Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
433
7012
6845

+167
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
155879
238474
105648

+132826

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 944 739
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимида ижтимоий таъминотнинг ўрни ва аҳамияти

Мамлакатимизда соғлиқни сақлаш, таълим, спорт, ижтимоий таъминот, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аҳолининг ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш, ижтимоий ҳимояни кучайтириш масалаларига устувор аҳамият берилиб, соҳада салмоқли натижаларга эришилмоқда.

Ҳар бир мамлакат ижтимоий ҳимоя тизимининг сифат ва миқдор кўрсаткичлари жамият ижтимоий-иқтисодий ривожланишининг даражасидан далолат беради. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 25-моддасида ҳар бир инсон ишсизлик, касаллик, ногиронлик, бевалик, қарилик ёки унга боғлиқ бўлмаган шароитларга кўра тирикчилик учун маблағ бўлмай қолган бошқа ҳолларда таъминланиш ҳуқуқига эга эканлиги кўрсатилган. Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш аҳолининг эҳтиёжманд қатламларига пенсия, нафақа, имтиёзлар, моддий ёрдам бериш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш орқали амалга оширилади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, “...Биз ижтимоий соҳада аҳоли саломатлиги, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, дори воситалари билан ишончли таъминлаш, жисмоний бақувват ва маънавий жиҳатдан соғлом авлодни камол топтириш масалаларига алоҳида устувор аҳамият бермоқдамиз” [2].

Аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш тизими учта асосий шаклга эга [5]:

– ижтимоий таъминот;

– ижтимоий суғурта;

– ижтимоий ёрдам.

“Ижтимоий ҳимоя” ва “ижтимоий таъминот” бир маъноли тушунча эмас, балки турдош тушунчалардир” [6]. Улардан илмий таърифлар сифатида фойдаланилганда, “ижтимоий ҳимоя” таркибий қисми сифатида “ижтимоий таъминот”ни ўз ичига олади. Ижтимоий ҳимоя инсон фаолиятининг яхши шарт-шароитларини таъминловчи меҳнат, соғлиқ ва табиат, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, меҳнатга ҳақ тўлашнинг энг кам миқдори каби кафолатларни қамраб олади [7].

“Ижтимоий ҳимоя” кенг маънода – мамлакат аҳолисини ижтимоий ва моддий муҳофаза қилинишини таъминлайдиган ва жамиятда қарор топган ҳуқуқий, иқтисодий, ижтимоий чора-тадбирлар мажмуидир. Тор маънода – давлат ва жамиятнинг ёши, саломатлиги ҳолати, ижтимоий аҳволи, тирикчилик воситалари билан етарли таъминланмагани туфайли ёрдамга, кўмакка муҳтож фуқароларга ғамхўрлигидир. Унинг асосий мақсади аҳоли фаровонлигининг тўхтовсиз яхшиланишини таъминлаш, аҳоли қатламларининг таълим, маданият, касб малакаси, даромадлари жиҳатидан кескин тафовутларига барҳам бериш, жамият томонидан инсонга муносиб ҳаёт даражасини ва инсон тараққиётини таъминлашга ёрдам беришдан иборат.

Чизма

Давлат бюджетининг функциялари

kasimova_560

Иқтисодиётни ислоҳ қилишнинг асосий устувор йўналишлари бўйича чора-тадбирларнинг амалга оширилиши ижтимоий соҳа тармоқларини ривожлантиришга ва аҳоли турмуш даражасининг асосий кўрсаткичларини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. Бу чора-тадбирларнинг ҳаётга татбиқ этилишида давлат бюджетининг ижтимоий функциялари айниқса, равшан намоён бўлади. Молия тизими, давлат молияси ва давлат бюджетига оид иқтисодий адабиётларда давлат бюджетининг бешта асосий функциялари ажратиб кўрсатилади.

Ижтимоий таъминот фуқаролар айрим тоифаларини давлат бюджети ҳамда бюджетдан ташқари махсус фондлар маблағлари ҳисобидан моддий таъминлашга йўналтирилган давлатнинг ижтимоий ёрдам кўрсатиш шаклидир. Фуқароларга бундай ёрдам давлат томонидан ижтимоий жиҳатдан муҳим деб эътироф этилган ҳолда кўрсатилади. Ана шу ёрдамдан аҳолининг айрим қатламлари аҳволини жамиятнинг бошқа аъзолари билан имконият даражасида тенглаштириш мақсади кўзланади.

Ижтимоий таъминот дейилганда қуйидагиларни тушуниш мумкин:

• фуқароларга қариликда меҳнат фаолияти, меҳнат қобилияти ва боқувчисини йўқотганлиги учун кўзда тутилган моддий таъминотдан ташқари уларнинг турмуш кечириши ва маданий стандартларини кафолатлайдиган тақсимлаш шакли;

• фуқароларни ёши, касалланиши, ногиронлиги, ишсизлиги, боқувчисини йўқотганлиги, болаларни тарбия қилиш учун ҳамда қонунда белгилаб қўйилган бошқа ҳолатлар бўйича моддий таъминлаш тизими;

• бир томондан фуқаролар, иккинчи томондан давлат, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари, фуқаролик жамияти ташкилотлари томонидан даромадлари йўқотилиши ёки камайиши вазиятлари пайдо бўлганда фуқароларга махсус жамғармалар, бюджет маблағлари ҳисобидан тиббий ёрдам кўрсатиш, пенсиялар, нафақалар ва моддий таъминотнинг бошқа шакллари асосида таркиб топган ижтимоий муносабатлар жамланмаси.

Ижтимоий таъминотни пул маблағлари манбаига боғлиқ ҳолда икки турга ажратиш керак:

– бюджетнинг барча даражаларидаги маблағлари ҳисобига, шу жумладан, давлат мақсадли жамғармалари ҳисобига амалга ошириладиган давлат ижтимоий таъминоти; 

– жисмоний шахслар ва юридик шахслар маблағлари ҳисобига амалга ошириладиган нодавлат ижтимоий таъминоти. 

Давлат ижтимоий таъминоти пул маблағларининг шаклланиши тартибига боғлиқ ҳолда турли ташкилий-ҳуқуқий шаклларда амалга оширилиши мумкин.

  • · қонунчилик томонидан белгиланган тартиб ва миқдорда, суғурта бадаллари ҳисобига амалга ошириладиган давлатнинг ижтимоий таъминоти;
  • · бюджет маблағлари ҳисобига бериладиган, шу жумладан, кам таъминланган фуқароларга давлатнинг ижтимоий таъминоти.

Пул маблағлари манбаидан қатъи назар давлатнинг ижтимоий таъминоти турли шаклларда амалга оширилиши мумкин:

– пул тўловлари (нафақалар, компенсациялар, моддий ёрдам);

– моддий ёрдам (кийим, пойабзал, дори-дармонлар, озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлар учун техник мосламалар – эшитиш аппаратлари, қўлтиқтаёқлар);

– хизматлар ва имтиёзлар (ногиронлар ва қариялар учун интернат-уйларда, болалар уйларида шахсларни таъминлаш, уйда ижтимоий хизмат кўрсатиш).

Бугунги кунда мамлакатимизда аҳолининг самарали ижтимоий ҳимоясига йўналтирилган мақсадли чора-тадбирлар, шу билан бирга, барқарор иқтисодий ўсиш ва бандлик суръатлари аҳоли фаровонлигини оширишни таъминламоқда.

Жадвал.

Давлат бюджетининг ижтимоий соҳаларни сақлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг таркиби

(жамига нисбатан фоизда)
Кўрсаткичлар 
Йиллар
2012  
2013  
2014  
2015  
2016  
2017
(режа)
Ижтимоий соҳаларни сақлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари
100
100
100 
100
100 
100
Таълим 
58,0
58,1
57,3
56,9
57,0
60,4
Соғлиқни сақлаш 
24,6
24,5
23,9
23,9
23,7
25,4
Маданият, спорт 
1,8
1,9
1,8
1,7
1,8
1,8
Фан 
1,1
1,1
1,1
1,1
1,3
1,0
Ижтимоий таъминот 
0,7
0,7
0,7
0,7
0,7
0,9
Оилаларга ижтимоий нафақалар 
13,1
10,6
10,9
10,2
9,2
9,2
Қишлоқ жойларда уй-жойлар қуришни ҳамкорликда молиялаштириш учун кредит линиялари
-
2,5
4,0
4,3
5,5
1,3

 

Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, давлат бюджети харажатларида ижтимоий соҳаларни сақлаш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларининг салмоғи юқори бўлмоқда. Хусусан, бу туркум харажатлар 2012-2016 йилларда жами бюджет харажатларининг 58-57 фоизини ташкил этган. 2017 йилда ушбу харажатларнинг давлат бюджети харажатларидаги улуши 60,4 фоиз бўлиши кутилмоқда. Демак, ушбу соҳага қилинаётган харажатлар номинал миқдорларда, шунингдек, умумий харажатлар салмоғида ҳам ортиб бормоқда.

Ижтимоий таъминотнинг қуйидаги турлари кенг тарқалган: пенсиялар; нафақалар; компенсациялар; имтиёзлар; тиббий хизматлар; ҳаётий зарур ашёлар. Юқорида қайд этилган бу турларнинг хар бири, одатда яна қатор турларга бўлинади. Бунда ижтимоий таъминот турлари барқарор хусусиятга эга бўлгани ҳолда муайян сиёсий, иқтисодий ва бошқа шароитларга боғлиқ равишда ўзгариб боради.

Ушбу харажатларнинг таркиби юқоридаги жадвалда келтирилган. Мамлакатимизда давлат бюджетининг ижтимоий мақсадлардаги харажатлари жами харажатларнинг 58-60 фоизини ташкил қилса-да, унинг таркибидаги бевосита аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига охирги йилларда давлат бюджетининг ўртача 6,1-5,4 фоизи йўналтирилмоқда. Жорий йилда давлат бюджети харажатларининг таркиби сифат жиҳатидан ўзгарди. Ҳозирги пайтда давлат харажатлари таркибида кучли ижтимоий сиёсат ва аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишни амалга оширишни молиялаштириш асосий ўрин тутди.

Жадвал маълумотларидан кўриниб турибдики, ижтимоий таъминот харажатларининг улуши 2012-2016 йилларда барқарор сақланди, давлат бюджети харажатларининг 0,7 фоизни ташкил қилди, 2017 йилда 0,9 фоиз режа белгиланди.

“Ижтимоий ҳимоя масаласи – бу фақат давлат ва ҳокимият ташкилотлари, ижтимоий таъминот ва хайрия муассасаларининг иши бўлиб қолмаслиги лозим. “Ижтимоий” деган сўзнинг кўпчиликка, жамоатчиликка мансуб деган маънони ифода этишини инобатга оладиган бўлсак, бу ўта муҳим масала жамиятимизнинг, барчамизнинг бурчимизга айланиши даркор”[1].

“Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бўлган тоифалари моддий қўллаб-қувватланмоқда, улар учун иш ўринларини квоталаш тартиби йўлга қўйилди, ташқи ва ички миграцияни тартибга солишга эътибор кучайтирилмоқда. Бу борада Ҳаракатлар стратегиясида кўзда тутилганидек, “ҳудудларни ҳар томонлама ривожлантириш бўйича қарийб 25 мингта инвестиция лойиҳасини рўёбга чиқариш ҳисобига 256,4 минг иш ўрни ташкил этиш орқали аҳолини иш билан таъминлаш дастурларини тўлиқ ижро этиш назарда тутилган”[3].

Ҳозирги кунда замонавий бозор шароитларига мос келувчи ижтимоий таъминот ва ижтимоий муносабатлар тизимини яратиш ўта муҳим масаладир. Ижтимоий ҳимоя тизимини молиялаштириш механизмини шакллантириш билан боғлиқ масалаларни илмий жиҳатдан ўрганиш талаб этилади. Шунинг учун аҳолини ижтимоий ҳимоялаш ва ижтимоий таъминот тизимини комплекс тарзда бошқариш имконини берувчи тизимли ёндошув танланади. Давлат томонидан бериладиган аниқ манзилли ижтимоий ҳимоя тизими такомиллаштирилади.

Бизнинг фикримизча, республикамизда аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш соҳасидаги сиёсат қуйидаги йўналишларда амалга оширилди:

– ижтимоий нафақаларни айнан кам таъминланган оилаларга қаратиш;

– аҳолини ижтимоий ҳимоя қилишда манзиллиликни таъминлаш;

– кам таъминланган оилаларга нафақаларни маҳаллалар орқали етказилишини таъминлайдиган механизмининг молиявий назоратини янада такомиллаштириш;

– аҳолининг ижтимоий ҳимояси учун давлат молиявий бюджети билан бир қаторда, ҳомийлик, хайрия ташкилотлари, корхоналар маблағларини жалб этиш.

Гуляр КАСИМОВА,  

Тошкент Молия институти

“Пенсия иши” кафедраси фахрий профессори.

Аннотация

Мақолада мамлакатда аҳолини ижтимоий ҳимоялаш тизимининг зарурлиги, ижтимоий таъминотнинг асосий функциялари ва давлат бюджетининг ижтимоий таъминот харажатларини молиялаштириш масалалари ўрганилган. Давлат бюджетининг ижтимоий ҳимоя тизимини бошқариш амалиётини такомиллаштириш бўйича таклифлар билдирилган.

Калит сўзлар: давлат бюджети, ижтимоий соҳа, ижтимоий ҳимоя, ижтимоий таъминот, тиббий суғурта, бюджет ташкилоти, харажатлар сметаси, тиббий хизмат.

 
В статье изучена необходимость системы социальной защиты страны, основные функции социального обеспечение и финансирования расходов социального обеспечение государственного бюджета. Даны рекомендации по соверщенствованию действующих систем управления расходами на социальную защиту государственного бюджета. 

 

The article examines the issues of ensuring the country's social protection system, the main functions of social security, and financing social security expenditures of the budget. Furthermore, recommendations are given on the development of existing systems of expenditure management for social protection from the budget.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Каримов И. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 14 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги маъруза. Инсон манфаатларини таъминлаш, ижтимоий ҳимоя тизимини такомиллаштириш — устувор вазифа. // “Халқ сўзи”. 2006 йил, 8 декабрь.

2. Мирзиёев Ш. Танқидий таҳлил, қатъий тартиб-интизом ва шахсий жавобгарлик – ҳар бир раҳбар фаолиятининг кундалик қоидаси бўлиши керак. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг мамлакатимизни 2016 йилда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг асосий якунлари ва 2017 йилга мўлжалланган иқтисодий дастурнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси. // “Халқ сўзи”, 2016 йил, 15 январь.

3. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармони. LexUZ.

4. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 27 декабрдаги “Ўзбекистон Республикаси 2017 йилги асосий макроиқтисодий кўрсаткичлари ва Давлат бюджети параметрлари тўғрисида”ги қарори. LexUZ.

5. Абдурахмонов Қ.Х. Ижтимоий соҳа иқтисодиёти. Дарслик. - T.: “Фан ва технология”. 2013. - 41 б.

6. Хаитов А., Зиядулаев М. Ўзбекистонда пенсия таъминоти ва хорижий тажриба. Ўқув қўлланма. –Т.: “Адолат”. 2009. -108 б.

7. Баев Х.И. Аҳолини ижтимоий ҳимоялашни ташкил этиш ва бошқариш муаммолари. Монография. “Иқтисодиёт”. –Тошкент. 2012. -54 б.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"