Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
2315
6492
6099

+393
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
127110
172875
172957

-82

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 5 435 392
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантиришнинг долзарб йўналишлари

Хизматлар соҳасини жадал ривожлантирмай туриб, республикамизнинг иқтисодий тараққиётини тасаввур қилиш қийин. Шунинг учун 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясида бу масала ҳам алоҳида назарда тутилган. Дастур дoирасида амалга oширилаётган тадбирлар эса ушбу секторда бизнес юритиш шарт-шароитларини янада қулайлаштиришга қаратилган [1].

Зеро, ҳамюртларимизнинг моддий-маънавий ҳаёти сифатини оширишда, турмушини  фаровонлаштириш ва такомиллаштиришда хизмат кўрсатиш соҳаси муҳим ўрин тутади. Бу  хизматлар оиладаги моддий, молиявий ва меҳнат ресурсларини, инсоннинг қимматли вақтини тежаб, меҳнатнинг ижодий мазмунини бойитади. Иш вақтидан ташқаридаги ортиқча  харажатларни қисқартириб, одамлар ҳаётини янада мазмунли қилади. Пировард натижада  аҳолининг барча ижтимоий гуруҳлари ва қатламларининг ҳаётий манфаатларини рўёбга чиқаради.

Тадқиқотчилар хизматлар соҳасига кўпинча тўғридан-тўғри моддий бойлик яратмайдиган барча фойдали фаолият турларини киритишади. Аниқроғи, муайян фаолият турини бу соҳага киритишнинг асосий мезони бўлиб, соҳада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотнинг кўринмайдиган характери ҳисобланади. Хўжалик амалиётида хизматлар соҳасига кўплаб фаолият турлари мажмуаси сифатида қаралади. Бу ҳолат хизматлар ранг-баранглигига ҳамда уларнинг бошқа товарлар билан ўзаро уйғунлашувига боғлиқдир.

Хизматларни кўпинча бевосита ҳис қилиб бўлмайди, яъни улар бирор нарсага эгаликка олиб келмайди (товар харид қилсангиз, сиз унинг соҳибига айланасиз, хизматлар тўғрисида эса бундай деб бўлмайди). Шу жиҳатдан жаҳон хизматлар савдосида салмоқли ўрин эгаллайдиган  баъзи хизматларни ажратиб кўрсатиш жоиздир. Масалан, транспорт хизматлари ва туризмга хизматлар билан савдо қилишнинг тўртдан бир қисми тўғри келади.

Умуман олганда, хизматлар хилма-хилдир: аҳолига чакана савдо хизмати кўрсатиш, автомобилларни, маиший техникаларни таъмирлаш, йўловчиларни ва юкларни  ташиш, таълим ва маслаҳат бериш, маиший хизматлар, тиббиёт хизматлари, пулларни сақлаш, қимматли коғозлар ва кўчмас мулк билан операциялар, суғурта ва бошқа фаолият турлари.

Бозор муносабатлари жадаллашиши туфайли жамиятда янги хизматлар пайдо бўлиб, шитоб билан ривожланмоқда. Улар сирасига қуйидагиларни киритиш мумкин:

v янги турдаги ишбилармонлик (касбий) хизматлари – кўчмас мулк билан савдо қилиш, вақтинчалик эркин пулларни жойлаштириш, ахборот, маркетинг ва реклама хизматлари, бухгалтерия баланси ва ҳисоботларни тузиш, электрон котиба;

v болаларни тарбиялаш ва ўқитиш бўйича хизматлар – тарбиячилар, хусусий боғчалар ва мактаблар;

v ҳайвонларни парваришлаш бўйича хизматлар – уларни даволаш, боқиш, сайр қилдириш ва вақтинча қараб туриш;

v жамиятда эҳтиёж мавжуд бўлган бошқа турдаги хизматлар.

Бизнинг асримизда хизматлар диверсификацияси дунё бўйлаб кенг тус олмоқда. Илгари алоҳида субъектлар томонидан кўрсатилган ва ўзига хос жиҳатлари билан ажралиб турган хизматлар эндиликда битта компания миқёсида мужассамлаштирилмоқда. Корхоналар талай хизматлар тўпламини таклиф этиш орқали ўзларининг рақобатбардошлигини оширишга ёки хизматларни диверсификациялаш йўли билан эҳтимоли бор хатарларни сусайтиришга эришмоқдалар. Чунончи, банк, биржа ва воситачилик хизматлари ягона молиявий хизматлар мажмуасига бирлаштирилмоқда.

Яна бир муҳим омил – технологик  тараққиёт ҳисобланади. У замонавий компьютер технологияларига асосланган хизматлар пайдо бўлишига туртки бўлди.

Мамлакатимизда хизматлар соҳаси жадал равнақ топишида Биринчи Президентимизнинг 2012 йил 10 майдаги “2012–2016 йилларда Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш Дастури тўғрисида”ги қарори муҳим аҳамият касб этди. Унинг  ижросини таъминлаш ниятида Наманган вилоятида ҳам зарур чора-тадбирлар кўрилди. Чунончи, ўша йили 15 майда вилоят ҳокимининг тегишли қарори қабул қилиниб, хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасини ривожлантириш дастурлари шаҳар-туманлар кесимида ишлаб чиқилди. Сўнгра шу асосда қатор ишлар амалга оширилди. Бултур эса умумий қиймати 102 миллиард  200 миллион сўмлик 718 та хизмат кўрсатиш шохобчаси очилди. Уларнинг 347 тасини савдо ва умумий овқатланиш хизматлари, 190 тасини маиший хизматлар, 4 тасини молия хизматлари, 41 тасини соғлиқни сақлаш хизматлари, 4 тасини туризм хизматлари, 10 тасини алоқа ва ахборотлаштириш хизматлари, 15 тасини транспорт хизматлари, 6 тасини қурилиш хизматлари, 1 тасини технологик жиҳозларни таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш хизматлари, 22 тасини қишлоқ хўжалиги техникаларини таъмирлаш ва техник хизмат кўрсатиш хизматлари, 78 тасини бошқа турдаги хизматлар кўрсатиш шохобчалари ташкил этди. Янги очилган иш ўринлари 3853 тага етди.

Бундан ташқари, вилоятда Вазирлар Маҳкамасининг 2016 йил 4 майдаги “Қишлоқ жойларидаги аҳолига сервис хизмати кўрсатишни яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги” қарори ижроси доирасида 3 миллиард 476 миллион сўмлик қурилиш-монтаж ишлари бажарилди. Мингбулоқ, Косонсой, Наманган, Норин, Поп, Тўрақўрғон, Уйчи, Учқўрғон, Чортоқ, Чуст ва Янгиқўрғон туманларида 13 та янги объект фойдаланишга топширилди.

Вилоятда хизматлар соҳасини ривожлантириш борасида изчил амалга оширилаётган ишлар натижасида ўтган йили жами хизматлар ҳажми 3 миллиард 912 миллион сўмни ташкил қилиб, 2015 йилгига нисбатан 16 фоиз ўсишга эришилди (прогноз 14,7 фоиз эди). Қишлоқ жойларида хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасида 978 миллиард 400 миллион сўмлик хизматлар кўрсатилиб, олдинги йилгига нисбатан 113,1 фоизни ташкил этди. Соҳанинг ялпи ҳудудий маҳсулотдаги улуши 35,6 фоизга тўғри келди.

Айни кезларда хизмат кўрсатиш соҳасининг ўсиш суръатлари, янги пайдо бўлган хизматлар турлари сони, бозор ҳамда истеъмолчилар эҳтиёжларига мослашиши, аввало, аҳоли турмуш фаровонлигини ҳар қачонгидан яхшилашда қўл келаяпти [2]. Иккинчидан, жаҳон иқтисодиётидаги ўзгаришлар Ўзбекистон иқтисодиётининг бошқа жабҳалари қатори хизматлар кўрсатиш соҳасини ҳам давр талабларига мослаштиришни тақозо этмоқда. Шу боис юртимизда бу масалага устувор вазифалардан бири сифатида жиддий эътибор қаратилаяпти.

Раҳимахон БОТИРОВА,

иқтисод фанлари номзоди, доцент.

Исмоилжон ИКРОМОВ,

Наманган муҳандислик-қурилиш институтиталабаси.

Аннотация

Мақолада мамлакатни модернизациялаш жараёнида хизматлар кўрсатиш соҳасини жадал ривожлантиришнинг аҳамияти тўғрисида фикр билдирилган, шунингдек, Наманган вилоятида ушбу жараён қандай кечаётгани таҳлил қилинган.

В статье исследована необходимость ускоренного развития сферы услуг в условиях модернизации экономики и особенности данного процесса в Наманганской области.

In the article the necessity of accelerated development of the sphere of services in the conditions of economic modernization and peculiarities of this process in Namangan region.

Калит сўзлар: ҳаракатлар стратегияси, ҳаёт сифати, хизматлар соҳаси, эҳтиёжлар.

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1.Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони, 2017 йил 7 февраль. “Халқ сўзи”, 2017 йил 8 февраль.

2. Тадбиркорлик фаолиятининг жадал ривожланишини таъминлашга, хусусий мулкни ҳар томонлама ҳимоя қилишга ва ишбилармонлик муҳитини сифат жиҳатидан яхшилашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида. Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони.  2016 йил 5 октябрь. “Халқ сўзи”, 2016 йил 6 октябрь.

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Сайт не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений.

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"