Рус
Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов *** Объем торгов за национальную валюту на РФБ «Тошкент» за апрель текущего года составил 19,07 млрд. сумов
Голосование
Тадбиркорликни ривожлантириш қандай омилларга боғлиқ?
 
Статистика посещений
Посещения [+/-]
Сегодня:
Вчера:
Позавчера:
1638
5181
5204

-23
Этот месяц...:
Прошлый мес...:
Позапрошлый...:
178603
203261
118137

+85124

Всего посещений
С начала работы biznes-daily.uz 6 044 969
Главная "BIZNES - ЭКСПЕРТ" Ўзбекистон аграр соҳа корхоналари самарадорлигини оширишда диверсификациялаш стратегияси

Республикамиз аграр соҳасида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бугунги босқичидаги муҳим хусусиятларидан бири соҳага илмий сиғими юқори бўлган, ресурстежамкор, инновацион ғоя ва фан юутуқларига асосланган ишлаб чиқаришнинг кириб келиши ҳисобланади.

Мамлакатимиздаги иқтисодий ўзгаришларнинг муваффақияти кўп жиҳатдан аграр сектор самарали ривожланишига боғлиқ. Ушбу секторнинг узвий қисми – қишлоқ хўжалиги эса миллий иқтисодиётнинг муҳим тармоғи сифатида устувор аҳамиятга эга. Чунки у ички товар айланмасининг 70 фоизи, валюта тушумларининг 55 фоизи, ялпи ички маҳсулот (ЯИМ)нинг 24 фоизи атрофидаги қисми айнан шу тармоқ ҳиссасига тўғри келади. 2016 йилда қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш ҳажмларини 6,6 фоиз, жумладан, мева-сабзавот – 11,2 фоиз, картошка – 9,7 фоиз, сабзавот маҳсулотлари етиштириш 10,4 фоиз ўсиши таъминланди.

Республикамиз меҳнатга лаёқатли аҳолисининг 20 фоизга яқини қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида банд. Аҳолининг 64 фоиздан ортиғи қишлоқларда яшайди. Аграр сектор республика аҳолиси истеъмоли учун зарур озиқ-овқат маҳсулотларининг 90 фоизини етиштиришга имкон беради. Шу сабабли бозор ўзгаришлари рўй бераётган давр мобайнида иқтисодиётнинг мазкур сектори фаолияти самарадорлигига катта эътибор қаратилмоқда.

Бу, ўз навбатида, миллий иқтисодиётимиз барқарорлигига хизмат қиладиган аграр соҳа тармоқ тузилишини шакллантириш билан бирга, соҳадаги хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида рақобатни кучайтириб, уларнинг нафақат ички бозорларда, балки ташқи бозорларда ҳам рақобатбардош бўлишини таъминламоқда.

Шу боис, Президентимиз Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган республикамизни ривожлантиришнинг устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида юқоридаги таъкидланган масалага алоҳида урғу берилган. Жумладан, қишлоқ хўжалигида таркибий ўзгартиришларни амалга ошириш, кўп тармоқли фермер хўжаликларини қўллаб-қувватлаган ҳолда қишлоқ ҳудудларда ноқишлоқ хўжалик фаолият турларини ривожлантириш борасида алоҳида вазифалар кўрсатиб ўтилган.

Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган вазифаларнинг бажарилишини таъминлашнинг муҳим йўлларидан бири аграр соҳада тармоқ ва ишлаб чиқариш самарадорлигини таъминлашга йўналтирилган соҳа корхоналари фаолият тури ва тармоқларини диверсификациялаш дастурини амалга ошириш ҳисобланади.

Мазкур диверсификация дастури, мулкчилик ва ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча қишлоқ хўжалиги корхоналарига хўжалик юритиш шароитлари ҳамда талаб ва таклиф ўзгаришига мумкин қадар тезлик билан ва талафотларсиз ҳамда иқтисодий тушкунликка тушмасдан мавжуд молиявий, моддий-техник захиралар ва кадрлар салоҳиятини нафақат сақлаб, балки улардан самарали фойдаланишни таъминлайдиган стратегик жараён бўлиши лозим.

Таъкидлаш жоизки, соҳа, тармоқ ёки фаолият тури кўламида қўлланиладими ёки корхона миқёсида жорий этиладими, бундан қатъи назар, дастурнинг самарадорлиги диверсификация мазмун ва моҳиятини ташкил этувчи тушунча, мақсад ва вазифаларнинг илмий-амалий жиҳатдан асосланганлиги билан белгиланади ҳамда унга кўп жиҳатдан боғлиқ бўлади.

Дарҳақиқат, маҳсулот ва ресурслар бозорида рақобат кучайган сари аксарият қишлоқ хўжалиги корхоналари учун қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари ишлаб чиқаришни такомиллаштириш, қайта ишлаш корхоналари эҳтиёжидан келиб чиққан ҳолда ассортимент ҳамда маҳсулотлар бозори конъюнктурасини кенгайтиришнинг аҳамияти ортиб боради. Бу, ўз навбатида, истиқболда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб берувчилар ва қайта ишлаш корхоналарининг ўзаро биргаликда фаолият юритиш ҳамда ҳамкорликни амалга оширишнинг янги самарали механизмини ишлаб чиқиш ва уни жорий этишни заруриятга айлантиради.

Бундай шароитда хўжалик субъектлари хўжаликнинг узлуксиз ривожланишини таъминлаш мақсадида, бир томондан, ўзларининг узоқ муддатли стратегик режаларини тузиб олиши лозим бўлса, иккинчи томондан, улар корхонадаги мавжуд ишлаб чиқариш ихтисослашувига муқобил йўлларни излаши керак бўлади.

Истиқболли режалаштиришнинг стратегик муқобилларидан бири диверсификация ҳисобланади.

Диверсификациялаш ҳам кўп мазмунли ва серқирра бўлиб, уни иқтисодиётнинг кўплаб соҳа ва жараёнларига нисбатан қўллаш мумкин. Корхона фаолиятини диверсификациялаш деганда, биринчи навбатда, унинг фаолият соҳасини кенгайтириш назарда тутилади.

Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш – бу корхонада ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар ассортиментини кенгайтириш, маҳсулот турини ўзгартириш, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, иқтисодий жиҳатдан фойдага эришиш, инқирознинг олдини олиш мақсадида ишлаб чиқаришнинг янги турларини ўзлаштиришдир.

Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш кўпинча маҳсулот ва хизматлар сифатининг оширилишига олиб келади. Чунки ишлаб чиқарувчининг янги маҳсулот турларини ўзлаштириш билан бирга уларнинг истеъмол хусусиятларини яхшилашга интилиши пировардида сифат даражасининг ўсишини таъминлайди. Бу эса мазкур маҳсулотни сотиш ҳажми кўпайиши билан бир қаторда, сотиш бозорлари кенгайишига таъсир кўрсатади. Бундан кўринадики, корхона фаолиятини диверсификациялаш унинг техник ва технологик жиҳатдан ривожланиши, молиявий ва иқтисодий имкониятлари кенгайиши ҳамда барқарорлигининг ошишига олиб келади.

Ҳозирги кунда диверсификация капитал концентрациялашувининг кенг тарқалган шакли ҳисобланади. Диверсификация истеъмол талабларини қондириш ва корхонанинг қўшимча устунликка эга бўлиши ҳисобига бозорда ўз ўрнини сақлаб қолиш зарурияти юзага келиши сабабли стратегик бошқарувнинг муҳим элементи ҳисобланади.

Диверсификация бир турдаги маҳсулотни оммавий ишлаб чиқариш самарасини турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш орқали ўсиш стратегиясини амалга ошириш ҳисобига сиқиб чиқарди. Турли маҳсулотлар ишлаб чиқариш самарасининг моҳияти шундаки, кўп турдаги маҳсулотларни битта йирик корхонада ишлаб чиқаришга нисбатан шу турдаги маҳсулотларни катта бўлмаган ихтисослашган корхоналарда ишлаб чиқариш фойдалироқдир.

Диверсификациялашнинг асосий мақсади бир нечта тармоқда фаолият юритиш ҳисобига фойдани ошириш ҳамда таваккалчилик даражасини камайтириш ҳисобланади. Диверсификациялашган корхоналар рақобат курашига чидамлироқ, уларда конъюнктура, тузилмавий ҳамда цикл ўзгаришлари ҳисобига юзага келадиган таваккалчилик даражаси пастроқ бўлади.

Диверсификациялаш хўжалик субъектларини ривожлантиришнинг умумқабул қилинган зарурий усулларидандир.

Бугунги кунда қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини ишлаб чиқарувчилар билан ушбу маҳсулотларни қайта ишловчилар ўртасидаги фаолиятни йўлга қўйишнинг янги механизмларини яратиш зарурияти мавжуд ишлаб чиқаришни оптималлаштириш ва қайта ишлаш корхоналари талабларидан келиб чиққан ҳолда янги ишлаб чиқаришларни жорий этиш зарурияти билан уйғунлашиб бораётганлиги боис, аграр соҳа корхоналарини диверсификациялашнинг долзарблиги янада ортиб бормоқда.

Фикримизча, аграр соҳада диверсификациялаш дастурий тадбирларини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш тўғрисида қарор қабул қилишда қишлоқ хўжалигининг қуйидаги ўзига хос хусусият ва жиҳатларини эътиборга олиш мақсадга мувофиқ:

– ишлаб чиқаришнинг мавсумийлиги;

– биологик ва иқтисодий жараёнларнинг қўшилиб кетиши;

– ерга ишлаб чиқариш воситаси сифатида қаралиши ва бошқалар.

Айнан мана шу ўзига хослик қишлоқ хўжалиги корхоналарининг иш фаолияти натижалари ва унинг иқтисодий самарадорлигига кўп жиҳатдан боғлиқдир.

Ишлаб чиқаришни диверсификациялаш жараёни узоқ муддатли истиқболда корхонанинг иқтисодий ва молиявий жиҳатдан юксалишига олиб келса-да, каттагина сарф-харажатларни тақозо этиши сабабли жорий натижаларга сезиларли таъсир кўрсатиши мумкин. Бу эса корхона фаолияти билан боғлиқ бўлган турли иқтисодий субъектларнинг манфаатларига ҳам турлича таъсир этади.

Қишлоқ хўжалиги самарадорлигини ошириш учун танланган диверсификация шакли, ўсиш стратегияларининг бири сифатида, кўриб чиқилаётган объектни ўзаро боғланган кўп унсурлардан ташкил топган бир бутун тизим сифатида қараладиган тизимли ёндашувга асосланиши керак.

Қишлоқ хўжалиги корхоналарининг тизимли ёндашувли диверсификацияга асосланган фаолияти қайта тиклаш, сўнгра унинг ўзига хос жиҳатларини ҳисобга олган ҳолда қишлоқ хўжалиги иқтисодиётини ривожлантириш тамойиллари ва усулларини ишлаб чиқишга асосланади.

Диверсификация бошқа фаолият соҳалари ривожланиши ҳисобига қишлоқ хўжалиги корхоналарида юзага келадиган мавсумийлик билан боғлиқ салбий ҳолатларни камайтиришга имкон беради. Кўпчилик корхоналарда янги тармоқларнинг ривожланиши фаолият юритаётганлари билан бир қаторда барча мавжуд ресурслардан янада оқилона фойдаланиш имконини беради, бу эса, ўз навбатида, корхонанинг умумий иқтисодий самарадорлиги ортишига олиб келади. Бу узоқ ҳудудларда жойлашган, ўзининг ихтисослашувига кўра тўлиқ фойдалана олмаётган, бошқа хўжаликлардан узоқда жойлашгани сабабли ижарага бера олмаётган хўжаликлар учун айниқса долзарбдир.

Қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини диверсификациялаш стратегияси ички ва ташқи ижтимоий-иқтисодий муҳит эҳтиёжларини қондира оладиган самарали иқтисодиётни шакллантиришга қаратилган бўлиши лозим. Бошқача айтганда, турли соҳа ва тармоқ хўжалик субъектлари ўртасида интеграция жараёнлари ва ташкилий-иқтисодий ҳамкорлик муносабатлари қанчалик кучли бўлса, ушбу корхоналарда тармоқ ва ишлаб чиқариш йўналишини диверсификациялаш шунчалик енгил кечади.

Тадқиқотларнинг кўрсатишича, бугунги кунда интеграциялашган тизимларни шакллантириш, улар фаолиятини ташкил этиш ва ривожлантиришга қуйидаги омиллар тўсқинлик қилмоқда:

– қишлоқ хўжалигига нисбатан қайта ишлаш саноатида ижтимоий меҳнат унумдорлиги даражасининг бирмунча юқори эканлиги;

– агросаноат мажмуига кирувчи аксарият корхоналарда интеграциялашган тузилмаларни яратишдан манфаатдорликнинг бирмунча суст ривожланаётганлиги;

– интеграциялашган тузилмаларни шакллантириш ва улар фаолиятини ташкил этиш соҳасида ҳуқуқий базанинг такомиллашмаганлиги;

– тармоқнинг ва ҳудуднинг ўзига хос томонларини ҳисобга олган ҳолда агросаноат интеграцияси шаклини танлашга имкон берадиган илмий асосланган услубиётни такомиллаштиришга бўлган зарурият;

– агросаноат мажмуаси корхоналари молиявий ҳолатининг қониқарли даражада эмаслиги ва кўпчилик қишлоқ хўжалиги корхоналарида кенгайтирилган такрор ишлаб чиқаришни амалга ошириш учун молиявий имкониятларнинг чекланганлиги;

– қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш корхоналари моддий-техникавий салоҳиятининг пастлиги ва бошқалар.

Ишлаб чиқаришни диверсификациялашнинг иқтисодий самарадорлигини ҳисоблашда қуйидагиларни эътиборга олиш зарур:

– диверсификация натижасида олинган қўшимча даромад;

– ишлаб чиқаришни диверсификациялаш ҳисобига маҳсулот бозоридаги инфратузилма хизматларидан фойдаланиш имкониятининг ошганлиги;

– хизматлардан фойдаланиш кўлами ва маҳсулот сотиш ҳажмининг ошганлиги боис, харажатларнинг қисқариши, таннархнинг пасайиши;

– янги маҳсулот ишлаб чиқариш ўзлаштирилиши ва бунга мос равишда инновацион технологиялар кириб келишининг кучайиши ва бошқалар.

Диверсификациялаш стратегиясини қўллаш ҳар доим ҳам қишлоқ хўжалиги корхоналарига муваффақият келтирмайди, шу боисдан ҳам раҳбарият доимий равишда уни қўллашнинг оқибатларини таҳлил қилиб бориши, агар фаолият самарасиз бўлса, фаолият йўналишига тегишли ўзгартиришлар киритиши керак.

Бундай ҳолатда ривожланган мамлакатлар тажрибасига асосланиб, қуйидаги муқобил стратегиялар таклиф этилиши мумкин:

– янги тармоқларда мавқега эга бўлиш ёки диверсификациялашган фаолият йўналишларидаги мавқени мустаҳкамлаш мақсадида бошқа тармоқларга кириб бориш ёки янги воситаларга эгалик қилиш;

– корхонанинг иқтисодий стратегиясига жавоб бермаётган фаолият йўналишларидан воз кечиш;

– диверсификация базасини, жумладан, кучсиз йўналишларни йўқ қилиш йўли билан қисқартириш;

– самарадорлик даражаси паст бўлган, фойда келтирмаётган, шунингдек, зарар келтираётган бўлинмалар фаолиятини тўхтатиш ҳамда ишлаб чиқариш йўналишларини ёпиш.

Хулоса қиладиган бўлсак, қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини диверсификациялаш стратегияси уларнинг ички ҳамда ташқи иқтисодий муҳити салоҳиятини таҳлил қилиш орқали танланади. Қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини диверсификациялаш стратегиясини танлашнинг ташкилий–иқтисодий механизми ўз ичига стратегик кўра билишликни, унинг ички ва ташқи муаммоларини таркиблашни, миссияси ва мақсадларини шакллантиришни, стратегик таҳлил қилишни, стратегик муқобилларни аниқлашни, стратегияни танлашни, унинг бажарилиши устидан назорат ўрнатишни ҳамда самарадорлигини аниқлашни ўз ичига олади.

Юқорида билдирилган услубий ёндашув ва амалий тавсияларни амалиётга қўллаш республикамиз аграр соҳа ва тармоқлари корхоналари самарадорлигини диверсификациялаш стратегияси асосида оширишни таъминлашга хизмат қилади.

Азиза МАҲМУДОВА,

Самарқанд иқтисодиёт ва сервис институти тадқиқотчиси. 

Аннотация

Мақолада агросаноат корхоналари фаолияти самарадорлигини ошириш омили сифатида ишлаб чиқаришни диверсификациялаш масалалари кўриб чиқилган. Агросаноат корхоналарида диверсификациялашнинг ўзига хос жиҳатлари асослаб берилган ҳамда қишлоқ хўжалиги корхоналари фаолиятини диверсификациялаш стратегиясининг асосий йўналишлари шакллантирилган.

Considered the issues related to the divestment as a process of increasing the economic efficiency of enterprises. Features of diversification in agricultural production. Formulated alternative strategies of diversification of agricultural enterprises.

A diversification, agriculture, strategy, management, economic efficiency. integration potential; directions of development integration; integration model.

Калит сўзлар: диверсификация, қишлоқ хўжалиги, стратегия, бошқарув, интеграциялаштириш салоҳияти, интеграциялашувни ривожлантириш йўналишлари, интеграциялаштириш модели.

 

Фойдаланилган адабиётлар рўйхати:

1. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 14 январдаги Вазирлар Маҳкамасининг мамлакатимизнинг 2016 йил ижтимоий-иқтисодий ривожланиш якунларини ҳар томонлама таҳлил қилиш ҳамда республика ҳукуматининг 2017 йил учун иқтисодий ва ижтимоий дастурининг устувор йўналишларига бағишланган кенгайтирилган мажлисидаги маърузаси. Халқ сўзи. 2017 йил 19 январь.

2. Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёевнинг 2017 йил 23 январдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш ҳаракатлари стратегияси тўғрисида”ги қарори.

3. Томпсон A.A., Стрикленд Дж. Стратегический менеджмент: концепции и ситуации. М.: Вильяме, 2011.

4. Голубов И. Методология диверсификации производства в сельском хозяйстве //Агробизнес: экономика – оборудование – технологии. 2011, № 5.

3. Фомичев А.В. Особенности диверсификации в агропромышленном производстве. Вестник Мич ГАУ, №1, Ч. 2, 2011.

 

 

© Copyright 2008 - 2018    biznes-daily.uz Все права защищены
Свидетельство о регистрации № 0976, выдано Узбекским агентством по печати и информации 04.06.2013 г
Все услуги лицензированы, товары сертифицированы.
При распространении материалов сайта в любой форме гиперссылка на biznes-daily.uz обязательна!
Копирование материалов сайта без согласования с администрацией ресурса запрещено!
Администрация сайта не несёт ответственности за содержание рекламных объявлений, размещенных на сайте.
Условия использования информации

WEB - Центр информационных технологий "Privatinformsistem"