Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2346
6336
7078

-742
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
200825
199080
100096

+98984

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 266 270
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Саноат корхоналарида энергия сарфини камайтиришнинг асосий жиҳатлари

Энергия тежамкор технологиялардан кенг фойдаланиш табиий захираларни тежаш, ҳавога зарарли газлар чиқишини камайтириш билан бир қаторда ялпи ички маҳсулотнинг ўсишида, ишлаб чиқариш сарфи ва маҳсулотлар таннархини пасайтиришда муҳим роль ўйнайди. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегиясида ҳам иқтисодиётда энергия ва ресурслар сарфини камайтириш, ишлаб чиқаришга энергия тежайдиган технологияларни кенг жорий этиш, қайта тикланадиган энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, иқтисодиёт тармоқларида меҳнат унумдорлигини оширишга алоҳида аҳамият қаратилган. Ўзбекистон Президенти Ш.Мирзиёев Олий Мажлисга мурожаатномасида: “Афсуски, бизда электр узатиш тармоқлари эскириб кетган. Бунинг оқибатида 15-20 фоиз электр энергияси истеъмолчига етиб бормасдан, тармоқнинг ўзида беҳуда йўқотилмоқда”, деган эди.

Энергияни тармоқнинг ўзида беҳуда йўқотишлар дунёнинг бошқа давлатларида ҳам мавжуд. Қуйидаги чизмада айрим мамлакатларда тармоқнинг ўзидаги энергия йўқотишларни кўришимиз мумкин.

 image001

1-чизма. Электр тармоқларида ўзида  йўқотилаётган электроэнергия, фоиз

Бу чизмадан кўринадики, тармоқнинг ўзидаги энергия йўқотишлари Германияда 4 фоиз, Япония ва Францияда 5 фоиз, Австрия ва АҚШда 6 фоиз, Италия ва Швейцария 7%дир. Айнан ушбу мамлакатларда ЯИМ аҳоли жон бошига харид қобилияти паритети бўйича ҳисоблаганда 50000 АҚШ долларини ташкил қилади.

Тармоқнинг ўзидаги энергия йўқотишлари Молдова, Ҳиндистон, Судан каби мамлакатларда 21–25 фоиз бўлиб, уларда аҳоли жон бошига ЯИМ 2,6–2,8 минг доллардир. Ўзбекистонда ҳам бундай йўқотишлар жуда катта (15-20 фоиз).

Ўрта Осиё мамлакатлари дунё бўйича энергия сиғими юқори бўлган ҳудудлардан бири ҳисобланади. Бир бирлик маҳсулот ишлаб чиқаришда энергия сарфи бу ҳудуддаги мамлакатларда дунё бўйича ўртача кўрсаткичдан 50 фоиз юқоридир. Ушбу ҳудудда иқтисодий ўсишнинг экологизация жараёнларига ўтиш орқали энергия самарадорлигини таъминлаш мумкин. Жаҳон банкининг “Иқтисодий ўсишнинг экологизация жараёнига ўтиш – иқлим ўзгаришига қарши курашишнинг фойдали режаси” номли ҳисоботида табиий ресурсларни бошқаришдаги асосий йўл энергия самарадорлигини ошириш ҳисобланиши таъкидланган.

Жаҳон банки экспертлари маълумотларига кўра, Ўзбекистонда ЯИМнинг бир бирлигига тўғри келадиган энергия сарфи 2-3,5 баробар кўп бўлиб, бу кўрсаткич Жанубий Корея ва Ғарбий Европа мамлакатларига нисбатан 5-6 баробар юқоридир. Бу ерда яна бир иқтисодий боғланишни таъкидлаб ўтиш мумкинки,  1,0 фоизли энергия тежамкорлиги ЯИМнинг 0,35 фоиз ўсишини таъминлайди. Буни ишлаб чиқаришнинг ўсишида энергия ресурслари харажатлари бошқа соҳалардаги капитал қўйилмаларга қараганда икки-уч марта пастроқ экани билан изоҳлаш мумкин.

Энергия тежамкорлиги экология масалалари билан ҳам боғлиқ. Ривожланган мамлакатларнинг аксарияти энергия сиғимини пасайтириш ҳисобига зарарлар газлар чиқишини камайтиришга аҳамият беришмоқда. Европа парламенти экологик сиёсатига кўра, 2020 йилга бориб атмосферанинг ифлосланишига сабаб бўлувчи газлар  миқдори 20,0 фоиз пасайиши лозим. Бунинг учун эса энергия тежамкорлигини таъминловчи замонавий технологияларни қўллашга устувор вазифа сифатида қаралмоқда.

Энергоресурслар тежамкорлигини таъминловчи асосий йўналишлар қуйидагилар:

– ишлаб чиқаришда энергия тежовчи технологияларга ўтиш, ишлаб чиқаришни ташкил этиш даражасини ошириш, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотда энергия сиғимини камайтириш;

– мавжудига кўра самаралироқ бўлган энергия истеъмоли асбоб-ускуналарига ўтиш;

– энергетика таркибини такомиллаштириш.

Ўзбекистонда энергия самарадорлигини ошириш, биринчи навбатда, корхоналарни чуқур модернизация қилиш ва технологик жиҳатдан янгилаш учун катта инвестициялар сарфини талаб қилади. Ҳозир мамлакатда электр энергияси нархи пастлиги эски технологияларни алмаштиришга туртки бўлиш ўрнига тўсиқ бўлмоқда. Президент Ш.Мирзиёев бу борада гапириб: “Мамлакатимизда асосий энергия ресурсларининг нархи паст бўлиб қолаётгани бозор иқтисодиёти шароитида ўзини оқламаслигини, албатта, ҳаммамиз яхши тушунамиз. Масалан, Ўзбекистонда аҳоли ва саноат корхоналари учун 1 мегаватт соат электр энергияси нархи 25 АҚШ долларини ташкил этади. Германияда эса бу нарх аҳоли учун 332 доллар, корхоналар учун 144 доллардан иборат. Россияда тегишлича 47 ва 51 долларни, Ҳиндистонда 68 ва 87 долларни ташкил этади. Шунингдек, 1000 куб метр табиий газ нархи Ўзбекистонда 32,9 доллар, Швецияда 1552, Португалияда 1132 доллардан зиёд, Италияда 1045, Германияда 785 доллардан, Англияда эса 770 доллардан ортиқни ташкил этади. Бу рақам Россияда 83 доллардан, Қозоғистонда 45 доллардан зиёддир”.

Кўриниб турибдики, бизда энергия ва табиий газ ресурсларининг ишлаб чиқарувчиларга ва бошқа фойдаланувчиларга берилаётган нархи ривожланган давлатларга нисбатан бир неча баробар арзон. Лекин ресурслардан оқилона фойдаланиш даражаси пастлиги натижасида маҳсулот таннархи пасайишига, маҳсулот ҳажми ўсишига эришиш қийин бўлмоқда. Бу ҳолат табиий газ ва электр энергиясидан фойдаланувчиларни тежамкорликка ундаш, рағбатлантириш мақсадида улар нархини кўтаришни тақозо этади.

Ўзбекистонда сўнгги йилларда саноат тармоқларида “яшил иқтисодиёт” тизимини жорий қилиш, ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш ва қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланишни кенгайтириш, инновацион тараққиётни жадаллаштириш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ўзбекистон Президентининг 2013 йил 1 мартдаги “Муқобил энергия манбаларини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2015 йил 5 майдаги “2015–2019 йилларда иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия сарфи ҳажмини қисқартириш, энергияни тежайдиган технологияларни жорий этиш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори бу йўналишдаги ишларни янада жонлантиришга туртки бўлди. Ушбу меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар ноанъанавий энергетика ресурсларидан, жумладан, қуёш энергиясидан фойдаланиш борасида янги имкониятларни очди.

Ўзбекистоннинг баъзи ҳудудларида, жумладан, Наманган вилоятининг Поп туманида Корея Республикасининг Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги кўмагида қуввати 130 кВт бўлган қуёш фотоэлектрик станцияси қурилиб, ишга туширилган бўлса, Сурхондарё, Наманган ва Навоий вилоятларида йирик қуёш фотоэлектрик станцияларини қуриш ҳамда Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида қуввати 750 кВт бўлган тажрибавий шамол энергоқурилмасини барпо этиш бўйича тайёрланаётган лойиҳалар ҳам истиқболда умумий энергетика тармоғида муқобил энергия манбалари улушини ошириши кутилмоқда. Лекин республикамизда қайта тикланувчи энергия манбаларидан фойдаланиш бўйича захиралар ҳали тўлалигича ишга солинмаган. Юртимизда йилнинг асосий қисми, яъни 300 кун қуёшлидир. Экспертлар фикрича, бу борадаги энергия қуввати 51 триллион тоннага яқин шартли ёқилғига тенг бўлиб, мамлакатимизда аниқланган жами энергия захираларига нисбатан анча кўпдир.

Ўзбекистон Президенти  Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 26 майдаги “2017–2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори энергия тежамкорлигини таъминлашни  янги босқичга кўтарди. Ушбу ҳужжат 2017–2021 йилларда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини янада қисқартириш, маҳсулот таннархини камайтириш ва қайта тикланувчи манбалар энергиясидан фойдаланишни кенгайтиришга йўналтирилганлиги билан аҳамиятлидир. Қарорга асосан, 2017-2025 йилларда қайта тикланувчи энергетикани ривожлантириш бўйича умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳани амалга ошириш кўзда тутилмоқда. Қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрларига асосан, 2025 йилга келиб электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбалари улушини 12,7 фоиздан 19,7 фоизга етказиш мўлжалланмоқда. Бунда гидроэлектростанциялар улушини 12,7 фоиздан 15,8 фоизга, қуёш энергетикасиникини 2,3 фоизга ҳамда шамол энергетикасиникини 1,6 фоизга етказиш режалаштирилган. Ижтимоий соҳа ва аграр сектор объектларида энергияни тежайдиган замонавий технологияларни жорий этиш ҳисобидан 56,5 миллион куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 807,3 миллион кВт.соатдан ортиқроқ электр энергиясини тежаб қолишга эришилади.

БМТ прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб Ўзбекистонда аҳоли сони 37 миллион кишига етади. Мамлакатда 2030 йилда энергетика ресурсларининг танқислиги жами эҳтиёжга нисбатан 65,4 фоизни ташкил қилиши эҳтимоли бор.

2015 йилда “Ўзбекэнерго” АЖ конденсацион иссиқлик электр станцияларида электр энергиясини ишлаб чиқаришда фойдали иш коэффициенти ўртача 33,5 фоизни ташкил қилди. Бу Европа Иттифоқи, Жануби-Шарқий Осиёда фойдаланилаётган шу турдаги замонавий иссиқлик электр станциялари кўрсаткичларидан 1,5 баравар камдир.

Қурилиш материаллари саноати иссиқлик энергетикаси ресурсларининг йирик истеъмолчиси ҳисобланади. Мазкур соҳада маҳсулот ишлаб чиқариш ҳамда сотишда ёнилғи ва энергия сарфи улуши умумий харажатларда 50 фоизга етади. Ўзбекистондаги цемент ишлаб чиқарадиган корхоналарда, асосан, “ҳўл” технология ёрдамида маҳсулот ишлаб чиқарилади. Бир тонна маҳсулот ишлаб чиқаришга “Қувасойцемент”да 246,6 килограмм, “Бекободцемент”да эса 230 килограмм шартли ёнилғи кетади. Ўзбекистондаги цемент заводларидан фақатгина “Қизилқумцемент”да нисбатан кам, яъни 130 килограмм шартли ёнилғи сарфланади, бу “қуруқ” технология усули амалиётга татбиқ этилгани самарасидир. Аммо ушбу кўрсаткич ҳам Япония, Корея Республикасидаги тегишли корхоналар билан қиёсланганда 30 фоиз кўп. Хитой ва Туркиядаги цемент заводлари ҳам худди шундай кўрсаткичларга эга. Айнан улар ички бозордаги маҳаллий ишлаб чиқарувчилар билан асосий рақобатга киришади. Натижада маҳаллий цемент маҳсулоти энергия сарфининг кўплиги сабаб  рақобатда ўз мавқеини бой бериб қўймоқда.

Бу омиллар мамлакатимизда энергиядан самарадорлигини ошириш бўйича узоқ муддатли давлат стратегиясини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш заруратини туғдирмоқда. Энергия самарадорлигини юксалтиришдек фойдаланилмай ётган улкан захирани ишга солиш, шубҳасиз, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ялпи ички маҳсулот юқори суръатларда ўсишини таъминлаш бўйича мамлакат раҳбарияти белгилаб берган устувор вазифаларни ҳал қилишда муҳим ўрин тутади.

2016-2017 йил куз-қиш мавсумида энергоресурсларни тежаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар доирасида 2016 йил якунлари бўйича иқтисодиёт тармоқларида 1210,3 миллион кВт соат электр энергияси ва 991,2 миллион куб метр табиий газни иқтисод қилишга эришилди. Бу эса тармоқларнинг 2016 йилдаги истеъмолининг мос равишда 5,1 ва 3,6 фоизини ташкил этади. Амалга оширилган ишлар натижасида 2015 йилда ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғими 10,8 фоизга, 2016 йилда 7,2 фоизга ва 2017 йилда эса 12,7 фоизга қисқаришига эришилди.

Шу билан бирга, ҳозирги кунда муқобил энергия манбаларидан фойдаланишни жадал ривожлантиришга тўсқинлик қилаётган бир қатор ўз ечимини кутаётган масалалар мавжуд. Хусусан, мамлакатимиз ҳудудларида қайта тикланувчи энергия манбалари энергиясидан фойдаланиш бўйича захиралар тўлалигича ишга солинмаганлиги улар бўйича ҳудудий манзилли дастурлар ишлаб чиқилиши заруратни юзага келтирди. 2030 йилга бориб 2016 йилга нисбатан ялпи ички маҳсулотнинг энергия сиғимини икки баробарга қисқартириш бўйича қўйилган топшириқларни ҳисобга олган ҳолда, корхона ва ташкилотларга энергия сарфи ҳажмини қисқартириш бўйича аниқ мақсадли параметрларни белгилаш ҳам кун тартибида турган муҳим масаладир.

Ушбу вазифалардан келиб чиқиб, 2017 йил 26 майда давлатимиз раҳбарининг “2017−2021 йилларда қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳада энергия самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари дастури тўғрисида”ги қарори қабул қилинди. Қарорга мувофиқ, иккита вазифани ҳал этиш орқали иқтисодиётни энергия ресурслари билан таъминлашни яхшилаш назарда тутилмоқда.

Биринчи вазифа − қайта тикланувчи энергия ресурсларидан кенг фойдаланиш орқали ёқилғи балансини диверсификациялаш бўлиб, бунда анъанавий ёқилғи турларига нисбатан қайта тикланадиган энергия турларини кўпайтириш ҳисобига уларнинг электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқаришдаги ҳиссасини камайтиришга эришилади.

Иккинчи вазифа − иқтисодиёт тармоқларига ишлаб чиқаришнинг энергия сарфини камайтириш технологияларни жалб қилган ҳолда маҳсулотнинг энергия сиғимини қисқартиришнинг узоқ муддатли дастурини амалга ошириш бўлиб, бунда саноат фаолият кўрсатаётган ҳудудларининг экологик ҳолатини яхшилаш орқали эришиш масаласини ҳам кўзда тутмоқда.

Яқин истиқболда устувор вазифа сифатида иқтисодиётда маҳсулотларнинг энергия ва ресурс сиғимини қисқартириш, ишлаб чиқаришга энергияни тежайдиган технологияларни кенг жорий қилиш, меҳнат самарадорлигини ошириш кўзда тутилмоқда. Қайта тикланувчи энергия манбаларидан жадал фойдаланиш бўйича комплекс чора−тадбирларни амалга ошириш саноатда углеводородлар ўрнини босишга ва уларни юқори ликвидли маҳсулотлар, хусусан, полимерлар, ёқилғининг синтетик турларини ишлаб чиқаришга йўналтириш имконини беради.

Юқорида айтилган қарор асосида қайта тикланувчи энергетикани янада ривожлантиришнинг мақсадли параметрлари тасдиқланди. Бунда 2025 йилга келиб электр энергиясини ишлаб чиқариш қувватлари таркибида қайта тикланувчи энергия манбалари ҳиссасини 12,7 фоиздан 19,7 фоизга (жумладан, гидроэлектростанциялар бўйича   12,7 фоиздан 15,8 фоизга, қуёш энергетикаси бўйича 2,3 фоизга, шамол энергетикаси бўйича 1,6 фоизга) етказиш кўзда тутилмоқда. Қайта тикланувчи  энергетикани ривожлантириш бўйича инвестиция лойиҳаларнинг рўйхати шакллантирилди. Унга кўра, 2017−2025 йилларда умумий қиймати 5,3 миллиард доллар бўлган 810 та лойиҳа амалга оширилади.

2017−2021 йилларда иқтисодиёт бюджет ташкилотларида энергия истеъмоли жиҳатдан самарадор иситиш қозонларини жорий қилиш жадвалига кўра, Халқ таълими вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими марказининг 6333 та бюджет ташкилотидаги 17251 та иситиш қозонини алмаштириш кўзга тутилган. 2017−2021 йилларда сув хўжалиги ташкилотларида 879 та насос ва 1523 та электродвигателни алмаштириш режалаштирилган. Бунинг учун давлат бюджетидан 314,1 миллиард сўмдан ортиқ маблағ йўналтирилади.

Мамлакатимиз энергия стратегиясининг муҳим вазифаларидан бири энергия тежамкорлигини рағбатлантириш ҳисобланади. Бугунги кунда ёритиш тизимларида чўғланма лампалардан фойдаланиш аста-секин тўхтатилиб, люминециент ёки светодиод лампалардан фойдаланишга ўтилмоқда. Чўғланма лампалардан фойдаланиш энергия тежамкорлик нуқтаи назаридан самарасиз амалиётдир. Чунки уларнинг фойдали иш коэффициенти 5 фоиздан камроқни ташкил этади. Бу электр энергиясининг 95 фоизи иссиқликка, фақатгина 5 фоизи ёритишга сарфланишини англатади. Норматив бўйича ишлаш муддати 1 минг соатга яқин.

Энергия тежайдиган лампаларнинг ишлаш давомийлиги чўғланма лампаларга нисбатан 10 баробар кўпроқ бўлиб, ёруғлик самарадорлиги 4-5 баробар юқори. Агар ёритиш ускуналарининг энергия самарадорлиги кўрсаткичи чўғланма лампаларда 1 ватт электр қуввати 13 люмен/ватт атрофида бўлса, люминециент лампаларда 65 люмен/ваттни, светодиод лампаларда 110 люмен/ваттни ташкил этади.

Бугун “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти таркибидаги “EGL-NUR” Ўзбекистон-Жанубий Корея қўшма корхонасида ойига бир неча турдаги 200 минг дона светодиод лампа ва 1000 дона ёритгич ишлаб чиқарилмоқда. Ушбу тежамкор лампалардан фойдаланиш муддати 30 минг соатдан ортиқ. Бу оддий чўғланма лампага нисбатан 30 баробар кўп дегани. Оддий чўғланма лампага нисбатан 9-10 баробар кам энергия сарфлайди. Светодиод лампалар ҳисобидан хонадонларда энергия сарфи бир неча баробар камаймоқда. Бу аҳоли турмуш даражасини яхшилаш билан бирга, мамлакатимиз иқтисодий тараққиётига ҳам хизмат қилади.

Ўзбекистон − гидроэнергетика ресурсларига бой мамлакат. Республикамизда ўзлаштирилиши мумкин бўлган гидроэнергетика ресурслари йилига 27,4 миллиард   киловатт/соатга тенглигини айтишнинг ўзи кифоя. Ҳозир мамлакатимиз гидроэнергетика салоҳиятининг атиги 6,5 миллиард киловатт/соати ёки 23,7 фоизи ўзлаштирилган, холос.

Гидроэнергетика ресурслари табиий, экологик тоза ва қайта тикланувчи энергия манбаи бўлгани сабабли улардан фойдаланишни ҳар томонлама кенгайтириш республикамизнинг замонавий тараққиёт стратегиясига мосдир. Бу саноат ва коммунал корхоналари, қишлоқ хўжалиги ва ҳудудларда аҳолининг электр энергиясига бўлган ошиб бораётган эҳтиёжини кафолатли қоплашни, мамлакатимиздаги органик ёқилғи захираларидан оқилона фойдаланиш ва уларни тежашни, шунингдек, атроф-муҳитга зарарли чиқиндилар чиқарилишини камайтиришни таъминлайди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда 36 та гидроэлектростанция бор. Улардан 25 таси қирқ-саксон йил муқаддам ишга туширилган ва ўзининг техник ресурсларини деярли ўтаб бўлган, асбоб-ускуналар ва иншоотлар эскиргани сабабли модернизация ва реконструкцияга муҳтождир. Қолаверса, гидроэлектростанцияларнинг йилига ўртача 5,2 миллиард киловатт/соат қувватга эга 28 таси “Ўзбекэнерго” акциядорлик жамияти тизимига кирса, йилига ўртача 1,3 миллиард киловатт/соат электр энергияси ишлаб чиқариш қувватига эга 8 таси “Ўзсувэнерго” бирлашмаси тасарруфида эди. Бу каби бўлиниш пировардида гидроэнергетика соҳасини техник бошқаришнинг зарурий яхлитлигини таъминламаслиги табиий эди. Шунинг учун Президентимиз фармони билан барча ГЭСлар янги ташкил этилган “Ўзбекгидроэнерго” акциядорлик жамияти бошқарувига берилди.

Натижада республикадаги барча ГЭСларнинг моддий-техник базасини ва уларга хизмат кўрсатувчи қурилиш, монтаж, таъмирлаш, созлаш, илмий лойиҳалаштириш ташкилотларини ягона гидроэнергетика соҳасига бирлаштириш имкони пайдо бўлди. Пировардида электр энергиясини ишлаб чиқариш тартиби мувофиқлаштирилиб, ГЭСларнинг асбоб-ускуналари ва иншоотларидан кўп йиллик хавфсиз фойдаланиш стратегияси амалга оширилади. Энг муҳими, мазкур амалий ишлар мамлакатимизнинг энергетика мустақиллигини кучайтириш, ГЭСлардан самарали ва хавфсиз фойдаланиш, юқори самарали янги электр энергияси ишлаб чиқариш ташкилотларини яратиш орқали Ўзбекистонда ягона гидроэнергетика соҳасини яратиш йўлида улкан қадам ҳисобланади.

1. Энергия сарфини камайтиришнинг айрим йўналишлари сифатида қуйидагиларни таклиф қилиш мумкин:

2. Муқобил арзон энергия ишлаб чиқаришни ва ундан фойдаланишни кескин ривожлантириш.

3. Подстанциялар, узатиш тармоқларини замонавий, талабларга мос келадиган янгилари билан алмаштириш, уларни реконструкция қилиш йўли билан йўл-йўлакай тармоқнинг ўзида бекорга йўқотиладиган энергия миқдорини кескин камайтириш.

4. Энергия сарфини тежайдиган янги, инновацион технологияларни жорий қилиш, маҳсулотнинг бир бирлиги учун сарфланадиган энергияни камайтириш.

5. Ҳар бир хонадонда, ташкилот ва корхоналарда, таълим муассасаларида энергияни тежайдиган лампалар ва бошқа жиҳозларнинг янгисини ўрнатиш ва шу йўл билан катта миқдордаги энергияни тежашга эришиш.

6. Аҳолини, айниқса, ёшларни энергияни тежаб сарфлашга, ундан унумли фойдаланишга ўргатиш, уларни беҳуда, бекорчи энергия сарфларига йўл қўймаслик руҳида тарбиялаш ҳам муҳим аҳамиятга эгадир.

Шерқул ШОДМОНОВ,

Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган иқтисодчи,

и.ф.д., ТДИУ профессори.

Мадина АБДУЛЛАЕВА,

ТДИУ иқтисодиёт назарияси кафедраси доценти, и.ф.н.

Аннотация

Мазкур мақолада маҳсулот таннархини энергия сарфи харажатларини пасайтириш орқали камайтириш масаласи кўриб чиқилган. Энергия тежамкорлигини ошириш чора-тадбирлари кўрсатиб берилган. Энергия сарфини камайтиришнинг айрим йўналишлари таклиф қилинган.

Калит сўзлар: энергия тежамкорлик, энергия харажатлари, энергия тежамкорлиги бўйича чора-тадбирлар, маҳсулот таннархи, қайта тикланадиган энергия манбалари.

В статье рассмотрена проблема снижения себестоимости продукции посредством снижение себестоимости продукции посредством снижения энергозатрат. Выявлены мероприятия направленные на энергосбережение. Предложены программы на продолжение курса на снижению энергозатрат.

The problem of reduction the production’s costs and increasing the efficiency of production by reducing energy consumption by reducing energy consumption is reviewed in this article. Events, which aimed at energy saving are revealed. The programs to continue the course on reduction of energy consumption in the total amount of production costs are offered.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси  // Халқ сўзи, 2017 йил 23 декабрь.

2. Показатели энергоэффективности: основы формирования политики. International Energy Agency, 104-б.

3. Х.Муротов. Энергетика тизими: тежамкорлик — давр талаби // Халқ сўзи, 2015 йил 22 апрель.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"