Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
3015
9611
9649

-38
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
74317
84323
231749

-147426

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 7 179 248
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Рақамли иқтисодиётнинг меҳнат бозорига таъсири



 

Сўнгги пайтларда миллий иқтисодиётимизни ислоҳ қилиш ва диверсификациялашга, фаол инвестиция сиёсати юритиш эвазига соҳанинг етакчи тармоқларини модернизациялаш ва технологик жиҳатдан қайта жиҳозлашга, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни жадал ривожлантиришга жиддий эътибор қаратилмоқда. Натижада ҳар йили минглаб янги иш ўринлари яратилмоқда. Бу аҳоли бандлигини таъминлаш, аввало, ёшларни ишга жойлаштириш имконини бермоқда. Шу билан бирга, айрим жойларда бандлик соҳасидаги долзарб муаммоларни ҳал этишда эски иш шакллари ва услубларидан фойдаланиш, меҳнат бозоридаги ҳақиқий ҳолатни бўяб кўрсатишлар ҳамон давом этмоқда. Айниқса, олий ва ўрта махсус таълими муассасалари, касб-ҳунар масканлари битирувчиларини иш билан таъминлашдек ўта муҳим ижтимоий масалага юзаки ёндашувлар бот-бот кузатилмоқда.

Ҳолбуки, эндиликда давр ўзгарди, ҳаёт мураккаблашди. Шу боис, Президентимиз Шавкат Мирзиёв алоҳида таъкидлаганидек, “Бугун биз давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларини тубдан янгилашга қаратилган инновацион ривожланиш йўлига ўтмоқдамиз. Бу бежиз эмас, албатта. Чунки замон шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги даврда ким ютади? Янги фикр, янги ғояга, инновацияга таянган давлат ютади” [1].

Дарвоқе, XXI аср том маънода интеллектуал бойлик асрига айланмоқда. Илмий-техник тараққиёт бағоят жадаллашиб, замондошларимиз буюк кашфиётларга қўл уришмоқда. Илмий луғатларимиз “интернет”, “электрон ҳукумат”, “онлайн”, “ноу-хау”, “ахборот-коммуникация технологиялари”, “компьютер технологиялари” сингари янги атамалар билан бойимоқда. “Рақамли телевидение”, “рақамли кутубхона”, “рақамли иқтисодиёт” каби иборалар биз учун муҳим аҳамият касб этмоқда. Рақамлаштириш компьютер технологиялари ва интернетнинг ҳаёт тарзимизга кенг кириб келиши эканлигини ёшу қари теран тушуниб етмоқда.

2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг учинчи йўналиши иқтисодиётни ривожлантириш ва фаол тадбиркорликни қўллаб-қувватлашга бағишланган. Унга кўра, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш соҳасида илғор ғоялар, “смарт” технологиялар ва ноу-хауларга асосланган инновацион тараққиётнинг янги моделига босқичма-босқич ўтилади. Шунингдек, иқтисодиётга инновациялар ва янги технологияларни жорий этишни рағбатлантирувчи механизмлар ишлаб чиқилади. 2023 йилнинг 1 январига қадар венчур фондлар, юқори технологик стартап-лойиҳалар, илмий-тадқиқот муассасалари, инновация марказлари ва лойиҳа-конструкторлик бюроларига ўзларининг янги технологияларини тадбиркорларга сотишдан (фойдаланиш учун тақдим этишдан) тушган даромадлари бўйича солиқ имтиёзлари берилади. Банклар ва банк фаолиятига доир қонунчилик тубдан қайта кўриб чиқилиб, соҳада “рақамли банкинг”, “интернет-банкинг” ва бошқа замонавий технологиялар татбиқ этилади.

Шу йил 2 февралда Олмаота шаҳрида “Глобаллашув даврида рақамли кун тартиби” халқаро форуми бўлиб ўтди. Унда Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон, Россия, Беларусь, Озарбайжон, Тожикистондан келган вакиллар МДҲ мамлакатларининг рақамлашувини, электрон ҳукуматни, рақамли иқтисодиётни ривожлантириш, инновацион экотизимни ва рақамли Ипак йўлини яратиш, инновацион ва технологик тадбиркорликни ривожлантириш масалаларини муҳокама қилишди. Бинобарин, яқин орада бизнинг юртимизда ҳам рақамли иқтисодиётни ривожлантиришга катта аҳамият берилади.

Ҳозир уяли телефонлар тез тарқалаётгани, фотокамера ва бошқа сервислар билан бойиб, интернетга тўлақонли кириб бораётгани барчамизга маълум. Экспертларнинг уқтиришларича, роботлаштириш жараёни яқин йилларда иш ўринлари оммавий равишда қисқаришига олиб келади. Қолаверса, технологик ўзгаришлар тезлашаётгани боис кўпчилик уларни ўзлаштиришга улгурмаяпти. Инсон билан бемалол рақобатлашаётган ақлли машиналар эса иш берувчилар учун кўп жиҳатдан афзал эканлиги аён бўлаяпти.

“Сунъий онг оммавий ишсизлик сабабчиси бўладими?” деган савол иқтисодчиларни ва ушбу соҳа мутахассисларини жиддий ташвишга солмоқда. Бу ўринда рақамли иқтисодиётнинг меҳнат ресурслари ривожига таъсирини баҳолаш масаласига нафақат муайян ҳудуд ёки мамлакат миқёсидаги, балки халқаро бозордаги ҳолатни, миграцион жараённи ҳисобга олган ҳолда ёндашиш керак.

Биринчидан, янги технологиялар тармоқларда бир вақтнинг ўзида шитоб билан ўзлаштирилмоқда. Масалан, супермаркетларда роботлаштирилган электрон кассалардан фойдаланилмоқда, ривожланган мамлакатларда баъзи автомобиллар автопилот орқали бошқарилмоқда. Шунга мувофиқ, яқин келажакда миллионлаб ғазначи ва ҳайдовчи ишсиз қолиши кутилмоқда. Ёки айтайлик, изчил ривожланган ва ривожланаётган мамлакатлар банкларида ҳисобчиларни, ҳуқуқшуносларни, идора ходимларини оммавий равишда ишдан бўшатишлар рўй бермоқда. Чунки уларнинг ишини эндиликда роботлар бажариши мумкин.

Иккинчидан, бугунги кунда бой берилган эски иш ўринлари янги яратилганлари билан қопланмаяпти. Оқибатда кўплаб иш ўринлари йўқ бўлиб кетаяпти. Ахборот технологияларининг таъсир доираси турли соҳаларни осонликча эгаллаб бораяпти.

Бу ҳолатларнинг барчаси жамиятни оммавий равишда ишсизликка олиб келмоқда. Кузатувчилар ушбу жараён ривожланган мамлакатларни биз кутгандан ҳам эртароқ қамраб олиши эҳтимоли борлигини эслатишмоқда. Улар, соҳа олимлари ва таҳлилчилар яқин йилларда инсон ўрнини машина эгаллаши мумкинлигини, инсон эса машинадан яхши ишлайдиган жойлардагина фаолият юритишини айтишмоқда. Бунга биз ҳам розимиз. Аммо унда инсон капиталининг ривожланиши асосий вазифа этиб тайинланади, муаммо эса таълим сифати, меҳнат бозоридаги муносабатнинг ўзгариши ва ҳоказолардан иборат бўлади.

Инновацион таълим тизими кадрлар сифатига, инновацион иқтисодиёт эса рақамли иқтисодиёт каби ишсизликка таъсир кўрсатади. Инновациялар мутахассисликларга талабни қисқартиришидан ташқари, меҳнат бозори таркибини ҳам тубдан ўзгартириши мумкин.

Бизнингча, 2018-2025 йилларда меҳнат бозорида керак бўлмаган нуфузли ОТМ дипломларига эга мутахассисларнинг каттагина қисми тўпланиб қолади. Шунингдек, ўзгаришларга мустақил мослаша олмаётган тажрибали мутахассислар сони кўпайиб боради. Меҳнат бозоридаги ўзгаришлар эса рақамли технологияларнинг ҳаётимизга таъсирини ифодаловчи мисолдир.

Кадрлар тақчиллигини бартараф этишга ва ишсизлик даражасини пасайтиришга икки йўл орқали эришиш мумкин:

1. Барча таълим муассасаларида кадрлар тайёрлаш бўйича мавжуд ўқув режаларини тубдан ислоҳ қилиш ва уларни талабаларнинг шахсий қобилиятларига мослаштириш лозим.

2. Мамлакатимиздаги ташкилот-корхоналарнинг малакали мутахассисларини рақамли технологиялар билан ишлаш бўйича қайта тайёрлаш масаласига жиддий ёндашиш керак.

Юқоридагилардан келиб чиқсак, ҳал қилиниши шарт бўлган вазифалар қуйидагилардан иборатлигини англаймиз:

– барча мутахассислик ва тоифалар бўйича малакавий тайёргарликнинг мукаммал тизимини яратиш, бунда мутахассисларнинг ахборот-коммуникация технологияларини билиш даражасини белгилаш;

– замонавий ахборот технологиялари ривожланиб бораётганини назарда тутиб, ушбу тизимнинг эгилувчанлиги ва мослашувчанлигини таъминлаш;

– профессор-ўқитувчиларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш тизимининг узлуксизлигини таъминлаш ва уларнинг маошларини ошириш.

Мазкур тизимни тўлақонли ишга тушириш учун таълимга ёндашувнинг барча жараёнларида унга янгича нуқтаи назар билан қарашимиз даркор. Унинг негизида рақамли саводхонлик масаласи туриши ва амалий билимлар татбиқ этилиши керак. Бунинг учун меҳнат бозоридаги етакчи ташкилотлар билан яқиндан ҳамкорлик қилиб, масъулиятларни белгилаш, тажриба орттирувчилар учун имкониятлар бериш, мутахассислар тайёрлаш бўйича ҳамкорликни йўлга қўйиш лозим.

Рақамли технологиялар ривожланиши даврида меҳнат бозорида янги тенденциялар шаклланишига минтақаларда ўзига хос йўл бошловчи сифатида ОТМ, ИТИлари хизмат кўрсатиши мумкин. Уларнинг зиммасига таълим тизимини тубдан ўзгартириш, таълимнинг янгича муҳитини яратиш, расмий ва норасмий таълим интеграциясини ташкиллаштириш, потенциал иш берувчи ва мутахассисни ўзаро яқинлаштириш каби вазифалар юклатилиши,  мутахассислар эса ўзгаришларга доимо тайёр бўлишлари шарт.

Л.Васюнина фикрига кўра, инновацион иш билан бандлик “инсоннинг, фирмадаги кадрлар салоҳиятининг, тармоқ меҳнат ресурсларининг, ҳудуддаги иқтисодий фаол аҳолининг технологик янгиликлар туфайли келиб чиққан иқтисодиётнинг янги эҳтиёжларига тезда мослашиш қобилиятини” ўзида намоён этади [3].

Биз ёшларга , аввало, уларнинг янгича фикрлашга ва инновацион кўникмаларга лаёқатини оширувчи ваколатлар беришимиз керак. Талабаларни халқаро иқтисодий муҳитга интеграциялаш учун хорижда тажриба алмашишларни ташкиллаштириш, маърузаларни инглиз тилида олиб бориш зарур. Ва яна: илгари таълим тизими 20-30 йилда бир марта ислоҳ қилиниши мумкин эди, эндиликда бу ишни ҳар 2-3 йилда амалга ошириш зарурияти туғилмоқда. Модернизация жараёни эса меҳнат бозори асосларини тубдан ўзгартирган ҳолда кўриб чиқишни тақозо этмоқда. Чунки айрим мутахассисликларга талаб ортаётган бир пайтда баъзи касблар батамом йўқолиб кетиш хавфи остида қолаётгани ёки бошқаси билан алмашаётгани кузатилмоқда.

Мамлакатимизда “Иш ўринлари ташкил этиш ва аҳоли бандлигини таъминлаш” Давлат дастурининг прогноз параметрлари тармоқлар бўйича бандлик йўналишлари ва ҳудудлар бўйича ишга жойлашишга бўлган эҳтиёж, айниқса, илк бор меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларни, иқтисодиётдаги таркибий ўзгаришлар ва кўп меҳнат талаб қиладиган ишлаб чиқариш тармоқларини модернизациялаш натижасида ишдан бўшаган ходимларни, шунингдек, саноат, қишлоқ хўжалиги ва иқтисодиётнинг бошқа тармоқларини, хизмат кўрсатиш соҳаси, хусусий бизнес ва тадбиркорликни ривожлантириш натижасида ишчи кучига бўлган талабдан келиб чиқиб белгиланади.

Таҳлилларга қараганда, республикамизда 2017 йил декабрь ойи охирида меҳнат органларида 14,4 минг киши иш қидирувчи сифатида рўйхатдан ўтган ва уларнинг сони 2016 йилнинг мос даврига (5 минг киши бўлган) нисбатан 2,9 бараварга кўпайган.

Ҳукуматимизнинг 2007 йил 24 майдаги 106-сонли қарори билан тасдиқланган ишга жойлаштиришга муҳтож меҳнат билан банд бўлмаган аҳолини ҳисобга олиш методикасига асосан аниқланган ишсизлар сони 2017 йил январь-декабрь ойларида 837 минг нафар бўлган ва иқтисодий фаол аҳоли сонига нисбатан ишсизлик даражаси 5,8 фоизга тўғри келган.

Диёримизда иш билан банд аҳоли сони 2016 йилнинг мос даврига нисбатан 1,7 фоизга ошди. Кичик бизнес ва хусусий тадбиркорлик соҳаларида иш билан машғул бўлганларнинг жами бандликдаги улуши 78,3 фоизни ташкил этди.

Бултур иш билан банд аҳоли сонининг 2016 йилгига нисбатан юқори ўсиш суръатлари ташиш ва сақлашда 2,6 фоиз, молиявий ва суғурта фаолиятида 2,4 фоиз, қурилишда 2,1 фоиз ва савдода 1,9 фоиз бўлди. Иқтисодий фаолият турлари кесимида иш билан банд кишиларнинг асосий улуши қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги (27,3 фоиз), саноат (13,5 фоиз), савдо (11 фоиз), қурилиш (9,5фоиз) ва таълим (8,2 фоиз) соҳалари ҳиссасига тўғри келди (1-чизма).

amanov12111111

1-чизма. Иш билан банд аҳоли сонининг иқтисодий фаолият турлари бўйича тақсимланиши (2017 йил январь-декабрь, жами бандликдаги улуши, фоизда).

Манба: Ўзбекистон Республикаси Давлат статистика қўмитаси маълумотлари.

Мамлакатимизда меҳнат билан машғул аҳоли сони ҳудудлар ва иқтисодий фаолият турлари кесимида таҳлил этилганида, Жиззах (вилоят бўйича жами бандлар сонига нисбатан улуши 41,8 фоиз) ва Сирдарё (48 фоиз) вилоятларида қишлоқ, ўрмон ва балиқчилик хўжалиги соҳаси, Навоий (26,9 фоиз), Тошкент (19,9 фоиз) вилоятлари ва Тошкент шаҳрида (19,1 фоиз) саноат соҳаси, Бухоро (15,2 фоиз) ва Қашқадарё (13,9 фоиз) вилоятларида қурилиш соҳаси,  Тошкент шаҳри (68,8 фоиз), Наманган (53,6 фоиз), Самарқанд (52,2 фоиз) ва Андижон (52 фоиз) вилоятларида хизматлар соҳаси юқори улушга эга эканлиги аёнлашди.

Охирги вақтларда меҳнат бозорида бандликнинг масофавий, эгилувчан, фриланс, ўз-ўзини банд қилиш каби маълум бир бошқарувга муҳтож шакллари ривожланмоқда. Улар бир томондан аҳолини ижтимоий жиҳатдан ҳимояласа, иккинчи томондан уларнинг хуфиёна ҳудудга ўтиши олдини олади.

Бизнинг фикримизча, мамлакатимизда рақамли иқтисодиёт амалиётга татбиқ этилгунга қадар баъзи муаммоларни ижобий ҳал этиш лозим. Чунончи, иқтисодиётни қайта қуришнинг бошланғич босқичларида меҳнат бозорининг маҳаллий тизимини шакллантириш керак. Унинг сабаби ҳудудларнинг мобиллиги сустлиги, аҳоли асосий қисмининг яшаш даражаси пастлиги, транспорт харажатлари қимматлиги, ривожланган уй-жой савдоси тизими мавжуд эмаслиги билан изоҳланади. Айни ҳолатлар ишчи кучига бўлган талаб ва таклифни аниқ ҳудудлар бўйича мувозанатга келтиришни мураккаблаштиради, ишсизлик даражаси кескин ўзгаришига олиб келади.

1-жадвал.

Бандликни таъминлашдаги муаммолар ва уларнинг Ўзбекистон иқтисодиётига таъсири [5]

Ўзбекистонда меҳнат бозорининг ривожланиш муаммолари ва хатарлари
Рақобатбардошликнинг ўсиши ва иқтисодиётга таъсири
 
Ишчи кучи таклифининг талабдан сезиларли даражада юқорилиги
Ишсизликнинг ўсиши (ёшлар ва аёллар ўртасида) ҳамда ижтимоий муаммолар.
Юқори даражадаги меҳнат миграциясининг сақланиб қолиши (шу жумладан, олий ва ўрта махсус мутахассисликдаги ёшлар)
Кичик бизнес секторида паст самарали янги иш ўринлари яратилиши
Ижтимоий муаммоларни ҳал этишда давлатнинг фискал сиёсати роли, технологик консервация
Иқтисодиётнинг норасмий секторида банд бўлганларнинг юқори даражадаги улуши
Иқтисодий ўсиш давомийлигининг пастлиги, макриқтисодий дисбаланс (нақд пул муомаласи, валюта операциялари ва б.) жиноий ҳолатларнинг ўсиши
 
Мавжуд меҳнат ресурсларидан самарали фойдаланишда ривожланган мамлакатларга нисбатан орқада қолиш
Юқори даражадаги ишлаб чиқариш, юқори рақобатбардошлик билан тенг бўлиши, чет эл инвесторлари учун жозибадорлиги. Бунга эътибор қаратилмаганда, Ўзбекистоннинг чет эл инвестицияси учун курашда имкониятлари пасайиши.
 
 
Реал иш ҳақининг ўсиш суръатлари ишлаб чиқариш самарадорлигидан ортда қолиши
Аҳоли даромадларининг ўсиши ялпи талабнинг шаклланиш омилларидан бири ҳисобланиб, иқтисодий ўсиш суръатларини белгилайди. Аммо рақобатбардошликнинг кучайиши ишлаб чиқариш самарадорлигидан иш ҳақининг ошишига тўғри келмаса, мумкин эмас. Чунки товар ва хизматларга талаб таклифни қондириши зарур.
 
Янги иш ўринлари яратиш учун молиявий маблағлар дефицити (хусусий ва давлат)
Иқтисодиётнинг бир секторидаги иш ўринларига талабнинг доимий эмаслиги, давлатнинг ушбу талабни бошқа тармоққа йўналтириши (чет эл инвестициялари ҳисобига). Улар (нефтгаз, минерал қайта ишлаш) чет эл инвесторлари учун жозибали бўлиб, янги иш ўринлари яратилишига хизмат қилади.

 

Ҳозир Ўзбекистон меҳнат бозорида юқори малакали кадрларга талаб юқорилигича қолмоқда. Корхона-ташкилотлар малакали мутахассисларни жалб қилишга интилар эканлар, мутахассиснинг ўз устида ишлашини, касб маҳоратини такомиллаштириб, билим ва малакасини мунтазам ошириб боришини кадрлар ёллашнинг асосий шарти сифатида белгилашмоқда. Айни чоғда, баъзи соҳаларда энг яхши мутахассислар ҳам ақлли машиналар билан алмаштирилмоқда, улар учун талай тармоқларда зарур шароитлар яратилмоқда.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, замонавий меҳнат бозори бугунги кунда қуйидаги тенденцияларга эга:

иш жойини алмаштириш. Кўпчилик мутахассислар ўз иш жойларини алмаштиришга шошилмайдилар, янги иш берувчиларни излашда ҳам унчалик фаол эмаслар;

иш ўрин ахтариш муддати 1,5 марта ўсди. Кескин рақобат ва талабгорлар сони кўплиги корхоналар зиммасидаги вазифани қийинлаштиради, шу билан бирга, ишга ёллаш босқичлари ортиб боради;

иш берувчилар малакали мутахассисларга кўпроқ эътибор қаратишмоқда. Натижада иш изловчилар ўртасидаги рақобат икки баробарга кучайди;

яхши мутахассис топиш корхоналар учун муаммога айланмоқда. Малакали мутахассисларнинг катта маошлар эвазига ёллаб олиниши, уларнинг иш жойларини ва иш берувчиларини алмаштиришга шошилмасликлари;

корхоналарда алоҳида олинган ҳамкасбга нисбатан қадрнинг ўсиши. Танловнинг қийинлигини ҳисобга олган ҳолда, кўпчилик иш берувчилар ходимни қайта тайёрлаши ва келгусида уларнинг лавозимини кўтариши;

қисқартиришлар даври ўтмоқда. 2015-2016 йилларда корхоналар иш ҳақи даражасини ушлаб туриш учун кадрларни қисқартиришарди. 2017 йилдан ходимларга сарфланадиган харажатлар кўпайтирилди;

суғурта агентлари, кредит мутахассислари ва банк операторлари хавф остида қолмоқда. Инфляция туфайли суғуртага талаб пасаймоқда ва бу вакант суғурта агентлари ўрнини келтириб чиқармоқда. Банк секторида эса кейинги икки йил ичида ўзгаришлар кам бўлди, ёш мутахассислар сони 5 баробарга кўпайиши мавжуд иш ўринларига рақобатни кучайтирди.

Ўзбекистон яқин йиллар ичида рақамли иқтисодиётни амалиётга жорий этиши мумкин. Негаки, ушбу инновацияларни инвестиция сифатида олиб киришни мўлжаллаётган чет эллик сармоядорлар билан ишлашга тўғри келади. Қолаверса, иқтисодиётни рақамлаштириш юртимизни равнақ топтиришнинг энг муҳим омилларидан бири саналади. Шу боис биз янгиликларни тез ўзлаштиришга, инновацион фикр юритишга шай туришимиз, илм-фан ва техника янгиликларидан оқилона фойдаланишимиз, ёшларимизга замонавий касб-ҳунарларни ўргатиб боришимиз керак.

Отабек АМАНОВ,

Қарши муҳандислик-иқтисодиёт институтининг

Иқтисодиёт кафедраси катта ўқитувчиси.

Аннотация

Ушбу мақолада меҳнат бозоридаги бандликнинг асосий кўрсаткичлари, рақамли иқтисодиётга ўтиш шароитида аҳоли бандлиги трансформациясининг истиқболлари кўриб чиқилган. Меҳнат бозорида мавжуд муаммолар оқими ва омиллари ўрганилиб, уларнинг келгуси ўзгаришларга, шунингдек, иқтисодий фаол аҳоли сони қисқаришининг меҳнат бозоридаги таклифга таъсири ҳақида фикр юритилган.

Калит сўзлар: рақамли иқтисодиёт, рақамлаштириш, меҳнат бозори, аҳоли бандлиги, бандлик ва ишсизлик даражаси, меҳнат самарадорлиги, меҳнат унумдорлиги, ахборот-коммуникация тизими.

В статье рассматриваются основные показатели занятости на рынке труда, перспективы трансформации занятости населения в условиях перехода к цифровой экономике. Обозначены основные текущие проблемы на рынке труда и факторы, действие которых приведет к изменениям в будущем. Отмечено, что сокращение численности экономически активного населения повлечет за собой снижение предложения на рынке труда.

The article regards the leading indexes of employment in the labour market, employment transformation prospects of population in condition of the transition to digital economy. Furthermore, the main current problems of the labour market leading to the changes in the future  are marked. It is also noted that decrease in the number of the economically active population will cause the reduction of job offers in labour markets.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли фармони.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси. // Халқ сўзи, 2017 йил 16 январь, №11 (6705).

3. Васюнина Л.A. Механизм регулирования рынка труда при формировании инновационного типа занятости населения [Электронный ресурс] / Васюнина Л.A., Борисова Е.В.//Электронный журнал. -Режим доступа: URL: www.sor.volsu.ru/journal/TESTl/index02.shtml

4. Из доклада Д. Пескова по программе “Цифровая экономика”, // 2017, июль.

5. Занятость в Узбекистане: вызовы и перспективы. Центр экономических исследований. 2013-2015.

6. О.В. Заяц. Занятость населения и её регулирование. –Владивосток, 2003.

7. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг 2016 йил 13 декабрдаги “2017 йилда аҳоли бандлигини таъминлаш дастури тўғрисида”ги СҚ-124-III-сонли қарори.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"