Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1963
8058
7845

+213
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
135452
254685
109864

+144821

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 685 838
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистонда ҳаракатлар стратегияси асосида транспорт хизматлар бозорини ривожлантириш имкониятлари

Ўзбекистон Республикаси хизматлар бозорида транспорт хизматлари ўрни ва аҳамиятининг ошиб бориши тизим бозори конъюнктурасида турли хил транспорт хизматлари, жумладан, автомобиль транспорти ўрнининг юқорилиги билан изоҳланади. Транспорт хизматлари бозорида истеъмолчиларнинг ўз эҳтиёжларини тўла қондириши учун транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналар ўртасидаги рақобат муҳитини кенгайтириш, хизмат турларини диверсификациялаш ва модернизациялаш лозим.

Ўзбекистонда транспорт хизматлари бозори шаклланишида транспорт хизматлари кўрсатишни янада ривожлантириш Ҳаракатлар стратегиясига асосланган. Бу борада Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида таъкидлаганидек, “Стратегия – бу янгиланиш жараёнларининг ҳақиқий ҳаракатлар дастуридир”[1]. Шундай экан, республикамизда транспорт хизматлари бозорининг изчил ривожланишини мамлакатимизнинг келгуси тараққиётини белгиловчи Ҳаракатлар стратегиясисиз тасаввур этиш қийин.

Айниқса, транспорт хизматлари бозорининг минтақа миқёсида, жумладан, Марказий Осиё давлатлари ўртасида ривожланиши янги имкониятлар эшигини очади. Давлатимиз раҳбари Ш.Мирзиёев 2017 йилнинг 10 ноябрида Самарқанд шаҳрида ўтказилган Халқаро конференцияда ушбу масалага тўхталиб шундай деди: “Давлатларимиз айнан яхши қўшничилик ва ўзаро манфаатли ҳамкорлик тамойиллари асосида ... транспорт-коммуникация ... масалаларида ўз салоҳиятини янада самарали амалга ошира олади ... БМТ экспертларининг ҳисоб-китобларига кўра, Марказий Осиё мамлакатлари ўртасидаги самарали кооперация алоқалари 10 йил мобайнида минтақавий ялпи ички маҳсулотни камида икки баробар ошириш имконини берган бўлар эди”[2]. Президентимиз ўз нутқида Марказий Осиёда транспорт-логистика йўналишида амалга оширилаётган ва бажарилган бир нечта лойиҳаларга тўхталиб, чегара ва божхона соҳасида яқиндан ҳамкорлик зарурлигини эътироф этди.Шундай экан, транспорт хизматлари бозори минтақалараро ҳамкорлик алоқаларини тараққий эттириб, янги бизнес муҳитини ривожлантириш учун шарт-шароитларни вужудга келтиради.

Транспорт хизматлари кўрсатиш транспорт хизматларини амалга оширувчи субъектлар томонидан фойда олиш мақсадида транспорт воситаларидан фойдаланиш натижасида йўловчиларни ташиш, юк ортиш, тушириш ва жойлаштириш каби транспорт сервисини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган хизматлар мажмуидир. Хизматлар бозори– бу хизмат кўрсатувчилар ва хизматнинг истеъмолчилари ўртасида талаб ва таклиф мутаносиблиги асосида сервис хизматини амалга ошириш жараёнида вужудга келадиган бозор муносабатлари мажмуидир. Шунингдек, биз республикамизнинг етакчи олимлари томонидан берилган бу соҳадаги айрим таърифлар билан ҳам ҳамфикрмиз. “Транспорт хизмати хизматлар тизимида ўзига хос ўринга ва аҳамиятга эга...Транспорт сервиси дейилганда инсоннинг, меҳнат жамоасининг, ҳудуднинг, давлатнинг ва жамиятнинг йўловчи ва юк ташиш билан боғлиқ эҳтиёжини сифатли хизмат кўрсатиш йўллари билан қондиришга қаратилган транспорт ходимларининг нафли фаолияти тушунилади”[3].

Республикамиз транспорт хизмати бозорида бозор мувозанатини таъминлаш, энг аввало, транспорт хизматларига бўлган талабдан келиб чиқиб шакллантирилади ва қуйидаги кўринишларда намоён бўлади:[4].

  1. Транспорт хизматини амалга оширувчилар таклифидан келиб чиққан ҳолдаги талаб. Бундай талаб транспорт хизматлари бозорида энг муҳим ҳисобланиб, таклиф қилувчиларни, транспорт хизматларини амалга оширувчиларни чуқур тадқиқ этишни талаб этади ва шу асосида бозор элементлари ва транспорт хизматлари бозор баҳоси шакллантирилади.

2. Транспорт хизматида манфий талаб[5]. Агар истеъмолчининг кўпчилик қисми транспорт хизматидан қочадиган бўлса, бунда транспорт хизмат кўрсатиш бозори манфий талаб ҳолатида бўлади. Бундай ҳолатларда транспорт корхоналарининг вазифаси бозорнинг нима сабабдан шу турдаги транспорт хизматини ёқтирмаётганлигини таҳлил қилиб чиқиши зарур бўлади.

3. Транспорт хизматида мавжуд бўлмаган талаб. Кўпгина истеъмолчиларда транспорт бозорида мавжуд бўлган хизматлар ёрдамида қондириб бўлмайдиган эҳтиёжлар бўлиши мумкин. Транспорт корхоналарининг вазифаси бундай хизматга хос бўлган хусусиятларни инсоннинг табиий эҳтиёжлари ва истаклари билан боғлаш йўлларини топишдир. Агар бозорда талаб бўлмаса уни шакллантириш зарур бўлади.

4. Транспорт хизматида яширин талаб. Кўпгина транспорт соҳасида истеъмолчиларда хизматга эҳтиёж бор-у, лекин унга қизиқмаслиги мумкин. Транспорт корхоналарининг вазифаси бозор сиғимига тўғри баҳо бериш ва талабни қондира оладиган самарали транспорт хизматларига қизиқиш ўйғотиш зарур бўлади.

5. Транспорт хизматида камайиб борадиган талаб. Корхонанинг хизмати маълум бир вақт ўтгандан сўнг транспорт хизмат кўрсатиш бозорида ўтмай қолади. Транспорт корхоналарининг мақсади талабни камайиш тенденциясидан орқага қайтаришдан иборат.

6. Транспорт хизматида номунтазам талаб. Кўпгина транспорт корхоналарида хизматларга талаб шиддат билан ўзгариб боради. Бу эса корхона ишчиларининг гоҳ бўш қолишига, гоҳ иш кўпайишига олиб келади. Транспорт корхоналарининг вазифаси баҳоларни ўзгартириш, рағбатлантириш чораларини кўриш йўли билан талабнинг кескин ўзгаришини билинтирмасликдан иборат.

7. Транспорт хизматларида тўла қимматли талаб. Транспорт корхоналар ўзларининг юк айланмаси ва йўловчи айланмасидан қониқадиган бўлишса, ана шу тўла қимматли талаб дейилади.

8. Транспорт хизматида ҳаддан ортиқ талаб. Бунда талаб даражаси транспорт хизматлари бозорида таклиф этилаётган хизматлар билан қондирилмайдиган бўлади. Транспорт корхоналарининг вазифаси талабни вақтинча камайтириш усулини қидириб топиш ва бозор мувозанатини тиклашга эришишдан иборат бўлади.

Республикамизда транспорт хизматлари бозорини алоҳида олинган минтақавий бозор сифатида шаклланишида хизмат кўрсатувчилар ўртасидаги рақобатчилар(ҳамкорлар) муҳим роль ўйнайди ва бу транспорт хизмати кўрсатишни ривожлантиришга таъсир этувчи асосий омиллардан бири ҳисобланади.

Хизматлар бозорини ривожлантиришда ва унинг муҳим жиҳатларини ўрганишда турли усуллардан, жумладан, анъанавий таҳлил усулидан фойдаланиш асосида зарурий қиёсий таққослаш амалга оширилади. Шундай экан, Самарқанд вилояти транспорт хизматлари бозорининг бугунги кундаги устунлик ва афзалликлари, заиф жиҳатлари, имкониятлари ҳамда унга нисбатан таҳдидларни қиёсий таққослаш учун SWOT таҳлили усулидан фойдаланилди. Истиқболда республикамизнинг барча ҳудудларида, хусусан, Самарқанд вилоятида тегишли чора-тадбирларни, транспорт хизматлари бозорини ривожлантиришнинг минтақавий дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда муҳим илмий ва амалий аҳамиятини эътиборга олиб, тадқиқотимизда транспорт хизматлари бозорининг SWOT таҳлили натижаларини келтирамиз (1-жадвал).

Автомобиль транспортихизматлари бозоридаги талабни аниқлашда, ялпи бозор талабини ҳисоблаш муҳим аҳамият касб этади. Ялпи бозор талабини ҳисоблашда қуйидаги формуладан фойдаланишни таклиф этамиз.

Q = n × g × p.

Бунда: Q – ялпи бозор талаби, n – бозордаги мижозлар сони, g – транспорт хизматларига бир нафар мижознинг ўртача йиллик талаби, p – бир бирлик хизматнинг ўртача нархи.

1-жадвал.

SWOT таҳлили асосида Самарқанд вилоятида транспорт хизматлари бозори ривожланишини баҳолаш

КУЧЛИ ТОМОНЛАР
ЗАИФ ТОМОНЛАР
– транспорт хизматларини ривожлантириш бўйича меъёрий-ҳуқуқий асосларнинг яратилганлиги ва молия-кредит имтиёзларининг мавжудлиги;
– республикада мижозга ўз вақтида транспорт хизматлари кўрсатилиши учун барча қулайликларнинг яратилганлиги;
– Ўзбекистонда транспорт хизматлари кўрсатишнинг модернизациялашуви ва диверсификациялашуви асосидаги ҳаракатлар стратегиясининг шакллантирилганлиги;
– транспорт хизмати кўрсатиш бозорида турли рақобатчиларнинг мавжудлиги ва уларнинг рақобатбардошлигини ошириш учун қулай имкониятларнинг яратилганлиги;
– транспорт хизмати кўрсатиш бозорида корхоналарнинг ўз хизмат кўрсатиш талаби ва таклифига эга бўлиши.
– транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналар сони талаб даражасида етарлимаслиги;
– транспорт хизматларини кўрсатувчи субъектларнинг экология талабларига етарли даражада жавоб бермаслиги ва зарарсизлантирувчи ускуналарнинг етишмаслиги;
– транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналар томонидан кўрсатиладиган хизматлар нархларининг мижозлар эҳтиёжини қондирмаслиги ва ўзгарувчанлиги;
– транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналарнинг доимий тарзда транспорт воситаларини янгилаб туриш мажбуриятини етарли даражада бажара олмаслиги;
– транспорт хизматларини кўрсатишда хавфсизлик талабларининг етарли даражада қондирилмаслиги ҳамда суғурталашнинг зарурлиги;
– транспорт хизмати кўрсатувчи корхоналарнинг даврий лицензиялашдаги муаммолар.
ИМКОНИЯТЛАР
ТАҲДИДЛАР
– ҳукумат томонидан транспорт хизматларини амалга оширишнинг қонуний асослари мавжудлиги ва уларга устуворлик берилганлиги;
–транспорт хизмат кўрсатувчи техникаларнинг янгиланиш даражасининг юқорилиги;
–транспорт соҳасини ривожлантириш бўйича давлат дастурларининг ҳамда стратегиясининг ишлаб чиқилганлиги;
–транспорт хизматлари кўрсатувчи корхоналарга имтиёзли солиқ ва банк кредитлари асосида молиялаштиришнинг юқори имкониятларини яратилганлиги;
–транспортинфратузилмасини ривожлантирилиши шаҳар ва қишлоқ жойлари тараққиётини белгиловчи муҳим тенденция сифатида шакллантирилганлиги.
–транспорт хизмати кўрсатиш нархларининг ўзгаришидаги номутаносибликлар;
– транспорт хизматлари бозорида сифатсиз хизматдан кўриладиган зарар хавфининг юқорилиги;
– ташқи омиллар таъсирида транспорт хизматларини ўз вақтида бажаришнинг кафолатланмаганлиги;
– транспорт хизматлари кўрсатиш соҳасидаги қонунчиликдаги ўзгаришлардан келадиган хавфларнинг мавжудлиги;
– транспорт хизмати кўрсатишда йўл-транспорт хавфларининг юқорилиги.
 
 

Таъкидлаш жоизки, транспорт хизматлар бозорида рақобатчилик муҳити шаклланган ҳолатдагина юқори транспорт хизматлари самарадорлигига эришиши мумкин. Шу боис бугунги кунда рақобатчилик омилини кучайтириш учун хизмат кўрсатувчи транспорт корхоналари сонини ошириш, хизматлар сифатини яхшилаб бориш, қулай бозор муҳитини яратиш мақсадга мувофиқдир.

“Транспорт-коммуникация тармоғини модернизация қилиш ва транзит салоҳиятини оширишга қаратилган ислоҳотлар изчиллик билан амалга оширилиши мамлакатимизнинг халқаро транспорт коммуникацияларига интеграциялашувига хизмат қилмоқда. 2015 – 2019 йилларда муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва модернизация қилиш дастурига мувофиқ, 2016 йилда Республика Йўл жамғармаси томонидан 520,1 километр автомобиль йўллари қурилиши ва таъмирланиши якунланди”[6].

 

Ўзбекистонда транспорт хизматлар бозори таркиби қуйидаги чизмада ўз аксини топган.

1-чизма.

 mirzayev

1-расм. Транспорт хизматлари бозорининг таркибий тузилиши

 

Ўзбекистон Республикасида транспорт хизматлари кўрсатишда транспорт воситаларини модернизациялаш бўйича Ўзбекистон автомобиль ва дарё транспорти агентлиги Самарқанд вилоят бўлими маълумотларига кўра, 2011 йилдан 2016 йилгача бўлган вақтда Самарқанд вилоятидаги транспорт хизматларини кўрсатувчи(ташувчи) корхоналар томонидан 2011 йилда 93 та 2013 йилда 88 та, 2014 йилда 106 та автобус ва микроавтобус харид қилинган, 2015 йилда эса 47 та автобус ва микроавтобус харид қилинган ҳамда 63 та иш ўрни яратилган, 2016 йилда 4 та автобус ва микроавтобус сотиб олинган ҳамда 4 та фуқаро ишли бўлган. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 10 январдаги “Аҳолига транспорт хизмати кўрсатиш хамда шаҳарлар ва қишлоқларда автобусларда йўловчилар ташиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори асосида Самарқанд вилоятида янги автобусларни ҳарид қилиш бўйича 2017 йил 8 сентябрь ҳолатига 24 та замонавий автобус ва микроавтобуслар харид қилинган.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, мамлакатимизда Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган транспорт хизматлари бозорини ривожлантириш вазифаларидан келиб чиқадиган асосий концептуал йўналишлар қуйидагилардан иборат:

1. Миллий иқтисодиётимизбарқарорлигини таъминлашда транспорт хизматлари кўрсатишнинг ўрни ва аҳамиятини ошириб бориш.

2. Транспорт хизматлари кўрсатишни ижтимоий инфратузилманинг ривожлантиришга таъсирини ошириш учун фаол инвестиция сиёсатини олиб боришга устуворлик бериш.

3. Транспорт хизматларини жадал ривожлантиришга қаратилган сифат жиҳатидан янги хизмат кўрсатиш соҳалари ва турларини диверсификация қилишни кучайтириш.

4. Транспорт хизматлари бозорида самарали рақобатбардош муҳитни шакллантириш ва монополияни бартараф этиш учун тизимли ишларни амалга ошириш.

5. Транспорт хизматларини кўрсатишда меҳнат унумдорлигини оширувчи замонавий технология ва ускуналардан фойдаланишни кучайтириш.

6. Транспорт хизмати кўрсатишга доир меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга устуворлик бериш.

7. Транспорт хизмати кўрсатишда энергия тежайдиган ва ресурстежамкор технологиялардан фойдаланган ҳолда хизмат кўрсатишни юқори сифат даражасига кўтаришга эришиш.

8. Республикада транспорт хизматлари экспортини кучайтиришга устуворлик бериш.

Умуман, транспорт хизматлари бозорининг республикамизда келгусидаги изчил тараққиёти Ҳаракатлар стратегиясида белгилаб берилганидек хизмат кўрсатувчилар ўртасида бозор талаб ва таклифи, рақобатчилик муҳити асосида шаклланадиган иқтисодий муносабатлар даражасига бевосита боғлиқ бўлади.

Қулмамат МИРЗАЕВ,

СамИСИ, и.ф.д., профессор.

Икром НАСИМОВ,

СамИСИ, ўқитувчи.

Аннотация

Мақолада Ўзбекистонда транспорт хизматлари бозори конъюнктурасининг шаклланишида транспорт хизматлари кўрсатишнинг ўрни ва аҳамияти, назарий ҳамда амалий жиҳатлари баён қилинган. Илмий-тадқиқот натижалари асосида транспорт хизматлари бозорини келгусида ривожлантириш имкониятлари таҳлил қилинган ва концептуал йўналишлари белгилаб берилган.

В статье рассмотрено роль и важность, а также теоретические и практические основы транспортных услуг в формировании конъюнктуры рынка транспортных услуг в Узбекистане.В результате исследования были проанализированы перспективные возможности развития рынка транспортных услуг и определены основные концептуальные направления.

The article describes the role and importance, as well as theoretical and practical bases of transport services in shaping the conjuncture of the transport services market in Uzbekistan. As a result of the research, prospective opportunities for the development of the transportation services market were carefully analyzed and the main conceptual directions were identified.

Калит сўзлар: конъюнктура, диверсификация, модернизация, транспорт хизматлари бозори, стратегия, транспорт инфратузилмаси.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. ЎзбекистонРеспубликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясидаги нутқи.http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд шаҳрида ўтган “Марказий осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференцияда сўзлаган нутқи.http://xs.uz/index.php/homepage/rasmij/item/11924.

3. М.Қ.Пардаев, Ё.Ж.Исроилов “Автомобиль транспорти хизматини кўрсатувчи корхоналар таҳлилининг айрим жиҳатлари”, Тошкент “Noshirlik yog’dusi” нашриёти, 2011 йил.

4. Ш.Қобилов “Иқтисодиёт назарияси”, Дарслик, “Ўзбекистон ИИБ Академияси”, Тошкент 2013 й, 402-бет.

5. Р.Иброҳимов “Маркетинг”, Дарслик, “Шарқ”, Тошкент 2002 йил, 134-бет.

6. 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаркатлар стратегиясини “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурини ўрганиш бўйича илмий–услубий рисола [Матн] / Ўзбекистон Республикаси олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Тошкент Давлат иқтисодиёт университети. – Т.: “Маънавият” нашриёти, 2017. – 244 бет. 

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"