Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1639
5181
5204

-23
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
178604
203261
118136

+85125

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 044 970
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Мамлакатимизда улгуржи савдони ривожлантиришнинг устувор йўналишлари

Мамлакатимизда иқтисодиётни модернизациялаш ва диверсификация қилиш шароитида хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятини, биринчи навбатда савдо хизматини кўрсатувчилар ва истеъмолчилар ўртасидаги муносабатларни эркин рақобат остида йўлга қўйиш, шунингдек, бозор субъектлари фаолиятини ҳар бир имконият ва ресурслардан самарали фойдаланиш асосида ташкил этишга эришиш бугунги куннинг долзарб муаммоларидан саналади. Шунинг учун ҳам кейинги йилларда улгуржи савдо хизмати кўрсатувчи корхоналар учун ўз фаолиятида маркетинг тамойилларига амал қилган ҳолда истеъмол товарларига талабни ўрганиш ва уни прогноз қилиш ҳамда бозорда ўз ўрнини топиш, бозорни эгаллаш каби масалаларга эътибор бериши жуда муҳим бўлиб бормоқда.

Улгуржи савдони ривожлантириш мамлакатнинг экспорт салоҳияти билан ҳам боғлиқ бўлиб, Ўзбекистонда экспорт салоҳиятидан самарали фойдаланиш ва уни кенгайтиришда экспортчи корхоналарнинг мақсад ва вазифаларини аниқ белгилаш, уларни амалга ошириш йўналишларидан келиб чиққан ҳолда экспорт стратегиясини шакллантириш корхоналарнинг айни вақтдаги кучли рақобат шароитида ўз ўрни ва мавқени тўғри белгилаб олишига ёрдам беради. Жаҳон бозорларида рақобатнинг кескин тус олиши шуни кўрсатмоқдаки, эндиликда улгуржи савдо корхоналари ўз мақсад ва вазифаларини белгилашда нафақат маҳсулотга бўлган оддий талаб ва таклифдан келиб чиқишлари керак, балки биринчи навбатда, потенциал истеъмолчиларнинг эҳтиёжлари, ҳоҳиш-истаклари ҳамда мақсадларини доимо диққат марказда тутиб, уларни чуқур ўрганишлари ва шу шароитга мос келадиган стратегияни амалга оширишлари муҳим бўлиб қолмоқда.

Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегиясида мамлакатимизнинг 2017 йил учун дастурида экспортга мўлжалланган маҳсулотларни юқори даражада маҳаллийлаштиришга йўналтирилган иқтисодиётнинг истиқболли соҳаларини ривожлантириш дастурини тасдиқлаш кўзда тутилган [1]. Мазкур ишларни амалга ошириш ишлаб чиқариш корхоналарига янги ишлаб чиқариш қувватларини барпо этиш ва модернизация қилиш, рақобатдош, экспортбоп маҳсулот ҳамда материалларни ишлаб чиқиш учун замонавий технологияларни жорий этишга хизмат қилади.

Шуни таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда кейинги йилларда амалиётда маркетинг тизимини қўллаш ва маркетинг комплексидан мақсадли фойдаланиш муаммоларига катта эътибор берилмоқда. Бу эса бозор рақобати шароитида аҳолига хизмат кўрсатувчи улгуржи савдо корхоналарининг фаолияти самарадорлигини янада оширишни тақозо қилади.

Улгуржи савдони ривожлантириш масалаларини дунёнинг етакчи маркетологларидан М. Портер, П. Друкер, Дж. Шонесс [2], Ф. Котлер [3], Ф. Шерер, Д. Росс, Ф. Вуд, Р. Мэрфи, Д. Кревенс [4], Р. Фатхуддинов [5] ва бошқалар чуқур ўрганганлар. Республикамиз маркетолог олимларидан А. Фаттахов [6], Ж. Жалолов, М. Икрамов, А. Бекмуродов, М. Касимова, Ш. Эргашходжаева [7] ва бошқаларнинг илмий тадқиқотлари ва асарларида улгуржи савдо, савдо маркетинги, савдо хизматлари, товар стратегияси билан боғлиқ тушунчаларнинг мазмуни кенг ёритиб берилган.

Мамлакатимизда иқтисодиётни тубдан ислоҳ қилиш жараёнида ижтимоий-иқтисодий сиёсатнинг устувор вазифаларидан бири ишлаб чиқариш корхоналарининг рақобатбардошлигини ошириш, ташқи ва ички бозорлар учун сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш ва сотишда замонавий савдо хизматларини ташкил қилиш ҳамда ушбу хизмат имкониятларидан самарали фойдаланиш муҳим аҳамият касб этади. Замонавий иқтисодиёт ривожланиши шароитида харидоргир маҳсулотларни ишлаб чиқариш ва сотиш хизматларига эга корхоналар бозорда муваффақият қозонмоқда. Савдо хизматларидан энг самарали тури улгуржи савдо бўлиб, улгуржи савдони ривожлантириш ишлаб чиқариш корхоналарининг истиқболдаги режаларини белгилашга катта ёрдам беради.

Мамлакатимизда кейинги йилларда улгуржи савдонинг ривожланиш ҳолатини таҳлил қиладиган бўлсак, 2016 йилда улгуржи савдо фаолияти билан шуғулланувчи корхона ва фирмалар сони 11,9 мингдан зиёдни ташкил этди. 3773 та ташкилотларда 1 миллиард сўмдан юқори бўлган товар айланмаси қайд этилди. Республика бўйича улгуржи савдо товар айланмаси 38,3 трлн. сўмдан ошиб, 2015 йилга нисбатан 16,5 фоизга ўсганлиги кузатилди. Йирик корхоналарнинг улгуржи товар айланмасидаги улуши 33,9 фоизни, кичик корхона ва микрофирмаларнинг улуши 66,1 фоизни ташкил этди. Улгуржи савдо товар айланмаси таркибида озиқ-овқат товарлари улуши 21,3 фоизни (8152,3 млрд. сўм), ноозиқ-овқат товарлари улуши 78,7 фоизни (30149,7 млрд. сўм) ташкил этди [8] (1-расм).

Улгуржи савдонинг товар айланмаси

(фоизда)

1-расм. 

 yuldashev

Улгуржи савдо фаолиятининг мамлакатимиз ҳудудларидаги ҳолатини ўрганиш натижасида маълум бўлдики, улгуржи савдо товар айланмасининг ошишида Тошкент шаҳри (жамидаги улуши 45,2 фоиз), Тошкент (12,3 фоиз) ва Самарқанд (8,2 фоиз) вилоятлари улуши юқори бўлгани ҳолда, Жиззах ва Навоий (1,6 фоиз), Хоразм (2,0 фоиз) вилоятлари ва Қорақалпоғистон Республикаси (2,1 фоиз) энг кам натижани қайд этдилар. Бу борада мамлакатимиз ҳудудлари бўйича нотекис тақсимланиш мавжуд бўлиб, буни бартараф этишга кенг эътибор қаратиш керак.

Улгуржи савдо хизматини кўрсатувчи маҳаллий корхоналар учун ўз фаолиятида маркетинг тамойилларига амал қилган ҳолда истеъмол товарларига талабни ўрганиш ва уни прогноз қилиш ҳамда бозорда ўз ўрнини топиш, бозорни эгаллаш каби масалаларга эътибор бериши жуда муҳим ҳисобланади. Ташқи ва ички бозорлар учун сифатли, рақобатбардош маҳсулотларни истеъмолчиларга ўз вақтида етказиб бериш ва сотишда замонавий савдо хизматларини ташкил қилиш ҳамда ушбу хизмат имкониятларидан самарали фойдаланишнинг ўрни беқиёсдир.

Республикамизда улгуржи савдони ривожлантиришда маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, янги маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқариш борасида истиқболли стратегияларни ривожлантириш, рақобатбардош ва экспортбоп ва импорт ўрнини босувчи товарларга йўналтирилган маркетинг тадқиқотларини такомиллаштириш каби масалаларнинг илмий-амалий асосларини ишлаб чиқиш муҳим аҳамият касб этади.

Шу жиҳатдан, улгуржи савдода маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, янги товар ва хизматлар ҳажмини кенгайтириш ҳамда маҳсулот сотишнинг истиқболли улгуржи савдо бозорларини ўзлаштиришда товарни ўтказиш стратегиясидан самарали фойдаланиш юзасидан илмий асосланган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш бугунги куннинг долзарб масалаларидан ҳисобланади.

Республикамизда улгуржи савдони ривожлантириш борасида қуйидаги тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ деб ҳисоблаймиз:

– улгуржи савдода маркетинг тадқиқотларини ташкил этиш, маҳаллий маҳсулот ва хизматларни ишлаб чиқаришда истиқболли стратегияларни ривожлантириш;

– улгуржи савдода маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлигини ошириш, янги товарлар ва хизматлар ҳажмини кенгайтириш;

– маҳаллий маҳсулотларни сотишнинг истиқболли улгуржи савдо бозорларини ўзлаштиришда маркетингда товар ўтказиш стратегиясидан самарали фойдаланиш;

– улгуржи савдода маркетинг самарадорлигини ошириш тадбирларини ишлаб чиқиш;

– улгуржи савдони электрон шаклда ташкил этиш бўйича компьютер дастурларини яратиш;

– турли илмий асосланган моделлардан фойдаланган ҳолда улгуржи савдода товарларни самарали сотиш йўналишларини аниқлаш;

– улгуржи савдода инновацион маркетинг технологияларини жорий этиш орқали уларнинг имкониятларини ошириш;

– улгуржи савдода бозор конъюнктурасини прогноз қилиб бориш ва бозор сиғими ҳажмини аниқлаш методологиясини такомиллаштириш;

– товар ўтказиш стратегияси нуқтаи назаридан улгуржи савдони амалга оширишда воситачилик фаолиятини такомиллаштириш;

– улгуржи савдода товар ўтказиш стратегиясини қўллашда нарх сиёсати ва рақобат устунликларини стратегияларини қўллаш ва бошқалар.

Юқоридаги каби тадбирлар изчил амалга оширилса, мамлакатимизда улгуржи савдо янада ривожланади ва бу орқали маҳаллий товарларнинг ички ва ташқи бозорларда рақобатбардошлиги ошиб, уларнинг самарали сотилишига эришилади.

Қосимжон ЙЎЛДОШЕВ,

Аннотация

Мақолада улгуржи савдо тушунчаси, уни ривожлантиришнинг ҳозирги вақтдаги долзарблиги ёритилган. Улгуржи савдо тўғрисидаги илмий асослар келтирилиб, мамлакатимизда унинг ривожланиши кўрсаткичлари таҳлил қилинган ва улгуржи савдони такомиллаштириш бўйича таклифлар берилган.

В статье освещаются понятие оптовой торговли и актуальность её развития на сегодняшний день. В статье приводятся научные обоснования понятия оптовой торговли, анализируются показатели её развития в нашей стране и даются рекомендации по усовершенствованию оптовой торговли.

In the article was highlighted the concepts of wholesale trade and the relevance of its development to date. In article was provided scientific justification of the concept of wholesale trade, analyzed the indicators of its development in our country and gave recommendations on improving wholesale trade.

Калит сўзлар: улгуржи савдо, маркетинг, савдо хизматлари, экспорт салоҳияти, товар стратегияси, улгуржи савдони ривожлантириш, улгуржи савдода маҳсулотларнинг ички ва ташқи бозорлардаги рақобатбардошлиги.

Тошкент давлат иқтисодиёт университети таянч докторанти.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги ПФ-4947-сонли Фармони. // Халқ сўзи. 2017 йил 8 февраль.

2. Шонесс. Дж. Конкурентный маркетинг: стратегический подход. - СПб.: “Питер”, 2001.

3. Котлер Ф. Маркетинг менежмент. - СПб.: “Питер”, 2000.

4. Кревенс Д. Стратегический маркетинг. Учебное пособие. - М.: “Вильямс”, 2009.

5. Фатхуддинов Р.А. Стратегический маркетинг. Учебник. - СПб.: “Питер”, 2008.

6. Фаттахов А.А.Стратегия маркетинга в оптовой торговле и пути повышения её эффективности. Монография. Т.: Фан, 2005.

7. Бекмуродов А.Ш., Касимова М.С., Эргашходжаева Ш.Дж. Стратегик маркетинг. Ўқув қўлланма. – Т.: ТДИУ, 2010.

8. Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт вазирлигининг маълумотлари.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"