Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
4644
7529
7529

+0
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
167037
199080
133885

+65195

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 232 481
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда солиқлар ҳисоби ва таҳлилини такомиллаштириш

Кириш

Мамлакатимизда солиқ тизими такомиллаштириши, бюджет даромадлари барқарор суръатда тўлдириб турилишини таъминлайдиган, хўжалик юритувчи субъектларнинг ривожланишини рағбатлантирадиган оқилона солиқ сиёсати юритилмоқда.

Президентимиз Ш.Мирзиёев бу борада ҳали амалга оширилиши зарур бўлган муҳим масалаларга тўхталиб, қуйидаги­ларни таъкидлади: “Солиқ-бюджет сиёсатига қатъий амал қилиш, давлатнинг ижтимоий мажбуриятларини бажариш, иш ҳақи, пенсия, нафақа ва стипендиялар ҳажми, йирик инвестиция лойиҳалари ва мамлакат мудофаа қобилиятини мустаҳкамлашни молиялаштириш – ушбу энг муҳим вазифаларни амалга ошириш, аввало, Молия вазирлиги ва шахсан вазирнинг фаолияти самарадорлиги билан белгиланади” [1].

Таҳлилларнинг кўрсатишича, тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашга йўналтирилган, якуний ишлаб чиқариш шаклига эга бўлган янги, замонавий тўқимачилик комплексларини ривожлантириш пахта толасини мамлакатимизда қайта ишлаш ҳажмини 2 баробардан кўпроқ, калава ишлаб чиқаришни 2,6 баробар, тайёр трикотаж ва тикувчилик буюмларини 3 баробар, тўқимачилик саноати маҳсулотлари экспортини 2 баробар оширишни таъминлайди. Шу билан бирга, тўқимачилик саноатида ишлаб чиқаришни модернизация қилиш, корхоналар молиявий ҳолати ва тўлов қобилиятини мустаҳкамлашда солиқ юкини камайтириш, солиқларнинг йиғилувчанлигини оширишга қаратилган солиқ сиёсатини амалга ошириш билан бир қаторда солиқлар ҳисобининг меъёрий-ҳуқуқий асосларини ҳамда молиявий таҳлилини такомиллаштириб боришни тақозо этади.

Президентнинг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида “солиқ юкини камайтириш ва солиққа тортиш тизимини соддалаштириш сиёсатини давом эттириш, солиқ маъмуриятчилигини такомиллаштириш ва тегишли рағбатлантирувчи чораларни кенгайтириш” вазифаси қўйилган [2].

Тўқимачилик саноати корхоналарида солиқлар ҳисоби ва молиявий таҳлилини такомиллаштириш билан боғлиқ иқтисодий муносабатлар мажмуи илмий тадқиқот предмети ҳисобланади.

Иқтисодиётни модернизациялаш шароитида тўқимачилик корхоналари тўлайдиган солиқлар ҳисоби ва молиявий таҳлилини такомиллаштириш бўйича илмий таклиф ва амалий тавсиялар ишлаб чиқиш тадқиқотнинг асосий мақсадидир.

Мавзуга оид адабиётлар таҳлили. 

Солиқчи олим И.Ниязметов қуйидагиларни таъкидлайди: “Гап шундаки, мамлакат солиқ тизимининг кўп сонли солиқ режимларига асосланганлиги тадбиркорлик субъектлари солиқ юки даражаларининг бир-биридан кескин фарқланишига олиб келди.

Мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларининг даромадларини умумбелгиланган ва соддалаштирилган режимлардаги солиққа тортиш турли ставкалар асосида амалга оширилгани ҳолда жуда табақалашиб бормоқда.

Масалан, ...2008 йилда даромадларга 20 хил ставка амал қилган бўлса, бу рақам 2009 йилда 22 та, 2011 йилда 24 та, 2013 йилда 27 та, 2015 йилда эса 28 тага етди.

Бундан ташқари, соддалаштирилган тартибда солиқ тўлайдиган яна икки тоифа хўжалик субъектлари бор: қатъий белгиланган солиқ тўловчи тадбиркорлик субъектлари ... ва ягона ер солиғи тўловчи қишлоқ хўжалиги корхоналари”[3].

Адабиётлар таҳлилидан хулоса қилиб айтиш мумкинки, олимларни солиқлар ҳисобининг мақоми, унинг ҳисоб тизимидаги ўрни масаласига бўлган қарашлари бўйича учта гуруҳга ажратиш мумкин.

Бир гуруҳ олимлар корхоналарда солиқлар бухгалтерия ҳисобини хўжалик ҳисобининг бир тури сифатида эътироф этадилар. Ушбу гуруҳга кирувчи олимлар сафига, чунончи, республикамиз олимларидан Б.Ҳасанов, Д.Шаулов, У.Кан, россиялик олимлардан В.Ф.Палий, В.В.Ковалев ва бошқаларни киритиш мумкин.

Проф. Б.Ҳасановнинг фикрича, “…солиқлар ҳисобининг бухгал­терия ҳисобига киритилишини тўғри деб бўлмайди. Бу ўз мақсадлари, вазифалари ва функцияларига эга бўлган ҳисобнинг мустақил туридир. У тезкор, статистик ва бухгалтерия ҳисоби билан бир қаторда корхонанинг умумий ҳисоб тизимини ташкил этади” [4]. Ушбу муаллиф солиқлар ҳисобини бухгалтерия ҳисобидан ажралиб чиққан алоҳида фан, деб ҳисоблайди [4].

Солиқлар ҳисобининг мустақил мақомга эга эканини Д.Шаулов ва У.Кан ҳам таъкидлаган. Уларнинг таъкидлашича: “...солиқ ҳисоби бухгалтерия ҳисобининг ўрнини босмайди ва уни истисно этмайди, балки ўз усуллари ёрдамида бухгалтерия ҳисобидан солиқ ва йиғимларни ҳисоблаш учун бевосита фойдаланади” [5].

В.В.Ковалев солиқлар ҳисобини бухгалтерия ҳисоби билан бир қаторга қўяди, уни Россия Федерациясида ҳам мустақил ҳисоб тизими даражасига етказиш лозимлигини таъкидлайди [6].

Профессор В.Ф.Палий cолиқлар ҳисобини корхоналар ҳисоб тизимининг таркибий қисми, деб эътироф этган [7].

Бошқа бир гуруҳ олимлар корхоналарда солиқлар ҳисобига бухгалтерия ҳисобининг таркибий қисми, деб қарайди. Хорижий мамлакат олимла­рининг аксарияти солиқлар ҳисобини бухгалтерия ҳисобининг қуйи тизими, деб эътироф этадилар.

Ўзбекистонлик олимлардан А.А.Каримов, Ф.Исломов ва А.Авлоқулов солиқлар ҳисобини бухгалтерия ҳисобининг тури, деб ҳисоблайди [8].

О.Бобожонов ва К.Жуманиязов ўзларининг “Молиявий ҳисоб” дарслигида солиқлар ҳисобини молиявий ҳисобнинг тури, деб атаганлар [9].

К.Б.Уразов солиқлар молиявий ҳисобнинг муҳим объекти эканлигини эътироф этиб, уни корхоналар молиявий ҳисобининг таркибий қисми сифатида тавсифлаган [10].

Шундай қилиб, хорижий мамлакатларда ҳам, республикамизда ҳам солиқлар ҳисобининг моҳияти, мазмуни, унинг мақоми, ҳисоб тизимида тутган ўрни борасида яхлит тўхтамга келинган эмас. Буларнинг барчаси мамлакатимизда солиқлар ҳисобининг концеп­туал асослари тўлиғича шаклланмаганлигидан дарак беради.

К.Р.Хатамов “Солиқ ҳисоби ёрдамида солиқлар ва бошқа мажбурий тўловлар, даромадлар, харажатлар ва фойда аниқланади, солиққа тортиладиган база шакллантирилади, солиқлар ҳисобланади, солиқ ҳисоботлари шакллантирилади ва солиқ бюджетга тўланади. Давлат бюджетига тушадиган солиқ ва мажбурий тўловлар миқдорининг йилдан-йилга ўсиб бориши ҳам солиқ ҳисобини юритиш заруриятни келтириб чиқаради”, деб эътироф этади [11].

Шунингдек, ушбу тадқиқот ишининг объекти ва мақсадидан келиб чиқиб, масалани айнан билвосита солиқлар нуқтаи назаридан ёритишга асосий эътибор қаратилганлигини кузатамиз.

Фикримизча, солиқлар ҳисобига Б.И.Исроилов томонидан етарлича таъриф берилган: “Солиқлар ҳисоби – бу солиқларни ҳисоблаш, тўлаш, улар бўйича имтиёзлар, кредитлар, кечиктирилган харажатлар, мажбуриятлар ва шу каби бошқа жараёнларни кузатиш, улар тўғрисида ахборотларни қайд этиш, йиғиш, жамлаш ва фойдаланувчиларга тақдим этиш воситасидир” [12]. Лекин мазкур таърифда солиқлар ҳисобининг корхонада юритилаётган бухгалтерия ҳисоби билан узвий боғлиқлиги, солиқларнинг дастлабки ва йиғма ҳисоби бевосита бухгалтерия ҳисобининг таркибий қисми эканлигига батафсил тўхталинмаган.

Демак, солиқлар ҳисоби, умуман олганда, сўзсиз бухгалтерия ҳисобига тегишлидир. Уни мазмун ва моҳияти, ташкил қилиниши жиҳатдан бухгалтерия ҳисобининг таркибий қисми, деб аташ мумкин.

Тадқиқот методологияси. Тадқиқот ишида кузатиш, умумлаштириш, гуруҳлаш, таққослаш, индукция, дедукция каби усуллар қўлланилди.

Мазкур тадқиқотнинг объекти сифатида “Бешариқтекстил” акциядорлик жамияти қўшма корхонаси олинган бўлиб, жадваллар корхонанинг 2-шакл “Молиявий натижалар тўғрисидаги ҳисоботи” ва 4-шакл “Пул оқимлари ҳаракати тўғрисидаги ҳисобот” маълумотлари асосида тузилган.

Тадқиқотнинг асосий масаласи тўқимачилик корхоналарида корхоналарнинг фойда солиғи кўрсаткичини комплекс, тизимли таҳлил қилиш усулларини ишлаб чиқиш ҳисобланади.

Таҳлил ва натижалар. Мустақиллик йилларида Ўзбекистонда солиқ тизими шаклланиши, солиқ сиёсатининг такомиллашиши бухгалтерия ҳисоби ривожланиши ва услубиёти такомиллашувига ҳам олиб келди.

“Бухгалтерия ҳисоби тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда қабул қилиниши, бухгалтерия ҳисоби миллий стандартлари (БҲМС) ишлаб чиқилиши ва амалиётга татбиқ этилиши, Вазирлар Маҳка­масининг 1999 йил 5 февралдаги қарори билан Маҳсулот (иш, хизмат)ларни ишлаб чиқариш ва сотиш харажатларини таркиби ҳамда молиявий натижаларни шакллантириш тартиби тўғрисидаги низом қабул қилиниши бухгалтерия ҳисоби янада такомил­лашувига асос бўлди. Юқоридагилардан келиб чиқиб, республи­камиз хўжалик юритувчи субъектларида, жумладан, тўқимачилик саноати корхоналарида ҳам иқтисодиётни эркинлаштириш шароитига мос бўлган бухгалтерия ҳисобининг ҳуқуқий-меъёрий асоси яратилди, деган хулосага келишимиз мумкин.

Бухгалтерия ҳисоби бўйича ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар жуда кўп бўлиб, тўғри ва самарали фойдаланиш учун уларни тартибга солиш талаб қилинади. Бу борада ҳам иқтисодчи олимлар ўртасида ҳар хил фикрлар мавжуд. Бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи ҳужжатларни К.Б.Ўразов 3 та поғонага, Н.Н.Хахонова 4 та поғонага, Л.З.Шнейдман эса 5 та поғонага (даражага) бўлишган [10].

Фикримизча, бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритишни тартибга солувчи ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар тизимини тўртта поғонага (1-жадвал) бўлиш мақсадга мувофиқ.

1-жадвалда акс эттирилган бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи ҳужжатлар тизими бевосита солиқ сиёсатини такомил­лаштиришда алоҳида ўринга эгадир.

 

1-жадвал.

Ўзбекистон Республикасида бухгалтерия ҳисобини тартибга солувчи

меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар тизими

Поғона
Ҳужжатлар
Ҳужжатларни қабул қилган органлар
I поғона. Қонуний
Қонунлар, кодекслар
Президент фармонлари ва қарорлари,
Вазирлар Маҳкамаси қарорлари
Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатаси, Президент, Вазирлар Маҳкамаси
II поғона. Меъёрий
Бухгалтерия ҳисобининг миллий стандартлари
Молия ва Адлия вазирликлари
III поғона. Услубий
Низомлар, Йўриқномалар, Услубий кўрсатмалар
Молия вазирлиги, Марказий банк, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Давлат божхона қўмитаси
IV поғона. Хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳисоб сиёсати
Ташкилий тақсимловчи ҳужжатлар (буйруқлар, ички стандартлар, йўриқномалар, кўрсатмалар)
Хўжалик юритувчи субъектлар, солиқ маслаҳатчилари,
консальтинг фирмалари

 

Тўқимачилик саноати корхоналарида солиқлар бухгалтерия ҳисо­бини ташкил этишд­а корхоналарнинг қандай солиқ тизимида эканлиги билан боғлиқ. Чунки тўқимачилик саноати кор­хоналарининг айримлари умумбелгиланган солиқ тизимида бўлса, айримлари соддалаштирилган солиқ тизимида солиқ тўлайдилар.

Мамлакатимизда қабул қилинган солиқ тизими бўйича тўқи­мачилик саноати корхоналарининг кичик корхоналар таркибига кирувчилари соддалаштирилган солиқ тизимида бўлиб, ягона солиқ тўласа, қолганлари умумбелгиланган солиқ тизимида бўлиб, белгиланган тартибда солиқларни тўлайди. Бундай ҳолат тўқима­чилик саноати корхоналарида солиқларнинг бухгалтерия ҳисобини ташкил этиш ва юритишига таъсир этади.

Умумбелгиланган тартибда солиқларни тўлайдиган корхо­на­ларда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашда бухгалтерия ҳисоби счётлари режасидаги (21-БҲМС) қуйидаги бухгалтерия ҳисоби счётларидан фойдаланадилар:

4410 - Бюджетга солиқлар ва йиғимлар бўйича бўнак тўловлар (турлари бўйича);

5110 - Ҳисоб-китоб счёти;

6240 - Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати узайтирилган мажбуриятлар;

6410 - Бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик (тўлов турлари бўйича);

7240 - Солиқлар ва мажбурий тўловлар бўйича муддати узайтирилган узоқ муддатли мажбуриятлар;

9810 - Даромад (фойда) солиғи бўйича харажатлар;

9820 - Фойдадан бошқа солиқлар ва йиғимлар бўйича хара­жатлар.

Соддалаштирилган солиқ тизимидаги ягона солиқ тўлайдиган корхоналарда солиқларни ҳисоблаш ва тўлашда бухгалтерия ҳисоби счётлари режасидаги қуйидаги бухгалтерия ҳисоби счётларидан фойдаланадилар:

4410 - Бюджетга солиқлар ва йиғимлар бўйича бўнак тўловлар (турлари бўйича);

5110 - Ҳисоб-китоб счёти;

6410 - Бюджетга тўловлар бўйича қарздорлик (тўлов турлари бўйича);

9810 - Даромад (фойда) солиғи бўйича харажатлар.

Корхоналар томонидан солиқларни ўз вақтида ҳисоблаш ва тўламаслик, бир томондан, давлат бюджети даромадларининг ўз вақтида шаклланмаслигига олиб келиб, бюджетдан молиялаш­тириладиган харажатларни молиялаштириш кечикиб, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий соҳасига салбий таъсир қилади. Иккинчи томондан, амалдаги қонунчилик асосида солиқларни ҳисоблашдаги хатоликлар ва тўламаслик сабаблари асосида корхона раҳбари ва бош бухгалтерига тегишли маъмурий, молиявий, ҳатто жиноий жазолар қўлланилади.

Аниқ бир тўқимачилик корхонаси мисолида бухгалтерия ҳисоби ва молиявий ҳисобот маълумотлари асосида молиявий натижалар таркибида фойда солиғининг салмоғи ва пул оқимлари ҳаракатига фойда солиғи таъсирининг таҳлилини кўриб чиқамиз (1 ва 2-жадваллар).

2-жадвал.

АЖ шаклидаги “Бешариқтекстил” қўшма корхонасида молиявий натижалар таркибида фойда солиғининг салмоғини таҳлили (минг сўмда).

Т.
р.
2015 йил
2016 йил
Ўзгариши
Мутлоқ,
+, -
Нисбий, %
1.
Соф тушум
15486812
16 460603
+973791
106,2
2.
Сотиш таннархи
(14452232)
(13362349)
-1089883
92,4
3.
Ялпи фойда
1034580
3098254
+2063674
3
баробар
Бошқа даромадлар
785468
832452
+46984
105,9
Тижорат харажатлари
(56530)
(345549)
+289019
6 баробар
Бошқарув харажатлари
(791428)
(1880250)
+1088822
2,4 баробар
Бошқа операцион харажатлар
(789870)
(1451547)
+661677
183,7
4.
Операцион фаолиятдан фойда (зарар)
182220
253359
+71139
139,0
Курс фарқи бўйича даромадлар (харажатлар)
(23261)
115428
+92167
4,9 баробар
5.
Солиқ тўлагунча фойда (зарар)
158959
368787
+209828
2,3 баробар
Фойда солиғи бўйича харажатлар
(41692)
(87106)
+45414
2 баробар
6.
Солиқ тўлагандан кейинги фойда (зарар)
117267
281681
+164414
2,4 баробар

 

Манба. Корхона маълумотлари асосида муаллиф ишланмаси.

 

Жадвал таҳлилининг кўрсатишича, акциядорлик жамиятида соф тушум 973791 минг сўмга ёки 106,2 фоизга ўсган. Маҳсулот таннархи эса 92,4 фоизни ташкил этган. Ялпи фойда 2063674 минг сўмга ёки салкам 3 баравар ошган.

Корхонада тижорат харажатлари 289019 минг сўмга ёки 6,1 баробар ошган. Акциядорлик жамиятида фойда солиғи тушумга нисбатан тескари пропорционал бўлган, яъни соф тушум 106,2 фоизга кўпайган бир пайтда фойда солиғи харажати 208,9 фоизга ошган. 2016 йилда фойда солиғи бўйича харажатларнинг соф тушумдаги салмоғи 0,53 фоизни ташкил этганлигини ижобий ҳолат деб баҳолаб бўлмайди. Чунки 2015 йилда мазкур битта солиқ тури бўйича солиқ юки 2,7 фоиз бўлганлиги қайд этилган.

Келгусидаги акциядорлик жамияти олдида турган вазифа тижорат, бошқарув ва бошқа операцион харажатларни камайтиришдан иборат. Чунки бу харажатлар меъёридан ошиб кетса, уларнинг меъёрдан ошган қисми амалдаги солиқ қонунчилиги бўйича солиққа тортиладиган базага қайта қўшилади ва корхонанинг харажатлари ошиб, фойдасининг камайишига олиб келиши мумкин.

3-жадвал.

АЖ шаклидаги “Бешариқтекстил” қўшма корхонасида жорий операциялар бўйича пул оқимлари ҳаракатига фойда солиғи таъсирининг таҳлили (минг сўмда)

Т/р
Жорий операцияларнинг мазмуни
2015 йил
2016 йил
Ўзгариши
Мутлоқ,+,-
Нисбий, %
Жорий операциялар бўйича пул оқимлари:
1.
Тушумлар - жами:
17516405
19793538
+2277133
113
Маҳсулот, иш ва хизматларни сотишдан
17516405
19793538
+2277133
113
2.
Тўловлар - жами:
18049318
18995967
+946649
105
Шу жумладан:
Мол етказиб берувчилар ва пудратчиларга материаллар, ишлар, хизматлар учун
11696 308
12723791
+1027483
108,7
Ходимлар меҳнатига ҳақ тўлаш
3581098
3687595
+106497
103
Қарз мажбуриятлари бўйича фоизлар
70480
155
-70325
0,21
Корхонанинг фойда солиғи
1594000
1595848
+1848
100,1
Бошқа тўловлар
1107432
988578
-118854
89
3.
Жорий операциялар бўйича пул оқимларининг қолдиғи (1сатр-2 сатр)
(532913)
797571
264658
149,6

Манба. Корхона маълумотлари асосида муаллиф ишланмаси.

 

Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, тўғри усул билан тузилган пул оқимлари ҳисоботида корхонанинг фойда солиғини вертикал таҳлил қилганимизда, улар жами тўловлар салмоғида 2015 йилда 8,8 фоиз бўлиб, бу кўрсаткич 2016 йилда 8,4 фоизни ташкил этган. Фойда солиғини горизонтал таҳлил қилганимизда 2016 йилда ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 1848 минг сўмга ёки 100,1 фоизга ортганлигининг гувоҳи бўламиз.

Шунингдек, жорий операциялар бўйича пул оқимларининг қолдиғи 2015 йилда тўловларни қоплашга 532913 минг сўмга етишмаган бўлса, бу ҳолат 2016 йилда ижобий тарафга ўзгарган, яъни тўлов учун 797571 минг сўм манба шакллантирилган.

Шундай қилиб, солиқлар бухгалтерия ҳисобининг оқилона ташкил этилиши, бир томондан, солиқларнинг ўз вақтида ҳисобланиши ва тўланишини таъминласа, иккинчи томондан, солиқлар тўғрисида тегишли ахборотлар билан бошқарувчиларни ўз вақтида таъминлаш имконини беради. Бу, ўз навбатида, бошқарув қарорлари сифати ва самарадорлигига ижобий таъсир қилиш билан бирга корхо­наларнинг солиқларини молиявий таҳлил қилишда асосли хулосалар олиш имконини беради. Натижада солиқ муносабатлари тартибга солиниб, мамлакат миқёсида солиқларнинг ўз вақтида йиғилиши таъминланади.

 

Хулоса ва таклифлар.

Амалга оширилган таҳлиллар натижасида қуйидаги илмий хулоса ва амалий таклифларни шакллантириш мумкин:

Тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда солиқлар ҳисоби ва таҳлилини замон талаблари асосида такомиллаштириш пайти келди. Ҳозирги пайтда Президентимиз ва ҳукуматимиз томонидан тақдим этилаётган ҳалол солиқ тўловчиларга солиқ таътиллари бериш, солиқ маслаҳатчилигини жорий этиш, солиқ мониторингини амалиётга киритиш, солиқларни кўчириш усулини қўллаш каби барча имтиёзлар ва преференциялар бухгалтерия ҳисобида ўзининг қонуний аксини топмоғи лозим.

Мамлакатимизда солиқ юкини пасайтириш ва солиқларнинг рағбатлантирувчанлик ролини ошириш, солиқ базаси кенгайтирилиши ҳисобига умумбелгиланган ва соддалаштирилган режимлардаги тадбиркорлик субъектларининг даромадларини солиққа тортиш турли ставкалар асосида амалга оширилаётганлиги баробарида жуда табақалашиб бораётганини таъкидлаш ўринлидир. Халқаро тажрибани инобатга олиб, уларни ягоналаштириш (унификация қилиш) ва ихчамлаштириш солиқ тўловчиларга ва солиқ идораларига ҳам қулайлик туғдиради.

Дилдора ХУДОЙБЕРДИЕВА,

Тошкент давлат иқтисодиёт университети

мустақил изланувчиси.

Аннотация

Мақолада Ўзбекистон тўқимачилик саноатида экспортбоп рақобатдош маҳсулотлар тайёрлашда солиқлар ҳисоби ва таҳлилини такомиллаштиришнинг аҳамияти, назарий ҳамда амалий жиҳатлари баён қилинган. Илмий тадқиқот натижалари асосида тармоқни бошқаришни иқтисодий ахборот билан таъминлашда ҳисоб ва таҳлилнинг ролини ошириш имкониятлари ҳамда асосий йўналишлари белгилаб берилган.

Калит сўзлар: солиқлар ҳисоби, солиқ юки, солиқ ставкалари, молиявий натижалар, солиқ солиш базаси, фойда (даромад) солиғи, пул оқимлари таҳлили.

В статье изложено значение, теоретические и практические аспекты совершенствования налогового учета и анализа в текстильных предприятиях Узбекистана для производства экспортоориентированной конкурентоспособной продукции. По результатам исследований обозначены основные направления повышения роли учета и анализа в обеспечении экономической информацией в управленнии отрасли.

The article describes the significance of theoretical and practical aspects of improving tax accounting and analysis in textile enterprises of Uzbekistan to produce export-oriented and competitive products. Based on the research results, the main directions of increasing the role of accounting and analysis in providing information in the management of the industry are identified.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси. “Халқ сўзи”, 2017 йил 16 январь (№ 11 (6705)) сони.

2. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони. //Халқ сўзи, 08.02.2017 й. №28 (6722).www.lex.uz/(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й.,6-сон, 70-модда)

3. Ниязметов И. Солиқ юкини оптималлаштириш ва мутаносиб тақсимлаш муаммолари.: Биржа-Exspert., №11(95)-2015. www.biznes-daily.uz/ru/birjaexpert/35536-soliq-yukini-optimallashtirish

4. Хасанов Б. А. Бошқарув ҳисоби: назария ва услубиёт.- Тошкент: “Молия” нашриёти, 2003. – 11 ва 86 б.

5. Д.Шаулов, У.Кан. Бухгалтерия ҳисоби. 1-қисм. – Тошкент: “Иқтисодиёт ва ҳуқуқ дунёси”, 2000. -84 с.

6. Ковалев В.В. Введение в финансовый менеджмент.– М.: «Финансы и статистика», 2000.- 128 с.

7. Палий В. Ф., Вандер Виль Р. Управленческий учет.–М.: Инфра, 1997. - 19 с.

8. Каримов А.А. ва бошқ. Бухгалтерия ҳисоби: Дарслик. –Тошкент: “Шарқ”, 2004. – 86 б.

9. Бобожонов О., Жуманиёзов К. Молиявий ҳисоб. – Тошкент: “Молия”, 2002. - 16 бет.

10. Уразов К.Б. “Иқтисодиётни эркинлаштириш шароитида бухгалтерия ҳисобининг концептуал масалалари”. Монография.- Т.: “Фан”, 2005. -32, 143 б.

11. Ҳотамов К.Р. “Билвосита солиқлар ҳисоби, таҳлили ва аудитини такомиллаштириш”. Иқтисод фанлари доктори илмий даражасини олиш учун диссертация автореферати. 08.00.07 –“Молия-бухгалтерия ҳисоби”. Т.: Банк-молия академияси, 2016.

12. Б.И.Исроилов. “Солиқларнинг молиявий ҳисоби ва таҳлилининг методологик асослари”. Иқтисод фанлари доктори илмий даражасини олиш учун тақдим этилган диссертация автореферати. Т.: Банк-молия академияси 2006 й.

13. Жуманиязова Ф.Р. “Ўзбекистон енгил саноати ривожланиш истиқболларининг молиявий жиҳатлари”.-Т.: “Fan va texnolofiya” 2015, 216-б.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"