Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1637
5181
5204

-23
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
178602
203261
118138

+85123

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 044 968
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Аудиторлик далиллари аудиторлик фикрининг объектив асоси сифатида

 

Ўзбекистон Республикасида иқтисодиётни модернизациялаштириш шароитида акциядорлик жамиятларининг молиявий ҳисоботларни ташқи аудит томонидан аудиторлик текширувининг ўтказилиши масаласи долзарб ҳисобланади. Шу сабабли мамлакатимизда ташқи аудит хизмати натижаларини расмийлаштириш ва уни тегишли халқаро стандартларга мос ҳолда тузиш зарурати пайдо бўлади.

Аудиторлик текширувларини халқаро стандартларга мослаш, аудиторлик ҳисоботлари ва хулосасининг сифатини ошириш бевосита аудиторлик далилларига боғлиқдир. Аудиторлик далилларининг етарлилиги ва мослиги текширув сифатининг ошишини таъминлайди.

Аудиторлик далиллари – аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик текшируви вақтида йиғилган ва аудиторлик хулосасини асословчи маълумот (ахборот)лардир [1].

Замонавий адабиётларда далиллар сифатида мантиқий муҳокама жараёни кўриб чиқилиб, назария ёки амалиёт томонидан текширилган ҳолатлар ёрдамида муайян мулоҳазанинг ҳақиқийлиги ёки сохталигини асослаш унинг якуни саналади.

Иқтисод фанлари доктори И.Н.Қўзиевнинг фикрича, “Аудиторлик далиллари – аудиторлик ташкилоти томонидан аудиторлик текшируви вақтида йиғилган ва аудиторлик хулосасини асословчи бухгалтерия ҳисоби маълумотлари, аналитик счётлар қолдиқлари, бошланғич ҳужжатлар ва йиғма регистрлар, бошқа аудитор томонидан тўпланган ахборотлар ҳисобланади”[2].

Иқтисодчи олим Н.Ф.Каримов тижорат банклари ички аудити бўйича тадқиқот олиб бориб, қуйидагиларни таъкидлайди: “Аудит иш ҳужжатларини тўплаш жараёнида уларнинг манбаларига ва ишончлилиги даражасига кўра гуруҳлаш, танланма текширувларни ўтказиш имкониятини яратиш билан бирга, молиявий ҳисобот кўрсаткичларининг ҳаққонийлиги ва тўлиқлилигини баҳолаш учун асос бўлади”[3].

Аудитор томонидан тайёрланган ва тўпланган барча ахборот аудиторлик далиллари саналади. Ҳисобот маълумотларининг ишончлилиги ҳақида асосланган фикрни ифодалаш аудитнинг асосий мақсади саналгани боис, асосий урғу аудитнинг ушбу тушунчасини баҳолашга қаратилади.

“Аудиторлик далиллари” тушунчасига турли талқинлар бериш мумкин. Масалан:

– аудиторлик   далиллари – бу мулоҳазаларнинг ҳақиқийлиги ёки ёлғонлигини асослашга хизмат қилувчи фактлар;

– аудиторлик далиллари – бу текшириш давомида олинган аудит қилинаётган шахс фаолияти ҳақида ахборот (мижоз ва учинчи шахслардан ахборот, оғзаки тушунтиришлар, аудиторлик ҳужжатлари);

– аудиторлик   далиллари – бу муайян тасдиқлар ишончлилигига ишонч ҳосил қилиш учун қўллаш зарур бўлган ҳаракатларнинг муайян кетма-кетлиги.

Қайд қилинган ёндашувлар анчайин бир томонлама ва аудитнинг замонавий ҳолати даражасига тўлиқ мос келмайди. Хусусан, биринчи ёндашув анча тор. Чунки аудитор мулоҳазаси асосида ётувчи фактларнинг аниқлаштирилмаслиги унинг жиддий камчилиги саналади. Иккинчи ёндашув “Аудиторлик далиллари” атамаси методлари ёки усулларини изоҳлай олмайди. “Аудиторлик далиллари” тушунчасининг аудитор ҳаракатларининг муайян кетма-кетлиги доирасида чегараланганлиги ва бунга яққол изоҳлар йўқлиги учинчи ёндашувни ҳам етарлича асосли эмас, деб ҳисоблашга асос бўлади.

Мазкур ҳолатларни ҳисобга олган ҳолда, бизнинг назаримизда, аудиторлик далиллари деганда, ҳисобот маълумотларининг ишончлилиги бўйича асосланган аудиторлик фикрини ифодалаш мақсадида аудит қилинаётган шахсларнинг бухгалтерия ҳисоби ахборот тизимларини баҳолаш ва таҳлил қилиш орқали олинган, муайян сифат тавсифларига эга маълумотлар мажмуини тушуниш лозим.

Аудиторлик далилларини олиш жараёнида, энг аввало, уларнинг моҳияти (тавсифи)ни аниқлаш мақсадида бутун мажмуани муайян гуруҳлар билан чегаралаш зарур.Аудиторнинг барча келгуси қарорлари шунга боғлиқ бўлади. Ушбу масала бўйича турли нуқтаи назарлар мавжуд.

Р.П.Булыга [4] барча далилларни реал фактга яқинлиги бўйича ажратишни таклиф қилиб, бунда табиий, сунъий далиллар ва оқилона асослашни ажратиб кўрсатади. Табиий далиллар аудиторнинг ўзи томонидан рўйхатга олинган реал фактга асосланади (масалан, инвентаризация йўли билан активлар мавжудлиги факти). Сунъий далиллар аудиторлик текширувига қадар содир бўлган фактларга асосланувчи ҳодисалар асосида шаклланади ва ҳодиса фактини тавсифлайди (масалан, шартнома, юк хати ва бошқалар товарларни етказиб бериш фактини тавсифлайди).

Оқилона асослаш табиий ёки сунъий далилларга нисбатан қўлланиладиган изоҳни ўзида акс эттиради (масалан, солиқ тўловларини ҳисоблаш тартиби бухгалтер томонидан қонунчилик талаблари асосида тушунтирилган).

С.М.Бычкова ва Е.Ю.Итыгилованинг [5] ҳисоблашича, аудиторлик далилларини олиш усулларига боғлиқ равишда уларни қуйидаги йўллар билан олинган дейиш мумкин:

– факт-вазиятларни қайд қилиш (мол-мулк ва мажбуриятларнинг аниқ турлари мавжудлиги);

– ҳужжатлаштирилган далилларни белгилаш – бухгалтерия ҳисоботларини улар тузилишига асос бўлган регистрлар ва бухгалтерия қайдлари бўйича ёзувлар асосига қўйилган бирламчи ҳужжатлар асосида текшириш (масалан, маҳсулотлар таннархидан асосланмаган суммани чиқариб ташлаш эҳтимолини аниқлаш);

– махсус ўтказилган таҳлил натижасида фактларни аниқлаш – ҳужжатларда келтирилган омиллардан мантиқий тузиш ва математик ҳисоблашлар йўли билан аудиторлик далиллари олиш (масалан, тақдим қилинган ҳужжатлар (шартномалар, товар ҳисоботлари, банк кўчирмалари) ва мулкчилик ҳуқуқининг ўтиш вақтини аниқлаш асосида аудитор товарнинг мулкдори ҳақида хулоса қилади).

Аудиторлик далилларини тақдим қилиш шаклини ҳисобга олган ҳолда, Е.В.Галкина [6] уларни ҳужжатли (ҳужжатлар ва ёзма тасдиқномалар шаклида тақдим қилинади), визуал (аудиторнинг жараён ёки хўжалик далилларини қайд қилишнинг алоҳида процедуралари устидан бевосита кузатишларини тавсифлаш шаклида тақдим этилиши мумкин) ва оғзаки (мижоз ташкилотлар ходимлари билан суҳбатлар ва сўровномалар баённомаси, аризалар ва мижоз ташкилот раҳбариятининг изоҳлари шаклида тақдим этилиши мумкин) сифатида таснифлайди.

Ш.Файзиев ва А.Каримовларнинг фикрича [7], аудиторлик далиллари ички, ташқи ва аралаш бўлиши мумкин.

Шу ўринда С.М.Бычкованинг асари катта қизиқиш уйғотиб [8], унда муаллиф томонидан кўплаб – функционал мўлжалланганлиги бўйича, тажриба маълумотлари ўрни бўйича, далиллаш усуллари бўйича, мақсади бўйича, мустаҳкамлаш усули бўйича, манбалари бўйича таснифлари келтирилган.

Шундай қилиб, таснифлаш белгиси аудиторлик далилларини олиш усулларини танлаш, уларни тўплаш жараёнини ташкил қилиш, олинган аудиторлик далиллари ўртасидаги фарқ ва ўхшашликларни аниқлаш, алоқаларни белгилаш, уларни тўғри баҳолаш ва бу билан аудит қилинаётган шахс фаолиятини билиш жараёнини чуқурлаштиришга имкон беради.

Аудиторлик далилларини олиш жараёни аудиторлик текшируви давомида ҳал қилинадиган ҳар қандай аниқ масалага хос бўлгани учун аудиторлик далилларини тўплаш тартибсиз ва тизимсиз саналмайди. Бунда аудиторлик далилларини олиш жараёнидаги ҳар бир босқичнинг ўрни ва аҳамияти аудитор ҳаракатларининг белгиланган кетма-кетлиги, муайян босқичда умумий якунлар, вақти ва меҳнат сарфи асосланганлиги нуқтаи назарига кўра аудиторлик текширувида олинган натижаларнинг муҳимлик даражаси билан белгиланади (1-чизма).

1-чизма. Аудиторлик далилларини олиш жараёни

 nizomjon

Аудиторлик далилларига асосий талаблар уларнинг мослиги (сифат баҳоси) ва етарлилиги (миқдорий баҳоси) ҳисобланади. Аудитор хулосаларининг ўринлилиги ва ишончлилиги мезонлари аудиторлик далилларининг тегишли тавсифини белгилайди. Ўз навбатида, Аудитнинг халқаро стандарти (ISA) 300 [10] да мос ва етарли аудиторлик далилларини олиш рискини қониқарли даражагача пасайтириш зарурлиги таъкидланади.

Бироқ, аудитнинг миллий ва халқаро стандартлари талабларини (молиявий ҳисоботни тузиш манбаларини тасдиқлаш), шунингдек, бухгалтерия ахборотлари фойдалилиги мезонларини ҳисобга олган ҳолда, аудиторлик далилларининг тегишли характерини нафақат “Аудиторлик далиллари” номли 50-сон АФМС мезонлари билан, балки ишончлилик, ўз вақтидалик, аниқлик, таққосланувчанлик, муҳимлик ва тушунарлилик каби тавсифлар билан ҳам тавсифлаш лозимлиги аён бўлади.

Ўз навбатида, аудитор тўпланган далилларнинг келгуси баҳосини сифат ва миқдор жиҳатдан чегаралаган ҳолда уларнинг кумулятив характерини таҳлил қилиши лозим.

Бошланғич тўпланган ахборотлар аввалбошдан аниқ фойдаланувчининг сўровларига мутаносиб равишда олинган турли маълумотларнинг тартибсиз тўпламини ўзида акс эттиради. Ўзининг профессионал мулоҳазасига асосланган ҳолда аудитор олинган ахборотларни қайта ишлаш ва ахборот мажмуини янги, янада чуқур ва кенг даражага олиб чиқишга ҳаракат қилади.

Юқоридагилардан қуйидаги хулосаларга келиш мумкин:

1. Бухгалтерия ҳисоби ва ички назорат тизимини ўрганиш аудиторга режалаштирилган аудиторлик амалларини тузатиш, аниқланган рискларни баҳолаш ва бошланғич шакллантирилган фикрни тасдиқлаш ёки инкор қилиш учун зарур ахборотни олиш имконини беради.

2. Режалаштириш босқичида олинган ахборот аудитор ҳаракатларининг аудит қилинаётган шахс фаолияти хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда келгуси текшириш учун усуллар ва процедуралар танлашни ўз ичига олувчи кетма-кет алгоритмни белгилаб беради. Ахборотни қайта ишлаш унинг фойдалилигини ишончли асослаш мақсадида берилган ахборотга хос хусусиятларни аниқлашга йўналтирилган. Фикримизча, бунда замонавий компьютер технологиялари ва дастурларидан фойдаланиш зарур. Афсуски, бу ҳолат аудиторлик далилларини йиғишда етарли эмаслиги сабабли, масалага жиддий эътибор берилишини талаб этмоқда.

3. Кейинги муаммолардан бири, аудиторлик фикрининг муайян босқичи шаклланиши кўп жиҳатдан аудит қилинаётган субъект ахборотининг жиддий бузиб кўрсатилиши риски билан боғлиқ. Пировардида янги ахборот (аудиторлик далиллари) пайдо бўлади, у текширишнинг муайян босқичида шаклланган фикр бўлгани ҳолда алоҳида қарорлар қабул қилиш ва тўлақонли бўлмаган элементларни чиқариб ташлаш йўли билан сифат баҳосини текшириш учун яна аудитор томонидан қайта мулоҳаза қилиниши мумкин.

4. Аудиторлик фаолиятида ноаниқлик, тушунарсизлик ва турли хил талқин этиш омили мунтазам мавжуд бўлгани учун, аудиторлик хавф-хатари нолга тенглаштирилиши мумкин эмас. Тўпланган далиллар ва фикр ифодалашдаги хатоларни нотўғри баҳолаш эҳтимоли ҳамиша мавжуд бўлгани боис, текшириш амаллари кетма-кетлиги, ҳажми ва давомийлигини аниқлаш учун аудиторлик фикрини шакллантиришнинг барча босқичларида аудиторлик рискининг ҳар бир унсури аҳамиятини баҳолаш зарур.

Бухгалтерия ҳисоби маълумотлари асосида шакллантирилган ахборотнинг янги тадрижий шаклларини ҳар томонлама чуқур таҳлил қилиш натижасида муайян аудиторлик фикри шаклланиб, бунда у аудиторлик рискини ҳам ҳисобга олиши мақсадга мувофиқдир.

5. Фикримизча, аудитор текширишнинг ҳар бир босқичи мазмуни ва вазифаларини тушунса, бу ҳаракатларнинг кетма-кет алгоритмини белгилаш, режалаштирилган аудиторлик амалларига тузатишлар киритиш, рискларни аниқлаш ва баҳолаш, бошланғич шакллантирилган фикрни тасдиқлаш ёки инкор қилиш мақсадида ахборот оқимини муайян тарзда ажратиб кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Низомжон ХАЖИМУРАТОВ,

ТДИУ мустақил изланувчиси.

Аннотация

Мақолада аудиторлик ҳисоботи ва хулосасини шакллантиришда аудиторлик далилларининг тутган ўрнига баҳо берилган. Шунингдек, аудиторлик далилларини тўплаш амалиётида юзага келадиган муаммоларни ҳал этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилган.

В данной статье оценена место аудиторских доказательств в формировании аудиторского отчета и заключения. В статье разработаны предложения по решению проблем накопившаяся на практике при сборе аудиторских доказательств.

This article assesses the place of audit evidence in the formation of an audit report and conclusion. The article developed proposals on solving problems accumulated in practice when collecting audit evidence.

Калит сўзлар: аудиторлик далиллари, аудиторлик хулосаси, молиявий ҳисобот бўйича аудиторлик ҳисоботи, аудиторлик риски, аудитнинг халқаро стандартлари.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

 

1. “Аудиторлик далиллари” номли 50-сон АФМС.,3-банд. Т.:/www.lex.uz

2. Қўзиев И.Н. Аудиторлик ҳисоботларини тузиш ва уларни умумлаштириш: назария ва методологик масалалар. Монография. –Т.: “IQTISOD-MOLIYA”, 2015. 58-б.

3. Каримов Н.Ф. Тижорат банкларида ички аудитни ташкил қилиш ва услубиётини такомиллаштириш муаммолари. И.ф.д.,диссертация автреферати.Т.:2007.,27-28-б.

4. Аудит: учебник для бакалавров / под ред. Р.П. Булыги. – М.: ЮНИТИ –ДАНА, 2009. – С.431.

5. Бычкова, С.М., Итыгилова, Е.Ю. Аудит: учебное пособие / С.М.Бычкова, Е.Ю.Итыгилова; под ред. Я.В. Соколова. – М.: Магистр, 2009. – С.463.

6. Галкина, Е.В. Анализ аудиторских доказательств по предпосылкам подготовки финансовой отчетности / Е.В. Галкина // Аудиторские ведомости. – 2008. - № 11. – С.9-19

7. Файзиев Ш.Н., Каримов А.А. Аудит. Учебное пособие. –Т.: “IQTISOD-MOLIYA”, 2013. -С. 157-158.

8. Бычкова, С.М. Доказательства достоверности данных учета и отчетности /С.М. Бычкова // Аудиторские ведомости. – 2007. - № 8. – С.13-20.

9. ISA 300.Planning an Audit of Financial Statements. Handbook of International Quality Control, Auditing, Review, Other Assurance, and Related Services Pronouncements [Electronic resource] / URL: http: //www.ifac.orq/publications-resources/2013-handbook-international-qualitycontrol-auditing-review-other-assurance-a.

 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"