неча фермер хўжаликлари миқёсида ҳам амалга оширишда муаммолар мавжуд, чунки: биринчидан, фермер хўжаликлари ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишловчи субъектлар ҳозирги вақтда илмий тадқиқот ишларига буюртма бериш ҳамда тадқиқотларни молиялаштиришда иштирокининг сустлиги; иккинчидан, илғор инновацион технологияларни ишлаб чиқишда тадқиқот олиб бориш ва илмий-тадқиқотларни молиялаштиришни ҳам хўжалик субъекти ўзи амалга ошира олмайди; учинчидан, янги технология, янги навлардан фойдаланиш учун қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчилар ва қайта ишловчиларнинг етарли даражада билимларга эга эмаслиги, улар олимлар ва мутахассислар хизматидан фойдаланишлари зарур, шунингдек, маҳсулотни қайта ишлаш ва сотишда ҳам фермерлар маълум даражадаги қийинчиликларга дуч келмоқдалар; тўртинчидан, олий таълим ва илмий тадқиқот муассасалари олимлари томонидан тайёрланган инновацион ишланмаларга ишлаб чиқарувчиларнинг талаби етарли даражада эмаслиги, улар ўртасида узвий боғлиқлик мавжуд эмас; бешинчидан, айрим қишлоқ хўжалиги маҳсулоти ишлаб чиқарувчиларнинг масъулиятсизлиги.

Ўзбекистон иқтисодиётини инновацион ривожланиш йўлига ўтиш ҳозирги кундаги устувор вазифалардан бири сифатида баҳоланиб келинмоқда. Таҳлилларга кўра, Ўзбекистон аграр секторида инновациялар ҳажми жами ялпи ички маҳсулот ҳажмида 1-2 фоизни ташкил этади, қишлоқ инфратузилмаси тармоғида эса бу кўрсаткич ундан ҳам кам, ваҳоланки ушбу кўрсаткич бошқа ривожланган мамлакатларда 50-60 фоиздан кўпроқни ташкил этади[10].

Ишлаб чиқаришда замонавий техника ва технологияларнинг қўлланилиши қуйидаги имкониятларни келтириб чиқаради[12]: жаҳон миқëсидаги талабларга жавоб берувчи, рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқарилиши; маҳсулот таннарҳи аҳамиятли даражада пасайтирилиши ҳисобига корхонанинг молиявий натижалари юқори болиб, имкониятлари кенгайиши; хом-ашë ва ресурслар тежалиши; атроф-муҳитга салбий таъсир қисқариши ва ҳ.к. Агар мазкур техника ва технологиялар инновацион тавсифга эга, яъни илгари амалда қўлланилмаган ишланма ва ғояларга асосланган бўлса, у ҳолда улардан фойдаланишнинг иқтисодий-ижтимоий аҳамияти янада юқорироқ бўлади. Инновацион технологияларнинг ишлаб чиқаришга татбиқ этилиши ушбу соҳада қўлланиб келинаётган технологияларга нисбатан юқорироқ самарага эришиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришининг иқтисодий самарадорлигини ошириш қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқаришни рационал ташкил этиш, фан ва техника тараққиёти ютуқларидан кенг фойдаланишни, юқори самара берадиган янги машиналар ва асбоб-ускуналарни, агротехника ва зоотехника усулларини, меҳнат ва ишлаб чиқаришни ташкил этишни янги методларини жорий этишни тақозо қилади. Энг самарали усул ва методларни танлаш ва жорий этиш учун уларни олдиндан текшириб кўриш, уларга ташкилий-иқтисодий жиҳатдан баҳо бериш талаб қилинади. Қишлоқ хўжалик корхоналарида бундай баҳо бериш миллий иқтисодиётнинг самарадорлик мезони, яъни ижтимоий меҳнат унумдорлигининг ошириш асосида амалга оширилади, меҳнат унумдорлигининг ошиши эса ишлаб чиқариш ҳажмини ва миллий даромадни ўстиришда ифодаланади. Бунга ҳар бир қишлоқ хўжалик корхонасида ишлаб чиқариш ҳажмини кўпайтириш ва маҳсулот сифатини яхшилаш, маҳсулот бирлигига сарфланадиган жонли ва буюмлашган меҳнат харажатларини қисқартириш, соф даромадни орттириш асосида эришилади. Бу қоидаларга асосан қишлоқ хўжалиги корхоналарида ишлаб чиқаришнинг янги усул ва методлари иқтисодий самарадорлигини аниқлаш учун қуйидаги асосий кўрсаткичлар қўлланилади[13]: бир гектар ер ҳисобига ва бир бош мол ҳисобига олинадиган юқори сифатли маҳсулот миқдори; меҳнат унумдорлиги; маҳсулот таннархи; соф даромад ва рентабеллик; капитал маблағлар ва уларнинг ўз ўрнини коплаши. Мазкур кўрсаткичлар бир-бири билан боғланган ва бир-бирини тақозо қилади. Маҳсулот миқдори қанча кўп бўлса, унинг сифати яхши бўлса, меҳнат унумдорлиги юқори, таннархи арзон бўлса, соф даромад кўп ва рентабеллик юқори бўлса, капитал маблағлар шунча кам талаб қилинади ва улар тезроқ ўз ўрнини қоплайди, янги усул ва методларнинг иқтисодий самарадорлиги шу қадар юқори бўлади. Янги усул ва методлар, агар зарур бўлиб қолса оптималлаштирилади. Бу оптималлаштириш хўжалик вазифаларини ҳал қилиш учун мавжуд имкониятларни ҳисобга олган ҳолда жуда кўп, хилма-хил вариантлардан энг самаралиларини танлаб олиш имконини беради.

Қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни чуқурлаштириш орқали ишлаб чиқаришини изчил ривожлантириш, аҳолини озиқ-овқат маҳсулотлари, қайта ишлаш саноатини хомашё билан узлуксиз таъминлаш орқали мамлакатимиз озиқ-овқат хавфсизлигини янада мустаҳкамлаш, экологик тоза маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтириш, аграр секторнинг экспорт салоҳиятини сезиларли даражада ошириш истиқболда амалга оширилиши кўзда тутилган энг муҳим вазифалардан саналади. Бу борада:

– пахта ва бошоқли дон экин майдонларини қисқартириш эвазига картошка, сабзавот, полиз, озуқа ва мойли экинлар, янги интенсив боғлар ва узумзорлар майдонини кенгайтириш ва оптималлаштириш;

– суғориладиган ерларнинг мелиоратив ҳолатини яхшилаш, мелиорация ва ирригация объектларини ривожлантириш, тармоққа интенсив, сув ва ресурсларни тежайдиган замонавий агротехнологияларни жорий этиш, унумдорлиги юқори техникалардан фойдаланиш;

– қишлоқ хўжалиги экинларининг касаллик ва зараркунандаларга чидамли, маҳаллий ер-иқлим ва экологик шароитларга мос янги селекция навларини ва юқори маҳсулдорликка эга ҳайвонот зотларини яратиш ҳамда жорий этиш бўйича илмий-тадқиқот ишларини кенгайтириш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини чуқур қайта ишлаш асосида озиқ-овқат ва қадоқлаш маҳсулотларини ишлаб чиқарадиган замонавий қайта ишлаш корхоналарини қуриш, мавжудларини реконструкция ва модернизация қилиш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқариш, қайта ишлаш, тайёрлаш, сотиш, қурилиш ишлари ва хизматлар кўрсатиш билан шуғулланувчи кўп тармоқли фермер хўжаликларини ривожлантириш;

– қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини сақлаш, ташиш, сотиш, агрокимё, молиявий ва бошқа замонавий бозор хизматлари кўрсатиш инфратузилмаларини ривожлантириш;

– глобал иқлим ўзгаришлари ва Орол денгизи қуришининг қишлоқ хўжалиги ривожланиши ҳамда аҳолининг ҳаёт фаолиятига салбий таъсирини юмшатиш бўйича тизимли чора-тадбирлар кўриш.

Қишлоқ хўжалигида юқорида кўрсатиб ўтилган вазифаларни бажариш ва унинг бозор иқтисодиёти қонунлари талаблари даражасида ривожланишдан орқада қолмаслиги учун тармоқда эркин фаолият кўрсатиш имкониятига эга бўлган турли хилдаги мулк ва мулкчилик шаклларининг, уларга асосланган тадбиркорлик турлари ва улар ўртасидаги эркин бозор муносабатларининг назарий, услубий асосларини такомиллаштириш, инвестицияларни кўпроқ жалб этиб, фан-техника ютуқларини, янги техникаларни, илғор технологияларни ишлаб чиқаришга жорий этиш, чекланган ер ва сув ресурсларидан, доимий ва ўзгарувчи капиталдан ҳамда меҳнат ресурсларидан қисқа ва узоқ муддатларда тўлиқ ва самарали фойдаланиш йўлларини аниқ белгилаш, барча харажатларни тежаш, меҳнат унумдорлигини юксалтириш, деҳқон ва ишчиларни рағбатлантириш тизимини такомиллаштириш негизида фойда суммасини кўпайтириш йўлларини асосланган ҳолда белгилаб олиш мақсадга мувофиқдир.  

Инновацион ривожланиш муаммолари Ўзбекистон учун алоҳида долзарблик касб этади, чунки фақатгина янги ресурс тежовчи, илғор технологиялардан кенг ва самарали фойдаланган ҳолда инновацион ривожланиш атроф-муҳитни сақлаб қолишни ҳисобга олиб иқтисодиёт барқарорлигини жадал суръатларда ўсишини таъминлайди.

Замонавий технологияларнинг турли вариантларини таққослаш натижалари шуни кўрсатмоқдаки, ерга энг кам ишлов бериш, жорий ва инвестициявий харажатларни тежаш, таннархи анча паст бўлган маҳсулотни ишлаб чиқариш ва нархларнинг бир хил даражасида ҳар бир экин бўйича бир гектар ердан кўпроқ даромадлар олиш имконини беради.

Аммо, технологияларни ўзгартириш – тизимли ёндашувни, анъанавий технологиялардан янги ресурсни тежовчи технологияларга ўтишда корхонанинг технологик тизимида юз берадиган барча ўзгаришлар ҳақидаги билимларни талаб қилувчи мураккаб жараён. Шу муносабат билан қишлоқ хўжалиги корхоналарида технологик ва ташкилий-иқтисодий инновацияларни жорий этишнинг жараёнли алгоритмлари ишлаб чиқиш зарур.

Бахтиёр НАСИМОВ,

ТДИУ мустақил тадқиқотчиси.

Аннотация

Ушбу мақолада Ўзбекистон аграр секторининг барқарор ривожланиши, тармоқнинг инновацион фаолияти ҳамда бошқаруви самарадорлиги масалалари ёритиб берилган.

Калит сўзлар: қишлоқ хўжалиги, инновацион бошқарув, самарадорлик, таркибий ўзгаришлар, фермер хўжалиги, деҳқон хўжалиги, технология, модернизациялаш, инновацион ривожланиш, чорвачилик, деҳқончилик. 

В статье освещены вопросы устойчивого развития аграрного сектора Узбекистана, инновационная деятельность отрасли, а также эффективность управления.

This article reflects the issues of sustainable development of the agricultural sector of Uzbekistan, the innovative activity of the sector, as well as issues of effective management

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-Фармонининг 1-иловаси “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”. Lex.uz.

2. Вахобов А.Р. Организация и развитие сферы услуг сельскому населению в условиях многоукладной экономики. Автореф. дис. канд. экон. наук. - Т.:НИИРР в АПК, 1997. – 7 с.

3. Б.Б.Беркинов, Р.Х.Ташматов. Ўзбекистонда фермер хўжаликларига хизмат кўрсатувчи инфратузилмаларни ривожлантириш йўналишлари.– Т.: ТДИУ, 2007 - 23 б.

4. Қ.Д.Мирзаев. “Агросервис хизматлари самарадорлигини оширишнинг методологик асослари”. и.ф.д. даражасини олиш учун ёзилган дисс., Самарқанд – 2011, - 200 б.

5. М.Қ.Пардаев, О.М.Пардаев. Қашқадарё вилояти иқтисодиётини ривожлантиришда инновациялардан фойдаланишнинг ташкилий-иқтисодий механизмларини такомиллаштириш //Инновацион ривожланиш асосида миллий иқтисодиётни модернизациялаш: муаммолари, ечимлари ва истиқболлари. – 2015, 22 б.

6. Ч.Муродов. Қишлоқда бозор инфратузилмаси асосларини шакллантириш // Ўзбекистон иқтисодий ахборотномаси. – Тошкент, 1999. - № 3. 2 – 4 б.

7. Н.Хушматов, Т.Файзуллаева. “Қишлоқ хўжалигига хизмат кўрсатиш тармоқлари ва фермер хўжаликларини ривожлантириш асослари” // Экономика и класс собственников. – Тошкент, 2004. №1. –46 б.

8. Т.Х.Фармонов. Фермер хўжаликларини ривожлантириш истиқболлари. – Тошкент: “Янги аср авлоди”, - 2004. – 30 б.

9. Қ.А.Чориев. Бозор инфратузилмасини шакллантириш – иқтисодий ислоҳотлар чуқурлаштириш гарови// Бозор ислоҳотлари чуқурлаштиришнинг асосий йўналишлари ва қишлоқда инфратузилмаларни ривожлантириш: республика илмий-амалий семинар маърузалар тўплами. – Тошкент: ЎзБИИТИ, 1998. – Б.15.

10. С.Н.Хамраева. Қишлоқ инфратузилмасини инновацион ривожлантириш. Монография - Тошкент: 2017 – 73 бет. 

11. Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги. Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси. Тошкент - 2017 й.

12. Б.Б.Мамбетназоров. Қишлоқ хўжалик корхоналарида ишлаб чиқаришни модернизациялаш ва диверсификациялашнинг ўзига хос хусусиятлари //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион бошқарув фаолиятини модернизациялаш ва ривожлантириш муаммолари. Республика илмий-амалий конференция материаллари. –Т.:ТДАУ, 2014.- 32 бет.

13. С.А.Икромова ва бошқалар. Республикамиз агроиқтисодиётини ривожлантиришнинг замонавий концептуал асослари. //Агросаноат мажмуи тармоқларида инновацион бошқарув фаолиятини модернизациялаш ва ривожлантириш муаммолари. Республика илмий-амалий конференция материаллари. –Т.:ТДАУ, 2014.- 46 бет.

14. www.stat.uz.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"